Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
6027
6993
7118

-125
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
191091
199080
109830

+89250

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 256 537
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Қашқадарё вилоятида меҳнат бозорининг самарали фаолият кўрсатишини такомиллаштириш

Меҳнат бозори жамият иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётининг муҳим соҳасидир. Ғоят муҳим миллий ресурс бўлган меҳнат минтақалар, тармоқлар, фирмалар ва касблар бўйича айнан меҳнат бозори орқали тақсимланади.

Иқтисодий адабиётларда “меҳнат бозори”, “ишчи кучи бозори” ва “меҳнат захиралари бозори” тушунчалари кўпинча синоним сифатида қўлланилади. Аслида улар бир-бирига ўхшаш эмас. Фикримизча, ишчи кучи деб меҳнат салоҳияти, меҳнат захиралари деб меҳнатга қодир ёшдаги аҳоли ва умумий меҳнатга лаёқатлилик тушунилади. Айтилганлардан кўриниб турибдики, уларнинг мазмуни бир-бирига яқин бўлса-да, моҳиятан ўхшаш эмас. Меҳнат меҳнатга қодирликсиз амалга ошмайди, меҳнат захиралари иқтисодиётда банд аҳолини ва банд бўлмаган аҳолини ўз ичига олади. Баъзи адабиётларда “ишчи кучи”, “иш ўринлари бозори” тушунчалари меҳнат бозори таркибига киритилиб, уларни ҳар бирига таъриф берилган.

Жумладан, Е.Г.Жулина қуйидагича таъриф берган: “Меҳнат бозори – бу меҳнат ва ишлаб чиқариш самарадорлигининг мулкчилик шакли ва ижтимоий эҳтиёж таркиби билан мос келиши мезонига кўра, бозор иқтисодиётининг хўжалик соҳалари ва тармоқларининг фаолият кўриниши ва шакли бўйича ижтимоий меҳнатни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш механизми функциясини бажарувчи ташкилий таркибидир” [1].

Иқтисод фанлари доктори, профессор Қ.Х.Абдураҳмонов “меҳнат бозори” тушунчасига қуйидагича таъриф берган: “Меҳнат бозори деганда иш кучи такрор юзага келишининг барча босқичларида: унинг етиштирилиши (ижтимоий-демографик жиҳат, янги ишчи кучи пайдо бўлиши), айирбошланиши (сотиб олиш-сотиш ҳаракати амалга оширилиши), тақсимланиши (ишчи кучининг ижтимоий, касбий ва ҳудудий кўчиши орқали тақсимланиши) ва меҳнат соҳасида фойдаланилиши босқичларида ходим билан иш берувчи ўртасида кечадиган ижтимоий муносабатлар тизими тушунилиши керак” [2].

Ш.Р.Холмўминов эса “меҳнат бозори” тушунчасига бозор иқтисодиётининг ижтимоий-иқтисодий тизимчаси сифатида ёндошиб, қуйидагича таъриф берган: “Меҳнат бозори – бу меҳнатга қобилиятли аҳолининг иш билан банд бўлган ва банд бўлмаган қисмлари ва иш берувчилар ўртасидаги муносабатларни ҳамда уларнинг шахсий манфаатларини ҳисобга олувчи контрактлар (меҳнат келишувлари) асосида меҳнат қобилиятларини харид қилиш – сотишни амалга оширувчи ҳамда ишчи кучига талаб ва таклиф ўртасидаги нисбатларни бевосита тартибга солувчи, бозор иқтисодиётининг мураккаб, кўп аспектли, ўсувчи ва очиқ ижтимоий-иқтисодий тизимчадир” [3].

Юқорида келтирилган таърифларда, биринчидан, меҳнат бозори бозор иқтисодиётининг таркибий қисми, иккинчидан, меҳнат бозорида меҳнат лаёқати (иш кучи) олди-сотди қилиниши, учинчидан, меҳнат бозори ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизими эканлиги таъкидланади.

Қашқадарё вилоятида меҳнат ресурслари сони ҳам мунтазам ортиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2010-2016 йиллар давомида вилоятда меҳнат ресурслари сони 18,7 фоиз кўпайган. 2010-2016 йиллар орасида вилоятда меҳнат ресурслари сони Ғузор, Нишон, Муборак, Миришкор ва Касби туманларида юқори суръатларда ортган. Меҳнат ресурслари сонининг ўсиш суръатлари Шаҳрисабз, Яккабоғ туманлари ва Қарши шаҳрида вилоят ўртача кўрсаткичидан паст бўлган.

Шунингдек, туманлар бўйича аҳоли ва меҳнат ресурсларининг нотекис жойлашуви (меҳнат бозоридаги таклифни шакллантирувчи манба) ва меҳнат бозоридаги талабни (бандлар ва яратилган янги бўш иш ўринлари йиғиндисини) таққослаб, иш ҳақига таъсир кўрсатадиган бошқа омиллар (меҳнат бозоридаги талаб, ҳукумат роли ва бошқалар) таъсири ўзгармас бўлган шароитда, вилоят шаҳар ва туманлари меҳнат бозоридаги мувозанат баҳо (ўртача иш ҳақи) турлича бўлишини асослаш мумкин.

Қашқадарё вилоятида доимий аҳоли сони таркибида меҳнат ресурслари сони 1758900 минг кишини ёки 57,5 фоизни, иқтисодий фаол аҳоли сони 1247030 минг кишини ёки 40,7 фоизни, иш билан банд аҳоли сони жами 1180901 минг кишини ёки 38,6 фоизни ташкил этади (жадвал).

Жадвал.

Қашқадарё вилоятида меҳнат бозорининг асосий кўрсаткичлари, киши*

Кўрсаткичлар
Й и л л а р
2016 йилда 2010 йилга нисбатан
фоизда
2010
2011
2012
2013
2014
2015
2016
2017**
Иқтисодий фаол аҳоли сони
1030969
1059960
1094982
1130649
1172512
1209989
1247030
1261859
122,4
Банд аҳоли сони
971652
1003744
1036663
1072361
1108547
1143931
1180901
1193303
122,8
шу жумладан:
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Иқтисодиётнинг расмий секторида бандлар сони
564779
608946
642620
632524
637821
627040
623306
624980
110,7
Иқтисодиётнинг норасмий секторида бандлар сони
385627
368781
365258
410339
371518
416828
459293
467458
121,2
Ишсизлар сони
59316
56214
58318
58289
63970
66059
66127
68556
115,6
Ишсизлик даражаси, фоизда
5,8
5,3
5,3
5,2
5,5
5,5
5,3
5,4
-

*Манба: Қашқадарё вилояти Бандлик бош бошқармаси маълумотлари.

** 2017 йил январь-июнь ҳолатига.

Жадвалдан кўринадики, 2010-2016 йиллар мобайнида иқтисодий фаол аҳоли сони 22,4 фоиз ортган. Ўз навбатида, иқтисодий фаол аҳоли иш билан бандлар ва ишсизлардан таркиб топади.

Вилоятда таҳлил қилинаётган йиллар давомида бандлар сони иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбатан юқори суръатларда ўсган.

Таҳлиллар иш билан бандлар таркибида иқтисодиётнинг норасмий секторида иш билан бандлар сони юқори суръатда ортаётганлигини кўрсатади. Яъни 2016 йилда 2010 йилга нисбатан расмий секторда бандлар 10,7 фоиз ортган бўлса, бу даврда норасмий секторда бандлар сони 21,2 фоиз ўсган. Бунга сабаб сифатида яширин иқтисодиётнинг тараққий қилиши ҳамда иш берувчилар ва ёлланма ходимларнинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашдан бош тортишларини кўрсатиш мумкин.

Қашқадарё вилоятида ишсизлик даражаси 5,4 фоизни ташкил этади. Бу республика ўртача кўрсаткичидан юқори (5,2 фоиз).

Вилоятда 14 та бандликка кўмаклашиш марказлари фаолият кўрсатади. Таҳлиллар бу марказларга иш қидириб мурожаат қилаётган фуқаролар сонининг йил сайин камайиб кетаётганлигини кўрсатмоқда (чизма).

 abduraxmanov_1

Чизма. Қашқадарё вилоятида меҳнат бозорининг асосий кўрсаткичлари, киши.

Манба: Қашқадарё вилояти Бандлик бош бошқармаси маълумотлари.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 20 апрелдаги “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ишбилармонлик муҳитининг ҳолати ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражаси индикаторларини ҳар чоракда баҳолаш тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига иловада ишга жойлашиш даражасини баҳолаш мезони келтирилган [4]. Унга кўра, ишга жойлашиш даражасини баҳолаш мезонига кўра индикатор кўрсаткичи 75 фоиздан кам бўлса, индикаторнинг сифат баҳоси – паст, 75 фоиздан 85 фоизгача бўлса – мўътадил, 85 фоиздан 90 фоизгача бўлса – ўртача, 90 фоиздан юқори бўлса – юқори ҳисобланади.

Қашқадарё вилоятида бандликка кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат қилганларнинг 2012 йилда 91,2 фоизи, 2016 йилда эса 95,2 фоизи ишга жойлаштирилган.

Қашқадарё вилояти меҳнат бозорига назар ташлаб, фуқароларни ишга жойлаштиришга кўмаклашадиган хусусий фирмалар ҳали шаклланмаганлигини англадик. Бунинг сабаби сифатида бундай фирмалар фаолияти учун иқтисодий муҳит етарли даражада эмаслигини айтиш мумкин. Юқори даромадли корхоналарнинг камлиги ишлаб чиқаришдаги технология даражасининг пастлиги, меҳнат бозоридаги таклифнинг талабдан юқорилиги, юқори сифатдаги меҳнат лаёқатига эга ходимни ишга ёллашдан корхоналар манфаатдорлигининг пастлиги, бундай ходим топиб бергани учун меҳнат муассасаларини рағбатлантиришнинг йўқлиги вилоят меҳнат бозорида бундай фирмалар шаклланиши ва ривожланишига имконият бермайди.

Фикримизча, Қашқадарё вилоятида меҳнат бозорининг самарали фаолият кўрсатиши учун бир қанча чора-тадбирларни амалга ошириш керак. Хусусан:

– меҳнат бозорининг барча сегментларига ўз хизматларини таклиф қиладиган ва замонавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланадиган хусусий фирмалар ташкил топишига кўмаклашиш ижобий самара беради;

– МДҲ мамлакатлари доирасида Европа Иттифоқи умуммеҳнат биржасига ўхшаш ташкилот ташкил этиш хорижга ноқонуний тарзда, меҳнат лаёқатини сотишни камайтириб, республикамиз фуқароларининг хориж мамлакатларида меҳнат муҳофазаси юқори даражада ташкил қилинган иш ўринларига эга бўлишлари ва ўша мамлакатлар фуқаролари билан тенг иш ҳақи олишларига замин яратади. Шунингдек, иш берувчилар ўзларидаги бўш иш ўринларига мос ходимни тезда хориждан ёллаш имкониятига эга бўладилар;

– турли вилоят ва туманлар меҳнат муассасалари ўртасида ҳамкорликни (ишсизларни бошқа вилоят ёки туманда иш билан таъминлаш, иш берувчиларнинг ходимларга бўлган эҳтиёжини бошқа вилоят ёки туман аҳолиси ёрдамида қондириш) йўлга қўйиш зарур;

– меҳнат муассасалари ходимлари ва ушбу соҳа мутахассислари ўртасида семинарлар ташкил қилиш лозим. Аҳолига хизмат кўрсатишда юқори натижага эришган муассаса ва ходимлар фаолияти кенг тарғибот қилиниши керак;

– мустақил иш излаётган фуқароларни иложи борича меҳнат муассасалари хизматларидан фойдаланишга жалб қилиш, бунинг учун эса меҳнат бозорига хизмат кўрсатадиган муассасалар фаолиятини ривожлантириш, маҳаллий бошқарув органлари билан меҳнат муассасаларининг ҳамкорликдаги фаолиятларини ташкил қилиш зарур;

– яширин иқтисодиётда банд бўлган ходимларни расмий иш билан бандликка ўтказиш тадбирларини ишлаб чиқиш жоиз. Бунинг учун норасмий равишда қонунан тақиқланмаган маҳсулот ишлаб чиқараётган ёки хизмат кўрсатадиган якка тадбиркорлар ўзлари тўлайдиган солиқ ҳисобидан пенсия жамғармасига тўловни амалга оширишига рухсат бериш, улар фаолияти меҳнат дафтарчаларида қайд қилиниши лозим. Норасмий тарзда, оғзаки келишув асосида ишлайдиган ёлланма ишчилар фаолиятини расмий иш билан бандликка ўтказиш учун иш берувчи ва ёлланма ишчи ўртасида тузиладиган келишув ёзма шаклда меҳнат муассасалари ходимлари иштирокида тузилиши керак. Бунда бир марталик ишга жойлаштириш тадбирлари яхши йўлга қўйилиши лозим. Аста-секинлик билан иш берувчи билан ишчи ўртасида норасмий келишув асосидаги ишларни камайтириш, бундай ишларни амалга ошираётган иш берувчи ва ходимларни жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши зарур. Бу тадбирлар бир марталик норасмий ишларни бажаришда ходим ва иш берувчи ўртасидаги турли низоларни камайтиради.

Хамид АБДУРАМАНОВ,

ТДИУ доценти, и.ф.н.

Шуҳрат АБДУАҲАДОВ,

ТДИУ ЭКТ-83 гуруҳ талабаси.

Аннотация

Ушбу мақолада Қашқадарё вилояти бўйича меҳнат бозоридаги вазият таҳлил қилинган, унга таъсир этувчи ижтимоий-иқтисодий омиллар аниқланган ҳамда минтақавий меҳнат бозорининг самарали фаолият кўрсатишини такомиллаштириш учун таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.

Калит сўзлар: ишга жойлаштириш, иқтисодий фаол аҳоли, иш билан бандлар, ишсизлар, меҳнат бозори.

В данной статье проанализирована ситуация рынке труда Кашкадарьинской области, определены социально-экономические факторы влияния на рынок труда, а так же разарботаны предложения и рекомендации для совершенствования эффективной деятельности регионального рынка труда.

This article analyzes the situation of the labor market in the Kashkadarya region, identifies the social and economic factors affecting the labor market, as well as offers and recommendations for improving the effective operation of the regional labor market.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Жулина Е.Г. Экономика труда: учебное пособие. – М.:Эксмо, 2010. – С. 187.

2. Абдураҳмонов Қ.Х. Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси. Дарслик. – Т.: “Fan va texnologiya”, 2012. - 94-б.

3. Xolmo’minov Sh.R, Xolmurodov S.E. Mehnat bozori iqtisodiyoti. O’quv qo’llanma – Toshkent, 2013. – 9-b.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 20 апрелдаги “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ишбилармонлик муҳитининг ҳолати ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражаси индикаторларини ҳар чоракда баҳолаш тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори // www.lex.uz.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"