Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
7373
1214
0

+1214
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
12354
84323
231749

-147426

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 117 285
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Фаровонлик иқтисодиёти тадқиқотчиси

arrow_160_1Америкалик иқтисодчи Кеннет Жозеф Эрроу 1921 йил 23 августда Нью-Йоркда Гарри ва Лилиан Эрроулар оиласида дунёга келади. УНью-Йорк-Сити коллежида таҳсил олди ва бу даргоҳни ижтимоий фанлар йўналиши бўйича математиканинг умумий масалаларига ихтисослашган ҳолда битирди. Кейинчалик Эрроу  “ушбу эркин таълим муассасасининг мавжудлиги ва ота-онасининг молиявий қурбонлик­лари” туфайли аъло даражадаги маълумотга эга бўлганини кўп маротаба эслайди ва улардан ғоят миннатдор эканини айтади.

Эрроу 1940 йилда Колумбия университетига ўқишга киради ва математика соҳасини чуқур ўрганишга киришади. Бир йил ўтар-ўтмас у магистр даражасини эгаллайди.

Статистика ва математик иқтисодиёт мутахассиси ҳисобланган Гарольд Хоутлинг  ёш олим ҳаётида катта бурилиш ясайди. Айнан унинг маслаҳатига кириб, Эрроу иқтисодиёт фанига қизиқиш билан қарайди ва ўрганади.

Иккинчи жаҳон уруши ўша давр одамларининг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади. Эрроу ҳам университетдаги ўқишини тўхтатишга мажбур бўлади ва 1942–1946 йиллар мобайнида АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари зобити бўлиб хизмат қилади ва капитан ҳарбий унвонида истеъфога чиқади.

Уруш тугагач, 1946 йилда Эрроу Колумбия университетида ўқишни давом эттиришни лозим топади ва ушбу олийгоҳда 1949 йилгача таҳсил олади. Тиниб-тинчимас олим параллель равишда Чикаго университетида иқтисодий тадқиқотлар билан шуғулланувчи Коулс комиссиясида кичик илмий тадқиқотчи ва профессор ассистенти сифатида фаолият юритади. Бу ерда ва кўп йиллар мобайнида “Рэнд корпорэйшн”да Тьяллинг Купманс ҳамда бир қанча иқтисодчи олимлар билан ҳамкорликда ишлаб туриб, Эрроу ўзи қизиқадиган йўналиш – мувозанатнинг умумий назарияси, математик дастурлаш ва фаровонлик иқтисодиёти бўйича тадқиқотларини давом эттиради.

1949 йилдан бошлаб Эрроу Стэнфорд университетида иқтисодиёт профессори ассистенти бўлиб ишлайди ва кейинчалик иқтисодиёт, статистика ва операцион тадқиқотлар профессори даражасини олади. Бу илм даргоҳида Эрроу 1968 йилгача фаолият юритади, сўнг эса Гарвард университетида ўқитувчилик қила бошлайди. 1974 йилдан 1979 йилгача Гарварддаги Жеймс Брайан Конант университетида дарс беради. 1980 йилдан у Стэнфордда иқтисодиёт ва операцион тадқиқотлар профессори сифатида фаолият олиб боради.

Эрроунинг докторлик диссертацияси 1951 йилда “Ижтимоий танлов ва шахсий қадриятлар” (“Social Choice and Individual Values”) номи билан чоп этилади. Ушбу илмий ишда Эрроу Пол Самуэльсон ва Гарвард иқтисодчиси Абрам Бергсоннинг иқтисодий асарларига таянади.

Эроунинг “имконсизлик теоремаси” XVIII асрда яшаган машҳур француз математиги шарафига “Кондорсе парадокси” деб аталади. Ушбу парадокс кўпчилик танловини изоҳлайди, яъни демократик жамиятларда ва кичик гуруҳларда кенг қўлланиладиган ижтимоий танлов усулини ўзида акс эттиради. Унинг диссертацияси иқтисодчи, файласуфлар ва сиёсатчи олимларда катта қизиқиш уйғотади. Камдан-кам илмий ишлар бу қадар кўп шарҳлар ёзилишига сабаб бўлган.

Ўтган асрнинг 50-йиллари бошида Эрроу иқтисодиёт назариясининг бошқа йўналишлари устида ҳам илмий тадқиқотлар олиб боради ва уларнинг ривожига катта ҳисса қўшади. Унинг “Фаровонликнинг классик иқтисодиёти таянч теоремаларининг кенгайиши” (“An Extension of the Basic Theorems of Classical Welfare Economics”, 1951) асари рақобат бозорида мувозанатнинг Парето бўйи­ча самарадорлигини ҳамда барча Парето-самарадор (Итальян иқтисод­чиси Вильфредо Парето таклиф этган иқтисодий самарадорлик формуласи.Захиралар чекланган вазиятда жамиятнинг энг юқори фаровонлиги шартларини ўрганган Парето ҳеч ким ўз турмушини бошқанинг турмушини ёмонлаштирмасдан яхшилай олмайдиган иқтисодий ҳолатда фаровонлик энг юқори бўлади, деган хулосага келган эди) тақсимланиш бозор кучи орқали амалга оширилиши мумкинлигини кўрсатади. Эрроунинг таҳлиллари орқали ислоҳотлар натижасида содир бўладиган мураккабликларнинг сабаблари ойдинлашади. Масалан, унинг фикрича, фойдани қайта тақсимлашга ҳаракат қилаётганда ҳукумат бозор механизмлари фаолиятига тўғридан-тўғри аралашмаслиги керак (масалан, нарх-навони назорат қилиш орқали). Бунда бошқа (умумий тусдаги солиқлар, трансфертлар) воситаларни қўллаш мақсадга мувофиқдир. Аниқроғи, бозор кучларининг эркин ҳаракатланиши учун имконият яратиб бериш лозим. Эрроу бу йўналишдаги тадқиқотларни уч йилдан сўнг давом эттиради.

Кеннет Эрроунинг тадқиқот доираси ниҳоятда кенг, унинг асарларида бош­қариш назарияси, илмий техника тараққиётига доир иқтисодиётни ва, айниқса, математик иқтисодиёт масалаларини кўпроқ таҳлил этилади. У иқтисодиётнинг абстракт кўп бозорли моделида рақобат мувозанатининг мавжудлигини исботловчи машҳур далилни Жерард Дебре билан бирга ишлаб чиқади. Уларнинг илмий тадқиқоти мувозанатнинг умумий назариясидаги бўшлиқни тўлдирибгина қолмай, иқтисодий таҳлилга умумлашган назария ва топологияни киритган биринчи илмий иш ҳам ҳисобланади. Эрроу-Дебре деб ном олган ушбу умумий иқтисодий мувозанат модели илмий жамоатчиликка кенг ёйилди. Бу моделда янги техник усуллар асосида бозор тизимининг ҳаётийлиги ва самарадорлиги муаммоларига жавоб берилади.

Эрроунинг бошқа илмий тадқиқотлари бозор моделлари барқарорлиги таҳлилига, математик дастурлаш, оптимал захиралар ва статистик ечимлар назарияларига катта ҳисса қўшди.

Умумий мувозанат муаммолари устида ўз ишини давом эттириб, Эрроу қўлга киритган натижаларни инглиз иқтисодчиси Фрэнк Ҳан билан ҳамкорликда ёзилган “Умумий рақобат таҳлиллари” (“General Comretiti ve Analysis”) илмий ишида баён қилади.

Бу давр оралиғида ёзилган асарларининг аксарият қисми иқтисодий ўсиш ва тақсимлаш, ноаниқлик иқтисодиёти ва сиёсий муаммоларга бағишланади. Масалан, 1961 йилда ёзилган “Капитални меҳнат билан алмаштириш ва иқтисодий самарадорлик” (“Capital-Labor Substitution and Economic Efficiency”) асарида Жон Ҳикс томонидан киритилган меҳнат ва капиталнинг “субституция эластиклиги” мезонининг ўлчаниши кўрсатилади.

“Амалиёт орқали ўрганишнинг иқтисодий мазмуни” (“The Economic Implication of Learning by Doing”, 1962) деб номланган илмий ишида Эрроу маҳсулотнинг умумий ишлаб чиқарилишининг ўсиши натижасида ишлаб чиқариш самарадорлиги ортади, чунки бунда ишчи кучининг тажрибаси ҳам ортади, деган фикрни илгари суради. Бу мавзуга бағишланган мақоласида у бозор иқтисодиёти шароитида тадқиқотлар ва илмий изланишларга сармоялар кам киритилишини, бунинг сабаби мазкур соҳага киритилаётган янгиликларнинг кўпчилиги нотижорат аҳамиятга эга эканлигида, деб исботлайди.

Кеннет Эрроунинг Ерьо Йонассен хотирасига бағишлаб ёзган “Таваккал ечимларни қабул қилиш теорияси бўйи­ча очерклар” (“Essays on the Theory of Risk Bearing”, 1963) асари ҳали-ҳануз ноаниқлик иқтисодиётига киришлардан энг яхшиси деб тан олинади. Олимнинг ушбу илмий иши бозор механизмининг имкониятлари ва чекланганлиги ҳақидаги тушунчаларимизни сезиларли даражада кенгайтиради.

Давлат инвестициялари учун тегиш­ли мезонлар тўғрисида “Давлат инвес­тициялари, даромад меъёри ва оптимал солиқ сиёсати” (“Public Investment, the Rate of Return, and Optimal Fiscal Policy”, 1970) китобида баён қилинади. Бу асар Мордекаи Курц билан ҳамкорликда ёзилган.

Кеннет Эрроу эътиборини иқтисодиётнинг турли йўналишларига қаратади. Мисол учун, у иқтисодий ривожланиш ва урбанизация инқирози, бошқарув фани муаммолари, дискриминация иқтисодиёти каби мавзуларда кўплаб тадқиқотлар олиб боради.

1972 йилда Кеннет Жозеф Эрроу ва Жон Ҳикс иқтисодиёт йўналиши бўйича Нобель мукофотига лойиқ топилдилар. Улар “умумий иқтисодий эквилибризм (мувозанат) ва фаровонлик назариясига қўшган ҳиссаси учун” ушбу юксак унвонга сазовор бўлдилар.

Эрроу ўз тадқиқотларини техник услубда баён қилади, бу эса ҳаттоки иқтисодчиларнинг тушуниши учун қийинчилик туғдиради. Иқтисодчилардан кўпчилиги, жумладан, Саймон Кузнец, Василий Леонтьев ва Гуннар Мюрдаль очиқчасига Кеннет Эрроу, Дебре, Сэмюэлсон ва бошқа иқтисодчи-назариётчиларнинг илмий ишларига хос бўлган мураккаб баён услубини танқид қилишади. Шунга қарамай, Эрроу доимо ўз ишида асосий эътиборни иқтисодий масалалар ва зарурий ижтимоий муаммолар ечимига қаратиб келган. У ижтимоий ва сиёсий ҳаётга доир масалаларга чуқур назарий ёндашиш қобилиятига эга эди.

Олимнинг сўзларига кўра, Эрроунинг рақобат мувозанати жараёнларини моделлаштиришга қизиқишини олий математикага ихлосмандлиги билан изоҳлаш нотўғридир. Унинг асосий мақсади – товар ва хизматларнинг таклифи билан талаби ўртасидаги мувозанатнинг пайдо бўлишини тушуниб етиш.

Эрроунинг таъкидлашича, “ушбу мувозанат тажрибаси шу даражада кенг тарқалганки, мутахассис бўлмаганлар учун бу ҳеч қандай безов­талик туғдирмайди... Ажабланарлиси шундаки, улар бу мустаҳкам тизимни тасаввур ҳам қилмайдилар ва меъёрий шароитлардан чекинганда ҳам унга ишонч билдиришмайди”.

Ҳикснинг индивидуал кутилмаларга асосланган назарий концепция­си Эрроу ва Фрэнк Ҳан тадқиқотларида давом эттирилди ва такомиллаштирилди, кейинчалик адаптив ва рационал кутилмалар (Р.Лукас) назариялари ҳам яратилди. Р.Лукаснинг рационал кутилмалар назарияси 1995 йилга Нобель мукофоти билан тақдирланди.

1951 йилда Эрроу докторлик даражасини олди. У бир қанча чет эл университетлари фахрий аъзоси, АҚШ Миллий фанлар академияси, Эконометрика жамияти ва бошқа ташкилотларнинг аъзоси ҳамдир.

Эрроу 1947 йилда Селма Швейцарга уйланади. Улар икки фарзандни тарбиялаб, вояга етказишди.

Буюк иқтисодчи олим 2017 йил 22 февралда 95 ёшида Калифорнияда вафот этди. Унинг иқтисодиёт назариясига қўшган юксак ҳиссасини дунё иқтисодчилари ҳалигача эътироф этиб келади. Кеннет Эрроу иқтисодиётни оммалаштирган нуфузли олимлардан бири деб тан олинади.

Ҳилола САЛОЕВА.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"