soliq_160_2У тадбиркор ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган

Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, солиқ сиёсатида айрим ўзгаришлар амалга оширилди. 

Хусусан, 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга туширилди.

Мазкур фармон моҳиятини тадбиркорлик субъект­ларига етказиш, қишлоқ хўжалиги корхоналарининг қўшилган қиймат солиғига ўтиши бўйича тушунтириш ишларини амалга ошириш, иш ўринларини легаллаштириш мақсадида Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси ва ҳудудий солиқ инспекцияларидан 91 нафар ходим 2 мингдан ортиқ фермер хўжалиги раҳбарларига кўмакчи сифатида бириктирилди. Айни пайтда вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан фармон мазмуни юзасидан аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига батафсил тушунтиришлар берилиб, семинар, учрашув ва тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Тошкент туманида ташкил этилган ана шундай учрашувлардан бирида давлат солиқ қўмитаси масъуллари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этдилар. Қайд этиш жоиз, Тошкент туманида ҚҚС тўловчилар сони 261  нафарни ташкил этади.  Учрашув давомида  тадбиркорлик субъектларига назорат-касса аппаратларини қайта тизимлаш, муддати тугамаган шартномаларга тузатиш ҳамда бизнес субъектлари имзолаган ҳар бир шартнома қайта инвентаризация қилиниши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Мамлакатимиздаги солиқ сиёсати ҳамда у билан боғлиқ ўзгаришлар тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бу каби фармонларнинг ижроси тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар яратиб, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда аҳолининг даромадлари ошишида муҳим омил бўлади.

Г. САЙДАЛИЕВА.