pilla_120_3Миллий матбуот марказида «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси томонидан «Ўзбек ипакчилиги янги босқичда: муаммолар, ютуқлар, изланишлар» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. 

 

Уюшма бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Ш.Очилов ва бошқалар 2023 йилгача тизимдаги корхоналарга солиқ имтиёзлари ва бошқа қатор преференциялар берилгани, ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани тайёрлаш ва қайта ишлаш ташкилотлари олиб келадиган дастгоҳларнинг эҳтиёт қисмлари, тут дарахти кўчатлари, ипак қурти уруғлари божхона тўловларидан, уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначилар даромад солиғи тўлашдан озод қилингани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра соҳада янги босқич бошланди. Энг муҳими, пиллачилик тармоғи ишчилари ва пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначиларнинг қонун ҳужжатларида тасдиқланган тўлиқ бир мавсум ишлаган даврлари пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтиши барчани қувонтирди. 
Тизимда қатор муаммолар мавжуд бўлиб, ипак қурти уруғи етишмаслиги, озуқа базасининг камлиги, корхоналардаги технология ва ускуналарнинг эскиргани шулар сирасидандир. 
– Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун, аввало, 2020 йилгача ҳар бир ипак қурти уруғи етиштирувчи заводда чет эллик инвестор иштироки таъминланади,– дейди уюшма раиси ўринбосари О.Жумаев. – 2021 йил ипак қурти уруғини тўлиқ ўзимизда етиштиришга эришамиз. 2023 йилдан эса экспорт қилиш имкониятига эга бўламиз. Озуқа базасини кенгайтириш учун ўрма тутзорлар яратилмоқда. Ҳозирча Сурхондарёда тажриба учун 10 гектарда ташкил этилди. Келгусида барча вилоятларда ана шундай тутзорлар барпо этилиши эвазига бир йилда уч марта ҳосил олиш мумкин бўлади. Бу йил корхоналарда 60 дан ортиқ модернизация лойиҳаси бажарилди. 
Амалга оширилган бу каби чора-тадбирлар қисқа фурсатда ўз самарасини намоён этди. Ҳозирга қадар хомашё экспорти билан шуғулланаётган корхоналар жорий йилда 17 миллион доллар миқдорида ипак маҳсулотларини экспортга чиқарди. Апрель-сентябрь ойларида тизим корхоналарида ишлаб чиқарилган товарлар 58 миллиард сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг тўққиз ойига нисбатан 30 фоиз кўп демакдир. Янги тутзорлар эвазига кузда юртимизда илк маротаба такрорий пилла етиштирилиб, 420 тоннадан кўп ҳосил олинди. 
Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Буюк Британия каби давлатларнинг мазкур соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлари Ўзбекистонга ишончли ҳамкор сифатида қарамоқда. Бу пилла толасини замонавий бозор тамойиллари асосида сотиш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга оид ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш имконини беради. 
Матбуот анжуманида яратилаётган имкониятлар боис пиллачилик соҳаси ҳар жиҳатдан юксалаётгани, тизимга нанотехнологияларни кенг жорий этиш борасида лойиҳалар тайёрланаётгани, табиий ипакни чиқиндисиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида изланишлар олиб борилаётгани қайд этилди.

Сайёра Шоева.

ЎзА.