Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
6220
8719
8097

+622
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
162079
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 418 683

 

molia_300_554121Молия бозори бўш маблағни сафарбар этиб, уларни молиявий ресурсларга, аҳоли қўлидаги ҳаракатсиз пулни даромад келтирувчи манбага айлантиради. Депозитлар, векселлар, валюта, акция, облигация, дериватив (ҳосилавий қимматли қоғозлар) ва суғурта бозорларини ўз ичига оладиган молия бозори одатда иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.

Хўш, мамлакатимизда ушбу соҳадаги ҳозирги ҳолат қандай, бугунги кун талабига жавоб берадими?

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари ҳамда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмиталари томонидан Банк-молия академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Молия бозори ва молия хизматлари соҳасини янада ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва истиқболлари: миллий амалиёт ва халқаро тажриба” мавзуидаги халқаро давра суҳбати шу саволлар доирасида кечди.

Тадбирда давлат қимматли қоғозларининг муомалага чиқарилиши инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаи, иккиламчи фонд бозорининг жорий ҳолати ва истиқболлари, молия хизматлари соҳасини янада ривожлантиришнинг долзарб муаммолари билан боғлиқ мавзуларда маърузалар қилинди.

Қайд этилдики, молия бозорини тараққий топтириш рақобат муҳитини яхшилаш, молиявий бошқарувнинг янги турларини қўллашга кўмак­лашиш, хўжалик юритувчи субъектларга инвестицияларни жалб қилиш билан бирга қўшимча иш ўринларини яратиш орқали ижти­моий муаммоларни ҳам ҳал этишга хизмат қилади. Шу боисдан, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида бу йўналишда бир қатор чораларни кўриш, чунончи, молия бозори учун ягона давлат органини ташкил этиш вазифаси белгиланган. Унга мувофиқ, молия бозорини ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, шу кунларда қизғин муҳокама қилинмоқда.

Молия бозорини ислоҳ қилишга эса бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Чунончи, молия бозорини давлат томонидан тартибга солишнинг шакллари ва услублари эскирган. Молия бозорининг иқтисодиётдаги салмоғи паст даражада. Ушбу бозор орқали жалб қилинаётган инвестициялар ҳажми кам. Корпоратив бошқарувнинг молиявий бозорлар фао­лиятини ташкил қилиш билан боғлиқ халқаро моделлари кенг тадқиқ этилганлигига қарамасдан, мазкур илмий ва амалий тажриба мамлакатимиз иқтисодиёти реал секторида амалда суст қўлланилмоқда. Оқибатда акциядорлик жамиятлари фаолиятида корпоратив бошқарув шартлари етарлича бажарилмаяпти. Молия бозори ликвидлилиги талабдагидек эмаслиги иккиламчи бозор самарадорлигининг мавжуд ҳолати аҳоли ва қимматли қоғозлар бозори бошқа иштирокчиларининг молия бозоридаги фаолиятини сусайтирмоқда.

Сўзга чиққанлар томонидан иқтисодиётнинг реал сектори ва молия бозори ўртасидаги узилиш сабабли корхоналар инвестициявий маблағларни жалб қилишда молия бозори воситаларидан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келаётгани, уй хўжаликларининг молия бозорига кириб бориши орқали уларнинг (миноритарларнинг) корпоратив қимматли қоғозлар бозоридаги салмоғини ошириш масаласи ечимини кутаётган долзарб муаммолардан бири бўлиб қолаётгани таъкидлаб ўтилди.

Шу муносабат билан молия бозори соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш зарурлигига, ўз ўрнида, бу жараён қимматли қоғозларни сотиш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг бўш пул маблағларини мамлакат иқтисодиё­тига жалб этишнинг ривожланган давлатлар амалиётида синалган усулларидан эканлигига урғу берилди.

Шу билан бирга, гарчи кредитлаш (микрокредитлаш), жамғарма-депозит, пул ўтказмалари, ҳисоб-касса амаллари, суғурталаш, инкассация, молиявий кафолатлаш ва валюта олди-сотдиси каби молиявий хизматлар кўрсатиш мамлакатимизда муайян даражада йўлга қўйилган бўлса-да, ривож­ланган давлатлар амалиётида кенг қўлланиладиган биржа, лизинг, рейтинглаш, қайта суғурталаш, брокерлик, мулкни баҳолаш, молиявий маслаҳат бериш, молиявий ресурсларни ишончли бошқариш каби молиявий хизматлар кўрсатиш бугунги кун талабига жавоб бермаслиги айтиб ўтилди.

Ривожланган давлатларда аҳоли ўзига керакли бирор буюмни дўкондан сотиб олгандек, акцияларни ҳам биржадан харид қилиб, шундан келадиган даромадга яшаб келаётгани оддий ҳол. Бунинг учун эса фонд бозори айни шу талабга жавоб бериши керак. Яъни фонд бозорини ривожлантириш омиллари сифатида стратегик корхоналарнинг ҳам акцияларини бирламчи ва иккиламчи бозорларда сотишни йўлга қўйиш, бундай корхоналардаги давлат улушларини сотиш механизмларини қайта кўриб чиқиш, соҳага тегишли амалдаги қонунчиликни таҳлил қилиш, улардаги номувофиқликларни бартараф этиш, тегишли ўзгартишларни киритиш зарур.

Давра суҳбати давомида таъкидланганидек, давлат қимматли қоғозлари бозори нафақат давлат бюджети тақчиллигини қоплаш манбаи, балки мамлакат молия бозори тараққиё­тидаги муҳим восита ва йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришнинг ўзига хос гарови ҳамдир. Республикамизда инфляция кўрсаткичлари барқарорлигини таъминлаш чоралари доирасида давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш ва жойлаштириш бўйича етарлича имкониятлар мавжуд. Шу боис ҳам ундан унумли фойдаланиш, давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш, уларни сотишдан тушадиган маблағларни мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирларига, шунингдек, йирик инвес­тиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириш режалаштирилмоқда. Ушбу мақсадга эришиш учун давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланиб, давлат қимматли қоғозлари бозорини тартибга солиш ва унинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда.

Тадбир қизғин савол-жавоб, фикр-мулоҳаза алмашув руҳида ўтди. Соҳага оид халқаро тажриба ҳақида маълумотлар берилди. Унинг якуни бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига молия бозори ва молиявий хизматларни ривожлантириш, фонд биржаси механизмларини такомиллаштириш ҳамда қисқа муддатли давлат қимматли қоғозларини чиқариш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, молия бозори ва молия хизматларига оид янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Жумладан, молия бозорига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб қайта инвентаризациядан ўтказиш, хусусийлаштиришнинг усули сифатида акцияларнинг бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий таклифи амалиётини кенг жорий этиш, давлат-хусусий шерикликни молия бозори воситасида ривож­лантириш мақсадида давлатга тегишли қимматли қоғозлар улушини эркин савдоларда битта сотиб олувчига нисбатан аниқ меъёрларни белгилаган ҳолда миноритар акциядорларга сотиш ҳамда стратегик аҳамиятга эга корхоналарни бошқаришда устувор имкониятларини сақлаб қолиш учун “олтин акция”дан кенг фойдаланиш механизмларини такомиллаштириш каби йўналишларда тегишли ташкилот ва муассасаларга таклифлар киритишга келишиб олинди.

Замира ТОЖИЕВА.

 

 
TOP-статьи


© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"