Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
6948
8025
7470

+555
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
153217
284189
62595

+221594

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 10 245 493
Главная "БИРЖА" Электрон савдо тизими нима учун керак?


kameletdinov_160_55412“ThinkTank NetWorking” форматидаги бозорлар ва рақобатни ривожлантириш бўйича “ALTERNATUS” мунозара ва таҳлил майдончаси фикр алмашувнинг янгича усули сифатида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.

Ҳозиргача ушбу майдончада мамлакатимизда “Ҳалол” савдо белгиси остида товарлар бозорини шакллантириш, бизнес таълимни ривожлантириш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, экспортчиларнинг янги бозорларга чиқиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва экспорт диверсификацияси масалалари муҳокама қилинган.

“Alternatus” мунозаралар майдонининг навбатдаги мулоқоти савдонинг рақамли экотизимини шакллантириш, бу борадаги тўсиқларни олиб ташлаш ва экспорт қилишда транзакцион харажатларни қисқартириш масаласига бағишланди. Мунозара Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш рес­публика маркази, USAIDнинг Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринларини ташкил этиш лойиҳаси ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда уюштирилди.

Хўш, бу галги мавзу нимаси билан аҳамиятли? Шу ва бош­қа саволлар билан Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази директори Улуғбек Камолитдиновга мурожаат қилдик.

— Аввало шуни таъкидлаш керакки “Alternatus” мунозара майдонининг асосий мақсади маҳсулот ёки хизматларнинг янги бозорларини ташкил этиш учун нима қилиш керак ёки мавжуд шундай бозорлар ривожидаги тўсиқларни қандай йўқотиш мумкин, деган саволларга жавоб излаш ҳамда тегишли чораларни кўришга йўналтирилган. Яъни, давлат идоралари, бизнес вакиллари ва олимлар бир жойга йиғилиб шулар ҳақида фикр алмашади. Табиийки, уларнинг ҳар бирида, масалан, бозорга нисбатан ўз манфаати бор, яъни давлат идоралари бозорнинг қонуний ва тартибли бўлишини, олимлар тизимда янгиликлар яратишни, тадбиркор эса яхши фойда олишни хоҳлайди. Уларнинг мамлакатимиз тараққиёти учун устувор ҳисобланган муайян масалалар, мавжуд муаммоларни ечиш бўйича нуқтаи назарлари ва фикрлари эшитилиб, бирлаштирилгач, муқобил бир фикр — ҳар томонлама уйғунлашган ғоялар шакллантирилади, ўзаро мувозанатлашган ва ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқадиган оқилона қарорлар қабул қилинади. Навбатдаги мунозара ҳам худди шу йўсинда кечди ва унинг аҳамияти шундаки, замонавий ахборот технологияларининг янги-янги имкониятларидан фойдаланиш бугунги ислоҳот талаби бўлиб турибди. Қолаверса, электрон тижорат ҳам вақтни, ҳам маб­лағни қисқартириш омилларидан бири саналади. Шундан келиб чиқиб савдонинг рақамли экотизимини шакллантириш бўйича мунозаранинг асосий мазмуни электрон савдо тизими иқтисодиёт учун зарурлиги, бу борадаги тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда экспортдаги транз­акцион харажатларни қисқартириш кераклигидан иборат бўлди. Масалан, анъанавий савдода тадбиркор ўз маҳсулотини чет эл бозорига муайян бир транспорт ва бир неча давлат чегараси орқали олиб ўтиб, сотиши мумкин. Электрон тижоратда шу ердан туриб ўз маҳсулотини, масалан Австралияга, бемалол сотиши учун шароит яратилади. Бу жараёнда албатта биринчидан бозорни кенгайтириш муҳим, чунки кичик ҳажмдаги бозорда электрон савдо унча яхши ишламайди. Иккинчидан, сотиб олувчиларнинг тўлов қобилияти юқори бўлиши керак. Афсуски, республикамиз аҳолиси етарлича тўлов қобилиятига эга эмас, шунинг учун анъанавий реал бозордан фойдаланишни маъқул кўради. Учинчидан, тўлов масаласини ечиш, кафолатланган тўлов тизими бўлиши лозим. Буларнинг барчасига эришиш учун эса талабга жавоб берувчи логистика керак. Бизда эса ҳозирда логистика ривожланмаган ва у жуда қиммат.

– Санаб ўтилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан қандай муқобил фикрлар шаклланди?

– Асосий масала сифатида ягона платформани яратиш, яъни электрон савдо тизими ягона майдонда бўлиши мақсадга мувофиқ деган таклиф ўртага ташланди. Бу нимага дегани? Масалан, ҳозир бирор-бир корхонани рўйхатдан ўтказиш давлат хизматлари бўйича ягона дарча орқали амалга оширилади. Электрон тижорат иштирокчилари ягона дарчага бормасдан ўзининг платформасида виртуал ҳолатда ўз корхонасини очади, виртуал тарзда ходимларни ишга олади, уларга ҳақ тўлайди, маҳсулотини реклама қилади ва сотади. Умуман, ягона платформада ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар, харидорлар, сервис компаниялари, савдони ташкиллаштирувчилар, етказиб берувчилар ҳаммаси битта эко тизимга бирлашади ва пировард натижада харажатлар анчага қисқаради. Бу мақсадга эришиш учун кўп ишлар қилиниши керак. Хусусан, ҳуқуқий базани қайта ва жиддий равишда кўриб чиқиш, бир қатор ҳужжатлардаги нормаларни ўзгартириш билан бирга, тартибга солиш жараёнларини иложи борича соддалаштириш, бозор иштирокчиларининг эркинлигини таъминлаш лозим бўлади. Ягона электрон платформа республика ичида фаолият юритадиган тизим ҳисобланади ва унда савдодан ташқари бошқа виртуал хизматлар ҳам кўрсатилади.

Бундан ташқари, давлатларо электрон ягона савдо майдонини яратиш ғояси ҳам илгари сурилди. У Марказий Осиё мамлакатларини қамраб олса, ўзаро савдо-сотиқ ва экспорт, логистикани ривожлантириш имкониятини беради.

Яна бир масалага эътибор қаратилди. Юқорида тилга олинган тизимларни йўлга қўйиш кўп сонли мутахассисларни талаб қилади. Бу борада, масалан, Хитойнинг бутун дунёга машҳур “Алибаба” бизнес мактаби билан ҳамкорлик асосида соҳа учун малакали кадрларни тайёрлаш таклифи ҳам ўрганилиши мақсадга мувофиқдир.

Бундан ташқари, тўловлар масаласини кўриб чиқиш керак деган фикрга келинди. Яъни банкларга муқобил бўлган тўлов тизими яратилиши лозим. Чунки, банклар электрон тижоратда ҳали тажрибага эга эмас. Шунинг учун алоҳида ва мустақил ҳамда кафолатланган тўлов тизими фаолиятини қонун йўли билан мустаҳкамлаш таклифлари билдирилди. Бу давлатлараро ягона савдо майдонининг самарали ишлаб кетишида муҳим аҳамиятга эга.

Электрон тижоратда туристик маҳсулотларнинг экспорти катта ўрин тутади. Мунозаралар чоғида туризм соҳасида, масалан, меҳмонхоналарни брон қилиш, электрон авиа ҳамда поезд чипталаридан фойдаланишни йўлга қўйишда ҳали кўп ишларни амалга ошириш зарурлиги маълум бўлди.

– Электрон савдо майдонини яратиш ғоясининг ҳаё­тий воқеликка айланиши учун нималарга эътибор қаратиш муҳим?

– Энг асосийси, техник шартларидан ташқари, бу жараёнда электрон савдо компаниялари пайдо бўлиши учун
шароит яратиш ва уларни рағбатлантириш, электрон савдода сотиладиган маҳсулот, иш, хизматларнинг нархлари анъанавий бозор ёки дўкондагидан арзон бўлишини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга. Бундай мақсадга эришиш ўз навбатида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун тенг ша­роит яратиш ва ҳалол рақобатни шакллантириш, экспортни кенгайтириш, энг муҳими коррупциянинг олдини олиш ва аҳоли фарвонлигини оширишга олиб келади.

Умуман, муҳокамалар пайтида билдирилган барча ғоялар умумлаштирилиб, чуқур ўрганилган ва асослантирилган ҳамда электрон тижоратни ривожлантириш учун биринчи навбатда нима ишлар қилиниши мумкинлиги ҳақидаги якуний хулоса ҳукуматга тақдим этилади. Шу ўринда “Alternatus” мунозаралар майдонининг олдингиларида муҳокама қилинган масалалар бўйича берилган таклифлар ва ишлаб чиқилган тавсиялар бир қатор муаммоларни бартараф этиш имкониятини бериб, кейинги йилларда қабул қилинган ҳужжатларга асос бўлиб хизмат қилганини таъкид­лаш жоиз.

Замира ТОЖИЕВА суҳбатлашди.

 

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"