Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1548
6099
6367

-268
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
119851
172875
172957

-82

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 428 133
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Биткоин: келажак валютасими ёки молиявий найранг?

 

bitcoin_160_2Ҳар қандай томошабин спектакль парда очилганидан бошлаб, то ёпилгунига қадар давом этишини, унинг муайян тугалланган асар асосида саҳналаштирилишини билади. Аммо спектакль саҳнага олиб чиқилгунга қадар бўлган жараёнлар — саҳна безаклари қандай яратилгани, репетиция қандай кечгани, унда актёрлар-у режиссёр ўртасида қандай гап-сўзлар бўлиб ўтганидан, табиийки, бехабар қолади. Чунки саҳна ортида кечувчи бу жараёнларга фақат унинг иштирокчиларигина гувоҳ бўлиб, одатда бу борадаги маълумотлар ошкор этилмайди.

Молия оламида ўзига хос тарзда ижро этилаётган биткоин “спектакли”нинг пардаси очилганига эса қарийб 10 йил бўлди. 10 йил — жараённинг оддий томошабини учун ҳам “саҳна”даги вазиятни тўла англаб олиш учун етарли муддат аслида. Бироқ айни вақтда биткоин “саҳна”сида қандай воқеалар ижро этилаётгани, “спектакль” ривожи қандай кечиши, унинг кульминацион нуқтаси қачон келиши, “парда” қачон ва қай тарзда ёпилишини нафақат оддий “томошабин”, ҳатто ҳеч бир мутахассис аниқ башорат қила олмаяпти. Бунинг боиси эса “саҳна” ортидаги “ўйин”ларнинг ҳар бир жиҳати, ҳар бир “бурилиш” нуқтаси аввалдан жуда пухталик билан ишлаб чиқилган ягона “сценарий” асосида кечаётгани ва актёрлар “саҳна”даги ўз ўринларини “томошабин”ларга топширганидадир.

“Ахир сценарийдан бехабар томошабин қандай қилиб ролни маромига етказиб ўйнай оларди”, – дея эътироз билдиришга ва фикримизни рад этишга шошилманг, муҳтарам ўқувчи. Бир томондан, чиндан ҳам бунга ишониш қийин, лекин театрда айрим вақтларда актёрларга суфлёрлар ёрдам беришидан хабарингиз бордир? Биткоин “спектаклида” эса молиячи ва иқтисод­чилар ўзлари англамаган ҳолда айни шу вазифани бажариб бермоқдалар, назаримизда...

“Саҳна” ортидаги ўйинлар

“Миллий валюталар аввал тилла ёки кумуш билан мустаҳкамланарди. Назарий жиҳатдан сиз мамлакатингиздаги исталган банкка бориб, қўлингиздаги қоғоз пулни тилла эквивалентига ёки тиллани қоғоз пулга алмаштиришингиз мумкин. Биткоин эса ҳеч бир восита билан мус­таҳкамланмаган, у – соф математика. Исталган шахс ўз шахсий компьютерида биткоин ишлаб чиқариш тизимига уланиши ва ўзини кичик марказий банк сифатида ҳис қилиши мумкин. Скриптнинг (скрипт – дастур интерфейсини қўллаган ҳолда фойдаланувчи қўлда қилиши талаб этилувчи айрим вазифани автоматлаштирувчи дастур ёки файл-сценарий) чиқиш коди очиқ тарзда эълон қилинган ва исталган киши унинг қандай ишлашини кўриши мумкин”.

Мазкур фикр биткоин криптовалютаси тўғрисида билдирилган дастлабки қарашлардан бири. Янги виртуал пул бирлиги фирибгарлик операция­ларидан ишончли тарзда ҳимояланганлиги, ҳеч қандай ташкилот ёки банкка бўйсунмаслиги, ундан аноним тарзда фойдаланиш имкониятини бериши ҳамда бирор қимматли нарса билан мустаҳкамланмаганлиги билан оддий пуллардан нафақат фарқ қилиши, балки юқори ҳам туриши айнан Сатоши Накамотонинг gmane.comp.encryption.general ресурси обуначиларининг электрон почтасига юборган хабарида ҳам таъкидланганди.

Эътибор берсангиз, мазкур криптовалюта тўғрисидаги дастлабки фикрларда унинг ҳеч бир қимматли нарса – на олтин, на кумуш, на акция ёки облигация каби қимматли қоғозлар билан боғланмаганлиги, нархи талаб ва таклиф асосида шаклланиши ҳамда ўсиш тенденциясига эгалиги хусусида сўз юритилган ва бунга сабаб қилиб биткоин “ишлаб чиқариш”га сарфланадиган харажатларнинг ошиб бориши кўрсатилганди.

Кейин эса... “саҳна” ортидаги ўйинларга навбат келди. Бу бежиз эмасди, албатта. Чунки найранг иш бериши учун ишлаш принципи мавҳум бўлган тизимга ҳамда оддий рақамлардан иборат “валюта”га ишонч уйғониши, жараёнга кўплаб одамлар жалб этилиши ва табиийки, унинг қиймати оширилиши талаб этиларди.

Шунинг учун ҳам ҳар қандай молиявий найранг ташкилотчилари кишиларни қизиқтириш ва қармоққа илинтириш учун унинг фақат ижобий хусусиятларини бўрттириб кўрсатиш билан бир қаторда, у билан боғлиқ воқеаларни ўз манфаатларига мос тарзда талқин қилиш ҳамда турфа афсоналар тўқиб, уларнинг турли йўллар билан тарқатилишидан ҳам манфаатдор бўладилар. Мақсад — имкон қадар кўпроқ кишиларни найранг домига илинтириш. Биткоин кашф этилгандан кейинги ўтган икки йил давомида унинг истиқболи “сценарийнавис”ни у қадар қувонтирмагани аниқ. Чунки 2010 йилда унинг нархи 1 цент ҳам турмасди.

2009 йилда эса британиялик дас­турчи Жеймс Хауэллс 7500 виртуал танга йиғилган қаттиқ дискни ташлаб юборади (бордию эринмасангиз, бугунги кунда бу қандай қийматга эга бўлишини ҳисоблаб оларсиз). Табиийки, дастурчи бу қарорга бежиз келмаган бўлса керак. Агар биткоин ихтирочиси таъкидлагандек, виртуал валютанинг нархи фақатгина талаб ва таклиф ҳамда уни “ишлаб чиқариш”га сарфланадиган харажатнинг ортиб бориши асосида шаклланадиган бўлса, Жеймс Хауэллс ҳаракатини тушунгандек бўламиз. Сабаби, виртуал танганинг нархи бугунги каби осмонга чиқиб кетишига бирор ишора ўша вақтда йўқ эди, шунингдек, бугунгидек талаб ҳам...

Кейин эса 2010 йилдаги пицца билан боғлиқ воқеа юз берди. Биткоинга пицца олинмади, аксинча, ўтказиб берилган 10 минг танга учун ўз ёнидан пиццага буюртма беришга рози бўлган инсон топилди, холос. Ана шу ҳолат муваффақият учун дастлабки қадам бўлди. Биткоинга амалга оширилмаган савдо амалга оширилган дея тарихга киритилди.

Кейин эса курс иши ёзаётган вақтида арзон-гаровга биткоин харид қилган, анча вақтдан кейин тасодифан ёдига тушиб қолиб, унинг пулига квартира сотиб олган талаба ҳақидаги афсона тўқилди.

Бу кабилар, табиийки, криптовалютанинг оммалашишига олиб келади, шунинг учун бундай афсоналарни қўллашдан ҳеч қайси фирибгар ор қилмайди.

Шунинг баробарида унинг афзаллик­лари борасидаги афсоналар тарғиботига ҳам (учинчи мақолада айрим афзалликлар борасидаги фикрларга муносабатимизни ҳам билдириб ўтгандик) зўр берилди. Натижа самарали бўлди ва аста-секин биткоинга бўлган қизиқиш кучайиб, нархи ҳам кўтарила бошлади. Жараёнга муносабат билдира бошлаган соҳа мутахассислари, яъни иқтисодчи ва молиячиларнинг бир-бирига зид бўлган қарашлари эса гўёки ўтга мой сепиш вазифасини бажарди.

Шулардан бирига – “Телетрейд” компанияси таҳлилчиси Сергей Шевчук фикрига жиддий эътибор қаратинг: “Криптовалютанинг сўнгги ярим йилликда оммавийлик касб этгандан кейин нархи ошишини ҳисобга олиб, кўпчилик унга сармоя тика бошлади. Бугунги кунда у энг кўп даромад келтирувчи инвестиция активи саналади: апрель ойининг бошларидан – Япония биткоинни қонунийлаштиргандан ке­йин унинг қиймати 7,5 баробардан зиёдга ўсди. Айни вақтда кўпчилик биткоинни рақамли оламнинг олтинига тенглаштирмоқда”.

Эътибор берган бўлсангиз, яширин “даҳо” ўрнига бошқа мутахассислар криптовалютанинг обрўсини янада кўтаришга уринишмоқда. Билибми, билмайми, бу борада аниқ фикр айта олмаймиз. Бироқ айни шу маълумотнинг (бу маълумот тарқатилганига у қадар кўп вақт бўлгани йўқ) биткоин нархи кўтарилишига бевосита таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас эди, албатта.

Айрим мутахассислар нима учун биткоинни “рақамли олтин” дея аташаётганига эътибор қаратсак, ҳайратга тушишимиз тайин. Чунки кўрсатилган икки сабаб ҳам криптовалюта ихтирочисининг дастлабки тарқатган маълумотларига мутлақо зидлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Демак, биринчи сабаб – биткоиннинг сони чекланганлиги (бу ҳам ёлғон, бу ҳақда сал кейинроқ), иккинчиси – уни “ишлаб чиқариш” мураккаблиги (бу энди Накамотонинг биткоин борасидаги таъкидига зид).

Энди олтин борасидаги айрим маълумотлар билан биткоинни солиштирайлик. Дунёдаги олтин захираси 190 минг тоннани, унинг умумий қиймати эса 8 триллион долларни ташкил этади. Агар шу қарашга мойил бўлган айрим мутахассислар фикри бўйича биткоинга баҳо берадиган бўлсак, демак, 21 миллионта биткоиннинг умумий қиймати ҳам шунча бўлиши керак (8 триллион 21 миллионга тақсимланса, бир биткоиннинг нархи 380 000 доллардан зиёд бўлади).

Энди эса биткоиннинг кўпчилик томонидан озроқ эътиборсизлик билан ёндашилаётган жиҳати борасида озгина сўз юритсак. Маълумотларда келтирилишича, биткоин чексиз даражада “майдаланиши” мумкин (ҳатто унинг юз миллиондан бир қисми ихтирочи шарафига “сатоши” деб аталгани ёдингиздадир?Энди эса бир савол билан мурожаат этайлик-да, сиз у ҳақда жиддийроқ мулоҳаза юритиб кўринг: чекланмаган миқдорда майдаланиши мумкин бўлган нарса қандай қилиб чекланган деган сифатга мос келади?). Бу бошдан маълум эди, энди у олтин баробарида нархланадиган бўлса, демак шу қимматбаҳо металл унция ва граммларга тақсимланиб сотилганидек, барча 21 миллион танга “ишлаб чиқарилгандан” кейин биткоин ҳам майдаланмасмикин?

Айтгандек, “саҳна” ортидаги ўйинлар борасида сўз кетар экан, ўқувчиларга яна бир маълумотни тақдим этиш фойдадан холи бўлмасди. Чунки бу маълумот борасида деярли ҳеч бир мутахассис сўз очмаган. Жорий йилнинг 1 августида янги биткоин кэш пайдо бўлди, шунинг баробарида “эски”си ҳам “муомалада” қолаверди. Бироқ нима учундир “бойлик”ларини “мустақил ва марказлашмаган тизим”да сақловчи биткоин эгаларини бу борада на огоҳлантиришди, на уларнинг розилиги олинди. Нима деб ўйлайсиз, агар тизим ҳеч ким томонидан бошқарилмаса, шундай ҳолат юзага келармиди?

Умуман олганда, айни вақтда биткоин орқали пул ишлаётганларнинг аксарияти ўз вақтида бу найранг домидан халос бўла олса, омади келгани. Ҳар ҳолда америкалик тадбиркор, банкир ва молиячи Жон Пирпонт Морганнинг “Пойабзал тозаловчи акция тўғрисидаги маълумотларга қизиқа бошласа, дарҳол бозорни тарк этиш керак”, деган жумласи бежиз айтилмагандир...

“Парда” қачон ёпилади?

Биткоин “спектакли”нинг пардаси қачон ёпилади, деган савол ҳали-ҳамон жавобсиз. Унга бир неча омиллар таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳисобга олганда, бу борада алоҳида сўз юритиш талаб этилади. Агар вазият кибернетик “даҳо” “сценарийси” асосида кечадиган бўлса, унга ҳали анча қовун пишиғи керак бўлади. Чунки тизим ҳар 4 йилда биткион “ишлаб” чиқариш ҳажмини 2 баробар пасайтиради. Дастлабки тўрт йилда эса 10 500 000 танга “ишлаб чиқарилиш” назарда тутилган. Сўнгги биткоин блоки, айрим мутахассисларнинг фикрига кўра, фойдаланувчиларга 2032 йилда насиб этса, бошқаларининг тахминича, бу жараён 2140 йилгача давом этади. Демак, яна бир карра вақт олий ҳакам, деган ҳикматнинг тасдиғига дуч келяпмиз чоғи...

Маъруф ТОШПЎЛАТОВ.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"