Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4222
7845
7110

+735
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
129654
254685
115663

+139022

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 680 039
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Инвестиция илми билимдони



sharpe_160Инвестицион фаолиятни молиялаштиришдаги бозор механизмларининг назарий жиҳатлари кўплаб иқтисодчи олимлар томонидан тадқиқ этилган. Шулар қаторида таниқли олим Уильям Шарп ҳам инвестицион фаолиятни фонд бозори орқали молиялаштириш механизмига алоҳида эътибор қаратади. Унинг фикрича, қимматли қоғозларнинг даромадлилиги ва рисклилиги ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқага эга бўлган оқилона инвестицион стратегия инвестицион фаолиятни молиялаштиришнинг асоси ҳисобланади. Молиявий воситачилар (тижорат банклари, жамғарма ва кредит уюшмалари, кредит иттифоқлари, суғурта компаниялари, ўзаро ёрдам фондлари, пенсия фондлари) эса корпорацияларнинг фонд бозоридан қўшимча маблағлар жалб қилиш имкониятини билвосита таъминлайди.

Америкалик иқтисодчи Уильям Шарп 1934 йил 16 июнда Бостон (Массачусетс штати)да туғилди. У дунёга келганда ота-онаси талабалик гаштини суришар, ўқиш, илм олиш билан машғул эдилар. Отаси инглиз адабиёти, онаси эса табиий фанлар йўналиши бўйича ўқиганлар. Кейинчалик отаси Гарвард университетида ишлади. Уильям олти ёшни қаршилаганда, отаси миллий гвардияга ишга киради ва оиласини аввалига Техас штатига, кейинчалик Калифорнияга кўчириб кетади. Шу сабабли Шарпнинг болалик даври Калифорнияда ўтади: ўрта мактабни айнан шу ерда, Риверсайд шаҳрида битиради.

Шарп 1951 йилда Берклидаги Калифорния университетининг тиббиёт факультетига ўқишга киради, бироқ бир йилдан сўнг тиббиётга умуман қизиқмаслигини англаб етади. У Лос-Анжелесда жойлашган университет шаҳарчасига кўчиб ўтади ва Калифорния университетининг бизнес бошқаруви йўналишида ўқий бошлайди. Бунинг учун аввалига биринчи семестр давомида бухгалтерия ҳисоби ва иқтисодиётни ўрганади – иккала курс ҳам мазкур ихтисосликнинг ажралмас қисми бўлиб, диплом олиш учун керак эди. Бухгалтерия ҳисоби Шарп учун зерикарли туюларди, иқтисодиёт эса унда қизиқиш уйғота бошлади. У тез орада микроиқтисодиётни чуқур ўрганади ва бу билан ўзининг келажагини белгилайди. Унинг иқтисодиётчи сифатида шаклланишида Калифорния университети профессорлари Ж.Уэстон ва А.Алчиан катта роль ўйнайди. Уэстон олийгоҳда молиядан, Алчиан эса иқтисодиётдан дарс берарди. Айнан Уэстон Шарпни Г.Марковиц олиб бораётган, келажакда Нобель мукофотига сазовор бўладиган тадқиқотга жалб этади.

Уильям Шарп 1955 йили иқтисодиёт ихтисослиги бўйича бакалавр, 1956 йилда эса магистр дипломини олади.

Шарп қисқа вақт давомида ҳарбий хизматни ўтайди ва 1956 йилда РЭНД корпорациясига иқтисодчи сифатида ишга ўтади ва у ерда Г.Марковиц билан ҳамкорликда ишлай бошлайди. Бу корпорацияда ўша пайтда ўйин ва ҳисоблаш техникаси назарияси, чизиқли ва динамик дас­турлаш ҳамда амалий иқтисодиёт йўналишларида тадқиқотлар олиб борилар эди.

Шарп ва Марковиц биргаликда портфель инвестициялари ва қимматли қоғозлар боғлиқлигини акс эттирувчи моделни яратиш борасида илмий ишни бошлайдилар. Корпорацияда ишлаш даврида, 1961 йили Шарп Калифорния университетида докторлик диссертациясини ҳам ҳимоя қилишга улгуради, бу илмий ишида у трансферт нархлар иқтисодиёти масалаларини ёритади. Диссертация­да Шарп Г. Марковиц моделига асосланган портфель инвестициялари таҳлилининг бир қатор жиҳатларини тадқиқ қилади ва илмий иш объектини бир коэффициентли модель деб атайди. Кейинчалик унинг бу модели бир омилли модель деб ном олади.

 

Уильям Шарп Марковиц усулига ўзгартириш киритади ва ягона индекс усулидан фойдаланиб, акция даромади ҳамда умумий бозор индексини солиштириш орқали корреляцион таҳлил қилади. Шарп ўз таҳлилида портфель самарасини топиш усулини осонлаштиради.

 

Шарп 1961–1968 йиллар давомида Сиэтл шаҳрида жойлашган Вашингтон университети ҳузуридаги бизнес мактабида ишлайди. Саккиз йил давомида у микроиқтисодиёт, молия назарияси, ҳисоблаш техникаси, статистика, операциялар тадқиқоти фанларидан сабоқ беради. Шарпнинг сўзларига қараганда, дарс бериш мобайнида у иқтисодиёт назариясининг тегишли бўлимларидан ўз билимларини чуқурлаштириб борар эди. Бунинг натижасида 1963 йилда биринчи маротаба “Бошқарув илми” (“Management Science”) журналида диссертация ишининг асосий ғояларини “Портфель инвестициялари таҳлилининг соддалаштирилган модели” (“А Simplified Model for Portfolio Analysis”) мақоласида эълон қилади. Бир вақтнинг ўзида у нарх модели устида илмий ишини давом эттиради ва ўз хулосаларини 1964 йилда чоп этилган “Акция капитали нархлари – риск шароитида бозор мувозанати назарияси” (“Capital Asset Prices - A Theory of Market Equilibrium Under Conditions of Risk”) деб номланган мақоласида баён қилади. Ушбу мақолада Шарп ҳозирги замон молия фанининг энг муҳим ғояларидан бири бўлган акция капиталининг нархлар модели асослари ҳақида баён қилади. Бу модель кутилаётган даромадлилик ва таваккалчилик даражасига боғлиқ равишда молия активлари нархларининг шакл­ланишини изоҳлайди.

Шарп томонидан ишланган моделнинг асосида қуйидаги фикр турар  эди: инвестор, яъни акция эгаси қарз олишда капитални комбинациялаш ва рискдаги қимматбаҳо қоғозлар оптимал портфелини тегишли равишда танлаш орқали рискнинг олдини олиши мумкин.

 

Уильям Шарп Марковиц назариясига иккита янгилик киритади:

акциялар олди-сотди шартномаси тўлиқлигича тугаганлиги, яъни акцияларни аниқ бозор баҳоси келишилганлиги;

рисксиз ставкада активларни қарзга олиш ёки қарзга бериш ҳамма инвесторлар учун бир хил бўлиши ва бу қарзга олиш, қарзга бериш миқдорига боғлиқ эмаслиги.

 

Шарп модели бета-коэффициент ёрдамида қимматли қоғозлардан келиб тушадиган даромадни аниқлашга имконият яратди. Бу модель рискни капитал бозорига ўтказиб, уни сотиб юбориш ёки сотиб олиш ва баҳолаш мумкинлигини кўрсатиб берди.

Молия бозорида Шарпнинг модели замонавий нархлар назариясининг асоси сифатида қараб чиқилади. Бу модель эмпирик таҳлилда, амалий тадқиқотларда кенг қўлланилди ва иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳаларида қарорлар қабул қилиш амалиё­тида муҳим асос бўлди. Г. Марковицнинг портфель инвестициялари модели билан бир қаторда, Шарпнинг нархлар модели ҳам молия иқтисодиёти бўйича барча дарсликларга киритилди.

Уильям Шарп 1968 йилда Ирвиндаги Калифорния университетига ишга ўтади ва у ерда Ижтимоий фанлар мактабини яратишда яқиндан иштирок этади. Бироқ турли сабабларга кўра бу ташаббус амалга ошмайди ва Шарпни 1970–1989 йиллари Стенфорд университети ҳузуридаги Олий бизнес мактабида дарс бериш учун таклиф қилишади. Бундан бироз вақт олдинроқ Шарп молия бозори назариясининг асосий ғоялари баён қилинган “Портфель инвестициялари назария­си ва капитал бозорлари” (“Portfolio Theory and Capital Markets”) китобини чоп этади.

Олимнинг бошқа тадқиқотлари орасида капитал бозоридаги мувозанат ва уни портфель танлови муммоларини опциондаги нархлар, инвестициялар бошқарувини децентрализация­лаш, инвесторларнинг ўз фонд­ларини активларининг асосий синфлари бўйича тақсимлашда қўллаш масалалари диққатга сазовордир. Шарпнинг бу борадаги илмий изланишлари 1970-йиллар охирида ёзилган “Инвестициялар” дарслигида ўз аксини топиб, мазкур мавзу бўйича турли эмпирик ва назарий материални умумлаштиради.

Университетда дарс бериш ва илмий тадқиқотлар олиб боришдан ташқари олим бир қатор фирмаларда инвестиция масалалари бўйича консультант вазифасини ҳам бажарар эди. Бу ерда ўзининг молия назариясига оид ғояларини амалиётга жорий этишга ҳаракат қиларди. У портфель инвестицияларининг ишончли ёки рисклигини баҳолашда, қимматли қоғозларнинг оптимал портфелини танлашда, нақд пулнинг кутилаётган тушумини аниқлашда иштирок этди. “Мэрилл Линч, Пирс ва Смит” ҳамда “Уэллс-Фарго” фирмаларида фаолият юритган пайтларида Шарп инвестициялаш амалиёти ҳақида катта билимларни эгаллайди.

1976–1977 йилларда олим Миллий иқтисодий тадқиқотлар бюроси гуруҳига ишга жалб қилинади. Бу ерда у инвестиция жараёнлари билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганади.

1980 йилда Уильям Шарп Америка молия ассоциация­сига президент этиб та­йинланади. 1986 йилда эса Стэнфорд университетини вақтинча тарк этиб, ўзининг “Шарп-Рассел-ризёрч” хусусий тадқиқот-консультатив фирмасини ташкил қилади. Бу фирма суғурта, нафақа, хайрия жамғармалари ва ташкилотлари учун қимматли қоғозларни жойлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

1989 йилда Уильям Шарп университетдан бутундай кетади ва бор кучини фирмасига бағишлайди. Ке­йинчалик унинг фирмаси “Уильям Ф.Шарп ассошиэйтс” деб номланди.

1990 йилда Уильям Шарп Г. Марковиц ва М.Миллер билан биргаликда “Молиявий бозор иқтисодиёти назариясига оид биринчи ишлари учун” Нобель мукофотига лойиқ кўрилади.

Ҳилола САЛОЕВА 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"