Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
587
5204
5887

-683
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
145244
191346
163411

+27935

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 644 872
Главная "ISTE'MOLCHI" Саратонга сабаб бўлувчи ўйинчоқлар

uyinchoqlar_160Интернет орқали тарқатилган хабарга кўра, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамкорлигида пойтахтимиздаги “Ўрикзор” бозорида сотилаётган болалар ўйинчоқларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида айрим харидлар амалга оширилган.

Ўрганишлар натижасида болалар шиқилдоғи, чийилдоқ копток, қўғирчоқлар ҳамда қурол-аслаҳалар тўплами, ёнибтурувчи полимердан ясалган тип­ратикан каби ўйинчоқлар сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи мувофиқлик сертификати ҳамда санитар-эпидемиологик хулосаларсиз сотилаётгани аниқланган. Ушбу ўйинчоқлар меъёрий ҳужжатлар талабига номувофиқ деб топилган.

Маълум бўлишича, “Рeспублика синов ва сeртификатлаштириш маркази” давлат корхонаси  қошидаги синов мажмуасининг синов натижаларига кўра, барча ўйинчоқларда бурма ва ёриқлар мавжуд бўлиб, улар болаларнинг қўл териси ва тана қисмларининг шикастланишига олиб келиши мумкин.

“Болалар соғлиғи учун ўйинчоқлар хавфсизлигига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари” меъёрий ҳужжатга кўра, формальдегид миқдори 0,003 mg/m3 бўлиши лозим эса-да, мазкур ўйинчоқларда 0,031 mg/m3, яъни меъёрга нисбатан 10 баравар юқорилиги аниқланган.

Бу Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт санитария бирлашмаси санитария-эпидемиология станцияси қошидаги синов лабораторияси хулосасидир.

Мутахассислар фикрича, формальдегид саратон касаллигини келтириб чиқаради. Формальдегид бола танасида тўпланганда йўталиш, гижжа, бронхиал астма каби касалликларни ривожлантиради. Шунингдек, организмда ушбу модда тўпланиши натижасида ранг ўзгариши, толиқиш, нафас қисиши, бош оғриғи, уйқусизлик ва ҳатто онгнинг заифлашуви юзага келиши мумкин.

Хўш, сифатсиз, фарзандларимиз соғлиғига зарар етказувчи маҳсулотлар нима учун бозорларга чиқариляпти? Уларнинг назорати ким томонидан амалга оширилади?Мухбиримиз шу ва бошқа саволлар билан мутахассисларга мурожаат этди.

– Назоратлардан ўтмаган, сифатсиз маҳсулотларнинг бозорларда сотилишига йўл қўйилаётгани юқоридагидай муаммоларни келтириб чиқармоқда, – дейди “Ўзстандарт” агентлиги Синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси бош мутахассиси Дилфуза Абдуллаева. – Бунга сабаб четдан айланма йўллар орқали юртимизга киритилган маҳсулотлар ноқонуний равишда, тегишли назоратсиз бозор расталарига чиқаётганидадир.

– Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар орасида ҳам сифатсиз, одамлар саломатлигига зарарли бўлганлари кузатилганми?

– Ўрганишлар ёки бизга тақдим этилган маҳсулотларни текшириш давомида номувофиқ маҳсулотлар учраса, дарҳол ишлаб чиқарувчини огоҳлантирамиз ва улар номувофиқликни бартараф этишгандан кейингина маҳсулотларига ижобий хулоса берамиз. Бу дегани, биз учун ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни назорат қилиш қулайроқ. Четдан кириб келаётган маҳсулотларни эса бизга буюртмачи буюртма бергандагина текшира оламиз. Буюртма берилмаса, биз текширув ўтказа олмаймиз. Мана шу ҳолат туфайли кўп­лаб сифатсиз маҳсулотлар сотувга чиқариляпти. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелда қабул қилинган “Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг биринчи иловасида мажбурий сертификатлаштириладиган маҳсулотларнинг рўйхати келтирилган. Унга болалар ўйинчоқлари, ёш болалар кийим-кечаклари киритилган. Биз ўрганиш мобайнида 5 турдаги болалар ўйинчоғини назорат учун харид қилдик.

– Назорат-таҳлил натижаси асосида сифатсиз ўйинчоқларни олиб кирган, ишлаб чиқарган ёки уни сотаётганларга нисбатан ҳуқуқий чора кўриладими?

– Бизда бундай ваколат йўқ. Биз бозорлардан сифатсиз маҳсулотларни олдириб ташлаш ҳуқуқига эга эмасмиз. Ушбу маҳсулотнинг сифатсиз эканини эслатамиз, кўрсатамиз, уларга чора кўриш бизнинг ваколатимизга кирмайди. Биз ҳатто чора кўрилсин, деб ҳам айтолмаймиз. Бу ҳолни депутатларимиз ўрганиши керак, назаримда.

– Бундан олдин ҳам маҳсулотлар сифати бўйича назорат-ўрганиш ўтказилганми?

– Аввалроқ озиқ-овқат маҳсулотларини шу тартибда назоратдан ўтказдик. Унда ҳам камчиликлар аниқланди. Мутахассислар хулосасига кўра, бозор расталарида номувофиқ сут маҳсулотлари сотилаётгани аниқланди.

Қайд этилганидек, бозорларда болалар ўйинчоқлари юзасидан ўтказилган ўрганишларда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳам иштирок этган. Ташкилот мутахассиси Умида Мансурованинг билдиришича, болалар ўйинчоқларининг сифати ва хавфсизлиги бўйича қатор мурожаатлар келиб тушгани боис ушбу ўрганиш ўтказилган.

– Мурожаатларда ота-оналар фарзандларига харид қилган ўйинчоқлар ёки мактабгача таълим муассасаларида фойдаланилаётган болалар ўйинчоқлари сифатсизлигидан тез фурсатда носоз аҳволга келиб қолаётгани ёки пластмасса, юмшоқ, ёғоч, пуфлаб шишириладиган, техник жиҳатдан мураккаб ўйинчоқларнинг талабга жавоб бермаслиги, кичкинтойларнинг соғлиғига зарар етказаётгани баён қилинган, – дейди У.Мансурова. – Ушбу мурожаатларни ўрганиш жараёнида ҳақиқатан ҳам савдо дўконларида, бозор савдо шохобчаларида сотилаётган айрим ўйинчоқларнинг сифат жиҳатдан яроқсизлиги маълум бўлди. Шунингдек, йирик бозорларда, улгуржи савдо шохобчаларида сотилаётган ушбу маҳсулотларнинг сақланишига жиддий эътибор қаратилмагани кўзга ташланди. Маҳаллий корхоналаримизда ишлаб чиқарилаётган пластмасса ўйинчоқларни ҳам ўргандик. Уларни “Ўзстандарт” ҳамда Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази лабораторияларида назоратдан ўтказдик. Натижа ижобий эмас.

– Ота-оналар кўпинча ўйинчоқларнинг маънавий мезонларга тўғри келмаслиги ҳақида ҳам фикр билдиришади...

– Бу гапда жон бор. Бозорларимизда ахлоқий мезонларга тўғри келмайдиган, кичкинтойлар тарбия­сига салбий таъсир кўрсатадиган мультфильм ҳамда эртак қаҳрамонлари акс этган ўйинчоқлар борлигини ҳам кузатдик. Бу ўйинчоқлар болалар онгига таъсир қилгани ҳолда, уларнинг ҳаётига хавф туғдирган ҳолатларни ҳам келтириб чиқарган. Масалан, болалар ўргимчак одам кинофильмига ёки ўйинчоғига тақлид қилиб, юқори қаватлардан, дарахт устидан ўзларини ташлаб, соғлиқларига зиён етказган. Электр энергиясига уланиб фойдаланиладиган ўйинчоқларнинг хавфсизлигига риоя қилиш, уларни катталар ёрдамида ўйнаш лозим. Сифатсиз бўлган бундай ўйинчоқларнинг баъзилари электр энергиясига уланганда учқун чиқиб, нохушлик­ларни юзага келтирган. Назорат дастури асосида ўрганиш ўтказилганда сифатсиз дея баҳоланган ўйин­чоқларнинг аксарияти хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилгани аниқланди.

Мутахассисларнинг билдиришича, мамлакатимизда мавжуд тартиб-қоидаларга биноан, ҳар бир ишлаб чиқарувчи ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг, аввало, санитария-гигиена, эпидемиология талаб­ларига ва бошқа тартибларга мос бўлишига аҳамият бериши керак. Маҳсулотлар инсонлар ҳаётига, соғлиғига хавф туғдирмаслиги лозим.

Айни пайтда мамлакатимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиляпти. Қайд этиш жоиз, эндиликда тадбиркорлар маҳсулот ишлаб чиқарибгина қолмай, унинг ташилиши, дўконда сақланиши ва харидорнинг қўлига етиб боргунгача бўлган жараёнларга жиддий қараши талаб этилади. Баъзи сохта “тадбиркор”лар ҳам борки, улар четдан ноқонуний, айланма йўллар орқали юртимизга сифатсиз маҳсулотларни олиб киришмоқда. Бундай товарларнинг мувофиқлик ёки гигиеник сертификати бўлмайди. Шуни инобатга олган ҳолда, ҳар бир истеъмолчи харид қилаётган маҳсулоти ҳақида тўлиқ ва тўғри маълумот олиш ҳуқуқига эга эканини унутмаслиги керак. Шунинг­дек, фуқароларимиз маҳсулотларни эркин танлаш ва уларнинг сифатли бўлишига талаб қўйишга ҳақли. Шу боис, тадбиркорлар келажагимиз бўлган болажонларнинг соғлиғини ўйлаб, ноқонуний ишларга қўл урмасликлари, “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида сифатсиз, ахлоқсиз, менталитетимизга хос бўлмаган ўйинчоқлар ишлаб чиқаришга ёки келтиришга йўл қўймасликлари зарур.

Эслатиб ўтамиз, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга асосан, сифатсиз маҳсулот харид қилган ҳар бир истеъмолчи ўз ҳуқуқларини талаб қилиш ва ваколатли органларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА.

“Biznes Daily”.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"