spo_300_55412Президентимизнинг жорий йил 19 февралдаги “Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Кварц” АЖ устав капиталидаги 20 фоиз давлат акциялари пакетини босқичма-босқич фонд биржасида SPO ўтказиш орқали сотиш мўлжалланган бўлиб, дастлаб жорий йилда акциялар пакетининг 5 фоизи сотувга чиқарилиши кутилмоқда.

Шу муносабат билан мазкур акциядорлик жамияти раҳбари Акмал Пўлатов билан суҳбатлашдик.

Муҳим воқеа олдида турган корхона ҳақидаги маълумот билан кенг жамоатчиликни таништириш унинг сотилиши кутилаётган акция­ларига нисбатан қизиқишни кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу боис, жамиятнинг асосий фаолият йўналишига тўхталиб ўтсангиз.

– “Кварц” акциядорлик жамияти нафақат респуб­ликамизда, балки Марказий Осиёда йирик иқтисодий салоҳиятга ва ўзининг муносиб ўрнига эга. Корхонада автомобиль саноати учун ойна, шиша банка, листланган ойна, бутилка ва ўтга чидамли материаллар ишлаб чиқарилади. Агар корхона 1991 йилда беш турдаги шиша банкалари, тўққиз турдаги шиша идишлар ишлаб чиқарган бўлса, бугунги кунда 20 турдаги шиша банка ва 170 турдаги шиша бутилка, 10 млн. м2 дан зиёд қурилиш ойнаси ишлаб чиқармоқда. Ушбу маҳсулотлар озиқ-овқат, қурилиш ҳамда автомобилсозлик саноатлари ва бошқа соҳаларда ҳамда аҳоли томонидан кенг миқёсда ишлатилмоқда. Жамият­нинг шиша банкалар ишлаб чиқариш цехи илғор технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, линиянинг йиллик қуввати 219 млн. донани ташкил этади. Бутилка ишлаб чиқариш цехида Германиянинг
“Ем-xart” компанияси ускуналари асосида янги линия ишга туширилиши натижасида йиллик қувват 120 млн. донага етди. Силлиқ ойна ишлаб чиқариш цехи “Tekint” (Италия) фирмаси иштирокида модернизация қилинди, унинг йиллик қуввати 10 млн. м2 га етказилди. Корхонани янги техника-технология билан жиҳозлашда Россия Федерацияси, (“Стеклопак”), Хитой (“Shanghai Pony Technology Co.,LTD” ва “Sinoma”), Германия (“HORN Glass Industries AG”), Италия (“BOTERRO” ва “BDF”), шунингдек, Чехия, Франция каби давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатилган. Керакли хомашё эса асосан ўзимиздан – Навоий, Фарғона, Андижон, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Респуб­ликаси корхоналаридан олинади. Акциядорлик жамияти фаолиятида қадоқлаш материаллари цехи, марказий лаборатория, техник назорат бўлимининг ўзига хос роль ўйнашини алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Айтганларингизга қўшимча сифатида корхонанинг қандай афзаллик жиҳатларини алоҳида таъкидлашингиз мумкин?

– Ўйлашимча, ҳар қандай корхона ўз мақсадини ифодаловчи шиорига эга бўлиши керак. Бу бозор иқтисодиёти қои­даси. Бизнинг шундай маслагимиз – халқаро стандартларга жавоб берадиган ва бозор талабидаги маҳсулотлар турини доимий равишда кўпайтириб бориш. Миссиямиз эса истеъмолчиларимиз ва бошқа манфаатдор томонлар эҳтиёжини қондириш йўли билан барқарор фойда олиш учун сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришдан иборат. Мақсадимиз корхона мавқеини мустаҳкамлаш, сифат менежменти тизими натижадорлигини дои­мий ошириб боришга қаратилган. Шиоримизга мос бўлиш, мақсад ва миссия­мизга эришиш учун жамият ҳақида аҳоли ва инвес­торларни кўпроқ хабардор қилган ҳолда истеъмолчиларимиз доирасини, кўриниши ва техник хусусият­лари билан уларнинг талабларига мос янги маҳсулотларни ўзлаштириш орқали товарларимиз бозорини кенгайтиришга, мижозларга ёқмайдиган маҳсулотлар етказишни бартараф этишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Шу боис, корхонамизнинг сифат менеж­менти даражаси нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий мутахассислар томонидан ҳам ҳозиргача бир неча бор юқори баҳоланган. Жумладан, акциядорлик жамия­тига республика корхоналари орасида биринчилардан бўлиб халқаро сифатнинг янги тизими – ISO 9001:2015, шунингдек, ISO 50001:2011 cepтификатлари берилган. Халқаро бизнес ташаб­буслар дирекцияси томонидан Париж шаҳрида ташкил этилган тадбирда жамиятга “Сифат соҳасида етакчилиги учун халқаро юлдуз” кубоги топширилган. Россия Федерациясида бўлиб ўтган танловда жамият “Халқаро сифат стандарти” дипломи билан тақдирланган. Москва шаҳридаги Кремль тантаналар саройида Халқаро тадбиркорлар агентлиги ва Россия савдо-саноат палатаси томонидан ташкил қилинган конгрессда “Ишончли ҳамкор” лауреати дип­ломи билан мукофотланган. Жамият фаолиятида шаффофликни таъминлаш ҳамда инвес­торларни жалб қилиш мақсадида корхона ҳақидаги маълумот ва ахборотлар kvarts.uz веб-сайтида давлат тили билан бир қаторда рус ва инглиз тилларида ҳам жойлаштирилмоқда.

– Шу каби омиллар республикамизда илк бор жамият акцияларини бирламчи (IPO) оммавий таклиф этиш жараёнида ўзининг кўмагини берганига шубҳа йўқ. Чунки мамлакатимиз фонд бозори тарихида илк бор ўтказилган IPO муваффаққиятли кечди. Шу ўринда акцияларни IPO усулида сотиш корхонага нима бергани ҳақида тўхталсангиз.

– “Кварц” акциядорлик жамияти томонидан номинал қиймати 1715 сўм бўлган 7846011810 сўмлик 4574934 дона оддий акция чиқарилуви 2017 йил 2 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилиб, 5 декабрда “Тошкент” республика фонд биржаси савдоларига қўйилди. Буюртмалар бериш тугаши санасига келиб “Кварц” АЖнинг 2475269 дона акциясини сотиб олиш бўйича 3000 сўмдан 9100 сўмгача бўлган нархлар оралиғида 3305 нафар жисмоний ва юридик шахсдан буюртмалар тушди. Бу сотувга қўйилган 4574934 дона акция­га нисбатан 54,1 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг 4 апрель куни ушбу буюртмалар бўйича биржа савдолари ўтказилди. IPO натижаларига кўра, “Кварц” АЖ қўшимча 7523,81 млн. сўмлик айланма маблағга эга бўлди. Мазкур маблағнинг бир қисми IPOни ўтказиш бўйича қилинган харажатларни қоплашга йўналтирилди. Қолгани корхонани ривожлантириш стратегиясига киритилган лойиҳаларга, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, янги замонавий ускуналарни ўрнатишга сарфланиши кўзланган. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ўтган йилнинг 9 апрелидан фонд биржасининг иккиламчи бозорида “Кварц” акциялари олди-сотдиси бўйича битимлар тузила бошланди, бугунги кунда акцияларнинг IPO якунида жойлаштирилган нархи 3039 сўмга нисбатан биржадаги котировка қиймати 2,5 баравар ошиб, 7500-8000 сўмни ташкил қилмоқда. Корхонамизнинг 2018 йил якуни бўйича “Ўзбекистон капитал бозорида энг яхши” йиллик танловининг “Энг яхши корпоратив бошқарув” номинациясида ғолиб дея тан олинишини ҳам акцияларимиз оммавий савдосининг муҳим самараларидан бири, дейиш мумкин.

– Корхонани ривожлантириш стратегиясини тилга олдингиз, унда қандай лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган?

– Ҳозирда аниқ вазифаларни ўз ичига олган стратегия асосида ишлаб чиқаришни фаол модернизация қилиш, энергияни тежовчи линияларни ўрнатиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ва акциядорлар даромадини ошириш йўлида кенг кўламли ислоҳот амалга оширилмоқда. Унга кўра, ойналарга керамик бўёқлар билан тасвир туширишга мўлжалланган замонавий технология (Германия) харид қилинди. Бунинг натижасида Ўзбекистонда илк бор декоратив тасвирлар туширилган, ранги ўчиб кетмайдиган тоб­ланган ойналар ҳамда ундан тайёрланган буюмларни яратиш имконияти вужудга келди. Бундан ташқари, замон талабларига жавоб берувчи дизайндаги шиша идишлар ишлаб чиқариш учун фаолият кўрсатаётган конструкторлик бюроси ҳамда металлни қайта ишлаш бўлимидаги дастгоҳларнинг янгиланиши (АҚШ технологияси) натижасида истеъмолчиларнинг буюртмаси асосида турли конфигурацияли ва дизайндаги шиша идишлар қолиплари тайёрланиб, улар асосида кўплаб янги турдаги шундай маҳсулот тайёрланмоқда.

Жорий йилда лойиҳа қиймати 70,2 млн. АҚШ долларига тенг бўлган, қуввати суткасига 400 тонна листланган ойна ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги флоат
линиясини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Замонавий технологияли (Европа, Хитой) мазкур лойиҳани ишга тушириш натижасида йиллик ойна ишлаб чиқариш ҳажми 2 баравар кўпайиб, 22,2 млн. кв.метрга етади, ойна қалинлиги ва ўлчамлари кенгаяди, энергия харажатлари камайиб, маҳсулотни экспортга чиқариш имкониятлари ортади.

Шунингдек, қиймати 1,55 млн. еврога тенг шиша маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлилигини оширишга хизмат қилувчи кварц қумини бойитиш технологик линиясини ўрнатиш, қиймати 8,3 млн. еврога тенг шиша идишлар ишлаб чиқариш цехининг 1- ва 3-бўлимларида ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, табиий газ ва электр энергияси сарфини камайтиришга қаратилган бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

– Корхона акцияларини SPO усулида сотиш жараёнига тайёргарлик қандай кетяпти? Бунда нималарга эътибор бериляпти?

– Албатта, бу борада IPOни ўтказиш бўйича илк тажриба қўл келади, деган умиддамиз. SPO орқали инвесторларни жалб қилишда эмитент сифатида соҳанинг етакчи мутахассислари билан биргаликда ҳаракатлар режаси асосида тегишли чоралар кўрилмоқда. Инвесторларга, кенг оммага тақдим этиш учун корхона фаолияти тўғрисида реклама роликлари, турли тақдимот материаллари тайёрланяпти. Корхонамиз молиявий ҳолатининг барқарорлиги, акциялари қийматининг ошиб бориш тенденцияси ва бошқа жуда кўп омиллар SPOга минглаб янги инвесторларни жалб этиш омили бўлиб хизмат қилишига ишонамиз.

Замира ТОЖИЕВА суҳбатлашди.