Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
0
0
0

+0

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 12 417 165

raqobat_300Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири давлат харидлари доирасидаги савдоларни тартибга солиш, давлат харидлари самарадорлиги ва натижадорлигини таҳлил қилиш, танлов савдолари иштирокчиларининг рақобатга қарши хатти-ҳаракатларининг олдини олиш ҳамда танлов (тендер)

савдоларини ўтказишда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан белгиланган тартибда назоратни амалга оширишдан иборат.

Хўш, бу вазифалар қандай бажарилмоқда? Қўмита раҳбари ўтказган матбуот анжумани айни шу масалага ба­ғишланди.

Берилган маълумотга кўра, ўтган йили товар-хом ашё биржасининг умумий савдо айланмаси ҳажми 37,6 трлн. сўмни, шундан юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар савдоси 31,5 трлн. сўмни сўмни ташкил этган. Жорий  йилнинг 2 ойида жами савдо ҳажми 10,4 трлн. сўм, шу жумладан, юқори ликвид­ли ва монопол маҳсулотлар 8,5 трлн. сўмга етган. Ўтган йил октябрдан бош­лаб монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан фақат биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотлар рўйхати 27 тадан 38 тага кенгайтирилди. Мазкур рўйхатга буғдой уни, омихта ем, техник мой, иситиш ёқилғиси, ёқилғи мазути, суюлтирилган газ, хўжалик совуни, нефть эритгичи, нефть парафини, нефть битуми ва мис купоруси каби товарлар киритилди. Ушбу юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадвал асосида амалга оширилади ва бу жараён бўйича қўмита мутахассислари томонидан кунлик мониторинг ўрнатилган. Шу орқали ички бозорда нархларнинг сунъий равишда ошиб кетиши ва бозордаги бошқа салбий ҳолатларнинг олди олинишига ҳаракат қилинмоқда.

Товар-хом ашё биржасида ўтган йили сезиларли  ўзгаришлар кузатилди. Жумладан, март ойидан эътиборан биржа савдолари орқали илк маротаба қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш, платина қуймаси, грануласи ёки кукунининг) сотуви йўлга қўйилди. Аи-91 маркали автомобиль бензинининг нархи биржа савдолари якунларига мувофиқ бозор қоидалари асосида, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда эркин ўрнатиладиган бўлди.  Ўтган йилнинг 15 октябридан бошлаб буғдой (ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиганидан ташқари) ва буғдой уни  ҳеч қандай чекловларсиз очиқ биржа савдолари орқали сотилишига киришилди. Буғдой унини сотишда бозор механизмининг жорий этилиши натижасида маълум вақт ўтиши билан бозор қоидалари ўз сўзини айтди ва буғдой унининг нархи пасайиб, биржа бозорида мувозанат юзага келди (уннинг бир тоннаси учун биржада максимал сотилган нархи 2579 минг сўмдан 2319 минг сўмгача (10 фоизга) тушди. Бугунги кундаги биринчи  навли ун маҳсулотининг сотилиш нархи ўртача 2383 минг сўмни ташкил этмоқда.

Президентимиз қарори талабига мувофиқ, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакарнинг 90 фоизи ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга  савдоларда қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилинмоқда. Қўмита томонидан биржа савдоларига қўйиладиган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни кунлик мониторинг қилишни енгилллаштириш ва сифатли амалга ошириш мақсадида ҳар бир ҳудудий бошқармада масъул мутахассислар бириктирилган. Улар томонидан бундай маҳсулотларни сотишда ва биржа савдоларини ўтказишда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат мунтазам олиб борилаяпти.

Алоҳида таъкидланишича, давлат харидлари соҳасидаги ислоҳотлар илғор халқаро тажрибага мувофиқ ҳали тугалланмаган, хусусий секторнинг давлат ва корпоратив харидлар тизимида иштирок этишида  тўсиқлар сақланиб қолмоқда. Масалан ўтган йил натижаларига кўра,  бюджет маблағлари ҳисобига ўтказилган давлат харидларининг 70 фоизи (40,8 трлн. сўм) тўғридан-тўғри харид ёки рақобатсиз тартибот орқали ўтказилган. Корпоратив буюртмачилар жами харидларининг 96,8 фоизи (40,7 трлн. сўм) тўғридан-тўғри харид орқали амалга оширилган. Бу эса, ўз навбатида рақобатнинг чекланишига ва давлат бюджети маблағларининг тежалишига тўсқинлик қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, вазирлик ва идораларга, шунинг­дек, хўжалик бошқаруви  ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига  “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунда кўзда тутилмаган тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи баённомалар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни қатъиян тақиқлаш таклифи устида иш олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, давлат харидлари ва тендер савдоларида рақобатга зид ҳаракатлар давом этмоқда. Чунончи, қўмита мутахассислари бултур давлат харидлари ва тендер савдоларида рақобат шартларини таъминлаш бўйича 180 дан ортиқ тендер савдоларида иштирок этишган. 5 мингдан ортиқ давлат харид­лари жараёнлари таҳлил қилиниши натижасида эса 1 107 та ( 22,14 фоизида) рақобат ва давлат харидлари тўғрисидаги қонун талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланган. Масалан, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказилган (3 195 та) танлов савдоларининг 541 тасида (16,93 фоизи) ҳамда  Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган (2 293 та) танлов савдоларининг 566 тасида (24,68 фоизи)  “Давлат харидлари тўғрисида”ги ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги қонунлар талаблари бузилганлиги аниқланган. Улар  юзасидан қўмитанинг тегишли ҳудудий бошқармалари томонидан иш қўзғатилиб, қонунбузилиш ҳолатларини қайта такрорламаслик бўйича кўрсатмалар берилди. Бундай ҳуқуқбузарлик ҳолатлари яна бошқа бир қатор йўналишларда, хусусан қурилиш инвест, автосаноат соҳаларида ҳам кузатилган. Шу боис бугунги кунда “Давлат харидлари тўғрисида”ги,  “Рақобат тўғрисидаги” қонунларга улардаги талабларни бузганлик учун жавобгарликни кескин ошириш, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга ушбу қонунлар қоидаларига риоя этилмаганлик учун катта миқдордаги жарималарни (хорижий тажрибадан келиб чиқиб) қўллашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш мўлжалланмоқда.

Ҳозир республикамизда 22 та стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамияти ва корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб,  улар томонидан амалга оширилаётган давлат харидларида рақобат, очиқлик ва шаффофлик етарли даражада таъминланмаган. Корпоратив буюртмачилар ва стратегик ташкилотлар, шунингдек, уларнинг улуши мавжуд бўлган корхоналар томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилиш бўйича махсус ахборот порталига ўтган йилнинг 9 ойи давомида 12,8 трлн. сўмлик танлов тўғрисидаги эълонлар жойлаштирилган, шундан 525,6 млрд. сўмига харид­лар амалга оширилган. Мазкур ҳолат “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларини стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналари харидларига ҳам татбиқ этиш заруратини келтириб чиқармоқда.

Танлов ва тендер савдолари орқали харид қилиш тартиб-таомилларини ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда электрон тарзда йўлга қўйиш имкониятини яратиш ҳам муҳим масалалардан бири  бўлиб турибди.

Бугунги кунда давлат харидлари бўйи­ча махсус ахборот портали оператори  Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ҳисобланади. Операторнинг соҳадаги монопол ҳолати унинг ривож­ланишига тўсқинлик қилмоқда ҳамда давлат харидларининг умумий ҳажмини тўлиқ бошқариш ва таҳлил қилиш самараси паст даражада бўлиб қолмоқда. Шундан келиб чиқиб, давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали операторлари сонини кўпайтириш ва бу орқали операторлар ўртасида кенг рақобат муҳитини яратиш, натижада давлат харидлари иштирокчилари учун қулай шароит ва сифатли хизмат кўрсатиш, шунингдек давлат харидлари устидан назоратни кучайтиришни таъминлаш таклифи ўртага ташланмоқда.

Тадбиркорлик субъектларининг давлат харидлари бўйича масъул ходимлари бу  соҳада етарли даражада билим-кўникмага эга эмаслиги,  улар яратилган имкониятлардан тўлақонли фойдалана олмаётгани ҳолатлари  ҳам кўзга ташланмоқда. Ўрганишлар натижасида ўтган йил 1 октябрь ҳолатига кўра, жами 91 мингта тадбиркорлик субъекти давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида рўйхатдан ўтган, уларнинг 7,5 мингтаси (8,3 фоизи) электрон давлат харидларида иштирок этган. Шунинг учун бундай субъектлар (давлат харид­лари иштирокчилари) ходимларини соҳадаги етакчи мутахассисларни кенг жалб қилган ҳолда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун махсус ўқув курсларини ташкил этишга эътибор қаратилиши кутилмоқда.

Замира ТОЖИЕВА.

 
TOP-статьи


© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"