Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
523
5204
5887

-683
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
145180
191346
163475

+27871

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 644 808
Главная "ISTE'MOLCHI" Ҳувайдо Жумаева: “Мен талабчан истеъмолчиман”

xuvaydo_jumaeva_160Ўзбек давлат сатира театрининг истеъдодли актрисаси Хувайдо Жумаева бугун таҳририятимиз меҳмони.

– Ҳувайдо, исмингизни ким қўйган, у қандай маънони англатади?

– Бу исмни менга амаким, яъни дадамнинг акаси – Ҳақназар бобом қўйган. “Порлаб турувчи”, “Пайдо бўлувчи” деган маъноларни англатаркан.

– Исмни топиб қўйишган экан, мана, порлаб турибсиз! Демоқчиманки, юз-кўзингиздан қувноқ, беғубор эканингиз кўриниб туради. Болалигингиздаям шўх-шодон бўлгансиз, шундайми?

– Ҳа, жуда шўх бўлганман. Болалигим Кескантерак деб номланувчи қишлоғимизда ўтган (Навоий вилояти, Навбаҳор тумани). Ҳозир эсласам, юрагим ҳаприқиб кетади, ўша дамларни соғинаман. Оилада бош фарзандлар қиз бўлганимиз учун ўғил болалар қиладиган юмушларни бажариб кетаверардик. Айниқса мен ўроқми, болғами, кетмонми, тешами, қўлимга олиб, дадамга қарашардим. Ҳожибой Тожибоев айтганидек, “ернинг жигарини суғуриб оладиган” бақувват, дўмбоққина қиз бўлганман-да, ўзиям! Эшакка минволиб даладан ўт ёки полиз маҳсулотларини таширдим, мол-ҳолларга қарардим, пахта чопиғи-ю теримига чиқардим... Дадам мени эркалаб “Шерматим” деб чақирарди. Ҳалиги, “Суюнчи” фильмидаги бош қаҳрамоннинг гаплари бор-ку, шунга ўхшатиб, уйимиздагилар: “... Шермат! Бор, молларга қара!”, “Шермат! Бор, ўт териб кел!” дея кўп ҳазиллашишарди. Характеримда ўғил болаларга хос жиҳатлар бўлгани учунми, кўпроқ ўғил болалар билан ўйнардим, уларни тўплаб, ҳатто “тўдабоши” бўлардим. Кўпчилик катталар мени исмимни айтмасдан, “Нурназар акани қизи!” деб атарди. Бир жойда қўним топмасдим, ҳали кўчада, ҳали далада, ҳали эшак-аравада юрардим. Онамга “Бугун оқ ош (ширгуруч) қилинг” дейверардим. Негадир шу таомни яхши кўрардим.

– Оилангизда санъаткорлар бўлганми?

– Йўқ. Лекин амаким – Ҳақназар бобомнинг овози жуда ширали бўлган, қишлоғимизга келган машҳур ҳофизлар билан қўшилишиб куйлаган. Дадамнинг онаси – момом эса шеър­лар тўқишга уста бўлиб, гап­ларни шеър қилиб ҳам айтиб юбораверарди, аллалар ёзган, Умар Хайёмнинг шеърларини ёд биларди, тилидан туширмасди. Мен мактабда ўтадиган турли тадбирларда фаол эдим, ҳар қайси ҳолатдаги ролга киришиб кетаверардим, шу боис, синф­дошларим менга “артистка” деган ном беришган. Мен эса юрагимдан артист бўлишни орзу қилардим. Аммо ҳужжатларимни Санъат институтига топширишимга, дастлаб, ота-онам қаршилик қилишган. Ўшанда мен сиқилиб, илгаригидек ҳазилкаш бўлмай қолгандим, шаштим паса­йиб, “қовоғимдан қор ёғавергач”, дадам: “Бўпти, менга ҳозир бир шеърни маромига етказиб ўқиб бера олсанг, сенга рухсат бераман”, деди. Шунда мен худди институтдаги домлаларга имтиҳон топшираётгандек, Абдулла Ориповнинг она ҳақидаги машҳур шеърини ўқидим:

“Неча кун-ки йўқ оромим,

Келолмайман ҳушимга.

Кечалари онажоним,

Кириб чиқар тушимга.

Қўлларида оқ елпиғич,

Ой нурида ялтирар.

Онажоним имлаб мени

Қошларига чақирар”...

Ушбу шеърни жон-дили билан тинглаган дадам менда “нимадир бор”лигига иқрор бўлди шекилли, оқ йўл тилади-ю, аммо “агар шартнома асосида ўқишга кирсанг, ўқита олмаймиз” деди. Тест имтиҳонларини топшириб, қишлоғимга қайтгач, мандат кунини интиқ бўлиб кутганим сира эсимдан чиқмайди. Кун-у тун тилимдан “илоҳим бюджетга кирайинда” деган гап тушмасди. Ижодий имтиҳондаги ўқитувчиларнинг “Талантингиз бор экан, яхшигина актриса бўласиз!” деган сўзлари менга куч-қувват бағишларди. Ва, ниҳоят, танишим телефон қилиб, менинг грантга кирганимни айтди! Бу пайтда уйимизда чироқ ўчганди, мен ҳовлиқиб-тўлқинланиб ҳаммадан “суюнчи олдим”. Бироқ ҳамма жим. Сўнг “лип” этиб чироқ ёниб қолди. Қарасам, дадамнинг кўзлари жиққа ёш...

– Сиз Сатира театрида фаолият олиб борасиз, шу билан бирга, “Шўрданак” ҳажвий-юмористик кўрсатувда ҳам роллар ижро этасиз. Комедик роллардан ташқари яна қандай ролларни ижро этишни орзу қиласиз?

– Биласизми, баъзан детектив асарлардаги жиддий ролларни, ёки дардли образларни ўйнашни жуда хоҳлаб қоламан. Асли ўзим бироз жиддий характерга эгаман, болаликдаги шўхликларим ўрнини ҳозир вазминлик эгаллаган. Мен шуни яхши биламан-ки, кино ёки сериалларда бўлсин, жиддий ролларни муаллиф қандай тасвирлаган бўлса, худди шундай ижро этишга жон-жаҳдим билан кириша оламан. Масалан, “Меҳмонжонлардан айланай” сериалида ўйнаган кичик ролимда, озгина бўлсин, жиддийлик бор. Кўпинча дардли комик образларни ҳам яратамиз, фақат бунда қаҳрамоннинг кечинмалари, хатти-ҳаракатлари юмор орқали ифодаланади.

– Ҳали ёшсиз, орзуингиздаги роллар албатта насиб этади. Аммо мухлисларингиз сизни комик ролларда кўриб ўрганиб қолишган.

– Бир куни ёши каттароқ аёл мени кўриб ёнимга келди-да, бағрига тортди: “Сизни бирам яхши кўраман-ки! Сиз ўйнаган ролларни кўрсам, баҳри-дилим яйраб, кайфиятим чоғ бўлади. Раҳмат сизга!” деди. Мухлисларимнинг берган яхши баҳоси мен учун катта мукофот, деб биламан. Бундан руҳланиб, ғайратимга ғайрат қўшилади, илҳомланиб кетаман, монологлар ёзаман.

– Турмуш ўртоғингиз ижодингизга қандай қарайди? У киши ҳам санъаткорми?

– Йўқ. Аммо мени доим қўллаб-қувватлайди, энг биринчи мухлисим, десам ҳам бўлади. Умр йўлдошимни танлашда адашмаганман, омадим чопган. Ролларимнинг янада ишонарли, ҳаётий чиқиши учун ўз устимда тинимсиз ишлашимни, лоқайд бўлиб қолмаслигимни таъкидлаб туради. Артист аёл учун турмуш ўртоғининг тушуниши ва қўллаб-қувватлаши чинакам бахт-да! Менинг бахтим яна шунда-ки, атрофимда яхши инсонлар, дўстларим кўп. Борди-келди қиламиз, дардлашамиз, сирлашамиз... Одамга мулоқот жуда зарур экан, кези келса, яхши гаплардан кўнг­лингиздаги ғуборлар шамолдек учиб кетади, маслаҳатлар оласиз ёки берасиз. Дўстларнинг, яхшиларнинг бори яхши!

– Устозларингиз ҳақида...

– Энг биринчи устозим, Навоий санъат коллежида сабоқ берган Акмал Шодиев бўлса, сўнг олийгоҳда, театрда маҳорат сирларини ўргатган Мунаввара Абдуллаева, Хайрулла Саъдиев, Арсен Исмоилов, Шуҳрат Аббосов, Ортиқ Султонов, Обид Асомов ва яна жуда кўп санъат аҳли айнан менинг устозларимдир. Ҳали талаба пайтимда устозларим мени киноларга эпизодик ролларга тавсия этишган, менга катта мадад беришган. Афсуски, дадам оламдан эрта ўтиб кетди, мен ўйнаган ва ўйнаётган ролларни кўриш насиб қилмади, бу эса мен учун катта армонга айланган.

– Сиз турли феъл-атвордаги ролларни маромига етказиб ўйнайсиз. Ўз ҳаётингизда истеъмолчи сифатида ўзингизни қандай баҳолайсиз?

– Мен талабчан истеъмолчиман. Харид қилаётган нарсамга албатта эътибор қаратаман, шунчаки олиб кетавермайман. Сифатига, санасига қарайман. Маҳсулотнинг қай даражада сақланишигача сотувчи билан эринмай савол-жавоб қиламан. Айниқса, болаларим учун бирон нима олмоқчи бўлсам, жуда ҳушёр тураман. Агар сотиб олган маҳсулотнинг сифати талаб­га жавоб бермаса, дарров қайтариб бераман. Бундан ташқари, соғлик учун зарар келтирувчи қўшимчалар қўшилган маҳсулотларни харид қилмайман. Фарзандларимгаям бу борада қаттиққўлман, дуч келган нарсани олиб беравермайман. Ахир соғлиқни бежизга бойлик дейишмайди. Ҳар нарсани истеъмол қилиб кетавериш яхши эмас, ортиқча сарф-харажатлардан тийилиш эса яхши одат, деб ҳисоблайман.

– Мабодо лотереяда жуда катта миқдорда пул ютиб олсангиз, нимага сарфлар эдингиз?

– Бу ҳақда кўп ўйлайман. Айниқса, ўсмирларнинг бекор юрмай, фойдали машғулотлар билан банд бўлиши, китоб ўқиши, спорт билан шуғулланиши, маърифатли инсонлардан эзгу амалларни ўрганиши фойдадан холи бўлмайди. Шу боис, энг аввал, қишлоғимда отам номидан яхши бир маскан қурдирардим. У жой маданият-маърифатни тарғиб қиладиган даргоҳ бўларди.

– Болаларингиз ҳали ёш. Иш ва уй юмушлари чарчатиб қўймаяптими?

– Бошқа касбдаги ёш болалари бор аёллар сингари биз санъаткор оналарга ҳам қийин, албатта. Масалан, қаерга гастролга бормай, икки ёшдан ошган боламни худди она кенгурудек ўзим билан олиб юраман, чунки унга қарайдиган одам йўқ. Боланинг касал бўлиши бор, инжиқланиши, хархаша қилиши табиий. Ҳам болага қарайман, ҳам ролимни ижро этаман, вақти келса, чарчайман, ахир робот эмасман-ку. 

– Келгусидаги орзу-истакларингиз?

– Театримизнинг замонавий биноси бўлишини биргина мен эмас, жамоамизнинг барча аъзоси истайди. Қулай ерда жойлашган, яхши шароит­ларга эга бинода ижод қилиш, бу – парвоз дегани! Биз вилоятларда, дам олиш масканларида, турли муассасаларда гастролларда бўламиз, саҳналаштирилган ва саҳналаштирмоқчи бўлган томошабинбоп спектаклларимиз эса кўп. Шунингдек, мен давлат тадбирларида, маданий-маърифий учрашувларда, кечаларда иштирок этаман ва келгусида янаям фаол бўлишни, томошабинлар руҳиятига яхши кайфият бағишловчи роллар ижро этишни истайман. Юртимиз тинч бўлиб, одамлар юзидан табассум, кулгу аримаса, қандай яхши! Тинчлигимизга кўз тегмасин, дейман.

– Мароқли суҳбат учун муштарийларимиз номидан сизга ташаккур билдирамиз.

Суҳбатдош

Роҳат ҚУРБОНОВА.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"