Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3917
8065
7525

+540
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
102088
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 358 692
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Бир рубобнинг икки тори...



sughd_expo_160Хўжанд шаҳрида ҳар йили ташкил этиладиган халқаро савдо ярмаркасида иштирок этиш учун мутасаддилар ўзбекистонлик бир нечта журналистлар қатори каминани ҳам таклиф этишди. Белгиланган куни Бекобод шаҳри ва Сўғд вилояти чегарасидан ҳеч бир тўсиқларсиз, айтиш мумкинки, бир зумда ўтиб олдик. Хаёлимда “роса овора бўламиз, текшириб хунобимизни чиқаришса керак”, деган ўй кечганидан хижолат ҳам бўлдим.

Сўнгги вақтларда ўзаро муносабатларда улкан ўзгаришлар кузатилмоқда, халқларимиз ўртасидаги алоқалар, борди-келдилар янгича мазмун касб эта бошлади. Азалий дўстлик абадий дўстликка айланди. Ойдинлашдики, бундай дўстликка қадам босиб бўлмас сарҳадлару темир тўсиқли чегараларнинг асло кераги йўқ экан. Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Шавкат ­Мирзиёев ҳамда Имомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган ишлар халқларимиз учун узоқ кутилган лаҳзаларни тақдим этмоқда. Шу йилнинг 1 март санасида ортиқча расмиятчиликлар бекор қилинди. Бир-бири билан қон-қардош, қуда-анда бўлиб кетган ён қўшни – жон қўшнилар эндиликда ҳеч бир ортиқча тўсиқ ва оворагарчиликларсиз борди-келди қиладиган бўлишди.

Бекобод шаҳри билан Сўғд вилоятини бир ариқ ва бир тепалик ажратиб туради, холос. Бир пайтлар бу икки ҳудуднинг ҳатто бозори ҳам, мозори ҳам бир бўлган. Қуда-анда, қариндошчилик ришталари эса асрларга бориб тақалади.

– Сўз билан тасвирлаш қийин, қойил қолдим, – дейди чегара ҳудудини биз билан ёнма-ён кесиб ўтаётган фуқаро Нишона Набиева. – Ўн беш йил деганда Бекободда истиқомат қилаётган укамни кўриб келиш бахтига муяссар бўлдим. Бизни дўстларимиз, қариндош-уруғлар кўзларида севинч ёшлари билан, қучоқ очиб кутиб олишди. “Бўлар экан-ку, шу хайрли ишларнинг бошида турганлар барака топсинлар, ҳамиша соғу саломат бўлсинлар”, дейишди.

– Яратганга шукур, чегара постидаги қулайликлардан фойдаланиб, Ўратепага икки марта бориб келдим, – дейди меҳнат фахрийси Ҳабибулло Нуриллаев. – Постдан ўтиш жараёнида ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келмадим. Ҳар икки томон назоратчилари хушмуомалалик ва ўзига хос тавозе билан кузатиб қўйишди. Икки келиним Тожикистондан. Улар ота-оналарини кўриб келишга жуда қийналарди. Мана, энди бемалол бориб келишяпти. Қудаларим ҳам тез-тез келиб турадиган бўлишди. Бундан жуда хурсандман, бошим осмонда.

Албатта, чегара постига яқин бўлган ҳудуддан ўтар экансиз, бундай миннатдорлик сўзларига, одамлардаги розилик кайфиятига кўп бор дуч келиш мумкин. Улар бугунги ўзгаришлардан, кечаётган воқеалардан доимо хабардор. Уларнинг хурсандчиликлари шундоқ юз-кўзларидан билиниб турибди.

Сўғд вилояти маркази Хўжанд шаҳри ўзининг чиройли безатилган кўчалари, сўлим табиати, дилкаш ва меҳнаткаш одамлари билан йирик анжуман иштирокчиларини қизғин қутлаганча кутиб олди. Кўҳна тарихга эга Хўжанд шаҳри Фарғона водийси ва Буюк Ипак йўлининг ажралмас қисми саналади. Умуман, мамлакатнинг энг йирик ҳудуди – Сўғд вилояти Тожикистон иқтисодий-ижтимоий-маданий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Вилоятнинг ишлаб чиқариш салоҳия­ти улкан. Буни “Сўғд вилояти – имкониятлар водийси” шиори остида бўлиб ўтган “Сўғд 2018” – V халқаро савдо ярмаркаси яна бир бор кўрсатиб берди.

Халқаро тадбирда Тожикистон ва хорижий давлатлар тадбиркорлари ўзаро ўнлаб савдо-ҳамкорлик шартномаларини имзолашди. Икки кун давом этган мазкур ярмаркада дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатидан келган 200 нафардан зиёд тадбиркор иштирок этди. Савдо ярмаркасининг очилиш маросимида Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода барча иштирокчиларга омад тилаб, бундай халқаро тадбирлар давлатлараро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

– Ярмаркани ташкил этишдан асосий мақсад халқаро савдони тараққий эттириш, четга товар чиқаришни кўпайтириш, узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар билан икки томонлама фойдали алоқаларни йўлга қўйиш,  инвесторлар маблағларини жалб этиш ва замонавий технологияларни киритишдан иборатдир, – деди Р.Аҳмадзода. – Бу ярмарка аллақачон давлатлар орасида нуфузга эга бўлиб, борган сайин анъанавий тус олмоқда ва нафақат Сўғд вилоятининг, балки бутун мамлакат иқтисодий ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурди.

Анъанага айланган ушбу тадбирнинг очилиш маросимида иштирокчи давлатларнинг минтақалардаги вакиллари, дипломатик ва савдо корпуслари вакиллари ҳамда халқаро ташкилотлар мутасаддилари ҳам иштирок этдилар.

– Ўтган йили илк бор ўзбекистонлик ишбилармонлар ҳам 32 та корхона билан мазкур ярмаркада иштирокларини бошлаган эдилар, – деди биз билан суҳбатда Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Менглиев. – Бу йил эса Хўжандда ўз маҳсулотларини намойиш этишни истаган корхоналар сони 40 тадан ошди. Мамлакатимиз ишбилармонлари маиший техника, тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат моллари, маиший кимё, полиграфия маҳсулотлари билан қатнашдилар. Бу каби тадбирлар халқларимизнинг савдо-сотиқ ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Ярмарка жараёнида икки қўшни мамлакат тадбиркорлари қатор ўзаро манфаатли шартномалар имзоладилар.

– Бизнинг корхонамиз 2008 йилда фаолият бошлаган ва замонавий, юқори сифатли қадоқлаш AD*STAR қопларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди “UzPolitex Holding” тижорат директори Бекзод Воисов. – Мазкур қоплар, асосан, цемент, гипс ва бошқа шу каби қурилиш материалларини қадоқлашда зарур маҳсулот ҳисобланади. Тожикистондаги кўргазмада иштирок этишимиз бизга ҳамкорлик борасида янги имкониятлар эшигини очишига ишонамиз.

Халқаро ярмарка кунлари ўзбекис­тонлик ишбилармонларнинг стендлари харидорлар билан гавжум бўлди. Умуман олганда, маҳаллий корхоналар, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари билан қатнашган бўлса, ҳамюртларимиз саноат маҳсулотларини намойиш этишди ва стендларимиз барчада бирдек қизиқиш уйғотди.

– Жамиятимиз мамлакатимизда етиштирилган пахтадан тайёрланган матоларни Ҳиндистондан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамида қайта ишлайдиган йирик мажмуага эга, – дей­ди Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи “NurSam-Tex” МЧЖ директори Ғофиржон Ҳафизов. – Турли ўлчамдаги матоларни бўяш, ранг ва жило бериш, гул безакларини босиш билан шуғулланамиз. Кунига 30 минг метр атрофида газламага ишлов берамиз. Ургут шаҳрида истиқомат қиладиган 60 кишини иш билан таъминлаганмиз. Маҳсулотларимиз Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинади. Бугун Тожикистон бозорига ҳам кириб, ўз харидорларимизни топиш сари дастлабки қадамни қўйдик.

Тадбир давомида, жумладан, “Фарғона водийси мева-сабзавотларининг янги бозорларга чиқиш истиқболлари, анъана ва имкониятлар” мавзуида ишбилармонлар форуми, “Фарғона водийсида умумий туризм йўналишида лойиҳалар” ҳамда Сўғд вилоятининг инвестицион салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.

Самарали кечган сафаримиз давомида кўплаб яхши инсонлар билан танишдик, дўстлашдик. Россиялик, қозоғистонлик, тожикистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамжиҳатликда ишладик. Ўзаро фикр, тажриба алмашдик, самимий муносабат, юксак меҳмондўстликка гувоҳ бўлдик.

– Ўзбекистонда сон жиҳатидан тожиклар ўзбеклардан кейинги иккинчи, Тожикистонда эса ўзбеклар тожиклардан кейинги иккинчи миллат ҳисобланади, – дейди маҳаллий журналист-сиёсатшунос Негматулло Мирсаидов. – Ўзбеклар ва тожиклар, асосан, тил жиҳатидангина фарқланади. Дунёда икки тил оиласига мансуб тилларда сўзлашувчи  икки халқнинг бу қадар бир-бирига яқинлашиб кетганлиги ҳодисаси учрамаса керак. Бошқа барча жиҳатларимиз, яъни турмуш тарзимиз, кийимларимиз, овқатларимиз, мусиқамиз, рақсларимиз, оилавий анъаналаримиз жуда-жуда ўхшаш.

– Ўтмиши минг йилликларга бориб тақаладиган ўзбек ва тожик халқларининг кўпчилик ҳавас билан қарайдиган ажойиб тарихи бор, – деди ўзбек тилида чоп этиладиган “Сўғд ҳақиқати” вилоят газетаси журналисти Облоқул Мусоев. – Қолаверса, маданият, адабиёт ва санъат бобида доимо улар бир-бирини тўлдириб келган. Жомий ва Навоий, Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода, Абдулла Орипов ва Лойиқ Шералининг дўстлиги, эл севган ҳофизлар Шерали Жўраев ва Жўрабек Муродовнинг ҳамиша жўровоз бўлиб куйлаб келаётгани ҳақида китоб­лар битилса арзийди.

Марказий Осиёда ўзбек, қозоқ, тожик, туркман, қирғиз ва қорақалпоқ каби олтита туб миллат истиқомат қилади. Бу миллатларнинг бештаси туркий тилда сўзлашади, биттаси форсий тилда. Лекин ана шу форсийзабон тожикларга энг яқин миллат ўзбеклардир. Ҳар қанча такрор бўлмасин, яна айтамиз, Ўзбекистон билан Тожикис­тонни умумий тарих, узвий маънавий қадриятлар боғлаб туради. Икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик ришталари билан боғланган. Бизни икки тилда гаплашувчи бир халқ дейишади. Азалий қўшничилик ва ўзаро ҳурмат анъаналари икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилади.

Нодир МАҲМУДОВ,

Тошкент – Хўжанд – Тошкент.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"