tadbir_aktiv_120Президентимизнинг 2018 йил 11 октябрдаги  давлат активларини хусусий мулкка бериш тартибини янада соддалаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектларига қўшимча имкониятлар яратишга  доир  фармонига асосан  ўзига хос  экперимент жорий этилди.

Маҳаллий ҳокимият органларига ўз ваколати доирасида бўш турган давлат объектларини уларни баҳоламасдан, 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда сотиш ва ўз ваколатлари доирасида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали инвестициявий (камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентида) ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда бўш турган давлат объектларини сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилди.

Энг муҳими, мазкур экспериментнинг қисқа вақт ичида кўрсатган  ижобий натижаси ҳамда кўплаб тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган таклифга мувофиқ,  Президентимизнинг 2019 йил 19 февралдаги “Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан ушбу эксперимент 2020 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур фармоннинг  ўзига хос хусусиятлари ва унинг ижроси ҳақида маълумот тақдим этилди.

Таъкидланганидек, ушбу фармон билан давлат активларини хусусийлаштиришнинг замонавий механизми – “Электрон онлайн аукционларни ташкил қилиш маркази” ДУК Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилди ва  электрон савдолар йўналишлари 11 тургача оширилди. Бундан ташқари,  “E-IJRO AUKSION”га 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх бўйича қўйилган давлат объектлари улар тўлиқ сотилмагунга қадар савдолардан олинмаслиги белгилаб қўйилди.

Ҳужжат ижросига қаратилган эътибор туфайли бугунги кунда бўш турган жами 353 та бино ва иншоотнинг электрон савдоларга чиқарилиши таъминланиб, уларнинг 99 таси шаффоф ҳамда замонавий бозор механизмлари орқали тадбиркорлик субъектларига сотилди. Бунда битта объектга ўртача ҳисобда 7 тадан кўп талабгор тўғри келган. Савдоларда ғолиб бўлган барча иштирокчилар жами 151 млрд. 863 млн. сўм инвестиция киритиш ва 3410 та иш ўрни яратиш мажбуриятини олган.

Қайд этилганидек, хусусийлаштириш дастурларига асосан, баҳоланган нархда савдога қўйилган давлат мулки объектлари  ва улушларининг ҳам “E-IJRO AUKSION” орқали сотилиши йўлга қўйилган бўлиб, бир қатор  натижаларга эришилди.  Яъни савдога чиқарилган объектлар ва улушлар қиймати  229,9 млрд. сўмни, сотилган йирик корхона ва объектлар сони  24 тани,  объектларнинг бошланғич нархи умумий қийматда 1 263,0 млн. сўмни, объектлар ва улушларнинг сотилган умумий харид қиймати  32 411,0 млн. сўмни ташкил этди. Натижада хусусийлаштириш жараёнидан мамлакатимиз иқтисодиётига қўшимча юзлаб миллиард сўм инвестиция киритилиши ва минглаб доимий иш жойлари яратилишига эришилди.

Давлат активларидан самарали фойдаланишнинг яна бир усули объектларни ижарага бериш бўлиб, жорий йил 1 июлдан бошлаб бу иш ҳам “E-IJRO AUKSION”да амалга оширилмоқда. Бу борада шаффоф механизм қўлланилгани боис, бугунгача савдога қўйилган бўш турган 1352 та давлат объектидан 775 таси 7,4 млрд. сўм ижара нархида тадбиркорлик субъектларига берилган. Ҳозирги кунда аукционда 577 та объект умумий ижара қиймати 11,0 млрд. сўмга тадбиркорлик субъектларига таклиф қилинмоқда.

Мазкур фармон билан давлат объектлари ва улушлари учун сотиб олиш тўловларини тўлашда харид қийматидан келиб чиққан ҳолда 3 ойдан 3 йилгача бўлиб тўлаш ҳуқуқи жорий этилган. Шу  билан бирга, “ноль” харид қийматида сотишда, шу жумладан, аввал сотилган давлат мулки объектлари бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилган деб қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил давомида янги иш ўринларини сақлаб қолиш тартиби бекор қилинди. Бу эса тадбиркорлар учун қўшимча қулайлик бўлди. Натижаларга қарайдиган бўлсак, 2018-2019 йилларда жами инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган шартномалар сони 519 тани ташкил этди.

Фармон қабул қилингунга қадар тасарруф этиш ҳуқуқи берилган давлат активлари сони 62 тани ташкил этган бўлса, ҳужжат қабул қилингандан сўнг ушбу кўрсаткич 434 тага етиб,  самарадорлик кўрсаткичи 7 бараварга ўсди.

Яна бир муҳим ислоҳот Давлат активларини бошқариш агентлиги директорига идоравий мансублигидан қатъи назар, давлат кўчмас мулк объектларини бир давлат ташкилоти тасарруфидан бошқа бир давлат ташкилоти тасарруфига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз бериш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилишидир. Бунинг натижасида илгари бир неча ой талаб қилинган бундай тасарруфга ўтказиш масаласи 10 кун ичида ўз ечимини топмоқда.

Ойдин ЛАТИПОВА.