Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
975
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3313
5218
5428

-210
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
111521
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 073 971
Главная Реклама в газете

drq_160Президентимизнинг жорий йил 18 апрелдаги “Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори билан тасдиқланган янгиланган тузилмага мувофиқ  Давлат рақобат қўмитаси фаолият йўналиши бир мунча кенгайди. Асосий мақсад хусусийлаштирилган давлат мулки объектлари негизида хусусий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини сифат жиҳатидан ўзгартиришни таъминлаш, хусусийлаштирилгандан кейин тадбиркорлик субъектларини амалий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини оширишдан иборат.

Давлат рақобат қўмитасининг  Хусусийлаштирилган корхоналар фаолиятининг таҳлили ва мониторинги бошқармаси бўлим бошлиғи Азизжон ҚАҲҲОРОВ билан  суҳбатимизда  шу ҳақда  сўз юритилган.

— Дастлаб, қўмита зиммасига юклатилган қўшимча масъулият ва вазифаларга  тўхталсангиз?

— Аввало шуни таъкидлаш керакки, мамлакатимизда мустақилликнинг ўтган йилларида хусусийлаштириш жараёни  босқичма-босқич тарзда, дастурий ёндашув, қулай имкониятлар  асосида олиб борилди. Эътирофлиси шуки, юртимизда амалга оширилаётган хусусийлаштириш сиёсати ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, унинг  хориж давлатларида муқобили мавжуд эмас. Давлат мулки объектларини тадбиркорларга инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида бериш амалиёти бунга яққол мисол бўлади. Бунда ҳар бир объект, албатта шартнома доирасида,  муайян мажбуриятлар билан сотилади. Харидорлар томонидан зиммага олинган мажбуриятлар бажарилганидан сўнг, уларга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ордер тақдим қилинади .

Шунга қарамай, ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар ва ялпи хатловларга кўра,  аввалги  даврдаги  хусусийлаштиришнинг қулай ҳамда имтиёзли  имкониятларидан фойдаланилган ҳолда харид қилинган айрим объектлар мулкдорлар томонидан тўлиқ ва  самарали ишлатиляпти,  дейиш мушкул.

Баъзи объектлар хусусий мулкка сотилгандан сўнг, ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Мулкдорлар томонидан қўшимча инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги бозорларни эгаллаш орқали фаолиятни кенгайтириш ўрнига, бино-иншоотлар умуман эътиборсиз қолдирилган, ҳеч қандай реконструкция ёки бунёдкорлик ишлари олиб борилмаган.  Ҳаттоки мавжуд мулклар талон-торож қилинган ҳолда кўримсиз бир манзарани ҳосил қилган корхоналар ҳам учраб турибди. Бундай ҳолатга қарши курашиш мақсадида қўмита фаолияти ислоҳ этилиб, янги бўлинмалар ташкил этилди ҳамда  аввал хусусийлаштирилган барча корхоналарни  ривожлантириш,  улар негизида қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш  ва иш ўрни яратиш  бўйича  қўшимча вазифалар юклатилди.

Яъни, хусусийлаштирилган корхоналарнинг реестрини жорий этиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш, улар фаолиятининг доимий мониторинги ва таҳлилини олиб бориш, хусусийлаштирилган корхоналарни тиклаш ва фаолият самарадорлигини ошириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил этиш, шунингдек, “йўл хариталари”ни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, тижорат банклари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, хусусийлаштирилган корхоналар раҳбарлари ва ишлаб чиқариш-техник ходимлари учун доимий  ўқув курсларини ташкил этиш кабилар устувор  мақсад  этиб белгиланди.

—  Хусусийлаштирилган корхоналар фаолиятининг таҳлили ва мониторинги бошқармасининг  вазифалари  нималардан иборат?

— Бошқарма томонидан ҳар бир ҳудудда олиб борилган хатлов якунига кўра шакллантирилган рўйхатга мувофиқ, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш қувватлари, бўш ётган ва қурилиши тугалланмаган объектлар аниқланади. Ҳудудлар, тармоқлар ва хусусийлаштиришнинг шакллари кесимида хусусийлаштирилган объектлар маълумотлари ва реестри шакллантирилади ва доимий равишда янгилаб борилади.

Бундан ташқари, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш учун аввал хусусийлаштирилган, бўш турган ва самарасиз ишлатилаётган, қурилиши тугалланмаган объектлар ва майдонларнинг ҳудудий ресстрини шакллантириш таъминланади. Илгари хусусийлаштирилган  қурилиши тугалланмаган объектлар, бўш жойлари мавжуд ишлаб чиқариш майдонлари, бино-иншоотларнинг иш билан бандлик даражаси доимий равишда таҳлил қилиб борилади. Илгари хусусийлаштирилган корхоналар самарадорлигининг пастлиги ҳамда ишламаётганлиги сабаблари ҳамда  омиллари аниқланади.  Бу каби вазифаларни бажариш учун эса  бир қатор  идоралар, хусусан,  солиқ, статистика, кадастр ва бошқа давлат органлари  маълумотлар базалари билан  ўзаро электрон боғланган  ҳамкорлик  муҳим аҳамиятга эга.

— Бошқарма фаолиятини  дастлаб нимадан бошлади? Ҳозиргача бажарилган ишлар кўлами қандай бўлади?

— Энг аввало, барча ҳудудда Идоралараро комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур комиссиялар томонидан аввал хусусийлаштирилган объектларнинг ялпи хатлови олиб борилди. Республика бўйича 39 мингга яқин аввал хусусийлаштирилган объектларнинг бугунги кундаги ҳолати ўрганиб чиқилиб, улардан бузилганлари, фаолият юритаётганлари ва тўла қувватда ишламаётган ёки бўш турганлари аниқланди. 3 541 та ишламаётган корхона аниқланиб, уларни ишга тушириш бўйича алоҳида ишлар йўлга қўйилди. Ишламаётган корхоналар Тошкент вилоятида 571 тани, Самарқанд вилоятида 369 тани, Фарғона вилоятида  341 тани, Қашқадарё вилоятида  275 тани,  Сирдарё вилоятида  237 тани,  Тошкент шаҳрида  334 тани ташкил этмоқда.

Хатлов асосида аниқланган объектлар бўйича ҳар бирининг тегишлилигига қараб бир қатор чора-тадбирларни кўриш режалаштирилди. Жумладан, жами  24 мингдан зиёд  иш ўрни яратишни кўзда тутувчи  2 525 та инвестицион лойиҳа ишлаб чиқилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва шакллантириш учун аввал хусусийлаштирилган корхоналарнинг мулкдорларига барча имконият ва қулайликлар яратиб берилган. Аввал хусусийлаштирилган корхоналарни тиклаш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ тақдим этилаётган енгиллик ва имтиёзлар билан  оммавий ахборот воситалари орқали, бевосита жойига чиққан ҳолда тадбиркорлар билан ўтказилаётган мулоқотлар чоғида кенг таништирилмоқда. Кўрилган чоралар  натижасида358 та  бўш объект негизида инвестиция лойиҳаларини ишга туширишга муваффақ бўлинди. Улар негизида 68,9 млрд. сўм ва 4,05 млн. АҚШ доллари миқдорида  инвестиция жалб этилди. Шунга қарамай, тақдим этилган қулайликлардан фойдаланиш, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига бино-иншоотларнинг фаолиятини тўлиқ таъминламаётган айрим  мулкдорларга нисбатан ҳудудий Идоралараро комиссияларнинг қарорига асосан солиқ органлари томонидан таъсирчан солиқ механизми қўлланилмоқда.

— Ўрганишлар чоғида корхоналарнинг ишламаётганига қандай омиллар кўпроқ сабаб бўлаётган экан, уларни бартараф этиш учун нималарга эътибор қаратилаяпти?

— Аввал хусусийлаштирилган корхоналар фаолиятининг тўхтаб қолиши бир қатор омиллар билан боғлиқ эканлигига, объектив ва  субъектив сабаблар борлигига гувоҳ бўлдик. Шу боис биринчи навбатда,  аҳолида, жумладан аввал хусусийлаштирилган объектларнинг мулкдорларида “ишбилармонлик кайфияти”ни, “тадбиркорлик синдроми”ни шакллантиришга катта эътибор қаратмоқдамиз. Яъни, қўмита ҳузурида тузилган Республика тадбиркорлик асосларини ўқитиш маркази томонидан туманлардаги касб-ҳунар коллежларида бепул ўқув курслари ташкил этилди. Ҳозиргача 235  та шундай ўқувларда 4000 га яқин тингловчида бизнес юритиш кўникмаси шакллантирилди ва уларга  сертификат берилди.

Лекин, тадбиркорларнинг муваффақиятли фаолияти учун тўсқинлик қилаётган айрим объектив муаммоларни ҳал этиш биринчи даражали вазифа бўлиб турибди.

Биринчидан, электр энергияси ва коммуникация тармоқларидаги узилишлар масаласи. Ушбу соҳада таъминотни яхшилаш масаласида мутасадди идоралар билан биргаликда аниқ дастурлар шакллантирилмоқда, ташкил этаётган кичик саноат зоналари ва аввал хусусийлаштирилган йирик ишлаб чиқариш мажмуалари ҳудудларини ҳудудий инфраструктура дастурларини шакллантиришда инобатга олиш чораларини кўрмоқдамиз.

Иккинчидан, ишлаб чиқаришни муваффақиятли ташкил этиш ва  маҳсулот реализациясига амалий кўмак бериш масаласи. Бунда, ҳар бир соҳа бўйича тармоқ бошқаруви компаниялари, хўжалик бирлашмаларининг фаоллигини ва муайян тармоқдаги корхоналар фаолиятининг якуний муваффақияти учун уларнинг масъулиятини кучайтиришимиз лозим.

Шу билан бирга, қўмита томонидан аввал хусусийлаштирилган корхоналар фаолиятини тиклашга индивидуал ёндашув асосида тижорат банклари, мутасадди хўжалик бошқаруви органларини жалб этган ҳолда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишга  ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўз навбатида, ушбу лойиҳаларнинг амалга ошиши учун қўмита барча масалаларда мулкдорларга амалий ёрдам кўрсатишга тайёр.

Замира Тожиева суҳбатлашди.


 
975
975

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"