Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4130
8733
9393

-660
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
56172
84323
231749

-147426

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 161 104
Главная "БИРЖА" Корпоратив бошқарув кодексига риоя этишнинг методик жиҳатлари


korporativ_160Илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳам Корпоратив бошқарув кодекси амалиётга татбиқ этилган бўлиб, мазкур кодексдан кўзланган мақсад фаолият очиқлигининг халқаро стандартларини жорий этиш, директорлар корпуси ва давлат вакилларининг масъулиятини ошириш, корхоналарни бошқаришда акциядорлар, шу жумладан, миноритар акциядорларнинг ролини кучайтириш, корпоратив низоларни тартибга солишда кўмаклашиш, ички корпоратив бошқарув амалиётидаги айрим ноаниқликларни бартараф этиш, корпоратив бошқарув тизимида юқори самарадорликка эришишдан иборат.

Айни пайтда ушбу кодексни жорий этиш кўламини кенгайтириш, бунинг учун кодекс қоидаларини қўллаш механизмлари ва тартиб-таомилларини очиб бериш ҳамда амалиёт чоғида зарур бўлган жиҳатларга эътиборни кучайтириш мақсадида кодекснинг айрим қоидаларига риоя этиш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқилди. Мазкур методик тавсиялар Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштириш, рақобат ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш муаммоларини тадқиқ этиш маркази томонидан тайёрланган бўлиб, у ҳозирда кодекс жорий этилган 400 дан ортиқ акциядорлик жамиятида амалий қўлланма сифатида фойдаланиш учун қўмита веб-сайтига жойлаштирилган. Мазкур методик тавсияларнинг мазмунига қисқача тўхталиб ўтамиз.

Кодекснинг муайян тавсияларига риоя этиш имкони мавжуд бўлмаганда, акциядорлик жамиятлари “риоя қил ёки тушунтир” (“comply or explain”) халқаро тамойилига кўра, унинг сабабларини тўлиқ ошкор этиши керак.

“Риоя қил ёки тушунтир” тамойили компания тўғрисидаги ахборотни ошкор этишни ҳамда инвесторлар учун тегишли тушунтиришлар беришни қатъий белгилаб қўяди. Шунинг учун агар инвесторлар компаниянинг корпоратив бошқарув стандартларига риоя қилмаслик сабаблари тўғрисидаги тушунтиришларини етарли деб қабул қилишмаса, у ҳолда, эҳтимол, улар ўзларига тегишли компания акцияларини сотишни бошлашади, бу эса уларнинг бозор қиймати пасайишига олиб келади.

Халқаро амалиётга мувофиқ, “риоя қил ёки тушунтир” тамойили компаниялар томонидан “Риоя қилиш ҳақида хабарнома”ни ёки “Мувофиқлик ҳақида хабарнома”ни эълон қилиш йўли билан амалга оширилади. Мазкур хабарномаларда корпоратив бошқарув тамойилларини қўллаш ва корпоратив бошқарув кодекси нормаларига мувофиқликни таъминлаш борасидаги ахборот ошкор этилади. Мувофиқлик таъминланмаган тақдирда акциядорлик жамиятлари қабул қилинган кодекс тавсияларидан ҳар қандай чекиниш ҳолатларини тушунтиришади. Хабарнома одатда даврий нашрларда, акциядорлик жамиятларининг веб-сайтида ёки бошқа манбаларда чоп этилади. Жамиятлар бундай тушунтиришларни оғзаки тарзда акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида беришлари ҳам мумкин.

Шунинг учун кодексга риоя қилиш тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш пайтида акциядорлик жамиятлари бундай ахборотни “Риоя қилиш ҳақида хабарнома” шаклида эълон қилишса ҳамда уни жамият йиллик ҳисоботига алоҳида бўлим сифатида киритишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Кодекс тавсияларига риоя қилиш ҳақида хабарнома матн кўринишида ихтиёрий шаклда тузилиши мумкин, бунда унинг мазмунини АЖ мустақил равишда ўзи белгилайди. Ёки ушбу хабарномани жадвал шаклида ҳам ифодалаш мумкин. Бунда кодекснинг барча тавсиялари ҳамда риоя қилиш тўғрисидаги ахборот ёки риоя қилмаслик сабаблари келтирилади.

Кодексда, шунингдек, кузатув кенгаши мустақил аъзоларининг жорий этилиши хорижий мамлакатларда қўлланилгани каби акциядорлик жамиятларида “мустақил директорлар” деб аталувчи институтни шакллантириш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида тавсия қилинган. Мустақил директорлар деганда, ўз нуқтаи назарини шакллантириш учун етарли мустақилликка эга ҳамда АЖ ижроия органи, алоҳида акциядорлар гуруҳлари ёки бош­қа манфаатдор томонлар таъсиридан мустақил равишда ўз холис ва виждонли фикрларини айтишга қодир бўлган, шунингдек, етарли даражадаги профессионаллик ва тажрибага эга бўлган шахслар тушунилади.

Корпоратив бошқарувда кузатув кенгаши мустақил аъзоларининг етарли миқдорда мавжуд бўлиши самарали кузатув кенгаши тузилмасини шакллантиришда энг муҳим тавсиялардан бири бўлиб ҳисобланади. Кузатув кенгаши таркибига биттадан кўп, аммо унинг умумий сонининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда мустақил аъзони киритиш бўйича талабни нафақат Кузатув кенгаши тўғрисидаги низомда, балки АЖ уставида ҳам кўзда тутиш тавсия этилади.

Гарчанд кодекс кузатув кенгаши таркибига биттадан кам бўлмаган мустақил аъзони киритишни тавсия этса-да, корпоратив бошқарувнинг энг илғор хорижий амалиётига мувофиқ, АЖнинг самарали корпоратив бошқарув тузилмасини таъминлаш учун мустақил аъзоларни кузатув кенгаши умумий сонининг камида 1/3 қисми миқдорида жалб этиш тавсия этилади. АЖда кузатув кенгаши мустақил аъзоларининг мавжуд бўлиши расман юзаки бўлмаслиги учун Кузатув кенгаши тўғрисидаги низомда уларнинг ваколатларини аниқ белгилаб қўйиш ёинки ҳар йили кузатув кенгаши аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлаш лозим.

Акциядорлик жамиятлари Кузатув кенгаши тўғрисидаги низомни ишлаб чиқишда шундай тартибни кўзда тутиши тавсия этиладики, унда кузатув кенгаши мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш пухта ишланган режа асосида амалга оширилади. Бундай режани кузатув кенгашининг барча аъзолари, ижроия органи, тафтиш комиссияси ҳамда, зарурат туғилганда, АЖнинг аудитори ва ички аудит хизматидан келиб тушган таклифлар асосида кузатув кенгашининг раиси шакллантиради. АЖ кузатув кенгаши раисининг кузатув кенгаши мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бўлган батафсил функциялари ва фаолият тартиби шундай тузилиши лозимки, натижада кузатув кенгашининг аъзоларига унинг мажлисини лозим даражада ташкил этишга имконият таъминлансин.

Жамият кузатув кенгаши тўғрисидаги низомнинг “Кузатув кенгашининг мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби” деб номланган бўлимида кузатув кенгаши раисининг мажлисдаги барча иштирокчиларга уни лозим даражада ўтказишга тайёргарлик кўриш ва унда олиб чиқилган масалаларни муҳокама қилишда фаол иштирок этиш имкониятларини яратиш бўйича роли, функциялари ва жавобгарлиги аниқ кўрсатилиши лозим.

АЖ кузатув кенгаши аъзолари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз мажбуриятларини бажаришда жамиятнинг манфаатларини кўзлаб иш тутиши ҳамда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши лозим. Шунга мувофиқ, Кузатув кенгаши тўғрисидаги низомда кузатув кенгаши аъзолари вазифасини бажаришдан озод этилиши мумкин бўлган шартларни назарда тутиш лозим. Бундай шартлар, масалан, қуйидагилар бўлиши мумкин:

- ўз мавқеидан АЖ манфаатларига зарар етказган ҳолда шахсий мақсадларида фойдаланиш;

- АЖ ва унинг барча акциядорлари манфаатларига зид равишда инсофсизлик ва ақлсизлик билан иш тутиш;

- АЖ фаолияти тўғрисидаги ўзига маълум бўлган махфий ахборотни, шу жумладан, инсайдерлик ахборотини ошкор этиш, унинг бошқа шахслар томонидан ўз мақсадларида фойдаланишларига йўл қўйиш;

- кузатув кенгашининг мажлисларида, кузатув кенгаши қошидаги қўмиталарнинг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаслик;

- у тузилишидан манфаатдор шахс деб эътироф этилиши мумкин бўлган битимлар тўғрисидаги маълумотларни яшириш ва ҳ.к.

Кодекснинг жамият кузатув кенгаши қошида махсус қўмиталарни ташкил этиш борасидаги қоидаларига риоя этишнинг методик жиҳатларига тўхталадиган бўлсак, акциядорлик жамиятларида бундай қўмиталарни ташкил этиш амалиёти корпоратив бошқарувнинг энг илғор амалиёти ва стандартлари томонидан қўллаб-қувватланади ҳамда хорижий мамлакатларда кенг қўлланилади. Кодекснинг ушбу тавсиясини самарали амалга ошириш учун АЖ кузатув кенгаши қошида энг муҳим масалаларни дастлабки кўриб чиқиш ва кузатув кенгашига тавсияларни тайёрлаш учун доимий ёки вақтинчалик ишлайдиган, масалан, қуйидаги қўмиталарни ташкил этиш мақсадга мувофиқ: аудит бўйича қўмита, мукофотлаш бўйича қўмита, кадрлар бўйича қўмита, корпоратив бошқарув бўйича қўмита, стратегик режалаштириш бўйича қўмита, одоб-ахлоқ бўйича қўмита.

Мазкур қўмиталар тўлақонли фаолият юритиши учун акциядорлик жамиятларига ҳар бир қўмитанинг вазифалари, ваколатлари, уларни шакллантириш ва иш тартибини белгиловчи ички ҳужжатларни тасдиқлаш тавсия этилади. Ички ҳужжатларга асосланган бундай қўмиталарнинг фаолияти кузатув кенгаши томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг сифатини оширишга имкон беради, унинг аъзоларини кенгаш ишига масъулият билан қарашга йўналтиради ва шу тариқа кузатув кенгашининг иш фаоллиги оширилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Корпоратив бошқарув кодекси жорий этилган акциядорлик жамиятларида мазкур методик тавсиялардан фойдаланиш корпоратив
бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Зуфар АШУРОВ,

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги

Хусусийлаштириш, рақобат ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш муаммоларини

тадқиқ этиш маркази директори ўринбосари в.б.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"