tomorqa_160Ҳамюртларимизнинг ерга бўлган муносабати бутунлай ўзгариб, ундан ҳар томонлама унумли фойдаланиш йўлга қўйилди ва бу жараён тобора такомиллашмоқда. Газетамизнинг аввалги сонларида эътиборингизга томорқачилик ҳақида маълумот ва унга оид тавсияларни ҳавола этишни бошлаган эдик.  Қуйида ушбу мавзуни давом эттирамиз.

 

Картошка

ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН НАВЛАР: картошканинг Ўзбекистон Республикаси Давлат реестрига 63 та нави киритилган. Эртапишар навлардан Латона, Фреско, Ред Скарлет, ўрта-эртаги Кондор, Марфона, Романо, Курода, Санте, Диёра, ўртапишар Тўйимли, Умид, Кўк сарой, Серҳосил, Аладин, Аринда, Арнова, ўрта-кечки Ақроб, Мондиал, Диамант, Пикассо ва бошқалар.

УРУҒ ТАНЛАШ. Картошка ҳосилини ошириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун уни ундирилган туганакларидан экиш керак. Ундирилган туганакларни баҳорги муддатларда экиш ундирилмаган туганакларни экишга қараганда ҳосилдорликни 12-15% ошириб, 10-15 кун эрта пишишига имкон беради. Маҳаллий шароитда тайёрланган уруғлар ундириш хоналарига экишдан 30-35 кун олдин, четдан келтирилган уруғликлар 20-25 кун илгари қўйилади. Ундириш хонасида ёруғлик ва 18-22 оС даража иссиқ ҳарорат яратилиши лозим. Уруғликлар майда йириклигига қараб (40-60, 60-80, 80-100 г) саралаб ундириш хонасининг полларига, сўкчакларга (стеллаж) 2-3 қатламдан оширмай ёки 12-20-25 кг. ли яшикларга қўйиш лозим. Туганакларнинг нишлаганлари кетмон билан ёпиб экиладиган бўлса, уларни 3-4 см. гача ўстириш мумкин. Оғирлиги 100 г. дан катта туганакларни экиш учун икки-уч бўлакка бўлинади.

ЕР ТАЙЁРЛАШ. 1 сотихга 250-300 кг (10 сотихга 2,5-3 т) тоза, чириган гўнг солинади. Тупроқ белкуракда 18-20 см чуқурликда юмшатилади ёки кетмон билан чопилади. Катта кесаклар майдаланади ва ер текисланади.

ЭКИШ МУДДАТИ ВА СХЕМАСИ. Баҳорги муддатда жанубий вилоятларда 15 февраль–1 март, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 25 февраль–10 март, шимолий минтақаларда 10–20 март. Ёзги муддатда жанубий вилоятларда тезпишар навлар 10–20 июль; ўртапишар навлар 5–20 июль; кечпишар навлар 20–30 июнь; марказий минтақада жойлашган вилоятларда тезпишар навлар 10 – 20 июль, ўртапишар навлар 10 – 30 июнь, кечпишар навлар 10–20 июнда экилади. Шимолий ҳудудларда тезпишар навлар 20–30 июнь, ўртапишар навлар 15–25 июнь, кечпишар навлар 5–10 июнда экилади. Картошка туганаклари (уруғлиги) 5-8 см чуқурликка экилади ва ҳар 1 сотих 30-35 кг уруғлиги сарфланади.

Картошка олдиндан тайёрлаб қўйилган майдонга қўлда кетмон билан 70х30 ёки 90х25 см схемада экилади.

ПАРВАРИШЛАШ. Майдонлар уруғлик тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра 1-2 марта суғорилади. Суғориш натижасида бегона ўтлар ҳам жадал ўсиб чиқа бошлайди. Уларни йўқотиш мақсадида суғоришдан 4-6 кун ўтгач, қатор оралари ва эгатларнинг устки қисмига қўлда кетмон билан ялписига ишлов бериш лозим. Улар ердан тўлиқ униб чиққандан кейин 20-25 кун ўтгач, ўсимликларга биринчи комплекс ишлов берилади. Қатор оралари 15-16 см чуқурликда, ўсимликдан 10-12 см ҳимоя масофаси қолдирилиб юмшатилади. Кейин эса ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланади. Шундан сўнг майдондаги ўсимликларни биринчи марта азотли ўғит (50%) билан озиқлантириб, кейин қондириб суғориш тавсия этилади. Иккинчи комплекс ишлов биринчи ишловдан 25-28 кун ўтгач ёки ўсимликлар ёппасига ғунчалайдиган даврда амалга оширилади. Картошка баҳорда экилганида ўсув даври ҳавонинг салқин ва тупроқнинг сернам пайтига, ҳосил тўплаш даври эса ёзнинг айни қизий бошлаган вақтига тўғри келади. Шунинг учун ҳам эртаги картошка ҳосил тўплаш (туганаклаш) пайтида ҳар 5-6 кунда 1 сотих 4-4,5 м3 меъёрда суғоришни талаб қилади. Кечки картошка ўсув даврида 8-10 кун оралатиб бир меъёрда суғорилади. Ҳосилни йиғиб-териб олишга 2-3 ҳафта қолганда сув бериш тўхтатилади.

ЎҒИТЛАШ. Картошка асосий озиқа элементларига ўта талабчан. Шу боис бу экин етиштирилганда 1 сотихга соф ҳолда 2,2 кг азот, 1,7 кг фосфор, 1,1 кг калий бериш керак.

Шолғом

ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН НАВЛАР: Наманган маҳаллийси, Самарқанд маҳаллийси, Муяссар.

УРУҒ ТАНЛАШ. Экиладиган шолғом уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган), вазндор текис (зарарланмаган) бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

ЕР ТАЙЁРЛАШ. Уруғ экиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотих ерга 200 кг (10 сотихга 2 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20-25 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

ЭКИШ МУДДАТИ. Шолғом асосан ёзда экилади. Шолғом уруғи марказий минтақа ва водий ҳудудларида 1–15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июль–10 август, жанубий минтақаларда 20 август–20 сентябрда сепилади. Шу билан бирга эрта ҳосил олиш учун шолғом уруғини февраль ойининг охирларида сочма ҳамда қатор (лента) қилиб экиш мумкин. Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см олинади. Уруғ қўлда сепилади. Ҳар 1 сотих ерга 25-30 г шолғом уруғи сарфланиб, 1,5 см чуқурликка экилади. Тупроқ хаскаш билан тирмаланади.

ПАРВАРИШЛАШ. Ниҳоллар униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2-3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10-12 см кенгликда қолдирилади. Қатор ораларини ўсимлик атрофи билан қўл кучи ёрдамида кетмон билан 15-16 см чуқурликда юмшатиб туриш, маъданли озиқ ва сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари юмшатилиб борилади.

ЎҒИТЛАШ. Шолғом майдони бегона ўтлардан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ўғитланади. Бунда 1 сотихга соф ҳолда сульфат аммоний 2 кг, аммофос 1,5 кг, калий хлор 0,5 кг меъёрда солинади.

 

Турп

ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН НАВЛАР: Андижон-9, Марғилон маҳаллийси, дайкон ёки япон турпининг Содиқ ва Куз ҳадяси навлари.

УРУҒ ТАНЛАШ. Экиладиган турп уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган), зарарланмаган бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

ЕР ТАЙЁРЛАШ. Дала ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотихга 200 кг (10 сотихга 2 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20-25 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари (пол) олинади.

ЭКИШ МУДДАТИ ВА СХЕМАСИ. Турп асосан ёзда экилади. Турп уруғини марказий минтақада жойлашган ва водий вилоятларида 1–15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июль–10 август, жанубий минтақаларда 20 август–20 сентябрда сочма ҳамда қатор (лента) қилиб экиш мумкин. Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см олинади. Уруғ қўлда сепилади. Ҳар 1 сотихга 50-60 г турп уруғи сарфланиб 1,5 см чуқурликка экилади. Тупроқ хаскаш билан тирмаланади.

ПАРВАРИШЛАШ. Ниҳоллар униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2-3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10-12 см кенгликда қолдирилади. Қатор оралари ва ўсимлик атрофини кетмон билан 15-16 см чуқурликда юмшатиб туриш, минерал озиқа ва сув бериб бориш керак. Вегетация мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари юмшатилиб турилади.

ЎҒИТЛАШ. Турп майдони бегона ўтлардан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ўғитланади. Бунда 1 сотихга соф ҳолда сульфат аммоний 2 кг, аммофос 1,5 кг, калий хлор 0,5 кг меъёрда солинади.

Сабзи

ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН НАВЛАР: эртапишар Мушак-195, Нурли-70, ўртапишар Мирзои сариқ-304, Мирзои қизил-228, Нант-4, Шантанэ-2461, Зийнатли, Фаровон.

УРУҒ ТАНЛАШ. Экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун (синмаган), вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

ЕР ТАЙЁРЛАШ. Томорқа ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. Тупроқ 20-25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

ЭКИШ МУДДАТИ ВА СХЕМАСИ. Мамлакатимизнинг жанубий вилоятларида баҳорги сабзи уруғи 15–28 февралда, ёзгиси 1–15 август, тўқсонбости муддатда 15–30 декабрда сепилади. Марказий минтақада жойлашган ва водий вилоятларида баҳорги сабзи 1–15 март, ёзгиси 10 июндан–10 июлгача, тўқсонбости муддатда 10 ноябрь–10 декабрь, шимолий минтақаларда баҳоргиси 15–30 март, ёзгиси 10–20 июнь, тўқсонбости муддатда 1–30 ноябрда 1,5-2 см чуқурликка 52x8, 62x8 см схемада экилади. Уруғ сарфи 10 сотихга 500-600 г. Сепилгандан уруғлар хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

ПАРВАРИШЛАШ. Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг муҳим масалалардан бири – бу уруғни ердан текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда 5-7 кунда кўринади ва 10 кунда батамом униб чиқади. Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 барг чиқарганда ўтказилади.

ЎҒИТЛАШ. 10 сотих майдонга соф ҳолда 15 кг азот, 8 кг фосфор, 4,5 кг калий солиш керак. Ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ ерларда етиштирилганда соф ҳолда 12 кг азот, 7 кг фосфор, 4 кг калий бериш керак. Ўғитларни бериш муддатлари: фосфор ўғитини йиллик миқдорининг 75 фоизи билан калийнинг ҳаммаси шудгорлашда, фосфорнинг қолган қисмини бороналаб, эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларнинг вегетация мобайнида иккига бўлиб берилади.

www.mehnat.uz/cyrl/tomorqa

маълумотлари асосида тайёрланди.