Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
7125
7230
6826

+404
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
133422
238474
128105

+110369

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 922 282
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Архивларни бошқариш тизимида стратегик менежмент усулларидан фойдаланиш самарадорлиги

Бутун дунёда эҳтиёж ортиб бораётган ахборотнинг қиймати унинг қанчалик янгилиги ёки қадимийлигига боғлиқ бўлади. Маълумки, давлат ва жамият учун қимматли ҳисобланган ахборотлар акс этган ҳужжатлар сақловини архив муассасалари амалга оширади. Амалдаги қонунчиликка асосан, архив муассасалари халқларнинг ҳужжат шаклидаги маданият ёдгорликларини жамлаш, ҳисобга олиш ва фойдаланишни амалга оширувчи ҳамда келажак авлод учун лозим даражада бус-бутун сақловини таъминловчи муассасадир. Архив иши тизимини оқилона бошқариш асносидагина бебаҳо ҳисобланган маълумотлар сақловини таъминлаш ва келажак авлод учун лозим даражада мерос қилиб қолдиришга эришилади.

Архивларнинг бойлиги улардаги ҳужжатлар сони билан белгиланади. Мамлакатимиз архивларида сақланаётган Миллий архив фонди (кейинги ўринларда МАФ) ҳужжатлари сони йилдан-йилга ўсиб борувчи тенденцияга эга (1-расм). Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида улар 5,4 млн.бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб 8,6 млн. сақлов бирлигига етган.

abduraximov_1

1-чизма. Ўзбекистон Республикаси МАФ ҳужжатлари сонининг ўсиш тенденцияси.

Манба: “Ўзархив” агентлигининг 1991–2016 йилларга оид йиллик ҳисоботлари асосида муаллиф томонидан тузилган.

Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги (кейинги ўринларда “Ўзархив”) тизимида 103 давлат, 112 та идоралараро хўжалик ҳисобидаги, 9000 дан ортиқ идоравий архив фаолият юритмоқда. “Ўзархив” агентлигининг ташкилий тузилмаси қуйидагича (1-расм).

 abduraximov_2

2-чизма.“Ўзархив” агентлигининг ташкилий тузилмаси

Манба: Вазирлар Маҳкамасининг “Архив ишини бошқаришни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида муаллиф ишланмаси.

 

Ривожланган давлатлар илғор архив иши тажрибаси шуни кўрсатадики, архив муассасалари номарказлашган тартибда бошқарилади. Шунингдек, уларда архив иши, ҳужжат юритилиши, архив ҳужжатлари сақлови тўғри ташкил этилиши каби масалалар юзасидан давлат назоратини олиб борувчи махсус инспекциялар (турли шаклдаги тузилмалар) фаолият юритади. Улар, асосан, ташкилотларда ҳужжатларнинг тўғри юритилишидан тортиб, МАФ ҳужжатлари, маданият ёдгорликлари сақланишини назорат қилади. Бундан ташқари, сақланаётган архив ҳужжатларини ўрганадиган илмий тадқиқот институтлари (баъзиларида илмий тадқиқот марказлари) фаолият юритади.

Илғор тажрибаларни инобатга олиб, “Ўзархив” агентлиги ташкилий тузилмасида архив иши ва иш юритиш борасида давлат назоратини таъминлашни амалга оширувчи бўлим фаолиятини ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Миллий қонунчилигимизда давлат ва нодавлат архивлари фаолиятига рухсат берилган. Нодавлат архивлар фаолиятини ривожлантириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳар ва туманнодавлат архивларини ҳам тузилмада акс этириш зарур бўлади. Чунки мамлакатимиз архив иши соҳасида ягона давлат сиёсатини“Ўзархив” агенлиги юритади.

Мамлакатимиз архивлари жисмоний ва юридик шахсларга пулли архив хизматлари кўрсатиб келмоқда. Архивлар томонидан кўрсатилаётган пулли хизматлар ҳажми йилдан-йилга ўсиш тенденциясига эга (3-чизма).

image003  

3-чизма. Архивлар томонидан кўрсатилган пулли архив хизматларининг ўсиш тенденциялари.

Манба: “Ўзархив” агентлигининг 2004-2016 йилларга оид йиллик ҳисоботлари асосида муаллиф томонидан тузилган.

 

Архивлар кўрсатаётган пулли хизматлар ҳажми 2004 йилда 0,2798 млрд. сўм бўлган бўлса, 2016 йил якунларига кўра 6,673 млрд. сўмдан ошиб кетди. Бу ҳолат архив муассасалари томонидан пулли хизмат спектрини кўпайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ва жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ахборотга бўлган эҳтиёж ортиб бораётгани билан изоҳланади.

Мамлакатимиз архив тизимида фаолият 1 йиллик режалар асосида юритилади. Замонавий шароитларда стратегик менежмент ташкилотни қисқа, ўрта ва узоқ муддатли режалар асосида бошқаришни таклиф этади. Стратегик режаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фақатгина юқори раҳбарият иштирок этибгина қолмай, жараёнларга архивнинг ҳудудий менежерлари ҳам жалб этиш талаб этилади. Бунда ташкилот мақсадидан келиб чиқиб, унинг олдидаги муаммоларни ҳал этиш ва соҳани ривожлантириш вазифалари ижроси учун аниқ муддатлар ва чора-тадбирлар, масъуллар белгилаб олиниши ана шу стратегик режаларда ўз аксини топади. Узоқ муддатли ривожланиш стратегиялари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши давлат ёки ташкилотлар учун ҳам истиқболли ва самарадор ҳисобланади. Масалан, АҚШда соҳа Миллий архивларни 2014-2018 йилларда ривожлантириш стратегик режаси (U.S. National Archives and Records Administration fiscal year 2014–2018 strategic plan), Россияда эса “Федерал архив агентлиги ва унга бўйсунувчи муассасаларни 22011-2020 йилларда информатизациялаш дастури” (“Программа информатизации Федерального архивного агентства и подведомственных ему учреждений на 2011–2020 гг.”) каби дастур режалари асосида ривожлантирилмоқда.

“Ўзархив” агентлигини Ўзбекистон Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган бош директори бошқаради. Агентликда 5 кишидан иборат Ҳайъат фаолият кўрсатади. Ҳайъат қарорлари кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилиниб, улар ижроси бош директор буйруғи билан амалга оширилади. Вилоят архив иши бошқармалари бошлиқлари эса маҳаллий ҳокимият томонидан берилган тавсияга асосан, “Ўзархив” бош директори чиқарган буйруқ асосида тайинланади ва вазифасидан озод этилади.

Фикримизча, архив иши ҳудудий бошқармалари ва архив муассасалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва ундан озод этиш ваколатларини маҳаллий бошқарув органларига бериш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга мувофиқ бўлади. Ҳаракатлар стратегиясида ҳам бошқарувнинг номарказлашган тизимига ўтиш долзарб масалалар сирасига киритилган.

“Архив иши тўғрисида”ги қонунга асосан, архив ишини бошқаришсоҳасидаги давлат ваколатларининг чизма кўриниши қуйидагича (3-расм).

 abduraxmanov_3

4-чизма. Ўзбекистон Республикаси архив ишини бошқарув соҳасидаги давлат ваколатларининг чизма кўриниши.

Манба: Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг архив ишини бошқаришни янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарори асосида муаллиф ишланмаси.

Ушбу чизмадан кўринадики, Вазирлар Маҳкамаси ёки “Ўзархив” томонидан қабул қилинган қарор қуйи архив муассасаларига етиб бориши учун бир неча босқичдан ўтади. “Ўзархив” агентлиги томонидан қабул қилинган қарор ва буйруқлар ижро этилиш жойларига етиб бориши Марказий давлат архивларига тўғридан-тўғри ва Қорақалпоғистон Республикаси Марказий давлат архиви, вилоят давлат архивлари ва уларнинг филиаллари, Тошкент шаҳри давлат архивига эса тегишли архив иши ҳудудий бошқармасининг юқоридаги буйруқ ижросини таъминлаш тўғрисидаги буйруғи орқали амалга оширилади. Маҳаллий ҳокимият органларида эса барча даражадаги архив муассасаларига тўғридан-тўғри бошқарув таъсирини ўтказиш имконияти мавжуд. Фикримизча, маҳаллий ҳокимият органларининг архив ишини бошқариш соҳасидаги ваколатларини ошириш соҳани бошқаришнинг самарадор усули бўлиб хизмат қилади.

Замонавий стратегик менежмент усулларидан ва имкониятларидан фойдаланиш корхона, ташкилот ва компанияларга кам харажатлар қилган ҳолда жуда катта самара беради. Менежмент меҳнат жамоалари, умуман, жамиятнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишнинг муҳим омили сифатида ҳам майдонга чиқади. Глобаллашув ва кучли рақобат шароитида барча ташкилотлар узоқ муддатга фаолиятини сақлаб қолиш стратегиясини ишлаб чиқиши лозим. Бу эса уларга атрофда юз бераётган ўзгаришларга тез мослашиш имконини беради.

Менежментнинг асосий воситаларидан бири – тизимли ёндашув ташкилот ишида юзага келадиган муаммолар ўчоғини ташкилотдан ташқарида, атроф-муҳитдан излашни тавсия этади.Дарҳақиқат, архивларимиздаги кўплаб “ички” муаммолар “ташқи” сабаблар – макроиқтисодий жараёнлар зиддиятлилиги, ҳамкорларнинг ишончсизлиги оқибатида келиб чиқади. Бундан ташқари, замонавий архив жуда кўп сонли объектлар – жамлаш манбаига кирувчи ташкилотлар, мижозлар, ҳамкорлар, ҳукумат органлари, аҳоли, оммавий ахборот воситалари, суғурта ва инвестиция компаниялари, пенсия жамғармалари ва ҳ.к.лар билан муносабатда бўлади, уларнинг ҳар бирига алоҳида ёндашув, ўзига хос стратегия керак.

Архив учун ташқи муҳитнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Айнан ташқи муҳит ахборот бозорида ўз ўрнини топиш, стратегия ва тактикани белгилаш, ташкилот ички тузилмасини, унинг ривожланиши йўналишларини белгилашга ундайди. Архив стратегияси архивнинг давлат ва жамият олдида фаолият юритишидан кўзланган энг асосий мақсадлари ҳамда уларни амалга оширишга ёндашувлари йиғиндиси бўлиб, у архивнинг асосий ҳужжатларида расман мустаҳкамлаб қўйилиши зарур.

Хулоса қилсак, архив менежменти бошқарувнинг алоҳида ўзига хослиги билан ажралиб туради. Архив хизматларидан керакли жойда ва миқдорда сифатли фойдалана олиш имконияти яратиш жисмоний ва юридик шахсларнинг архив хизматларига муносабатини янада ривожлантиради. Архив ишини тараққий этган давлатларда қабул қилинган даражага олиб чиқиш архив хизматларига бўлган талабни, ишончни янада оширади. Жисмоний ва юридик шахслар ўз фаолияти давомида яратилган ҳужжатларнинг келажак авлод учун сақловини таъминлашда ва улардан кенг фойдаланиш мақсадида архив муассасалари билан муносабатга киришади.

Ўзбекистон Конституциясининг 30-моддасига асосан, барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим. Мамлакатимиз қонунчилигига асосан, ҳужжатларнинг идоравий сақлов муддати тугаши билан архив муассасаларига топширилиши ана шу конституцион вазифани архивлар зиммаси юклайди.Архив муассасаларини стратегик бошқариш эса архивларни келажакдаги эҳтимолий муаммолардан ва хавф-хатарлардан холи этади. Шу билан бирга, фикримизча, архив менежменти нафақат у ёки бу стратегик дастурларни ишлаб чиқиши, балки архив иши соҳасида, айниқса, МАФ яратиладиган ташкилотларда архив ишининг сифатли юритилишини кузатиб, зарур вақтда методик ёрдамлар кўрсатиб бориши ҳам лозим, деб ҳисоблаймиз. Архивларни бошқариш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида архив ишини бошқариш жараёнларига замонавий менежмент, стратегик менежмент усулларидан фойдаланган ҳолда бошқариш архивларни олдидаги мақсадга олиб борувчи самарали восита бўлиб хизмат қилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, архив ҳужжатлари жамиятимизнинг миллий бойлигидир.

Музаффар АБДУРАҲИМОВ,

докторант (Phd),

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат бошқаруви академияси.

Аннотация

Ушбу мақолада Ўзбекистон Республикаси архивлари фаолияти, улардаги бошқарув жараёни, бошқарув усуллари ва архивларнинг пулли хизмат кўрсатиш тенденциялари ёритилган. Шунингдек, архивларнинг мақсад ва вазифаларига эришишда стратегик менежментдан фойдаланиш афзалликлари кўрсатиб берилган.

 

В статье освещена деятельность архивов Республики Узбекистан, их процесс управления, методы управления и тенденции платных услуг архивов. А также выдвинуты преимущества использовании стратегического менеджмента в достижении целей и задач архивов.

This article describes the activities of the archives in the Republic of Uzbekistan and their management process, management methods and trends of fee-based services of the archives. In addition to achieving the goals and objectives of the archives put forward the advantages of the use of strategic management methods.

Калит сўзлар: архив, архив менежменти, стратегик менежмент, стратегик режа, стратегик мақсад, тизимли ёндашув, архивларнинг ички ва ташқи муҳити.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

.International Council on Archives. Электрон манба: http://www.ica.org/en/what-archive:фойдаланишвақти 23.02.2017 й.

. Turkiston-press нодавлат ахборот агентлиги. Электрон манба: http://turkistonpress.uz/article/23012: фойдаланиш вақти 15.02.2017 й.

.Электрон манба: http://archive.uz/post/arkhiwlarda-wa-idorawii-arkhiwlarda-kadrlar-masalasi-muammo-wa-yechimlar-mawzusidagi-matbuot-anjumani фойдаланиш вақти:10.02.2017 й

.Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 5-сон, 53-модда; 2008 й., 35-36-сон, 347-модда; 2010 й., 23-сон, 183-модда, 42-43-сон, 362-модда; 2011 й., 45-46-сон, 470-модда; 2016 й., 17-сон, 176-модда.

.Электрон манба: http://www.archnadzor.ru/2016/12/31/letopis-arhnadzora-2016/: фойдаланиш вақти 01.03.2017 й.

.Департамент по архивам и делопроизводству Министерства юстиции Республики Беларусь. Электрон манба: http://archives.gov.by/index.php?id=950727: фойдаланиш вақти 01.03.2017 й.

. National Archives Office of Inspector General (OIG). Электрон манба: https://www.archives.gov/oig: фойдаланиш вақти 01.03.2017 й.

. Всесоюзный научно-исследовательский институт документоведения и архивного дела. (ВНИИДАД). Электрон манба: http://www.vniidad.ru/index.php?option=com_content&view=article&id=1153&Itemid=779: фойдаланиш вақти 01.03.2017 й.

.Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 24-25-сон, 192-модда.

.Дафт Р. Менеджмент 10-е изд./Пер. С анг.-СПБ.: Питер. 2015. С,233-257

. Thomas S. Bateman and Scott A. Snell. Management. Building Competitive Advantage. Irwin.:p-118

.National Archives United State of America. Электрон манба: https://www.archives.gov/files/about/plans-reports/strategic-plan/2014/nara-strategic-plan-2014-2018.pdf: фойдаланиш вақти 27.02.2017 й.

.Федеральное архивное агентсво (Росархив). Электрон манба: http://archives.ru/programs/informatization.shtml: фойдаланиш вақти 27.02.2017 й.

.Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 24-25-сон, 192-модда.

.Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 24-25-сон, 192-модда.

. James H.Donnelly,JR, James L.Gibson, John M.Ivancevich. Fundamentals of management. Ninth Edition. 1995.USA. p-8-9

. Thomas S. Bateman and Scott A. Snell. Management Building Competitive Advantage. Third Edition. Irwin. 1996. p 54-57

. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси -Т.:“Ўзбекистон”,  2014. 8-б.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"