Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
424
7012
6845

+167
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
155871
238474
105656

+132818

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 944 730
Главная "ISTE'MOLCHI" Қалтис Гаров

jinoyat_160инсон соғлиғи, ор-номуси ва қадр-қимматига тааллуқли бу “ўйин” хунук якун топди “Муҳими, менга хиёнат қилмасанг, шунинг ўзи кифоя!”

Юқоричирчиқ туманининг пойтахтимизга туташ Бордонкўл қишлоғида туғилиб ўсган Собир Асқаров (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) эндигина 26 ёшга тўлди. Шунга қарамай, сўнгги олти йил ичида уч марта судланди. Дастлаб олдиндан тил бириктирган бир гуруҳ шахсларга қўшилиб, ўзгалар мулкини босқинчилик йўли билан талон-торож қилгани учун 2011 йил 23 октябрда иш ҳақининг 25 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан уч йил муддатга ахлоқ тузатиш жазосига тортилди. Иккинчи марта қасддан баданга оғир шикаст етказишга доир қилмишни содир этгани туфайли 2016 йил 25 январда уч йилга озодликдан маҳрум қилинди, айни чоғда, Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, белгиланган жазо шартли равишда бир йиллик синов муддатига алмаштирилди.

У тайинланган жазоларни тўлиқ ўтагач, Тошкентдаги олий таълим муассасаларидан бирига чилангар-сантехник сифатида ишга кирди. 2016 йилнинг ёзида эса ўз маҳалласидаги озиқ-овқат дўконида сотувчилик қила бошлаган Гулноза Рустамова билан танишиб қолди. Кейинчалик иккиси гоҳ юзма-юз, гоҳ телефон орқали тез-тез суҳбатлашадиган бўлиб қолди.

Шубҳасиз, илиқ мулоқотлар навқирон йигит-қизни бир-бирига янада яқинлаштирди. Бора-бора Собир Гулнозага астойдил кўнгил қўйди. Ахийри, унга уйланишга аҳд қилди. Бу қарорини ўзига айтиб, розилигини сўради. Гулноза унинг раъйини қайтармай, мойиллик билдирди. Шунинг баробарида, сал иймангандек бўлиб, анча йил олдин нотаниш кимсалар ҳужумига учраб, иффатидан айрилганини эслатиб ўтди.

Собир кутилмаган “янгилик”дан довдираб қолмади. Чунки ўзи сингари судланган деган тавқи лаънат орттирганларга ён-атрофдагилар кўпинча паст назар билан қарашини, қизлар ҳам уларга осонликча рўйхушлик бермаслигини яхши биларди. Инчунин, Гулноза таклифини рад этмаганига шукур қилди. Кейин “Ўтмишни унут! Бокира-бокира эмаслигингдан қатъи назар, сени севаман. Муҳими, менга хиёнат қилмасанг, шунинг ўзи кифоя!” дея, унга тасалли берди.

Шу зайл икки ёш турмуш қуришга аҳд-паймон қилди. Буниси яхши бўлди, аммо...

Аммо улар ҳали унаштирилмай ва расман никоҳдан ўтмай туриб, ҳиссиётларига эрк беришди. Бир неча бор гоҳ унисининг, гоҳ бунисининг уйида ҳеч ким йўқлигида бир ёстиққа бош қўйиб, ўз наздиларида ҳаёт завқини суришди. Илло, уларнинг яширинча ошиқ-маъшуқлиги узоққа чўзилмади. Сабаби, ўртага гумон ва рашк аралашиб, зимдан қасосга айланди.

 

Оғзи ошга етганда бурни қонаган йигит

Ўшанда 2017 йилнинг январь ойи эди. Собир тунги соат ўндан эрталабки тўртгача Гулнозага бот-бот қўнғироқ қоқди. Ҳар сафар “Телефон ўчирилган ёки хизмат доирасидан ташқарида”, деган жавобни эшитиб, кўнглида шубҳа туғилди. Шунданми, эртаси кунги учрашув чоғи “Тунда қаерда эдинг? Нега телефонни кўтармадинг?” дея қизни қистовга олди. Гулноза турли баҳоналарни рўкач қилиб, уни чалғитишга интилди. Фойдаси бўлмагач, у ҳам тўнини тескари кийди. “Нима, менга хўжайинмисиз? Нега ўзингизча тергаяпсиз? Мен сизга “отчёт” беришим шарт эмас. Шундай экан, шахсий ҳаётимга аралашмай, тошингизни теринг!” деди-да, орқа-олдига қарамай жўнаворди. Шу-шу Собирдан юз ўгириб, унинг қўнғироқлари ва СМС сўровларига жавоб бермай қўйди. Рўбарў келганда, ўзини кўрмаганга солиб ўтиб кетаверди.

Алқисса, кечагина бир-бирини еру кўкка ишонмай юрган “Тоҳир-Зуҳро”лар орасига совуқлик тушди. Оғзи ошга етай деганда, бурни қонаган Собир бундан беҳад изтироб чекди. Ўлганнинг устига тепгандай, кўнгли чироқ ёқса ҳам ёришмайдиган даражада хуфтон бўлиб юрган кезларда айрим оғайнилари миш-мишни авж олдиришди. “Гулноза билан алоқанг узилгани бир жиҳатдан яхши бўлди. Чунки у олти йил бурун коллежда ўқиётганида гуруҳдоши билан дон олишиб, гап-сўзга қолганди. Ҳозир ҳам шу қилиғини давом эттираяпти”, деб асабини эговлашди. Ғазаб отига минган Собир дўконга важоҳат-ла бостириб кириб, севгилисини сўроққа тутди. Гулноза “Иғвогар жўраларингиз мени бировнинг қўйнида ётганимда тутиб олишибдими?.. Бу гапларнинг бари қуруқ туҳмат. Сиз эса йўлингиздан қолманг!” дея, дўкон эшигини унинг юзига қарсиллатиб ёпди. Кейинги сафар ҳам ўзини фариштадек оппоқ қилиб кўрсатди.

Ниҳоят, вақти-соати етиб, сир очилди. Бунга касб-ҳунар коллежининг 2-курс талабаси, Собирдан етти ёш кичик Дилшод Аҳмедовнинг бултур қишдаги икки оғизгина огоҳлантириши туртки бўлди.

– Ака, менга қолса, Гулнозага уйланмаганингиз маъқул, – деди у руҳан эзилиб юрган Собирга ён босиб. – У ўта енгил табиатли қиз. Дам-бадам хушторлари истагини бажо келтириб туради. Ҳатто мениям хурсанд қилади.

– Йўғ-е?!. – Собир қулоқларига ишонмай, қаршисидаги ҳали суяги қотмаган, юзларини ҳуснбузар бежаган йигитчага узоқ тикилди. Эс-ҳушини йиғиб олгач, кўрсаткич бармоғини унга бигиз қилиб, дағдағага ўтди. – Ҳов болакай, сендан бу гапни бир эшитдим, бошқа эшитмай, уқдингми? Акс ҳолда туҳматинг учун жавоб берасан, тушундингми, жинқарча?!..

– Нима, менга ишонмаяпсизми? – Дилшод ҳам бўш келмади. – Телефонимда унинг ич кийимда тушган суратлари бор. Ўзи юборган. Хоҳласангиз, кўрсатаман. Ёки бўлмасам, нариги кўчадаги сауна эгасидан сўраб кўринг. У бир марта бизни ушлаб олиб, обдон ялинтиргач, кейин қўйиб юборганди. Яқинда Гулнозага ўша саунада яна учрашишни таклиф қилгандим, қўрққанидан унамади. Ҳозир бошқа жой излаяпман. – Дилшод шундай дер экан, нимадир ёдига тушгандай, илкис ҳушёр тортди. – Ҳа, айтганча, келинг, икковимиз гаров ўйнаймиз. Мен жой топганим ҳамоно хабар қиламан, сиз ўша ерга етиб борасиз. Шунда ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўриб, танлаган қизингиз кимлигини билиб оларсиз. Балки бизга раҳмат ҳам айтарсиз...

– Бўпти, кўп валдирама! – Сабр косаси тўлган Собир унинг гапини чўрт кесди. – Лекин эсингда тут, тирранча, ютқазсанг, сенинг ҳам, анавиларнинг ҳам додини бераман. Борди-ю, мен ютқазсам, ҳаммангдан узр сўраб, Гулнозадан воз кечаман, тамом-вассалом!

 

Амалга ошган хуфиёна режа

Қаранг, Дилшод ёш бўлса ҳам бир сўзли экан. 10 март куни чошгоҳда Бектемир туманининг “Сувсоз” даҳасидаги бозор олдида Собирга боягина Гулноза билан телефонлашиб, туш пайти хилватда дийдорлашишга келишиб олганини айтди. Сўнгра “Сал нарида акамнинг собиқ синфдоши Нурмат ака яшайди. Юринг, ундан уйини 1-2 соатга “прокат”га бериб туришини сўраймиз”, дея Собирни “Зилола” маҳалласи сари етаклади.

Йигитлар йўл-йўлакай Гулнозанинг суюқоёқлигини фош этиш режасини тузишди. Унга кўра, хонадон эгасидан иккита калит олишлари, Гулноза кириб келгач, Дилшод дастлабкиси билан эшикни ичкаридан қулфлаб олиши, эҳтирослар жўш урган дамда жазманига сездирмай, кўчада бекиниб турган Собирга “гудок” ташлаши лозим эди. У эса иккинчи калит билан эшикни очиб, уйга кириши ва тўшакдошларни суратга тушириши керак эди.

Тўғри, йигитларнинг шум ниятини тинглаб, Нурматнинг авзойи бузилди. Ножўя ишга зинҳор-базинҳор шерик бўлолмаслигини, уйда дардман онаси борлигини таъкидлаб, уларнинг илтимосини рад этди. Собир чўнтагига 60 минг сўм солиб қўйгач, бирдан ўзгарди. Калитларини мижозларга топшириб, онасини Буюк Ипак йўли кўчасидаги “Олтин жўжа” кафесида овқатлантириб, “би-и-р айлантириб келиш”га ошиқди.

Қолган ишлар режа бўйича амалга оширилади. Собир диванда яланғоч қучоқлашиб ётганларни кўриб, ўзини босолмайди, бўралатиб сўкади. Гулнозанинг безбетларча айтган “Мен хоҳлаганимни қиламан, сизга нима?” қабилидаги гапидан баттар тутақиб кетади. Унинг юзига ва кўксига мушт тушириб, қорни ва чап сонига тепади, Дилшодни ҳам тарсакилаб юборади. Ишни янада пухтароқ қилиш учун иккисини ёнма-ён ўтқазиб қўйиб, савол-жавоб ўтказади ва Дилшоднинг телефонига видеотасвир сифатида ёзиб олади. Сўнгра уни хонадан ҳайдаб чиқаради. Стол устидаги телефонда Гулнозанинг беҳаё суратлари борлигини билиб қолгач, уларни ва видеоёзувни қизнинг оила аъзоларига кўрсатишини эълон қилади. Гулноза бу гапни эшитиб, ич-ичидан зил кетса-да, сир бой бермайди. Собирни ниятидан қайтариш учун нозик усулни қўллаб, бор маҳортини ишга солади. Унга суйкалиб, нозлана бошлайди...

Анчадан кейин Гулноза эркаланган кўйи “Бўлдими, жаҳлдан тушдингизми?” дейди. “Йўқ, барибир, суратларни уйингдагиларга кўрсатаман”, деган жавобни олгач, тез-тез кийиниб, хонадан чиқиб кетади. Кечқурун эса Отабек исмли таниши ва онасининг маслаҳати билан Бектемир тумани ички ишлар бўлимига бориб, ариза ёзади. Унда ўзига Собир тан жароҳати етказганини, бундан ташқари, Дилшод иккиси гўёки зўрлик ишлатиб номусига текканини ва ҳирсларини ғайритабиий равишда қондиришганини баён этади. Шу асосда жиноят иши қўзғатилади.

 

Шохини эмас, илдизини қирқиш керак

Тергов органи иш ҳолатларини тўғри аниқлаб, моддий манфаатдор бўлиш илинжида уйини фаҳш ишлар учун вақтинча бўшатиб берган Нурмат Жўраевга асосли айблов эълон қилса-да, гаров ўйнаганлар қилмишларини қонуний малакалашда хатога йўл қўяди. Оқибатда Дилшод Аҳмедовни 118-модданинг 2-қисми “в” банди (бир гуруҳ бўлиб номусга тегиш),Собир Асқаровни эса қўшимча равишда 127-модданинг 3-қисми билан (вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш) билан айблайди.

Бу хатолар суд жараёнида бартараф этилди. Аввало, Гулнозанинг тергов ва суд жараёнида айбдорлар гуруҳ бўлиб, унинг номусига тажовуз қилишгани ва жинсий эҳтиёжларини ғайритабиий йўсинда қондиришгани хусусидаги кўрсатмалари экспертлар хулосаси, овозли ва тасвирли ёзувлардаги суҳбатлар асосида инкор қилинди. Қўшимча тарзда, у Дилшод билан ишқий муносабатда бўлгани “ҳақи”га унинг опасидан Яшнобод туманидан икки хонали уй олиб беришни талаб қилгани аниқланди. Иккинчидан, Собир катта ёшлиларга хос гавдали Дилшодни жиноят содир этишга жалб қилмагани, билъакс, Дилшод Гулзода ҳақидаги айтган гапини исботлаб бериши мумкинлигини айтиб, уни қизиқтиргани тасдиқланди.

Суд айни ҳолатларни назарда тутиб, Собир Асқаровнинг қилмишини гуруҳ бўлиб номусга тегиш малакаси белгисидан зўрлик ишлатиб, жинсий алоқа қилиш белгисига қайта малакалади. Шунингдек, унга нисбатан Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми бўйича эълон қилинган ортиқча айбловни чиқариб ташлади. Дилшоднинг саъй-ҳаракатларини содир этилган оғир жиноятни олдиндан ваъда бермай яшириш деб баҳолашни лозим топди. Охирида Собир Асқаровни 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш, Нурмат Жўраевдан энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баравари миқдорида жарима ундириш юзасидан ҳукм чиқарди. 8 ойлик ахлоқ тузатиш ишларига лойиқ кўрилган Дилшод эса ҳибсда бўлган даври ҳисобга олинган ҳолда жазони тўлиқ ўтагани боис қамоқдан озод қилинди.

Хуллас, қилмиш–қидирмиш деганларидек, айбдорлар кирдикорларига ярашасини олдилар. Шундай бўлиши табиий эди. Фақат кишини бошқа бир муаммо жиддий ташвишга солади. Хўш, бу йигитлар ва Гулнозанинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалладошлари, ҳамкасблари ёки сабоқдошлари, масъул идоралар мутасаддилари қаёққа қарашди? Наҳотки, улар рўй берган воқеаларни, айниқса, бетоқат “ошиқ-маъшуқлар” ўртасида анчадан бери анъанавий тус олган беҳаёликларни сезмаган, кўрмаган ва эшитмаган бўлсалар? Борди-ю, аксинча бўлса, нега уларни иссиғида бартараф этиш, оқибатини тушуниб-тушунмай миллий маънавиятимиз ва одоб-ахлоқимизга зид иш тутган ёшларни тўғри йўлга солиш чораларини кўришмади? Нега касалликни даволашдан кўра олдини олиш, иллатнинг шохини эмас, илдизини қирқиш афзаллигини унутиб қўйишди?..

Афсус, энди бу саволларга жўяли жавоб топиш қийин. Сўнгги пушаймондан эса фойда йўқ!

Бобур УТАМУРАДОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Бектемир тумани суди судьяси.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ,

журналист.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"