bankrotlik_160Авваллари суд бошқарувчилари давлат солиқ хизмати органлари ходимлари орасидан тайинланар, бу эса  соҳада бир қанча муаммоли ҳолатлар, банкротлик ишида зиддиятлар, англашилмовчиликларга олиб келар эди. Президентимизнинг 2019 йил 1 февралдаги “Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бу амалиёт бекор қилинди.

Қарор асосида банкротликнинг соддалаштирилган тартиботлари профессионал суд бошқарувчилари томонидан ўтказиладиган бўлди.

Хўш, нега бундай қарорга келинди? Бугунги кунда бу масала қанчалик долзарб? Табиийки, банкрот корхонанинг қарзи солиқ органидан. Солиқ идораси эса судга ушбу корхонани банкрот деб топиш тўғрисида даъво ариза билан мурожаат қилади. У ҳам етмаганидек, банкротлик таомилларини ўтказувчи суд бошқарувчиси ҳам солиқ органидан тайинланади, кредитор ҳам ўзи. Кўриниб турибдики, бу ерда манфаатдор фақат солиқ органи ҳисобланади. Мутахассис ва экспертларнинг фикрича, бу аслида “Банкротлик тўғрисида”ги қонун нормаларига зид бўлиб, солиқ идораси ва корхона ўртасида коррупция ҳолатларини келтириб чиқаришга асос бўлади.

Шу боисдан ҳам бу жараёндаги вазифалар янги ҳужжат билан тақсимланди, яъни корхона тўлов қобилиятига эга бўлмагани учун солиқ органи аризаси асосида банкрот деб эълон қилинса, банкротлик тао­милларини ҳеч бир органга дахлдор бўлмаган холис профессионал суд бошқарувчиси ўтказади. У, ўз навбатида, ҳам солиқ идораси, ҳам кредитор, ҳам банкрот корхонанинг манфаатини кўзлаб иш юритади.

Суд бошқарувчиси Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабида замон талаблари асосида ўқитилади, малакаси оширилади. Шундан кейингина улар Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан аттестациядан ўтказилиб, тегишли малака аттестатига эга бўлади. Эътиборлиси, илгари ўқитиш ва малака ошириш ҳозирдагидек ягона ўқув масканида ташкил этилмаган.  Табиийки, бу  йўналишдаги ўқув дастурлари ҳам энди янгиланди. Масаланинг энг муҳим жиҳати шуки, солиқ ходимлари шу пайтгача бундай фаолиятни қўшимча вазифа сифатида бажариб келишган, яъни уларга ҳеч қандай ҳақ тўланмаган. Эндиликда мазкур ҳужжат билан профессионал суд бош­қарувчисига энг кам иш ҳақининг 20 баравари ёки меҳнатга ҳақ тўлашнинг 7 баробари ҳисобида, умуман олганда, 4,5 млн. сўмлик маош берилади.

Давлатимиз раҳбарининг қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш механизми сифатида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 12 сентябрдаги “Суд бошқарувчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан суд бошқарувчиси талабгорларини ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини ошириш, шунингдек, уларни аттестациядан ўтказиш ва малака аттестатини бериш тартиби тўғрисида низомлар ҳамда суд бошқарувчисига қўйилган профессионал ва малака талаблари, уларни мукофотлаш, суд бошқарувчиларини аттестациядан ўтказиш, суд бошқарувчилари ягона реестрини юритиш тартиблари тасдиқланди.

Бу низом ва тартибларнинг тасдиқланиши бир қатор муаммоларни бартараф этади. Яъни банкрот корхоналар сони кўпайиб бораётганига қарамай, Президент қарори чиққанидан буён ўқиган ва малакасини оширган мутахассислар қўлида аттестати бўлмагани учун бундай корхоналар билан ишлай олмаётган эди. Энди тасдиқланган тартиб асосида ҳозиргача ўқитилган 150 нафарга яқин талабгор аттестациядан ўтказилади ва уларга суд бош­қарувчиси малака аттестати берилади. Йил охирига қадар профессионал суд бошқарувчилари сонини 300 нафардан ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Умиджон МУСТАФОҚУЛОВ,

Давлат активларини бошқариш агентлиги

бошқарма  бошлиғи ўринбосари.