Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2173
6861
5999

+862
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
123241
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 085 691
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Сувнинг қатраси – офтобнинг зарраси

sauv_160Тирикликнинг энг муҳим омили

Дарвоқе, шундай! Рангсиз ва ҳидсиз бу шаффоф модда бағоят бебаҳо неъмат ҳисобланади. Аввало, одамзод, ҳайвонот ва наботот олами учун тупроқ, олов ва ҳаво сингари ўта зарур ҳаётий унсурлар сирасига киради. Барча тирик мавжудот ва аксарият моддалар таркибида кўп учрайди. Масалан, инсон танасида массасига нисбатан 65 фоиз атрофида бўлади. Организм учун керакли органик ва анорганик моддаларни, газ, кислота ва тузларни эритади. Айни чоғда, ўзи ҳам яхши эрийди.

Инсоннинг сувга физиологик эҳтиёжи, иқлим шароитига қараб, ҳар кеча-кундузда 3-6 литрни ташкил этади. Ҳайратланарлиси, одам очликка тўрт-беш ҳафта дош бериши мумкин, лекин ташналикка бир неча кундан ортиқ чидай олмайди.

Сув ҳавода, ер ости ва устида суюқ, буғ, туман, булут, ёмғир, қор ва муз ҳолатида учрайди. Табиатда кенг тарқалгани, сайёрамиз юзасининг қарийб тўртдан уч қисмини эгаллагани билан кескин ажралиб туради. Агар барча жонли организмлардаги сув бир жойга жамланса, улар курраи заминимизда мавжуд дарёлар сувининг ярмига тенг бўлиб чиқади.

Табиатнинг олтиндан-да қиммат бу инъоми умр гарови вазифасини ўташдан ташқари, талай жабҳаларда коримизга ярайди. Айниқса, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тиббиёт соҳаларида кенг ишлатилади. Техникаларни ҳаракатлантириш, турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ўсимликларни суғориш, турар жойлар ва ташкилот-корхоналар биноларини иситиш, электр токи ҳосил қилиш, беморларни даволаш, ҳар хил тузлар ва кимёвий элементлар олиш каби юмушларда қўлланилади. Бу жараёнларда халқ хўжалигида катта ўрин тутувчи ер ости сувларини ҳам ишлатиш фойдадан холи бўлмайди. Аксинча, халқаро миқёсда энг долзарб масалага айланган ичимлик сув муаммосига ечим топишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, юртимизда айни йўналишда диққатга молик ишлар амалга ошириляпти ва самараси ҳам шунга яраша бўляпти.

Ҳар қандай хазинанинг ҳам адоғи бор!

Ҳозир Ўзбекистонда 97 та ер ости кони бор. Уларнинг 19 таси замин бағрида чучук сув кони ҳосил бўладиган ҳудудларда жойлашган. Шунга кўра, қўриқланадиган табиий ҳудудлар қаторидан ўрин олган. Жорий йил бошида диёримиздаги табиий чучук ва кам шўрланган ер ости сувлари 75,6 миллион куб метр/кунни ташкил этган. Ундан 16,8 миллион куб метр/кун миқдоридаги қисмининг захираси тасдиқланган. Бугунги кунда 5,5 миллион куб метр/кун миқдордаги сув олиб ишлатилмоқда.

Статистик маълумотларда мамлакатимизда 119 та шаҳар, 1064 та посёлка ва 11088 та қишлоқ мавжудлиги қайд қилинган. Геология-қидирув ишлари натижасида захираси тасдиқланган ер ости сувлари эвазига бу шаҳарларнинг 58, посёлкаларнинг 31, қишлоқларнинг 26 фоизи ичимлик сув билан таъминланган. Қолганларига ер усти ва захираси тасдиқланмаган ер ости сувларини қудуқлар, тармоқлар ва ўзга манбалар орқали етказиб бериш йўлга қўйилган.

Ҳеч кимга сир эмас, сўнгги ярим аср мобайнида саноат ва қишлоқ хўжалигининг кескин ривожланиши чучук ер ости сувлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатди. Бу, ўз нав­батида, сув чиқариш иншоотларини берухсат қуриш ва улардан хўжасизларча фойдаланишга боғлиқ нохушликлар кўпа­йишига, айрим манбалардаги обиҳаёт захиралари ҳажми 35 фоизгача озайишига, ҳатто батамом тугашига олиб келди. Баъзи ҳудудларда ер юзаси сувларини чиқариб ташлаш тармоқлари ва дренаж тизимларининг иши ҳаминқадарлиги, ер қаъридаги сувлар сатҳи жадал кўтарилаётгани, гид­рогеологик мониторинг режали равишда олиб борилмаётгани кузатила бошланди. Шунингдек, ичимлик сув тақчил минтақалар сувни чучуклаштирувчи замонавий асбоб-ускуналар билан етарлича таъминланмаётгани, ўша қурилмаларни ўзимизда ишлаб чиқариш масаласига жиддий эътибор қаратилмаётгани маълум бўлди.

Бундан 9-10 ойча бурун Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (қисқача – Давлат геология қўмитаси) томонидан 10073 та сув қудуғи хатловдан ўтказилди. Шу асно муқаддам вужудга келган камчиликларнинг ер ости сувларига салбий таъсири ҳамон давом этаётгани аёнлашди. Соҳа қонунчилиги такомиллаштирилмагани туфайли бу иншоотларнинг 6679 тасидан ноқонуний фойдаланилаётгани, ер ости сувларининг салкам бешдан уч қисми расман тасдиқланмаган манбалардан олинаётгани аниқланди. Уларнинг ифлосланиши ва захираси камайиши шу зайлда давом этаверса, яқин ўн йиллар ичида чучук ер ости сувлари ресурсларининг ярмидан ортиғини тиклаб бўлмас тарзда йўқотиш реал хавфи мавжудлиги юзага қалқиб чиқди.

Табиийки, бундай вазиятда аҳолини сув билан таъминлаш сифатини яхшилаш, тизимни янада ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ҳамда мақсадли дастурларни ҳаётга татбиқ этиб, аҳоли эҳтиёжини қондириш ижтимоий сиёсатимизнинг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилади. Президентимиз ана шуларни назарда тутиб ҳамда тармоқдаги муаммоларни зудлик билан бартараф этиш заруратидан келиб чиқиб, 4 майда “2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Бу қарор асосида соҳага тааллуқли дастур ҳам тасдиқланди.

Холис ниятлар ижобати

Яқинда Давлат геология қўмитаси пойтахтимизда матбуот анжумани уюштирди. Унда сўзга чиққанларнинг таъкидлашларича, ўтган даврда юқорида тилга олинган ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижроси доирасида анча ибратли ишлар амалга оширилган.

Биринчидан, чора-тадбирларда кўзда тутилган ҳар бир лойиҳанинг “йўл харитаси” тасдиқланиб, бажарилиши қатъий назоратга олинди. Дебочасига ер ости сувлари захираларини кўпайтиришга оид 4 та лойи­ҳа асосида иш бошлаб юборилди. Гидрогеология корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 9 та “Дамас” автомобили олинди ҳамда “Ханжин Д&Б эквипментс” қўшма корхонасида маҳаллийлаштирилган 5 та замонавий бурғулаш ускунасини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Мелиоратив гидрогеология йўналишида малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Тошкент ирригация ва мелиорация институтига 2017/2018 ўқув йили учун 40 та квота ажратилди. Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институтида эса Мелиоратив гидрогеология лабораторияси очилди.

Иккинчидан, ер ости сувларидан оқилона фойдаланишга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини аҳоли орасида тарғиб қилиш ниятида телевидение орқали 3 та кўрсатув намойиш этилди, газеталарда 5 та мақола босилди. Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти ташаббуси билан “Ер ости сувларидан самарали фойдаланиш” мавзусида матбуот конференцияси, Давлат геология қўмитаси ҳамда GIZ Германия халқаро ташкилоти ҳамкорлигида қишлоқ жойларда сув ресурс­ларини барқарор бошқариш мавзусида давра суҳбати ва семинар ўтказилди.

Учинчидан, шу йил 27 июнда ҳукуматимиз томонидан Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги ҳамда Ер ости сувлари давлат мониторинги ҳақидаги низомлар тасдиқланди. Бу табиий бойликдан ғайриқонуний фойдаланувчиларнинг жавобгарлигини ошириш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича янги қонун лойиҳаси яратилди. У ҳозир ўрнатилган тартибда келишилмоқда.

Тўртинчидан, мавжуд қудуқларни хатловдан ўтказиш ишлари изчил давом эттирилди. Бугунга келиб уларнинг сони 20 минг 865 тага етди.

Жорий йил охиригача суткалик чучук ер ости сувлари захиралари 54 минг куб метрга кўпайтирилиб, 21 та аҳоли пунктини, янада аниқроғи, 216 минг нафар истеъмолчини ер ости сувлари билан таъминлаш учун замин яратилади. Гидрогеология корхоналари 6 та замонавий бурғулаш ускунасига ва 2 та дастур таъминотига эга бўлади.

Келаси йил эса ер ости сувларини мониторинг қилиш учун 362 та янги қудуқ қазилиши, 100 та қудуққа автоматлаштирилган ўлчов қурилмалари ўрнатилиши, 5 та ҳудудий гидрогеология станцияси базалари барпо этилиши режалаштирилган. Айни кезларда шаҳар-туманлар марказларида дренаж қудуқлар ва коллекторлар қуришга ҳамда капитал таъмирлашга доир лойиҳаларни ҳам 2018 йилги инвестиция дастурига киритиш мўлжалланмоқда.

Қудуқ бурғулаш учун рухсатнома

Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома беришдан асосий мақсад ушбу фаолият амалга оширилишини ҳисобга олиш ва назорат қилишни тартибга солиш, ер ости сув қатламларини асраш, чучук ер ости сувларидан ноқонуний фойдаланишга чек қўйишдан иборатдир. Янги тартибга биноан, расман рухсат олинмасдан, бироқ техник талабларга риоя этилган ҳолда қазилган қудуқлардан фойдаланиш тегишли сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан келгусида фойдаланиш учун расмийлаштирилади. Ижозатсиз ва техник талабларга амал қилинмай бурғуланган қудуқлар эса тегишли сувдан фойдаланувчилар ва истеъмолчиларни муқобил сув манбаларига улашни ҳисобга олган ҳолда тугатилади.

Юридик ва жисмоний шахсларга сув олиш учун қудуқ бурғулашга гидрогеологик хулоса бериш фақат Давлат геология қўмитасининг гидрогеология корхоналари томонидан амалга оширилади. Рухсатнома эса Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда Давлат геология қўмитаси ва унга қарашли гидрогеология ташкилотлари томонидан берилади.

Сув олиш учун қудуқ қазиш билан шуғулланувчи юридик шахсларга, техник имкониятлари ва соҳа учун зарур кадрлари етарли бўлса, ҳар бир қудуқ учун алоҳида рухсатнома тақдим этилади. Гуруҳли тартибда сув олиш иншоотлари битта ҳудудда қурилиши мўлжалланган тақдирда рухсатнома гуруҳли қудуқларни қазиш учун берилиши мумкин.

Рухсатноманинг амал қилиш муддати бурғулаш ишларини бажариш даври учун, лекин бир йилдан ошмайдиган қилиб белгиланади.

Жисмоний шахсларнинг бу борадаги фаолияти чуқурлиги камида 25 метргача бўлган қудуқларни бурғулаш ва суткасига кўпи билан 5 куб метр ҳажмдаги ер ости сувини шахсий эҳтиёжлари учун индивидуал олишга қаратилган бўлса, рухсатнома олиш талаб қилинмайди. Шунингдек, ер ости сувларини олиш учун қудуқлар қазиш ҳар йилги минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури доирасида амалга оширилганда, Давлат геология қўмитаси тасарруфидаги гидрогеология ташкилотлари ҳам бу имтиёздан фойдаланадилар.

Энг муҳими, 2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солишга доир қарор ҳамда дастурнинг бажарилиши қўшимча равишда 7 та шаҳар, 21 та посёлка ва 426 та қишлоқ аҳоли пунк­тининг сув таъминотини кафолатлаш, ер ости сувларини кузатиш тармоғини яна 1155 та қудуқ ҳисобига кўпайтириш, уларда замонавий автоматлаштирилган 500 та тизим ўрнатиш эвазига ер ости сувларининг ҳолати устидан самарали мониторинг олиб боришни ташкиллаштириш, дренаж қудуқлар сонини 715 тага, кузатиш дренаж қудуқлари сонини 1369 тага, коллекторлар узунлигини 280 километрга етказиш имконини беради. Бу ўзгаришлар пировард натижада 132 та шаҳар ва туман марказида ер ости сувлари сатҳи кўтарилишининг олди олинишига, ҳамюртларимизнинг турмуш фаровонлиги сифат жиҳатидан яхшиланишига хизмат қилади.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"