Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Идеал олигарх


maxmutov_160Искандар Маҳмудовнинг бир ўзи Россия мисининг салкам ярмини, рухининг учдан икки қисмини, ранг­ли металлар савдосининг тўртдан бир қисмини назорат қилади. Унга қарашли вагон ва тепловозлар ишлаб чиқарувчи холдинг катталиги жиҳатдан дунё­да саккизинчи ўринда туради. У раҳбарлик қилиб келаётган Урал тоғ-металлургия компанияси таркибида Россиянинг 30 дан зиёд ҳудудидаги еттита йирик, ўнлаб кичик корхоналар бор.

Искандар Маҳмудовнинг ҳаёт йўлига назар солсангиз, қандай қилиб у бундай муваффақиятларга эришди, қисқа даврда бунчалик бойиб кетди, деган савол туғилади ўз-ўзи­дан. Ахир, бунинг учун унда реал имконият йўқ эди-ку. Демоқчимизки, у бой-бадавлат одамнинг фарзанди эмасди, авлодларидан унга катта мерос қолмаган.

Хўш, ким ўзи Искандар Маҳмудов? 1966 йили Тошкентда зилзила бўлгандан сўнг уларнинг оиласи Бухородан пойтахтга кўчиб келади. Ўша пайтда Искандар уч ёшли бола эди. Тошкентга келгач, отаси қурилишда муҳандислик қилади, онаси олий таълим муассасасида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Оилада ягона фарзанд бўлгани учун болакай доимо ота-онасининг эътибори ва назоратида эди.

Искандар 1979 йили Тошкент давлат университети шарқшунослик факультетининг араб филологияси бўлимига ўқишга киради ва уни 1984 йили аъло баҳоларга тугатади. Айтиш­ларича, айнан ота-онаси унинг шу мутахассисликни эгаллашини истаган.

Ўша пайтда шарқшунослик факультети ТошДУнинг энг нуфузли факультетларидан бири ҳисобланарди. Бу факультетда “казо-казо”ларнинг фарзандлари таълим оларди. Чунки шарқшунос бўлишгина ўзбек йигит-қизлари учун хорижга чиқишга йўл очарди. Бу факультетни битирганлар, асосан, Шарқ мамлакатларига ва мусулмон давлатларига ишга юбориларди. Искандарга ҳам шу бахт насиб этади. Ўқишни тугатиши билан собиқ шўролар Ташқи савдо вазирлиги бош муҳандислик бошқармасига таржимон бўлиб ишга киради ва иш фаолиятини таржимон-муҳандис сифатида Ливияда бошлайди. Орадан бир ярим йил ўтгач, Ироққа келади ва бу мамлакатда ҳам икки йил ҳарбий таржимон бўлиб фаолият юритади.

Хориждаги ҳаёт унинг кўзини очди. Бу кичик ва камбағал мамлакатларда ҳам ҳарбийлар ва оддий қурувчилар ўша пайтда дунёдаги энг қудратли юртлардан бири бўлган собиқ шўролар мамлакатидаги аҳолидан анча кўп маош оларди.

Искандар Ўзбекистонга қайтганда қайта қуриш шамоллари эсар, одамлар дунёқарашида ўзгаришлар содир бўла бошлаган эди. 1988 йили “Ўзбекинторг” давлат ташқи савдо ташкилотига ишга жойлашди. Йигитча шу ташкилотда ишлаб юрганда бизнесдаги дастлабки қадамларини ташлаганди. Чойшаб ва халатлар ишлаб чиқарадиган ҳамда сотадиган кооператив ташкил этганди.

Ўтган асрнинг 90-йилларида у ўз ҳаётида катта из қолдирган ака-ука Михаил ва Лев Черновлар билан танишади. Ўзбекистонлик бу тадбиркорлар ўша пайтда Россия бозорида ўз ўринларига эга бўлиб боришаётган эди. Михаил Чернов бизнес юритишда Искандарнинг ҳақиқий устози, десак ҳам хато қилмаган бўламиз.

Аввалига у ака-укаларнинг “Trans World Group”и билан ҳамкорлик қилиб юрди. 1991-1994 йилларда эса “Алис” акциядорлик жамиятининг маркетинг бўйича директори бўлиб ишлади.

Албатта, Искандар ҳам Черновлардан қарздор бўлиб қолмади. У ака-укаларнинг Павлодар трактор заводини хусусийлаштириб олишида катта ёрдам берди. Ўзи эса 1994-1996 йилларда “Мета Сервис” саноат-молия компанияси директори вазифасида фаолият юритди.

1994 йили Искандар ўз ҳаётида ўзгариш ясаган яна бир одам – Анд­рей Козицин билан танишди. Искандар Маҳмудов Козицин ва ака-ука Черновлар билан шерикликда кейинчалик Урал кон-металлургия компаниясига асос бўлган корхоналарнинг акцияларини сотиб олди.

Бўлғуси миллиардер 1996 йили Тайск тоғ-кон комбинати бош директори бўлди. Ўша йилдан бошлаб Урал тоғ-металлургия компаниясини ташкил этиш сари дастлабки қадамлар ташланди.

И.Маҳмудовнинг бизнесдаги муваффақиятлари сирларидан бири шуки, у вазиятни аввалдан била олади, шунингдек, доимо ишбилармон тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилади. Биргина мисол. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Россия темир йўл тармоғида бошбошдоғлик ҳукм сурарди. Фақат 2003 йилга келибгина бутун транспорт таркибини ўзгартириш вазифаси юклатилган “Россия темир йўллари” (РТЙ) очиқ акциядорлик жамияти ташкил этилди. Искандар Маҳмудов эса 2002 йили ҳамкори Дмитрий Комиссаров билан ўзларига қарашли корхоналар базасида “Трансмашхолдинг” ёпиқ акциядорлик жамияти ташкил этганди. Айни пайтда ушбу ЁАЖ рельсда юрувчи транспортлар ишлаб чиқарадиган Россиядаги энг йирик корхона ҳисобланади. Унинг Москва, Тверь ва Ростов вилоятларида, Брянск, Пенза, Санкт-Петербург шаҳарларида заводлари бор.

2012 йили И.Маҳмудов “Россия темир йўллари” ЁАЖга қарашли “Желдорреммаш” шўъба корхонасининг 75 фоиз акциясини ўз назоратига олди. Бу билан у мамлакатдаги локомотивлар таъмири билин шуғулланувчи энг йирик корхоналардан бирига эга бўлди. Ўша йили шериги Андрей Бокарев билан биргаликда Россиядаги энг йирик нефть ва нефть маҳсулотлари ташувчи “Транс­ойл” МЧЖнинг 13 фоиз акциясини сотиб олди.

Маҳмудов-Бокарев шериклиги бу билан чекланмаган. Улар биргаликда “Аэроэкспресс”нинг 17,5 фоиз акциясига ҳам эгалик қилади. Аслида иккисининг ҳамкорлиги 2011 йили бош­ланган эди. Ўшанда “Москва йўловчилар компанияси” МЧЖнинг эгаси бўлган икки бой “Марказий шаҳарлар атрофига қатновчи йўловчилар компанияси” очиқ акциядорлик жамиятининг тенг ярим акциясига эга бўлади. Бугун ушбу ОАЖ мамлакат шаҳарлари атрофида қатновчи йўловчи поездларнинг 56 фоизини қамраб олган. Ҳар йили 500 миллион йўловчини манзилига етказиб, 4,7 миллиард рубль фойда олмоқда.

Маҳмудовнинг чет элларда ҳам мулки бор. У 2006 йили Буюк Британиянинг Донкастер шаҳри яқинидаги Hatfield кўмир шахтасининг эгасига айланди. Ўша йили кўмир қазиб чиқарувчи Россиядаги энг йирик компаниялардан бири “Кузбассразрезуголь” ОАЖ бошқарувини ҳам ўз қўлига олди.

“Урал кон-металлургия компания­си” Food Service Capital ресторан холдингининг 100 фоиз акциядори ҳисобланади. Унинг таркибида “Сапсан” йўловчи поездларга хизмат кўрсатувчи ягона озиқ-овқат тизими, 17 та стейкҳауз, 3 та балиқ, 6 та пиво ва 8 та бургер муассасалари бор.

Энг яқинлари ҳам Искандар Маҳмудовнинг дунёқараши, қобилиятидан ҳайратга тушишади. Масалан, у тарихни яхши кўрмайди. Унинг назарида тарихни ғолиблар ёзади. Шундай бўлса-да, ҳар қандай тарихий воқеани ёки тарихий шахснинг номини энциклопедик тарзда, мутлақо адашмасдан тўғри айтиб бера олади. Бу масалада у билан ҳеч ким баҳслаша олмайди. Миллиардер ўз бизнес империяси ва рақиблари атрофида нималар бўлаётганини майда-чуйдасигача билади. У, ҳақиқий раҳбар иш жараёнига куч ишлатиб аралашмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Олигархга қарашли корхоналар турли ҳудудларда, турли минтақаларда жойлашган, у эса дои­мо ҳеч ёққа шошмаётганини, доимо бўш вақти борлигини айтади.

У олти – ўзбек, тожик, рус, араб, форс ва инглиз тилида бемалол гап­лаша олади. Айни дамда иккинчи турмуш ўртоғи Маргарита Маҳмудова билан яшайди. Биринчи аёли билан Россияга йўл олгунга қадар ажрашган. Биринчи турмушидан бўлган ўғли Жаҳонгир унинг яқин ёрдамчиси. Жаҳонгир 1987 йили туғилган. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Хальта (Буюк Британия) бизнес мактабида ўқиди. 2009 йилда “Аэроэкспресс” компанияси бош директори маслаҳатчиси, 2010 йилда “Гольдман Сакс груп” фойда, валюта бозори ва хом ашё товарлари департаментида фаолият кўрсатди. 2012-2015 йилларда эса Урал тоғ-металлургия компаниясининг тоғ-кон ишлаб чиқариши бўйича директори, 2015 йилнинг июлидан шу кунгача “Челябинск рух заводи” ОАЖ бошқаруви аъзоси, завод директорининг тижорат ва молиявий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келяпти.

Искандар Маҳмудов бир пайтлар бизнесдаги қоидалар ҳақида гапирганда бундай деган эди: “Қўрқиш” деган сўз менга умуман ёқмайди. Ахир биз қоронғудан ёки йўлбарсдан қўрқадиган бола эмасмиз-ку. Бизнесда ҳеч қачон қўрқиш керак эмас. Эҳтиёткорлик керак, албатта...”.

У жуда талабчан инсон. Бир неча йиллардан буён Россиянинг энг бой йигирмата одами сафидан ўрин олиб келяпти. Албатта, турли даврларда унинг маблағи турли миқдорда бўлган. У пули кўпайган вақтларда ҳеч қачон мақтанмаган, камайган вақтда тушкунликка тушмаган. Масалан, Forbes журнали маълумотларга қараганда, 2011 йилда унинг бойлиги 9,9 миллиард АҚШ доллари бўлган. Кейинги йилларда кўпайиб, паса­йиб борган. 2016 йилга келиб бойлиги 4 миллиард долларни ташкил этган бўлса, ўтган йили бирданига 2,5 миллиард долларга кўпайиб, 6,5 миллиард долларга етган.

Искандар Маҳмудовнинг энг яхши овунчоқларидан бири китоб ўқиш. У ёшлигидан фантастик китобларни жуда-жуда севиб ўқийди. Ўзининг таъкидлашича, бундай китоблар унинг дам олишига ёрдам беради.

Утуғилган ер денгиздан жуда узоқда жойлашган. Аммо бугун у дайвингнинг ҳақиқий мухлиси. 60 метр чуқурликкача тушиб кўрди, акуланинг сузгичидан ушлаб сузишга ҳам муваффақ бўлди. Унинг эндиги орзуси денгиз тубини ўрганиш.

И.Маҳмудовнинг энг хайрли ишларидан бири шуки, у ҳеч қачон тиббиёт муассасалари, болалар уйлари, уруш фахрийларидан маблағини аямайди, уларни доимо қўллаб-қувватлайди. Бундай ишлар учун бизнесмен сўнгги ўн йилда бир миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлади.

Албатта, Искандар Маҳмудовнинг бизнеси ва у босиб ўтган йўлни битта кичик мақолага сиғдириш қийин. Лекин у шарқшунос бўла туриб шундай йирик ишларни қилгани, бизнесда ўз йўлини топиб, бугун нафақат Россиядаги, балки дунёдаги бойлар рўйхатидан ҳам жой олаётгани ҳақиқат.

Сиёсатчиларнинг таъкидлашича, жимгина юрадиган Искандар Маҳмудов доимо давлат ва халқ манфаатини ўйлаб иш қилади. Шу боис, кўпчилик уни идеал олигарх деб атайди.

Бекқул ЭГАМҚУЛОВ.

 
TOP-статьи


© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"