akademiya_3002016 йил 14 сентябрда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ёшларнинг ҳуқуқий имкониятларини янада мустаҳкамлаш билан бирга, мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди.

– Ушбу қонун ёш авлоднинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда фаоллигини ошириш, ижодий салоҳия­тини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Рустам Қобилов.­ – Қонун ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришни кўзда тутади. Шу билан бирга, ушбу қонун аввалгисидан ўзининг мазмун-моҳияти, ҳажми, моддаларнинг номи билан фарқ қилади. Зеро, унда ёшларга оид давлат сиёсати, ёшлар (ёш фуқаролар), ёш оила, ёш мутахассис ҳамда ёшлар тадбиркорлиги тушунчаларининг мазмуни кенгроқ очиб берилган. Шу ўринда эътироф этиш жоизки, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда мамлакатимизда ёшлар масаласи билан шуғулланувчи ­янги ташкилот – Ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши юқоридаги каби хайрли ишларни янада кучайтиришда муҳим омил бўлади.

Келажак эгалари эътиборда

Юртимизда айни пайтда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни, яъни кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуришдек эзгу мақсадни аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшлар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Зотан, бугунги кунда фақат юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятли ҳамда профессионал тайёргарликка эга ёш авлодгина мамлакатнинг буюк келажагини яратиши мумкин.

– Юртимиз тараққиёти, унинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлиши кўп жиҳатдан бугунги йигит-қизларнинг ақл-заковати, тафаккури ва ғайрат-шижоатига боғлиқ, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Олмалиқ шаҳри кенгаши раиси Эргаш Абдураимов. – Шу маънода, ўтган давр давомида ёшларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон, давлат тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Шу билан бирга, Президентимизнинг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Айни чоғда Ёшлар иттифоқи бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда йигит-қизлар учун кўплаб керакли ҳамда қизиқарли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Зеро, ёшларнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб етишиши йўлида ҳар қандай эзгу ва хайрли ишлар фаоллик ва ташаб­бускорликни талаб этади.

Мақсад замонавий кадрларни тайёрлаш

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, шубҳасиз, раҳбар кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқ. Шу боис ҳам юртимизда янгича фикрлайдиган, ҳар жиҳатдан етук, ташаббускор, эл-юрт келажагига бефарқ бўлмаган кадрлар захирасини яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 14 август куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти фаолиятини ташкил этиш чоралари тўғрисида”ги қарор бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлди.

Шу ўринда савол туғилади: бугун етук раҳбар кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш борасидаги туб бурилишнинг асосий мазмун-моҳияти нимадан иборат? Мазкур институтда таълим олиб, замонавий билимларга эга бўлаётган ёш раҳбар кадрлардан эртага нима талаб этилади? Улар ёш истиқболли кадрларга билдирилган юксак ишончни оқлай оладими?

– Ушбу таълим даргоҳи зиммасига бир қатор муҳим ва долзарб вазифалар юклатилган, – дейди Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори Актам Жалилов. – Улардан бири жамият тараққиётини таъминлаш учун тизимли таҳлил қилувчи, стратегик режалаштирувчи, мураккаб шароитда ҳам тезкор ва оқилона қарор қабул қила олувчи, ташаббус­кор ҳамда лидер раҳбар кадрларни тайёрлашдир. Шундан келиб чиқиб, асосий эътиборни жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган билим ва кўникмага, аҳоли ҳаёт сифатини янада яхшилашга қаратилган эзгу мақсадни амалга ошириш салоҳия­тига эга, изланувчан раҳбар кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратмоқдамиз. Шу билан бирга, институт ёшлар муаммоларини ўрганишнинг яхлит тизимини яратади. Эндиликда йигит-қизларни қийнаётган муаммолар нафақат жойида ҳал этилади, балки улар илмий асосланган тарзда ўрганилиб, мониторинг қилинади ва келгусида бундай муаммоларни бутунлай бартараф этиш имконияти пайдо бўлади.

Ватанга содиқ, юртни севадиган раҳбарлар керак!

Мазкур муассасада тингловчиларнинг мустақил билим олиши, ўз устида мунтазам ишлаши, замонавий билимларни эгаллаши учун зарур шароит ва имтиёзлар яратилган.

– Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш инс­титути ташкил этилгани муҳим воқеа бўлди, – дейди институт стратегик бош­қарув кафедраси мудири Илҳом Маматқулов. – Муассасада истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлаш мақсадида 4 ойлик ўқув курслари йўлга қўйилган. Бунда тингловчилар иш жойидан ажралмаган ҳолда машғулотларда қатнашади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда кечаётган туб ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, эркинлаштириш жараёнлари жамиятнинг барча аъзолари, айниқса, раҳбар ходимларнинг янгича фикр юритишига боғлиқ. Шундай экан, бугун мазкур институтнинг дастлабки қалдирғочлари республикамизда ёшларга оид давлат сиёсати ижросини таъминлаш, давлат раҳбари томонидан берилаётган ишончни оқлаб, Ватан равнақи учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Салоҳиддин ИСОМИДДИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни

тайёрлаш институти тингловчиси.