tadbirkorlik_5_160– Шу йил 29 сентябрда Президентимиз “Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ва аҳолисининг бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекканди. Хўш, бу ҳужжатга асосан навоийликларга солиқ тўловларидан қандай янги имтиёзлар берилди?

Б. ЖУСИПОВ,

“Қизилқум полимер каучук “

хусусий корхонаси раҳбари.

– Аввало, эслатиш жоизки, қарорга биноан, унда тилга олинган шаҳар ва туманларда кафолатланган иш ўринлари яратишга, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга тааллуқли дастур тасдиқланди. Ҳозир тўртала туманда янги саноат корхоналари барпо этиш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни, хизматлар ва экотуризм соҳаларини ривожлантириш режалаштирилмоқда. Айрим ҳудудларнинг иш билан банд бўлмаган фуқароларини ҳунармандликка ва бошқа мутахассисликларга ўқитиш, касб малакаларини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Муҳими, қарорда тилга олинган ҳудудлар учун бир қатор имтиёзлар тақдим этилди. Жумладан, вилоятнинг Томди, Учқудуқ, Конимех туманлари, Нурота туманининг Деҳибаланд, Сентоб, Темирқовуқ, Қизилча, Гум ва Чуя аҳоли пунктлари ҳамда Зарафшон шаҳри ҳудудларида 2017 йил 1 октябрдан 2028 йилнинг 1 январига қадар саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи (савдо ва автомобилларга газ қуйиш¬дан ташқари) янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектлари барча турдаги солиқлардан ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлардан озод қилиндилар. Шунинг-дек, чорвачилик ва туячилик маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари ягона ижтимоий тўловларни, тегишли ҳудудларда рўйхатдан ўтган ва фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқни, тегишли ҳудудларда рўйхатдан ўтган ва фаолият юритувчи юридик шахслар эса таъсисчилари томонидан олинган дивидендлар учун даромад (фойда) солиғини тўламайдиган бўлдилар.

Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрида жойлашган мактабгача таълим муассасалари, “Баркамол авлод” марказлари, мусиқа ва санъат мактабларида болаларни ўқитиш учун ота-¬оналарнинг ойлик тўлови жорий йил

1 октябрдан умумбелгиланган тўловнинг 50 фоизини ташкил этади. Айнан шу санадан эътиборан қарорда номи қайд этилган туманлар ва шаҳардаги фойдаланилмаётган, бўш турган давлат объектлари тадбиркорлик субъектларига янги иш ўринлари яратиш шарти билан 10 йилгача бўлган муддатга “ноль” ставка бўйича ижарага бериладиган бўлди.

Жасур САЙИДОВ,

Навоий вилояти адлия

бошқармаси масъул ходими.