Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4093
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
107082
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 069 532
Главная "БИРЖА" Жамоатчилик назорати: қонун лойиҳаси муҳокамада

 

murojaat_160_2Маълумки, Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари зиммасига қонун билан юклатилган вазифаларнинг қай даражада бажарилаётгани устидан назорат бошқа бир давлат органи эмас, балки жамоатчилик томонидан олиб борилиши муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам республикамизда жамоатчилик назоратини шакллантириш, уни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич тарзда ўтказилмоқда. Хусусан, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ Конституциямизда давлатнинг жамият олдидаги масъуллиги белгилаб қўйилган.

2014 йилнинг 16 апрелида Конституциямизнинг бир қатор моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан жамоатчилик назорати институтига конституциявий мақом берилди. Бундан ташқари, фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий фаоллигини ва уларнинг давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини олиб боришдаги ваколатини мустаҳкамлашга оид юздан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатлари шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, фуқароларнинг ошиб бораётган ижтимоий-сиёсий фаоллиги мавжуд норматив-ҳуқуқий базани тизимли равишда ривожлантириш баробарида мазкур соҳада махсус қонун қабул қилинишини тақозо этмоқда. Зеро, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ тайёрланган мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланиб, ҳозирда уни жойларда муҳокама қилиш орқали янада пухталаштириш ишлари давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қонун лойиҳасини шакллантириш жараёнида миллий тажриба, яъни қонунчилигимизда жамоатчилик назорати билан боғлиқ мавжуд нормалар, шунингдек, олимлар ва мутахассисларнинг ушбу масаладаги назарий ва амалий қарашлари ҳамда хорижий давлатлар тажрибаси атрофлича ўрганилиб, таҳлил қилинди.

Қонун лойиҳасининг асосий жиҳатларига тўхталиб қайд этиш керакки, ундан кўзланган мақсад фуқароларнинг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш орқали Конституциямизда кафолатланган жамият ва давлат ишларини бошқаришга бўлган ҳуқуқларининг амалга оширилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Хўш, бундай назорат ким томонидан амалга оширилади? Қонун лойиҳасида 4 та субъект — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари санаб ўтилган.

Жамоатчилик назорати кимнинг устидан олиб борилади? Лойиҳада бу саволга аниқ жавоб бор, яъни унда жамоатчилик назорати объекти очиб берилмоқда. Лойиҳанинг алоҳида моддаларида белгиланаётганидек, давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг бир қатор соҳадаги фаолияти жамоатчилик назоратининг объекти ҳисобланади. Биринчидан, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, давлат, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатларини, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш, иккинчидан, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлаш, учинчидан, ўз зиммасига юклатилган ижтимоий манфаатларга дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни самарали бажариш, тўртинчидан, сифатли давлат хизматларини кўрсатиш, бешинчидан, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажариш бўйича фаолият жамоатчилик назоратининг объектига киради.

Назорат қандай шаклда олиб борилади? Қонун лойиҳасида давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар юбориш, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг, бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиш кабилар назорат шакллари этиб белгиланган.

Ушбу назорат шаклларининг ўзига хосларидан бири бу жамоатчилик эшитувларидир. Лойиҳада акс эттирилаётганидек, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли бўлган ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ёхуд фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига дахлдор бўлган масалаларни муҳокама қилиш учун ташкил этиладиган йиғилиш жамоатчилик эшитуви ҳисобланади. Жамоатчилик муҳокамалари ва эшитувлари очиқ ва ошкора ўтказилади. Муҳокама ва эшитув иштирокчилари ўз фикрларини эркин баён этишлари ва кўтарилган масалалар юзасидан таклифлар беришга ҳақли бўладилар. Жамоатчилик муҳокамалари оммавий ахборот воситалари орқали ҳам ўтказилиши мумкин. Жамоатчилик муҳокамаси ва эшитувининг ташкилотчиси муҳокамага, эшитувга чиқариладиган масала, уни ўтказишнинг муддати ва тартиби ҳақидаги ахборотни олдиндан эълон қилади. Шунингдек, ташкилотчи жамоатчилик муҳокамасига ва эшитувига чиқариладиган масала юзасидан унинг иш юритувида мавжуд бўлган материаллардан барча муҳокама, эшитув иштирокчилари эркин фойдаланишларини таъминлайди.

Жамоатчилик мониторинги эса давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик манфаатини ифода этувчи ахборотни йиғиш, умумлаштириш, тизимлаштириш ва таҳлил этишни ўз ичига олган кузатувдан иборатдир. Жамоатчилик мониторинги очиқ ва ошкора, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказилиши мумкин. Бунда ҳам жамоатчилик мониторинги ташкилотчиси мониторинг объекти, мониторинг ўтказишнинг муддати ва тартиби ҳақидаги ахборотни олдиндан эълон қилиши лозим бўлади.

Жамоатчилик экспертизаси. Бундай экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат органларининг бошқа қарорлари лойиҳалари фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига қанчалик мувофиқлигини аниқлаш мақсадида уларни ўрганиш ва баҳолашдан иборатдир.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш. Бундай назорат шакли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисидаги, давлат органларининг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишига, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини таъминлашга доир фаолияти тўғрисидаги турли ижтимоий гуруҳларнинг фикрини баҳолаш мақсадида ахборот йиғиш, умумлаштириш, қайта ишлаш ва таҳлил этишдан иборатдир.

Жамоатчилик назорати амалга оширилаётганда давлат органларининг мажбурияти ҳам лойиҳада ўз ифодасини топмоқда. Демак, давлат органлари жамоатчилик назорати субъектларига ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда тақдим этишга, ўзига жамоатчилик назорати субъектлари томонидан юборилган мурожаатлар ва сўровларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқишга, мурожаатларга ва сўралаётган ахборотга жавоблар тақдим этишга, жамоатчилик назорати субъектлари томонидан юборилган таклиф ва тавсияларни, шунингдек, якуний ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқишга мажбур.

Қонун лойиҳасига кўра, жамоатчилик назорати натижалари бўйича баённома, хулоса, маълумотнома ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда якуний ҳужжатлар тайёрланиши мумкин. Якуний ҳужжатда баён этилган ахборотлар, тавсиялар ва таклифлар давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади ҳамда улар юзасидан асосланган ва қонуний қарорлар қабул қилинади.

Умуман олганда, мазкур қонун лойиҳаси давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати каби конституциявий нормани, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини ҳаётга татбиқ этишнинг аниқ механизмини ўзида мужассам этгани билан муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати.

 

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"