Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
318
7191
7144

+47
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
169784
254685
75532

+179153

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 720 170
Главная "ISTE'MOLCHI" “Чандлер” ёнғоқлари

yongoq_160бугунги кунда улар Самарқанд заминида ҳам гуркираб ўсмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили Ургут туманида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар билан танишаётиб, нав­батдаги долзарб вазифаларга алоҳида тўхталди. Шу асно туманда махсус индустриал зона ташкил этиш, саноат ишлаб чиқариши, хизмат кўрсатиш, туризм ҳамда қишлоқ хўжалиги тараққиёти ва бошқа бир қатор масалалар бўйича энг муҳим йўналишларни белгилаб берди.

Тоғ ва тоғолди ҳудудлардаги лалми, унумдорлиги паст ерларни аниқлаш, туп­роқ таркиби, тоғ иқлими ва туманнинг бошқа хусусиятларидан келиб чиқиб, ўша шароитга мослашган, тез ҳосилга кирадиган ёнғоқ, чилонжийда, бодом, узумнинг экспортбоп навларини экиш, иссиқхоналар қуриш, чорвачилик, паррандачилик ва асаларичиликни тараққий эттириш, ерларни танлаш, янги лойиҳалар яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш юзасидан қимматли фикрлар билдирди.

Орадан кўп ўтмай туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантиришга оид дастурлар ишлаб чиқилди. Уларда тошлоқ ва бўш ётган ерлардан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш масаласи қатъий равишда қайд этилди. Ҳосилдорлиги паст 11 минг гектар ер фермер хўжаликларига бўлиб берилиб, ёнғоқ, чилонжийда, бодом, узум ва бошқа мевали дарахтлар экиш чоралари кўрилди. Бу жараёнда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти олимларининг хулосаларига, ҳудуд ер шароитини яхши биладиган деҳқонлар ва мутахассислар маслаҳатларига риоя қилинди.

Тўғриси, Зарафшон тоғ тизмаларининг Ургут туманида ястанган қисми ёнбағирлари асрлар оша инсон назаридан четда қолиб келаётганди. Сабаби, Бойқишлоқ, Қоратепа, Зинак, Хўжайдук каби қишлоқлар ва уларга туташ ерларда сув танқислиги туфайли экин ўстиришнинг иложи йўқ эди. Ана шунинг оқибатида юзлаб гектар лалми ерларга фақат кўкламнинг илк ҳафталарида файз кирар, ҳаво сал исигач, улар қақроқ чўлга айланиб қоларди. Аҳоли фақатгина булоқлар сувидан фойдаланарди.

Бугун эса манзара бутунлай ўзгача. Таъбир жоиз бўлса, Ургутнинг тоғолди ҳудудларида, лалмикор ерларида рос­манасига уйғониш юз берди, илгари одамлар хаёлига ҳам келтирмаган буюк ишларга қўл урилди. 2017 йил 1 июнда Президентимизнинг “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилингач, бу жойлардаги ишлар янада қизғин тус олди. Негаки, мазкур ҳужжат республикамиздаги барча тоғолди ҳудудлар қатори Ургут тумани қишлоқ хўжалигида ҳам туб ислоҳотлар ўтказиш, ер ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизими негизида янги экин турларини парвариш­лаш учун дастуриламал вазифасини ўтай бошлади. Натижада вилоятнинг Ургутдан бошқа бир неча туманида ҳам интенсив ёнғоқзорлар пайдо бўлди. Бунинг учун АҚШ ва Туркиядан тезпишар, оқ мағизли, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган “чандлер” навли ёнғоқ кўчатлари келтирилди. У, аввало, совуққа чидамли дарахт, иккинчидан, юртимиз иқлимига ҳар томонлама мос келади. Яхши парваришланса, уч йилда ҳосилга киради. Дастлаб ҳар тупидан 10-15 килограмм, гектаридан 4 тоннагача ёнғоқ олиш мумкин. Дарахт тўққиз ёшга тўлганида икки баравар кўп ҳосил бера бошлайди.

– Фойдаланилмаётган ер майдонлари ҳисобига ҳозирга қадар 1857 та лойиҳа амалга оширилди, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бекзод Тугалов. – Бўш ётган ерларнинг 1700 гектарида 2020 йилгача ёнғоқзорлар барпо этилади. Шунинг баробарида 7300 та янги иш ўрни яратилади.

– Манави ерлар кечагина тошлоқ ва янтоқзор ҳисобланарди, – дейди янги ташкил топган фермер хўжалиги раҳбари Самих Холбобоев яқинда ниҳоллар қадалган тоғ этагидаги адирларга мамнун боқиб. – Уни ўзлаштириш учун олдин 300 гектар ерни текислаб, атрофини ўрадик. Сўнгра анча пастдаги Қоратепа сув омборидан замонавий насослар ёрдамида обиҳаёт чиқариб, кўчатларни томчилатиб суғоришни йўлга қўйдик. Бундан ташқари, муқаддам фойданилмаган ерларнинг тупроқ таркиби лаборатория текширувидан ўтказилганида унда азот ва фосфор моддалари камлиги аён бўлди. Шуни ҳисобга олиб, кўчатларни агротехник қоидалар асосида ўтқаздик. Пировардида замонавий интенсив ёнғоқзор барпо этдик.

Туманда хориждан келтирилган ёнғоқ кўчатларини маҳаллий шароитда етиштиришга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Темур Тўлаган кўчат ва ниҳоллари” фермер хўжалигида “чандлер” кўпайтирилмоқда.

– Бултур декабрда Туркияда бўлдик, – дейди хўжалик раҳбари Одил Бобоев. – У ерда ҳамкорларимиз иши билан танишиб, оқ мағизли ва экспортбоп “чанд­лер”нинг 300 туп кўчатини олиб келдик. Икки гектар майдонга қадалган бу ниҳоллар ҳозир гуркираб ўсмоқда. Улар бир йилдан кейин пайванд қилингач, дарахтга айланади. Келгусида кўчатзоримизни янада кенгайтириш ниятидамиз.

Эндигина иш бошлаган Ургут иқтисодий зонасида ёнғоқ ҳосилини қайта ишлаш бўйича ҳам аниқ режа тасдиқланган. Унга кўра, дарахтлар тўлиқ ҳосилга киргач, ёнғоқзорга яқин ҳудудда замонавий технологиялар билан жиҳозланган махсус завод бунёд этилади, ёнғоқ қайта ишланиб, қадоқланган ҳолда ички бозорга ва хорижга жўнатилади.

БИЗ ЭЗГУ НИЯТЛИ УРГУТЛИК МИРИШКОР ДЕҲҚОНЛАР ВА БОҒБОНЛАР ИШИГА ЗАФАРЛАР ТИЛАЙМИЗ.

Абдурасул САТТОРОВ.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"