dron_160у ёвузл ниятли кимсалар қўлида офат қуролига айланиши эҳтимолдан холи эмас

Асримиз том маънода интеллектуал бойлик асрига айланди. Қисқа фурсатда техника ва технологиялар мислсиз даражада ривожланди. Кундалик ҳаётимизга турли-туман транспорт ва алоқа воситалари, меҳнат ва ўқув қуроллари, маиший асбоб-ускуналар ва кўнгилочар мослама-жиҳозлар кенг кириб келди. Албатта, улардан эҳтиёткорона ва ўринли фойдалансак, коримизга яраб, оғримизни енгил, узоғимизни яқин қилади.

Масалан, муайян мақсадларга мўлжалланган, масофадан туриб бошқариладиган мўъжазгина учиш мосламаларини олайлик. Биз уларни эзгулик йўлида ишлатишимиз, зинҳор-базинҳор ғараз ниятларда қўлламаслигимиз керак. Акс ҳолда, оқибати яхшиликка олиб бормайди, одамлар бошига ортиқча ғам-ташвиш келтириб, эл-юрт осойишталигига путур етказади.

Ҳукуматимиз худди шуларни назарда тутиб, қолаверса, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида 2014 йил 26 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан санкциясиз фойдаланишда огоҳлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди. Унга кўра, 2015 йил 1 январдан эътиборан мамлакатимизга учувчисиз учиш қурилмаларини (ТИФ ТН коди – 8802 20 000 0) олиб кириш, сотиш ва уларни истифода қилиш тақиқланди. Кўп ўтмай, Давлат божхона қўмитаси қарорига биноан, Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага зарур ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди. Ушбу декларация бланкасининг “Эслатма” бўлимидаги юртимизга олиб кирилиши тақиқланган товарлар рўйхати эса “Учувчисиз учиш аппарати” деган янги банд билан бойитилди.

Бултур 31 августда Вазирлар Маҳкамаси томонидан соҳага доир яна бир муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикасининг фуқаро ва давлат авиациясида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳужжатда айни турдаги ўйинчоқлар, авиамоделлар ва аппаратлар ўртасидаги фарқ аниқ-тиниқ таърифлаб берилди.

Бинобарин, эндиликда фуқароларнинг шахсий эҳтиёжларини қондириш учун фойдаланиладиган, вазни 250 граммдан ошмайдиган, ТИФ ТН 8802 20 000 0 кодига мос  келмайдиган, парвозни автоном бошқариш ва навигация функцияларига, фото ва видеоускуналарга эга бўлмаган қурилма ҳаво кемасининг ўйинчоқ нусхаси саналади. Уни учириш учун рухсат талаб қилинмайди. Парвоз 50 метргача баландликда, аэродромлар ҳудудига 150 метрдан яқин бўлмаган масофада, одамларга хавф туғдирмайдиган жойда, қатъий назорат остида амалга оширилади.

Авиамоделнинг вазни эса 250 граммдан оғир бўлади. У парвозни автоном бошқариш ва навигация функцияси, фото ва видеоускуналар билан жиҳозланмайди. Асосан ўқув ва спорт машғулотларини, маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш, техник ижодкорликни ривожлантиришга мўлжаллаб ишлаб чиқарилади. Авиамоделни ҳаво кемалари парвоз қилиши учун ажратилган махсус ҳудудларда қонунчиликка мувофиқ учириш мумкин.

Ўйинчоқ ва авиамодель тавсифига тушмаган бошқа турдош воситалар учувчисиз учиш қурилмаси ҳисобланади. Уни учириш учун биринчи галда радиоэлектрон асбоблардан фойдаланишга ижозат олиш зарур. Чунки бу қурилма шундай воситалар билан жиҳозланган бўлади. Улардан фойдаланиш парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш бўйича Давлат инспекцияси томонидан йўлга қўйилади. Мавриди келганда, эслатиш жоизки, бундай қурилмалар сирасига учувчисиз парвоз қиладиган, аниқроғи, масофадан туриб бошқариладиган самолёт ва вертолёт сингари болалар ўйинчоқлари ҳам киритилган. Қолаверса, бизнинг диёримизга кўтариб юришга ўнғай лазерли нур тарқатгичларни олиб кириш ҳам ман этилган.

Табиийки, жорий тартиб-қоидаларга риоя қилмаганлар қонуний жавобгарликка тортиладилар. Агар таркибида жиноят аломатлари бўлмаса, бу қилмиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22719 ва 22722-моддалари билан малакаланади. Уни содир этишда айбдор деб топилган фуқароларга, ашёвий далил деб баҳоланган товарлар мусодара қилиниб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солинади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, фуқароларга товарлар мусодара этилиб, энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима қўллашга сабаб бўлади. Борди-ю, учиш қурилмасининг қиймати жуда кўп миқдорни ташкил этса ёки ўша қилмиш кўп миқдорда шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,  Жиноят кодексининг 182-моддаси иккинчи қисмига кўра, энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунга қарамай, баъзи кишилар мазкур қурилма ва жиҳозларни хуфиёна олиб киришга уринмоқдалар. Масалан, бурноғи йил кўкламда қашқадарёлик божхоначилар “Қарши” халқаро аэропортида Москва сафаридан қайтган Роҳила Ўрмонова (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган)га қарашли юкларни кўздан кечиришганида, уларнинг орасига республикамизга олиб кирилиши тақиқланган учувчисиз учиш аппарати жойлаштириб қўйилганининг, бу хусусда божхона баённомасида қайд этилмаганининг гувоҳи бўлишганди. Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган ишни атрофлича кўриб чиққан суд қонунбузарга нисбатан жарима жазоси тайинлаган, ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинган ZYMA X5C русумидаги қурилма белгиланган тартибда йўқ қилинганди.

Афсуски, бундай нохушликлар бошқа жойларда ҳам учраб турибди. Айтайлик,  Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари бултур ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар вакиллари билан ҳамкорликда шу турдаги 9 та қонунбузарликни аниқлаб, жами қиймати қарийб 4,5 миллион сўмлик қурилмалар ушлаб қолинишига ҳисса қўшгандилар. Яқинда “Даут ата” чегара-божхона постида шовотлик Амир Жўраевни битта шунақа қурилмани яширинча олиб кираётганида тўхтатдилар. Бухоролик Ш.Халиловни эса йўловчи божхона декларациясида ҳамда божхона ходимларининг оғзаки суриштирувлари пайтида маълум қилмасдан иккита учувчисиз учиш қурилмасини, 29 та Laser Led Pen номли лазерли нур тарқатгич ручкани олиб ўтаётганида йўлини тўсдилар. “Бейнеў – Нукус” йўналиши бўйича қатновчи поездни божхона кўригидан ўтказаётиб, йўловчи Раҳмон Дадахоновнинг юклари орасида учувчисиз бошқариладиган замонавий қурилма мавжудлигини фош қилдилар.

Ҳозир аниқланган ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ.