Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5580
5204
5887

-683
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
150238
191346
158418

+32928

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 649 865
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" “Харажатлар – ишлаб чиқариш” услуби асосчиси

 

leontief_160Унинг болалик йиллари даҳшатли ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар даврига тўғри келади. Биринчи жаҳон уруши бошланган пайтда Василий атиги саккиз ёшга тўлганди. У Россияда рўй берган инқилобнинг бевосита гувоҳи бўлганини ва Петрограддаги Қишки саройнинг ёнида Лениннинг омма олдида сўзга чиққан ҳолати хотирасида ҳанузгача муҳрланиб қолганлигини айтади.

Америкалик иқтисодчи Василий Васильевич Леонтьев Санкт-Петербургда (Россияда) иқтисодиёт профессори Василий Леонтьев ва Евгения Леонтьева (қизлик фамилияси – Беккер) оиласида дунёга келади. 1921 йилда у Ленинград университетига ўқишга киради, аввалига фалсафа ва социологияни, кейинчалик иқтисодиётни ўргана бошлайди. 1925 йилда мазкур олийгоҳни битириб, Берлин университетида ўқишни давом эттиради. 1927–1928 йиллар давомида ўзининг профессионал карьерасини Киль университетида кичик илмий ходим сифатида бошлайди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Леонтьев 22 ёшида иқтисодиёт фанлари доктори илмий даражасига эга бўлади.

1929 йилда В. Леонтьев Хитой темир йўллари вазирлигида иқтисодиёт маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритади. 1931 йилда АҚШга кўчиб кетиб, Иқтисодий тадқиқотлар миллий бюросига ишга киради. 1932 йилда шоира Эстелл Ҳелен Марксга уйланади. Уларнинг яккаю ёлғиз қизи Светлана Алперс кейинчалик Берклидаги Калифорния университети санъат тарихи профессори даражасига етди.

Леонтьев ўзининг узоқ муддатли фао­лиятини 1931 йили АҚШнинг Гарвард университетида иқтисодиёт муаллими сифатида давом эттиради. 1946 йилда у ҳақиқий профессор даражасига эга бўлади.

1948 йилда Леонтьев Гарвард иқтисодий тадқиқотлар лойиҳасига – Иқтисодий тадқиқотлар марказига асос солади ва бу ерда директор лавозимида иш юритади. Марказ фаолияти 1973 йилгача давом этади.

Шу даврда у “харажатлар – ишлаб чиқариш” (input–output) иқтисодий таҳлил услубини ишлаб чиқди. Бу услуб капиталистик (бозор) иқтисодиёт тармоқларида ижтимоий маҳсулотнинг айрим қисмларини ўзаро алмаштиришнинг конкрет жараёнларини тадқиқ қилишга йўналтирилгандир.

Бундан ташқари, Леонтьев 1953 йилдан то 1975 йилгача Гарвард университетида Генри Лис номидаги сиёсий иқтисод кафедрасини бошқаради. 1975 йилдан Нью-Йорк университети профессори, Иқтисодий таҳлил институти ташкилотчиси бўлиб ишлади.

Айтиб ўтиш жоизки, Леонтьев умри давомида қуролсизланиш иқтисодиётига ҳам катта қизиқиш билан қарайди ва ушбу мавзу унинг тадқиқот объектига айланади.

Унинг илмий асарлари юксак таҳлил услуби ва умумий иқтисодий муаммоларга бўлган кенг кўламли қизиқиши билан ажралиб туради. Леонтьевнинг ўзи малакали математик бўлишига қарамай, дунёда рўй бераётган иқтисодий муаммоларни математик назария асосларига таянган ҳолда шарҳлашга қарши туради. Унинг фикрича, иқтисодиёт амалий фан бўлиб, унинг назариялари ҳаётга эмпирик тарзда (тажрибага асосланган ҳолда аниқлаш) тадқиқ этилсагина фойда келтириши мумкин.

Унинг бу нуқтаи назари 1941 йилда чоп этилган “Америка иқтисодиёти тузилмаси, 1919...1929 йй.: мувозанат таҳлилининг эмпирик қўлланилиши” (“The Structure of the American Economy, 1919...1929: An Empirical Application of Equilibrium Analysis”) деб номланган биринчи китобидаёқ кўзга яққол ташланади.

“Харажатлар – ишлаб чиқариш” иқтисодий таҳлил услубини баён эувчи ушбу илк илмий асари Леонтьевни иқтисодиёт соҳасида буюк новатор сифатида танилишига сабаб бўлади. Бироқ унинг бу тизимини дунё мутахассислари дарҳол тан олмайди. Чунки бу пайтда капиталистик мамлакатлар Буюк турғунлик даврини бошдан кечираётган ва энг оғриқли муаммолардан асосийлари ишсизлик ва капиталистик иқтисодиётининг беқарорлиги эди. Ўша даврда бутун дунёнинг диққат-эътибори инглиз иқтисодчиси Жон Мейнард Кейс ва унинг 1936 йилда чоп этилган “Бандлик, фоиз ва пулнинг умумий назарияси” (“The General Theory of Employment, Interest, and Money”) китобига қаратилганди.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида бандлик масаласи муаммо сифатида ҳал қилинган бўлса-да, урушдан кейин кескин равишда яна юзага келади. Ана шу пайт­да АҚШнинг Меҳнат статистика бюроси биринчи бор Леонтьевнинг “харажатлар – ишлаб чиқариш” услубига мурожаат қилади.

Иқтисодчининг модели аввалига 1939 йилда, кейин эса 1947 йилда тинчликдан урушга ва урушдан тинчликка ўтиш пайтида оммавий бандлик ва соҳалар бўйи­ча бандликнинг ўзгаришини башорат қилиш мақсадида қўлланилди.

Меҳнат статистика бюроси эътиборига тушганидан сўнг 10 йил ўтар-ўтмас, Леонтьевнинг услуби аксарият капиталистик ва социалистик мамлакатлар миллий ҳисоблар тизимининг таркибий қисмига айланди. Ушбу услуб ҳали-ҳануз бутун дунё бўйича ҳукумат ва халқаро ташкилотлар ҳамда тадқиқот институтлари томонидан қўлланилиб, такомиллаштирилмоқда.

“Харажатлар – ишлаб чиқариш” услуби асосидаги таҳлил XIX аср француз иқтисодчиси Леон Вальрас яратган иқтисодиёт йўналишига тааллуқли бўлиб, “умумий мувозанат назарияси” деб ҳам юритилади. Ушбу услуб иқтисодий муносабатларнинг ўзаро боғлиқлигини эътибор марказига қўяди. Ўз ишининг бошидан Леонтьев Вальраснинг ўзаро боғлиқлик тизимини тан олади. Бироқ ундан аввал умумий мувозанат таҳлили иқтисодий сиёсатни шакллантириш жараёнида қўлланма сифатида ишлатилмаганди.

Леонтьев ўз тизимини 1950-60 йиллар давомида такомиллаштиради, мураккаб компьютерлар пайдо бўлиши билан ўзгартириб боради, соддароқ тахминлардан воз кечади.

1950-йиллар ўрталарида В. Леонтьев АҚШ экспорти импортидан кўра кўпроқ меҳнатни талаб қилишини исботлаб беради ва бу билан халқаро савдо назарияси ақидаларига қарши чиқади. Ушбу фундаментал тамойил “Леонтьев парадокси” деб номланади ва давлатлараро муносабатларда савдо тузилмасини янада чуқурроқ тушунишга имкон яратади.

Иқтисодий таҳлил моделларини қўллашда Леонтьевнинг эришган муваффақиятини унинг юксак қобилият эгаси, юқори тоифали иқтисодчи-мутахассис бўлганлиги ва кўплаб соҳаларга қизиқиши билан изоҳлаш мумкин. У халқаро савдо ва монополия назариялари, эконометрика сингари иқтисодиёт йўналиш­ларига қизиқади ва чуқур ўрганади.

1973 йилдаги Нобель мукофоти Василий Леонтьевга “иқтисодиётда “харажатлар – ишлаб чиқариш” услубини ривож­лантирганлиги ва уни муҳим иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга татбиқ этганлиги учун” берилди. Леонтьев экологик муаммоларга бефарқ қарамаган иқтисодчилар қаторида бўлганлиги сабабли Нобель мукофоти билан тақдирланган пайтда сўзлаган нутқида дунё экологиясига тегишли энг содда кўринишдаги “харажатлар – ишлаб чиқариш” моделини келтириб ўтади. Сўзининг сўнггида бундай дейди: “Кам ривожланган мамлакатларда атроф-муҳитни ифлослантиришга қарши киритилган қатъий стандартлар бандлик даражасини оширади, бироқ шу ўринда истеъмол соҳасида баъзи бир қурбонликларни ҳам юзага келтиради”.

Турли иқтисодий стратегияларнинг атроф-муҳитга ва дунё иқтисодиётига таъсирини Леонтьев кейинги йиллар давомида ҳам тадқиқ қилади. Тадқиқотларининг натижаларини олим ўзининг 1977 йилда чоп этилган “Жаҳон иқтисодиётининг келажаги” (“The Future of the World Economy”) номли китобида эълон қилади.

Шунингдек, В. Леонтьев 1989 йилда БМТда маслаҳатчи бўлиб ҳам фаолият юритади, 1988 йилда эса СССР ФАнинг хорижий аъзоси этиб сайланади.

Леонтьев ҳозирги даврдаги бозор иқтисодиётининг айрим жиҳатларини танқид қилган ҳолда капиталистик ишлаб чиқаришдаги антогонистик қарама-қаршиликларни инкор этди.

Дунё иқтисодиёти муаммолари, айниқса, соҳалараро муносабатлар устида олиб борган илмий ишларини БМТ ва Нью-Йорк университети ҳузуридаги Иқтисодий таҳлил институти шафеълигида давом эттирди.

Ҳозирги кунда Леонтьевнинг “харажатлар – ишлаб чиқариш” услуби асосидаги таҳлил иқтисодиёт фанида классик восита сифатида тан олинган. Олим томонидан таклиф қилинган тамойиллар иқтисодиётни прогнозлаш ва дастурлаштириш амалиётида кенг қўлланилиб келинмоқда. Леонтьев эса буюк иқтисодчи Кейнс билан бир қаторда ХХ аср иқтисодиёт фанига катта ҳисса қўшган олим, деб топилди.

Василий Леонтьев 1998 йилда вафот этди.

Ҳилола САЛОЕВА.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"