Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2460
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
105449
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 067 898
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Эконометрия даҳоси

frisch_160Швециялик муҳандис, кимёгар, ихтирочи ва саноатчи Альфред Бернҳард Нобель 1833 йил 21 октябрда Стокгольм шаҳрида машҳур ихтирочи Эммануель Нобель оиласида таваллуд топди. Унинг отаси сув ости миналари ихтироси билан ном қозонди, Россиянинг Петербург шаҳрида механика заводига асос солди. Альфред Нобель тадқиқотлари кимё фанидан, нитроглицеринни тайёрлаш ва ундан амалий фойдаланиш технологияси билан боғлиқ бўлган. 1863 йилда А.Нобель ишлаб чиқаришни йўлга қўяди ва 1867 йили Буюк Британияда портловчи модда – динамит кашфиёти учун патент олади. Худди ўша йили Лондонда дастлабки даҳшатли симобли капсюль-детонатор ихтиросини ҳам патентлаб, амалиётга жорий этади.

У динамит ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйди, бу соҳада иккита трест ташкил этилди, унинг ташкилотчиси ва эгаси сифатида иш юритди. Бу трестлар Ғарбий Европанинг деярли барча мамлакатларида фаолият кўрсатди. Альфред Нобель Лондон Қироллик жамияти ва Швеция Фанлар академиясининг аъзоси бўлди.

Кўп йиллик изланишлари натижаси ўлароқ, Альфред Нобель саксондан ортиқ кашфиёт қилди. Булардан динамит, сунъий ипак, газ моторлари ва ҳоказолар кўпчиликка яхши маълум. Аммо бу олимни жаҳонга машҳур қилган сўнгги “кашфиёти” унинг 1895 йилда Парижда ёзиб қолдирган васиятномасидир. Айнан шу ҳужжатга асосан, Альфред Нобель номидаги бугун дунёда энг нуфузли бўлган халқаро мукофот таъсис этилди.

Нобелнинг васиятига кўра, унинг вафотидан кейин қолган жамғарма капитали асосида Нобель жамғармаси ташкил этилди. Ҳозирда шу жамғармага тушадиган ҳар йилги даромад беш қисмга тенг бўлиниб, Нобель мукофоти шаклида физика, кимё, физиология ёки тиббиёт соҳасидаги буюк кашфиётлар, бадиий асарлар, халқлар дўстлиги ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлида кўрсатилган фаолият учун бериб борилади.

Табиий фанлар бўйича Нобель мукофотини бериш ХХ аср боши (1901 й.)дан бери амалга оширилади. 1969 йилдан бошлаб эса иқтисодиёт фани бўйича ҳам энг муҳим тадқиқот муаллифларига Нобель мукофотини беришга қарор қилинди ва ҳозиргача бу анъана давом этмоқда. Ушбу нуфузли мукофотга кимлар ва қандай иши учун сазовор бўлгани кўпчилик учун қизиқ, албатта. Биз шу қизиқишларни ҳисобга олиб, бундан буён “Biznes Daily Менинг мулким – Частная собственность” газетасида машҳур иқтисодчи олимлар – Нобель мукофоти совриндорлари ҳақида туркум мақолалар бериб боришни режа қилдик.

Норвегиялик иқтисодчи Рагнар Антон Киттил Фриш Осло шаҳрида туғилди. У Антон Фриш ва Рагна Фредерикке Фришнинг ўғли эди. Фриш оиласи вакиллари кўп йиллардан бери олтин ва кумушдан заргарлик буюмларини ясаш билан шуғулланарди, Рагнар ҳам шулар қатори машҳур “Давид Андерсен” фирмасида бу касбни ўрганиш мақсадида таҳсил олди ва 1920 йилда олтин ишлари устаси патентини қўлга киритди. Онасининг қистови билан у Осло университетида ҳам таълим олди ва мутахассислик йўналиши сифатида иқтисодиётни танлади. Унинг сўзларига қараганда, “бу энг қисқа ва осон йўналиш” эди. 1919 йилда Рагнар Фриш бакалавр даражасига эга бўлиб, кейинги йили аспирантурада ўқиш мақсадида Францияга, сўнг Германия, Буюк Британия, Италия ва АҚШга жўнаб кетади.

1925 йилда Фриш Ослога университетнинг иқтисодиёт профессори ассистенти сифатида қайтиб келади. 1926 йилда математик статистикадан диссертацияни ёқлагандан сўнг доктор даражасини олади. 1928 йили адъюнкт-профессор бўлиб ишлайди, 1931 йилда эса у социал иқтисодиёт ва статистика бўйича тўлиқ профессор лавозимига тайинланади ҳамда Осло университети ҳузуридаги Иқтисодиёт институтининг тадқиқотлар бўлими директори сифатида иш фаолиятини давом эттиради.

Фриш ўқув курслари учун Рикардо, Кнут Викселль, Альфред Маршалл каби атоқли олимларнинг ишларини асос қилиб олади. Улардан баъзилари ўз назарий тушунчаларини баён этишда математик услубни қўлласа-да, асосан, адабий тилда ёзишни афзал деб биларди. Фриш уларнинг фикрлаш услуби ва далилларини “муж¬мал ва хира” деб атарди. У иқтисодиётга янги йўналиш бермоқчи бўлади, яъни иқтисодиётни табиий фанларга яқинлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бунинг учун математик ва аксиоматик асосларга таянган назарияни яратиб, уни математик статистика негизида олиб борилган тадқиқотлар билан боғлашга ҳаракат қилади.

Рагнар Фриш янги назарий фикрларини биринчи бор 1926 йилда чоп этилган “Соф иқтисодиёт фани муаммоси ҳақида”ги мақоласида ("Sur un probleme d'economie pure") баён этади. Ушбу муҳим илмий ишида у шахс хулқ-атворини ўрганувчи иқтисодиёт фани соҳаси – истеъмолчи талаби назариясини янгича талқин қилади. Унинг назарияси бир нечта аксиомани ўз ичига олган математик хулосалардан ташкил топиб, нафлилик даражаси (яъни ўз талаб ва эҳтиёжларини қондириш имконияти)ни оширмоқчи бўлган истеъмолчиларнинг хатти-ҳаракатига изоҳ беради.

Масалан, у истеъмолчилар ҳақиқатдан ҳам нафлиликни максималлаштиради, нафлилик функцияси эса аниқ ва муайян математик сифатларга эга, деб фараз қилади. Фриш таклиф қилган аксиомалар тушунарли ва содда бўлганлиги сабабли уларни тажриба асосида бемалол текшириш мумкин эди. Кейинги иқтисодчилар учун унинг илмий ишларидан келиб чиққан ҳолда назариясини такомиллаштириш ва қўшимча соҳаларда қўллаш имконияти юзага келди.

Математик ва аксиоматик асослар ёрдамида Р.Фриш ишлаб чиқарувчилар ва фирмалар хатти-ҳаракатини кўриб чиқувчи ишлаб чиқариш назариясини янги услубда ифодалади. Бироқ унинг бу соҳадаги илмий изланишларидан фақат тор доирадаги мутахассислар баҳраманд бўлиб қолиши мумкин эди. Чунки аксарият илмий ишлари чоп этилмай қолиб кетганди, бошқалари эса ғояларининг оригиналлиги ва математик услубда ёзилганлиги туфайли ўша даврнинг баъзи иқтисодчилари учун тушунарсиз бўлиб қолаверди.

1930-йиллардаги турғун даврда Фриш швед Эрик Линдаль, инглиз Жон Мейнард Кейнс ва Стокгольм мактабининг бошқа вакиллари билан бирга мак¬роиқтисодиётга тааллуқли янги ёндашувни киритганлар қаторида бўлади. 1933 йилда Фриш “Айланма маблағни жамғариш ва режалаштириш” ("Sparing og Cirkulasjonsregulering") номли брошюрасини чоп этади. Унда Фриш узоқ давом этаётган иқтисодий турғунлик¬ларнинг олдини олиш мақсадида Жон Кейнс илгари сурган давлатнинг иқтисодга аралашувининг аҳамияти ҳақида ҳолатлар таҳлилларидан илгарилаб кетади.

1936 йилда Норвегия ҳукуматини лейбористлар бошқарган пайтда Р.Фриш иқтисодиётни ривожлантириш муаммолари билан шуғулланади. Бу масалалар уни Иккинчи жаҳон урушидан олдин ва кейин ҳам қизиқтирган эди. У мураккаб тизимли ва тизимсиз моделларни яратади. Фриш, умуман олганда, сиёсий муаммолар билан қизиқмайди, бироқ Норвегия забт этилган пайтда у нацизмнинг кескин душмани ва яҳудий сифатида ҳибсга олинади.

Урушдан сўнг Норвегия, Ҳиндистон, Миср ҳукуматлари Фришни иқтисодий маслаҳатчи сифатида жалб қилишади. У режаловчи иқтисодчиларга ёрдам тариқасида иқтисодий ечимларни қабул қилиш моделларини яратади. 1965 йилда Осло университетидан нафақага чиққандан кейин эса у иқтисодиёт назарияси ва амалиёти соҳасидаги изланишларини давом эттирди.

Фриш эконометрия фани ривожига (фойдалилик, ишлаб чиқариш функцияларини ўлчаш, индексациялар ва ҳоказолар) муҳим ҳисса қўшади. Унинг эконометрия иқтисодиёт назарияси, статистика ва математика синтези эканига оид хулосалари кўпгина иқтисодчилар томонидан тан олинади. У биринчилардан бўлиб микро ва макроиқтисодиёт таҳлили соҳаларини ажратиб кўрсатди, ўзининг динамик макроиқтисодий давр моделида акселерация тамойилини қўллади (Ж.Кейнсда мультипликатор тушунчаси бор эди), иқтисодий дастурлаш масалаларига катта эътибор берди.

Олим томонидан таклиф этилган иқтисодий ривожланиш усуллари ва моделлари, шунингдек, миллий ҳисоб¬рақамлар тузиш тамойиллари Норвегия ва бошқа давлатлар, бюджет статистикаси ташкилотлари томонидан амалда кенг қўлланилади. Фришнинг асосий асарлари эконометрикани амалиёт билан боғлашга бағишланади.

Бутун умри мобайнида Р.Фриш қояларга чиқиш ва бошқа спорт турлари билан шуғулланди. Шунингдек, у профессионал даражада асаларилар ҳаё¬тини ўрганди. Олтмиш йилдан зиёд умрини асалари зотини яхшилашга бағишланган тадқиқотларга сарфлайди. Бу хоббисини у вақтни мароқли ўтказишдан кўра, “қутулиб бўлмайдиган мания”, деб атайди.

1969 йили Рагнар Фриш (1895-1973) ва нидерландиялик (Роттердамдаги Нидерландия иқтисодиёт маркази ходими) Ян Тинберген (1903-1994) Нобель мукофотининг иқтисодиёт йўналишидаги биринчи совриндорларига айланади. Бу мукофот олимларнинг “Иқтисодий жараёнларни математик таҳлил этишда динамик моделларни ривожлантириш ва қўллаш бўйича тадқиқотлари учун” берилади. Хасталиги туфайли Р.Фриш тақдирлаш маросимида иштирок этолмайди.

1920 йилда Фриш Мари Смедальга уйланади, улардан бир қиз туғилади. Биринчи хотини 1952 йилда вафот этгандан сўнг у Астрид Йоханнессенга уйланади. Фриш Осло шаҳрида 1973 йилда вафот этади.

Нобель мукофотидан ташқари Рагнар Фриш Гарвард университетининг Шумпетер мукофоти (1955 й.) ва Италия Миллий фанлар академиясининг Антонио Фелтринелли мукофоти (1961 й.) билан тақдирланган.

Ҳилола САЛОЕВА.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"