Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4608
5204
5887

-683
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
149265
191346
159390

+31956

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 648 893
Главная "БИРЖА" Давлат дастуридаги вазифалар ижросига киришилди

drq_160Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 22 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга киришилди.

Бунинг учун, энг аввало, ҳар бир вазирлик ва идора каби Давлат рақобат қўмитаси томонидан ҳам чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унда қўмита зиммасига юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида сўзсиз бажарилиши учун амалга ошириладиган ишлар, уларнинг муддатлари ва масъуллари белгилаб олинди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, давлат дас­турининг барча йўналиши бўйича чоралар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ҳаётга татбиқ этилиши кўрсатиб ўтилган бўлиб, бу жараёнда давлат ва нодавлат ташкилотлар, шу жумладан, Давлат рақобат қўмитасининг ҳам бевосита ва билвосита иштирок этиши кутилмоқда.

Масалан, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш борасида давлат мулкини аукцион савдоларда сотиш ва ижарага беришда ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенг жорий этиш кўзда тутилган. Бу жараён Интернет тармоғида давлат мулкини сотиш учун ягона портални ташкил этиш, унда ижарага бериладиган давлат мулки объектлари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш, муайян тоифадаги давлат мулки объектларини ижарага олиш ҳуқуқини электрон аукцион савдоларда сотиш, давлат мулкини реал вақт режимида сотиш тартибларини белгилаш ҳамда давлат мулкини сотишда иштирок этувчи субъектлар дои­раси, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш орқали амалга оширилади.

Аҳолининг бўш пул маблағларини иқтисодиётнинг реал секторига жалб қилиш мақсадида корхоналар томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни сотиб олишни рағбатлантириш чоралари кўрилади. Бунинг учун қимматли қоғозларни сотиб олувчи жисмоний шахсларни даромад солиғидан озод этиш назарда тутилмоқда.

Республикада истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ваколатли давлат органини (агентлик) ташкил этиш ҳақида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат тайёрланади. Унда махсус ваколатли давлат органининг вазифа ва ваколатлари, давлат тизимига жамоатчилик назорати институтини кенг жорий этиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали ва шаффоф механизмлари белгилаб берилади.

Электр энергияси соҳасидаги самарасиз ва зарар билан ишлайдиган давлат улуши мавжуд корхоналар фаолияти таҳлил қилиниб, бундай корхоналарни соғломлаштириш юзасидан “йўл харита”лари ишлаб чиқилади. Ушбу корхоналарнинг мавжуд ички имкониятларидан самарали фойдаланиш, ортиқча ер майдонларини мақбуллаштириш, аниқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун маблағлар манбаларини аниқлаш ва қўшимча иш ўринлари яратишга, ушбу тои­фадаги корхоналарни хусусийлаштириш юзасидан аниқ таклифларни тайёрлашга эътибор қаратилади.

Қўмита давлат дастуридаги бир қатор вазифаларни бажаришда билвосита иштирок этади. Масалан, бир қатор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлатнинг иқтисодиётни бошқаришдаги таъсирини қисқартириш, унинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш юзасидан меъё­рий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилади. Улар, асосан, давлат назорати механизмларини такомиллаштириш орқали рухсат бериш тартиб-таомилларига оид айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш, давлат иштирокидаги бизнес тузилмаларнинг ташкил этилишини чеклаш, давлат бошқарув органларининг айрим функцияларини, шу жумладан, уларни муқобил тартибга солиш турларига (жавобгарликни мажбурий суғурталаш, мувофиқликни декларациялаш ва бошқалар) алмаштириш орқали қисқартириш чораларини ўз ичига олади.

Ҳамкорликда тайёрланадиган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда давлат органларининг турлари (вазирлик, давлат қўмитаси, агентлик, инспекция, марказ ва ҳ.к.), фарқланувчи жиҳатлари ва вазифалари, давлат органларига хос бўлган махсус вазифалар доираси, вазифалари ўзаро такрорланувчи вазирлик ва идораларни мақбуллаштириш ҳамда бирлаштириш, агентликлар, қўмиталар, инспекциялар ва марказларни тегиш­ли вазирликларга бўйсундириш, давлат бошқарув органларининг ягона рўйхатини белгилаш, бошқарувнинг инновацион шакл­ларини жорий этиш, давлат вазифаларини тадбиркорлар ва жамоатчиликни тенг ҳамкор сифатида жалб этган ҳолда бажариш механизмларини такомиллаштириш масалаларини акс эттириш кўзда тутилган.

Иқтисодиётнинг илғор ғоя, ноу-хаулар яратиш ва “ақлли” технологияларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги моделига босқичма-босқич ўтиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши кутилаётган бўлиб, ундан, жумладан, иқтисодиётни бошқаришнинг янги механизмларини, замонавий ва илғор технологик ёндашувларни, иқтисодиёт тармоқлари самарадорлигини баҳолашнинг инновацион мезонларини жорий этиш чоралари ўрин олиши кутилмоқда.

Ижро этувчи ҳокимият органлари сони, улар тузилмаси ва бўлинмалари оптималлаштирилиши муносабати билан ушбу органларнинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги доираси қайта кўриб чиқилган ҳолда, масалан, ижро этувчи ҳокимият органларининг такрорловчи таркибий тузилмалари ва муассасаларини, шунингдек, вазифа ҳамда функциялари хусусий секторга ўтказиладиган таркибий тузилмаларни қисқартириш чоралари кўрилиши мўлжалланган.

Давлат дастурида белгиланган муҳим вазифалардан бири мамлакат ички бозорида истеъмол товарлари ва хизматлар бўйича нархларнинг кескин ошиши олдини олиш масаласига дахлдор. Бу йўналишда ички истеъмол бозорига асосий озиқ-овқат ва бошқа истеъмол товарларининг узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш, истеъмол товарлари бўйича юзага келиши мумкин бўлган тақчилликни олдиндан аниқлаш ва бу бўйича тегишли чораларни кўриш, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан (асосий, оралиқ, такрорий) самарали фойдаланиш, ички бозорда рақобат муҳитини жонлантириб бориш ва сунъий равишда яратилиши мумкин бўлган тақчилликларнинг олдини олишга катта эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, давлат дастурида рес­публикамизда фонд бозорини ривожлантириш, соҳада давлат бошқарувини тубдан ислоҳ қилиш ва давлат органларининг бир-бирини такрорловчи, ортиқча назорат функцияларини бекор қилиш ҳамда молия бозори учун ягона давлат органини ташкил этиш алоҳида кўрсатиб берилган. Ушбу орган Марказий банк, Молия вазирлиги ва Давлат рақобат қўмитасининг тегишли таркибий бўлинмалари ҳамда Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривож­лантириш маркази негизида тузилади ва у молия бозорини ривожлантириш бўйича мустақил фаолият юритади.

Эркин рақобат муҳитини яратиш, нархларнинг барқарорлиги ва имтиёзларнинг манзиллилигини таъминлаш мақсадида имтиёзларни индивидуал тартибда бериш амалиётидан воз кечиш, уларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг алоҳида турлари учун жорий этиш ҳам кутилмоқда. Бунинг учун имтиёзлар беришнинг шартлари, мезонларини белгилаш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш, имтиёзларни муайян молиявий ижтимоий натижага эришиш шарти билан бериш, божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қайта кўриб чиқиш, ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган товарлар бўйича имтиёзларни бекор қилиб, мақбул бож тўлови ставкаларини белгилаш, имтиёзларни алоҳида субъектларга эмас, балки соҳалар ёки товарлар (хизматлар, ишлар) турларига нисбатан жорий этиш тизимини яратиш устида иш олиб борилади.

Давлат-хусусий шериклик муносабатларига ўтишнинг ҳуқуқий ва институционал базасини шакллантириш, яъни иқтисодиётнинг кўп харажатли тармоқлари (муҳандислик-коммуникация, йўл инфратузилмаси ва бошқалар) ҳамда таълим ва соғлиқни сақлаш каби ижтимоий соҳаларда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш борасида давлат ва хусусий инвесторларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйишга имкон берадиган давлат-хусусий шерикликни кенг қўллаш чоралари кўрилади.

Интернет тармоғида алоҳида дори-дармонлар тури, улгуржи, чакана нархлар ҳолати ва ўзгаришлари ҳақида маълумот тақдим этиб борилиши, барча дорихоналар манзили ва дори воситалари тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантириш, харид қилинаётган дори воситаларининг мувофиқлик сертификати ҳамда аҳолининг фикр ва мулоҳазаларини мониторинг қилиш тартиби ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Тошкент, Нукус шаҳарларида, вилоятлар марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, эксперимент натижасига кўра, респуб­ликанинг барча ҳудудларида мактаб­гача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш ҳам муҳим вазифалар қаторидан ўрин олган.

Умуман, дастурда белгиланган ҳар бир вазифа, энг аввало, давлат ва жамият тараққиёти, аҳоли фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг янгича, замонавий услубда ҳамда халқаро талабларга таянилган ҳолда давом эттирилишига қаратилган. Унинг кўзланган даражадаги ижросини таъминлаш эса ҳар бир тегишли идора мутахассисларидан юксак масъулиятни, бор билим ва куч-ғайратни сарфлашни талаб этади.

Жаҳонгир РАСУЛОВ,

Давлат рақобат қўмитаси

бош мутахассиси.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"