Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5104
6861
5999

+862
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
126172
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 088 622
Главная "ISTE'MOLCHI" Ер қаъридаги бебаҳо неъматлар

 

kumir_160юртимизда улардан фойдаланиш қандай асосларда амалга оширилмоқда?

Она замин саховати

Ўзбекистон узоқ давом этган турли геологик жараёнлар натижасида ер ости ва устида қаттиқ, суюқ ёки газ ҳолатида тўпланган, хўжалик ва рўзғорда, турли соҳаларда ишлатишга яроқли фойдали қазилмаларга ниҳоятда бой мамлакатлар сирасига киради. Ҳозирга қадар кўҳна диёримизда турфа моддий неъматларга эга, бағрида юзга яқин турдаги минерал хомашёларни жам этган 2700 дан зиёд истиқболли кон мавжудлиги аниқланган.

Муҳим стратегик манбалар – нефть ва газ конденсати, табиий газ бўйича 155 та, қимматбаҳо металлар бўйича 40 тадан ортиқ, рангли, нодир ва радиактив металлар бўйича 40 та, кон-кимё хом ашёси бўйича 15 та кон қидириб топилган ва ишга туширилган.

Қолаверса, республикамиз олтин, уран, мис, нефть, табиий газ, кўмир, вольфрам, калий тузи, фосфорит, каолин, висмут каби ноёб қазилмалар захиралари бисёрлиги билан ҳам довруқ қозонган. Чунончи, у олтин захиралари бўйича дунёда тўртинчи, уран захиралари бўйича еттинчи-саккизинчи, мис захиралари бўйича ўнинчи-ўн биринчи ўринда туради. Ёки металлургия ва кимё соҳаларида, иситиш ва энергетика тизимларида қимматбаҳо ёқилғи сифатида жуда кўп асқатадиган кўмирнинг юртимизда башорат қилинган захираси 5 миллиард 750 миллион тоннани ташкил этади. Ҳозиргача росмана аниқлангани эса 1,9 миллиард тонна атрофида. Шундан 47 миллион тоннаси тошкўмирдан, қолгани қўнғир кўмирдан иборат бўлиб, ҳар килограмми 6500-7200 ккал иссиқлик беради. Инчунин, кўмир саноати миллий иқтисодиётимизда муҳим аҳамият касб этади. Бунга ўхшаш мисолларни истаганча келтириш мумкин.

Бироқ бу ўткинчи дунёда ҳеч нарса боқий эмас. Ҳар қандай ибтидонинг интиҳоси бўлганидек, фурсати етгач, барчаси бирин-сирин завол топиб, йўқликка юз тутади. Инсоният мудом ўз манфаатлари йўлида ишлатиши, гоҳида беҳуда сарфлаши, гоҳида хунук оқибатларидан заррача ҳайиқмай фойдаланиши ёки табиий фалокатлару фавқулодда ҳодисалар туфайли улар ҳам тугаши, кейин ҳаргиз қайта тикланмаслиги тайин. Табиат эса, биласиз, ҳазилни ёқтирмайди, хиёнатни кечирмайди, ўзига етказилган қилдай зарар учун филдай қасос олади.

Шу боис, бошқа давлатлар сингари бизнинг юртимизда ҳам табиат инъомларидан, хусусан, қазилма бойликлардан тежамкорона фойдаланиш, уларни кўпайтириш ва муҳофазалаш борасида ўзига хос тизим яратилди. Соҳанинг ҳуқуқий негизини мустаҳкамлаш ниятида “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун, кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Асосий эътибор минерал хомашёларга, ер ости сувларига ва бошқа манбаларга бўлган эҳтиёжни қондириш учун бу ресурсларни оқилона ва комплекс равишда истифода этишга, уларни ва атроф табиий муҳитни асраб-авайлашга, хавф-хатарсиз иш юритишга, давлат ва фуқаролар манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилди. Ўз навбатида, ер ости бойликларига эгалик қилиш, уларни ишлатиш ва тасарруф этиш асноси юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш, фойдаланувчилар ҳуқуқлари устуворлигига эришиш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Ҳар ишнинг ўз йўриғи бор

Ер қаъри участкаларини фойдаланишга бериш лицензия орқали расмийлаштирилади. Бу ҳужжатни тақдим этиш йўл-йўриқлари 2007 йил 7 июнда тасдиқланган Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги, шунингдек, 2011 йил 2 майда маъқулланган Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартиби ҳақидаги низомларда ўз ифодасини топган. Таъкидланишича, бундай ҳуқуқ лицензия асосида ер қаъри участкаларини геологик жиҳатдан ўрганиш, фойдали қазилмаларни тажриба-саноат кўламида кавлаб олиш, фойдали қазилмалар қазиб чиқариш, техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотларини қуриш ҳамда улардан фойдаланиш, муҳофаза қилинадиган геологик объектларни барпо этиш, нодир тош хомашёси намуналарини, палеонтологик қолдиқларни ва бошқа геологик коллекциябоп материалларни тўплаш учун ер қаъридан фойдаланишнинг ҳар бир турига алоҳида берилади. Бу тамойил норуда фойдали қазилмаларга эга ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган тартиб ва шартларга татбиқ этилмайди. Қўшимча равишда эслатиш жоизки, она замин хазиналаридан фойдаланиш турлари орасида энг кўп қўлланиладигани ер қаъри участкаларини геологик жиҳатдан ўрганиш ва фойдали қазилмаларни қазиб чиқаришдир.

Жорий қоидаларга кўра, углеводородлар, қимматбаҳо ва рангли металлар сингари стратегик фойдали қазилмаларни ўз ичига олувчи, катта сармояларни ва мураккаб технологик ечимларни талаб қилувчи ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида тақдим этилади. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси эса тадбиркорлик таваккалчилиги шартларида геологик жиҳатдан ўрганиш, конларни қидириш ва разведка қилиш, углеводородларни қазиб олиш, уларни сақлаш учун ер ости иншоотлари қуриш ва ишлатиш мақсадида ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш бўйича ваколатли орган саналади.

Бу ҳужжат очиқ кимошди савдолари ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг лицензия бериш ваколатига эга органлар билан тўғридан-тўғри музокаралари натижасида олинади. “Кимошди”да қатнашишни хоҳлаган талабгор зарур ҳужжатларни топширгандан сўнг Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартлари лойиҳасини тайёрлайди. Навбатдаги босқичда уни келишиш учун ваколатли органлар – Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекциясига йўллайди. Келишувга эришилгач, шартлар танишиб чиқиши учун талабгор эътиборига ҳавола қилинади. Даъвогар таклиф этилган шартларга рози бўлса, унга белгиланган тартибда сўралаётган участка бўйича қуйидагиларни тайёрлаш учун геологик ва бошқа маълумотлар тавсия қилинади:

– ЙТИҲ (йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар) – ер қаъри тадбиркорлик таваккалчилиги шароитларида геологик жиҳатдан ўрганиш учун берилаётган тақдирда;

– БТИА (бошланғич техник-иқтисодий асослаш) – ер қаъри ундан фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун берилаётган тақдирда;

– кўзда тутилган фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш лойиҳаси.

Техник ҳужжатлар тузилгандан кейин талабгор уларни экспертизадан ўтказиш учун тегишли органларга киритади. Ижобий хулосалар олинса, улар давлат геология қўмитасига топширилади. Бу хулосалар талабгорга лицензия бериш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ҳукумат фармойишини қабул қилиш ва уни ижро этиш учун асос бўлади.

Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги қарорига биноан, стратегик жиҳатдан муҳим фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича инвестицион лойиҳани амалга оширувчи хорижлик сармоядорга лицензия лойиҳа БТИАлари тасдиқлангандан кейин бир ой ичида топширилади. Чет эллик инвестор Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимни имзолаган тақдирда, лицензия беш кун ичида берилади.

 

Эзгу ниятлар самараси

Энди асосан бинокорлик материаллари ишлаб чиқаришда қўлланиладиган норуда қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари ҳақида тўхталсак. Улардан фойдаланиш учун лецензиялар, очиқ савдолар натижалари ҳисобга олинган ҳолда, ҳукумат комиссияси томонидан берилади. Бунда мамлакатимиз Президенти 2011 йил 2 майдаги  қарори билан тасдиқланган Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартиби тўғрисидаги низом дастуриламал вазифасини ўтайди. У мазкур участкалардан омилкорлик билан, оқилона ва самарали фойдаланишни таъминловчи таъсирчан ҳуқуқий механизмни яратиб, соҳада фаолият юритаётган ишлаб чиқарувчиларга, жумладан, кичик бизнес соҳиблари ва хусусий тадбиркорларга кенг имкониятлар эшигини очади. Шунингдек, янги-янги чора-тадбирларни амалга оширишга хизмат қилади. Бу жараёнда қазиб олинаётган хомашёни қайта ишловчи замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарга эга ҳамда улар ёрдамида сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир корхоналарга қулайликлар туғдиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Очиқ савдоларни ўтказиш учун эса ҳар йили 1 февралгача норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари рўйхати тасдиқланади. Сўнгра Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан сўралаётган объект бўйича маълумотлар ҳозирланади. Улар ўша участкадан фойдаланишга оид геологик, кон-техник, технологик ва бошқа ахборотлардан, йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоботлар ёки техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқариш учун зарур манбалардан иборат бўлади.

Талаб қилинган ҳужжатлар жамлангач, талабгор очиқ савдоларда иштирок этиш учун қўмитага ҳужжатлар тўпламини ва буюртмани топширади. Ер қаъридан фойдаланиш эса ўрнатилган тартибда ва лизензияда кўзда тутилган шартларга мувофиқ амалга оширилади.

Очиқ савдолар маълумотлари Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг Интернетдаги расмий сайтига жойлаштирилади. Демак, ҳар қандай талабгор улар билан батафсил танишиб, савдолар қандай бораётганини мунтазам кузатиб бориши мумкин.

Яқинда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан Миллий матбуот марказида ер ости  бойликларидан фойдаланиш шартлари ва имкониятлари мавзусига   бағишлаб ўтказилган тадбирда таъкидланишича, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бошқа вазифалар қатори муҳим стратегик аҳамиятга молик фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларини фойдаланишга бериш жараёнини соддалаштириш масаласи ҳам алоҳида кўзда тутилган. Кўп ўтмай, ушбу ҳужжат ижроси доирасида ер қаъри участкаларидан фойдаланиш дастури ишлаб чиқилди.

Шубҳасиз, эзгулик уруғи ила йўғрилган изланишлар ўз самарасини бераётир. Масалан, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида 2014-2017 йиллар мобайнида ҳужжатларни кўриш ва лицензиялар бериш муддатлари 151 кундан 46 кунга қисқартирилди. Ёки айтайлик, бугунга қадар норуда фойдали қазилмалар мавжуд ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи 983 та лицензия расмийлаштирилди. Уларнинг 333 таси ер қаъри участкасини геологик жиҳатдан ўрганиш учун, қолганлари фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун берилди. Жорий йилда тақдим этилган 119 та лицензиянинг 49 таси ер қаърини геологик ўрганишга, 70 таси фойдали бойликларни қазиб чиқаришга тааллуқли бўлди.

Шу ўринда “Диёримизда қанақа ва қанча ер ости ресурслари бор?” деган савол туғилиши эҳтимолдан холи эмас. Марҳамат, жавобини эшитинг: фойдали қазилмалар захиралари бўйича Давлат балансига кўра, жорий 7 йилнинг 1 январь ҳолатига ўлкамизда 1895 та фойдали қазилмалар кони борлиги қайд этилган. Шундан 235 таси углеводород, 151 таси металл, 7 таси кўмир ва ёнувчи сланец, 55 таси тоғ-маъдан, 34 таси тоғ-кимё, 30 таси чақмоқтош ашёси, 764 таси турли қурилиш материаллари, 619 таси чучук ва минерал ер ости сувлари манбалари саналади.

Кўриб турганингиздек, Ватанимиз беқиёс даражада мўл ер ости ва ер усти бойликларига эга. Модомики, шундай экан, улардан маромида ва меъёрида фойдаланишимиз, она табиатни кўз қорачиғидек ардоқлаб, келгуси авлодларга бебаҳо мерос сифатида қолдиришимиз керак!

Абдунаби ҲАЙДАРОВ.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"