Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
974
5056
5068

-12
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
49459
205121
151672

+53449

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 511 184
Главная "БИРЖА" Ер юзининг жаннати

meva-va-sabzavot-160Севимли шоиримиз Ҳамид Олимжон юртимиз мадҳида битган гўзал шеърларидан бирида:

Сенинг жаннат водийларингдан

Наҳрлардай тўлиб оқурман,

деб ёзган эди. Бугун ана шу жаннат водийларимизда бобо офтобнинг беқиёс сеҳрию ўзбек деҳқонининг қайноқ меҳри билан пишиб етилган ширин-шакар мевалар, болдай тотли узумлар, таъми тил ёрар қовунларни татиб кўрган жумлаи жаҳон аҳли Ўзбекистон ер юзининг жаннати эканлигига иқрор бўлаётир.

Бу фикримизга Тошкент ва Нью-Йоркни тўғридан-тўғри боғловчи улкан ҳаво кемаларидан иккитаси зироатчилик неъматларини ташишга мослаб қайта жиҳозлангани яққол далил бўла олади. Негаки, эндиликда олис америкаликлар ҳам юртимизда етиштирилган меваларнинг таъмию саломатлик учун фойдасига юксак баҳо бериб, сархил ноз-неъматларимиз қадрини баланд тутишмоқда.

Шу ҳақда ўйлар эканман, шўролар даврида Хоразм­нинг машҳур қовунларини килосига бир тийиндан, Сурхондарёнинг Олтинсойида етилган тиллоранг узумларини эса атиги тўрт тийиндан сотишга мажбур бўлинган ўтмиш замонлар эсга тушади. Мустақиллигимиз шарофати билан эндиликда бу неъматларни бободеҳқоннинг пешона терига арзийдиган нарх-навода жаҳон бозорига чиқаришга кенг йўл очилди. Ноз-неъматларимиз машинаю поездлардагина эмас, йирик ҳаво кемалари орқали ҳам дунёнинг энг олис қитъаларидаги манзилларга етказиб берилаётгани эса Ўзбекистон бу борада тенгсиз имкониятларга эга эканини амалда намоён этмоқда.

Шу ўринда истиқлолнинг илк йиллари Бухоронинг Ромитон туманида ўзим гувоҳ бўлган бир манзара кўз олдимга келди. Ўшанда маҳаллий тадбиркорлардан бири мева ва сабзавотларни қайта ишлаш бўйича кичик корхона очиб, яқин хориждан олиб келинган технология билан таништирган эди. Ўрик, олма, шафтоли каби мевалар ҳамда помидор айни пишиб етилган пайтда аҳолидан харид қилиниб, қайта ишлаш жараёнида қиём ҳолидаги экстрактга айлантирилар экан. Махсус идишларга солинган қиём ва томат пасталари хорижга бартер усулида жўнатилиб, у ёқдан ҳайдов трактори ва комбайн каби қиш­лоқ хўжалиги техникаси олиб келинади. Қиём экстракти эса хорижда махсус консервант қўшилиб шарбатга айлантирилар экан. Кейинчалик бундай корхоналар ўзимизда ҳам кўпайиб, пештахталар шарбатга тўлиб кетди. Таъми яхши, кўпчилик севиб харид қилади. Бироқ, консервант қўшилган-да, табиийсига нима етсин, дегувчилар ҳам йўқ эмас.

Тараққиётни қарангки, юртимизнинг энг тотли меваларидан консервант қўшмасдан ҳам шарбат тайёрлаш ва уни узоқ вақт сақлашнинг йўли топилибди. Яқинда Қарши шаҳрида бўлганимизда “Darmon Farm” холдинг хусусий корхонаси раҳбари Анзур Нормуродов меҳмонхонага ҳар бири уч литрдан қилиб қадоқланган икки идиш шарбат олиб келиб қолди. Чиройли дизайнга эга шарбат идиши қуйи қисмида жажжигина жўмракча ҳам бор. Жўмрак устидаги нафис қопламани очиб, икки ёнига туртиб чиққан “қулоқ”чани кўтарган эдик, пиёламизга шовуллаб олма шарбати қуйилди. Уни татиб кўриб, қайта-қайта ичгимиз келаверди. Шу қадар тотли, шу қадар ноёбки...

– Бу шарбатга бир мисқол ҳам консервант қўшилмаган. Юз фоиз табиий, – дейди Анзурбой. – Технологияни Италия ва Германиядан олиб келдик. Ҳозир агрофирмамизда ҳар соатда икки тонна шундай шарбат тайёрланади. У аллақачон супермаркетларга чиқиб кетди. Эндиликда маҳсулотни хорижга экспорт қилиш бўйича музокара олиб боряпмиз.

Қизғин гурунг пайти уч литр олма шарбатини бир зумда ичиб қўйдик. Тадбиркорга саволларимиз кўп эди. Шу сабабли махсус яратилган шарбатбоп мевазор боғни ва шарбат тайёрлаш заводини ўз кўзимиз билан бориб кўриш истаги туғилди. Саксон километр йўл босиб, Яккабоғ туманига етиб келдик.

Ўшанда мезон насимлари эсаётган, она юртимизнинг бор зеб-зийнати боғу бўстонлар жамолида намоён бўлган айни олтин куз эди. Шаҳрисабз – Қарши автомобиль трассасининг шундоқ ўнг тарафида шиғил ҳосилга кирган йигирма гектарлик интесив боғ ҳайратимизга ҳайрат қўшди. Гольден, симиренко ва яна кўплаб нав олмалар, экспорт учун мўлжаллаб экилган олхўри, олча, узум, анор мевалари ҳамда сабзи, лавлаги, ошқовоқ каби саб­завот-полиз экинлари “Шарофат она Қаҳрамон қизи” агрофирмасининг шарбат тайёрлаш заводини хомашё, яъни ширин-шакар неъматлар билан таъминлайди. Ҳар гектар ердан 30 тонна мева олинаётган янги интенсив боғ томчилатиб суғориш усулида обиҳаёт билан таъминланади. Агрофирма иш бошқарувчиси Шербек Хуррамов бизни ғоят кўркам қилиб қурилган шарбат заводига бошлар экан, корхона тўлиқ хорижий технология асосида жиҳозланганига эътиборимизни жалб этди:

– Мана бу технология ускуналари Австриянинг “VORAN Maschinen GmbH” ва Польшанинг “Mega Sp.z o.o” компанияларида ишлаб чиқарилган, – деди у. – Улар ёрдамида келгусида йилига 3 миллион литр шарбат тайёрлаш қувватига эга бўламиз.

Шербекнинг таъкидлашича, шу йил 27 августда “Darmon sharbati” деб номланган табиий шарбатлар тайёрловчи корхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган. Корхонада яккабоғлик олтмиш киши янги иш ўрни билан таъминланган, уларнинг аксарияти коллежни битирган ёшлардир. Заводнинг кенг ва саришта цехларига кираётганимизда дастлаб ҳозиргина боғдан териб келинган олмаларни саралаётган яккабоғлик қизларга кўзимиз тушганди. Сараланган олмалар орасида қушлар чўқиган ёки чириган, махсус стандартга тўғри келмайдиган бир дона ҳам олма бўлмаслиги керак. Шундан сўнг мевалар технологик жараённинг илк босқичидаги ювиш бўлмасига ўтказилади. Меваларни ювиш бўлмасию шарбат заводининг барча эҳтиёжлари учун тип-тиниқ сув ер остидан артезиан қудуқлар орқали олинади. Ювилган олмалар яна бир бор навбатчи мутахассис назоратидан ўтгач, конвейер усулида ёпиқ ҳолдаги эзиш ускунасига ўтказилади ва шу жойда тайёр шарбату чиқитга ажралади. Сўнг тайёр шарбатни пастеризация­лаш жараёни амалга оширилади. Назоратчи Наргиза Норманова изоҳ беришича, пастеризациялаш жараёни шарбатни махсус идишда 80 даражагача қиздиришдан иборат экан. Шундай қилинса, унинг таркибида шарбат сифатига таъсир кўрсатувчи биронта ёт унсур қолмайди. Шундан сўнг шарбатлар махсус идишларга қуйилади. Бу жараёнда Украинанинг “Технология” акциядорлик компаниясида ишлаб чиқарилган 1,5 ва 3 литрлик S-Pauch русумли махсус пакетлардан фойдаланилмоқда. Улар истеъмолчининг фойдаланиши учун жуда қулай қилиб ишланган. Бу идишларда шарбатни узоқ вақт бемалол сифатига зиён етказмасдан сақлаш мумкин. Пакет-идишнинг махсус жўмракчаси бор: уни очиб шарбат олгандан сўнг ҳам идишда қолган неъмат яна бир ой яроқлилигини сақлайди. Бу исрофгарчиликнинг олдини олиш билан бирга шарбатдан фойдаланиш имкониятини ҳам кенгайтиради.

Шу жойнинг ўзида ҳозиргина мевалардан сиқиб олинган олма шарбатлари таъмини татиб кўрдик. Бундай шарбатни умуман ҳеч жойда ичмаганимизга амин бўлдик. Бунинг асосий сабаби унинг табиийлигида, таркибига ҳеч қандай консервант қўшилмаганида эди.

Шарбат тайёрловчи мутахассислар билан хайрлашаётганда заводнинг кенг ҳовлисида турган “Isuzu” русумли машиналарга кўзимиз тушди. Улар тайёр шарбатларни буюртмачи савдо тармоқларига етказиб берар экан. Ана тараққиёту, мана тараққиёт! Пойтахтга келиб, супермаркетларни айландик. Дарҳақиқат, “Darmon Farm” фирмасининг “Darmon sharbati”ига эҳтиёж катта. Анзур Нормуродов эндиликда юз фоиз табиий шарбатларни хорижга ҳам экспорт қилиш борасида изланмоқда. Бинобарин, Ватанимиз истиқлол шарофати билан болдай тотли мева ва узумлари, сабзавот-полиз неъматлари билангина эмас, улардан тайёрланган табиий шарбатлар билан ҳам жаҳонга донг таратади.

Пойтахтимиздаги Анжуманлар саройида бўлиб ўтган мамлакат қишлоқ хўжалиги ходимлари байрами куни бу воқеалар яна бир бор кўз олдимда гавдаланди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев миришкор деҳқон ва фермерларни дунёдаги энг шарафли касб эгалари, қалбимга энг яқин инсонлар, деб атади. Дарҳақиқат, яйдоқ дашту биёбонларда боғ яратган, эл дастурхонини узум, олма, анор ва бошқа ўнлаб турдаги мевалар билан безаётган, етиштирган тансиқ неъматлари жаҳонни лол қолдираётган фидойи юртдошларимиз меҳнати таҳсинга лойиқдир.

Бу йил биринчи марта ғалладан бўшаган бир миллион гектарга яқин майдонларга сабзавот, картошка, полиз ва дуккакли экинлар экилгани, зироатчилик маҳсулотларининг 132 минг тоннаси қайта ишланиб, 100 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилингани ва 724 минг тонна ҳўл мева хорижга сотилиб, юртимизга 856 миллион доллар валюта келтиргани халқимиз дастурхони янада тўкин, элимиз янада фаровон бўлишидан далолатдир. Пахта ва ғалла экилаётган ҳосилдорлиги паст майдонлар йилдан-йилга қисқартирилиб, ўрнига интенсив боғлар, ёнғоқзор ва токзорлар барпо этилаётгани эса халқимиз кўнглини чоғ этмоқда.

Бу ўзгаришларнинг барчаси мамлакатимиз миллий тараққиётининг янги босқичи самараларини намоён этмоқда. Айни шу жараёнларда, шубҳасиз, ҳаётнинг бақувват устуни сифатида эъзозу эҳтиромга муносиб бўлган бободеҳқону фаол тадбиркорларнинг беқиёс ҳиссаси бор.

Мурод АБДУЛЛАЕВ.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"