Коллежни эндигина тамомлаган Нигора орзуларидан бири – олий ўқув юртига ўқишга кириш учун ҳужжат тайёрлай бошлади. Агар бу йил пойтахтдаги нуфузли университет талабаси бўлса, келаси йили таҳсилни чет элда давом эттиришни ният қилиб қўйганди.
Мана, паспорт нусхаси, тиббий маълумотнома, диплом, расм... хуллас, ҳаммаси тайёр. Фақат дадасининг “Ўқиб, менга дунё олиб берасанми?” деган сўзлари кўнглини хира торттирди. Бир неча кун кайфияти бўлмай юрди.
Нигора бироз ночорроқ оиладан бўлгани учунми ёки ота-онасининг шаҳарга юборишга, ўқитишга қурби етмаслигини билганиданми, инжиқликни бир четга суриб, онасига уй-рўзғор ишларида ёрдам беришга тушиб кетди. Шу билан бу мавзуга бошқа қайтилмади.
Орадан бир ҳафта ўтди. 15 июль куни Нигораниниг юраги алланечук бўлди, агар ҳужжатларини шу бугун олий таълим муассасасига топширмаса, эртага кеч бўлиши мумкин.
Тушлик вақти. Дастурхон атрофида оила аъзоларининг ҳаммаси йиғилган. Нигоранинг отаси Эшмурод ака бир ҳафта деганда энди ишдан қайтганди. Тушлик қилиб бўлгандан сўнг у фотиҳа ўқиб, столнинг устига бир даста пулни ташлади-да, Нигорага қаради: “Қизим, бу сен учун топганим, қолганига кучим етмайди”.
Бир бурчакда шумшайибгина турган Нигоранинг кўзида ёш ҳалқаланди. Тезда кийимларини алмаштириб, ойиси билан пойтахтга йўл олди. Тошкентгача 3 соатлик йўл, вақт эса оз қолган. Нигора университетнинг Қабул комиссияси ёнига борганида соат кечки 19:50 бўлган эди. Ҳужжатларни қабул қилаётган ўқитувчи қизни енгил койиди-ю, лекин ундан ёрдамини аямади.
Орадан ўн беш кун ўтди. Нигора имтиҳонга дадаси билан бирга келди. Тест топшириқларини бажариб чиқиб, қишлоғига қайтди.
Энди у тест синови натижалари эълон қилинадиган кунни интиқлик билан кутар, бу орада баъзан ширин хаёллари чилпарчин бўлиб, юрагига ғулғула тушарди.
Ниҳоят, интизорлик билан кутилган кун ҳам етиб келди. Нигора эрта тонгдан дадасининг қўл телефонини олиб, давлат тест маркази варақасида кўрсатилган рақамга СМС юборди. Орадан бир оз вақт ўтди, бироқ СМСга жавоб келмади. Танг аҳволда қолган қиз отасининг “Нима гап?” деган умидли саволига ҳам жавоб қайтара олмади. У ўзини ҳар қанча чалғитишга уринмасин, сониялар гўё асрга татигуликдек эди...
Ногаҳон токчада турган телефоннинг овози Нигорани сескантириб юборди. Югуриб бориб, телефонни қўлга олди. Ҳа, у кутган хабар айнан шу эди. Қиз шошганча хабарни ўқимоқчи бўлди-ю, мадорсизланиб ҳушини йўқотди. Кўзини очганида, ҳовлидан қариндошларининг овозлари эшитилиб турарди. Ёдига СМС тушди. Сергак тортди ва чопганча дадасининг ёнига бориб телефонини сўради.
Хабарда бундай ёзилган эди: табриклаймиз, сиз давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиндингиз.
Валижон ҚАМАРОВ.