Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1636
7529
7529

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
164027
199080
136894

+62186

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 229 473
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Бюджет-солиқ хавфсизлигини таъминлаш миллий иқтисодий хавфсизлик гаровидир

Мустақилликка эришгач, Ўзбекистон олдида турган энг долзарб вазифа мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлаш масаласи эди. Шубҳасиз, иқтисодий хавфсизликнинг асосий таркибий қисмларидан бири молиявий хавфсизликдир. Молиявий муносабатларнинг ривожланиши эса миллий иқтисодиёт тармоқларининг уйғунлашуви ва тараққий этишига ижобий таъсир кўрсатади. Мамлакатимизда молиявий хавфсизликни таъминлашнинг самарали усуллари мавжудлиги иқтисодий ва молиявий сиёсатга боғлиқ муаммолар давлат томонидан ижобий ҳал этилишига имкон яратади.

Ҳозир юртимизда иқтисодий хавфсизликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шу асно бюджет-солиқ хавфсизлиги таъминлангани давлат иқтисодий тизими мукаммал даражада шаклланишида муҳим аҳамият касб этишига жиддий эътибор  қаратилмоқда.

Молия тизимининг марказий бўғини давлат бюджети ҳисобланади. Молиявий хавфсизликнинг асосий тури, мамлакатнинг бош молиявий режаси ва муҳим иқтисодий категорияси бўлгани боис унинг хавфсизлигини таъминлаш соҳадаги устувор вазифалар қаторидан ўрин олган.

Давлат бюджети хавфсизлиги – бу, аввало, миллий иқтисодий манфаатлар кафолатли ҳимояланганини ва миллий иқтисодиёт мутаносиб ривожланиш йўлидан бораётганини  англатади. Шунингдек, мамлакатнинг бюджетни шакллантиришга боғлиқ молиявий тизими ҳамда барча молиявий муносабатлари ва жараёнлари мажмуасини қамраб олади. Бюджет сиёсатини юритиш доирасида ушбу тизим институтларининг миллий иқтисодий, молиявий ривожланишини ва манфаатларини ҳимоялаш, уларни амалга ошириш механизмларини яратишга тайёрлиги ва қодирлигини таъминловчи бюджетнинг барча сегментлари ва институтлари ҳолатини, ички ва ташқи ривожланишнинг ноқулай вазиятларида ҳам молиявий тизим яхлитлиги ва барқарорлигини сақлаш учун зарур ва етарли иқтисодий салоҳият ҳамда молиявий шароитларни ташкил қилиш, молиявий хавфсизликнинг ички ва ташқи таҳдидларига нисбатан бардошлилигини билдиради.

Бугунги кунда бюджет-солиқ тизими, пул-тўлов тизими, банк тизими ва фонд бозорлари ҳамда уларнинг амал қилишига боғлиқ тармоқлар хавфсизлиги қай даражада таъминлангани қуйидаги индикаторлар асосида баҳоланмоқда.

Республикада ЯИМга нисбатан солиқ юки даражаси 30 фоиздан ошмаслиги керак. Давлат ўз ижтимоий-иқтисодий сиёсатини амалга оширишда бюджет даромадларидан кенг фойдаланади. Бу борада, аввало, солиқ сиёсати оқилона олиб борилиши бюджет даромадлари  хавфсизлигини таъминлайди. Иккинчидан, мамлакатдаги ишлаб чиқарувчилар зиммасига тушадиган солиқ юки миқдорини ҳам белгилаб беради. Бинобарин, бюджет даромадлари хавфсизлигини таъминлашда асосий ўрин тутадиган солиқ сиёсатини тўғри амалга ошириш ўта муҳим ишдир. Бу жараёнда солиқлар ставкаси ва миқдорини шундай оптимал даражада танлаш лозимки,  у даромадлар миқдорининг юқори нуқтасини белгиласин.

Маълумки, жаҳон амалиётида солиқ юкининг ЯИМдаги улуши 20-25 фоиз атрофида тебраниши мақбул ҳолат деб баҳоланади. Чунки у белгиланган кўрсаткичдан, яъни 20 фоиздан паст бўлса, давлат бюджетининг макроиқтисодий харажатларни қоплай олиш кафолати таъминланмайди. 25 фоиздан кўп бўлиши эса солиқ юкининг ҳаддан ташқари ортиб бориши ва иқтисодий ўсишнинг секинлашиши каби таҳдидларни вужудга келтиради.

Иқтисодиётда солиқ юки сўнгги йилларда турли даражада ўзгариб бормоқда. Бу натижаларни чегаравий қийматларга солиштирсак, республикамизда солиқ юки даражаси нормал ҳолатда дейиш мумкин.

 


islomova_560 

 

1-расм.  Ўзбекистон Республикасида 2005-2017 йилларда иқтисодиётдаги солиқ юки динамикаси[1], (ЯИМга нисбатан фоизда).

 

Гувоҳ бўлганингиздек, мамлакатимиз иқтисодиётидаги солиқ юки 2005 йили 22,6 фоизни, 2010 йили 21,9 фоизни ташкил қилган. 2015 йили 21,3 фоизга, 2016 йили 20,6 фоизга тўғри келган, 2017 йили эса 18,9 фоизга  тушган.

Бизда давлат бюджетига тўланмай қолган солиқлар ҳажми 5 фоиздан ошмаслиги шарт. Боқиманда солиқлар кўпайса, йиллик режалар бажарилмай қолади, тўлов қобилияти сусайиб,  харажатларни қоплаш имконияти пасаяди, охир-оқибат яна тақчиллик вужудга келишига олиб келади. Охирги йилларда боқиманда солиқлар камайиб боришига боғлиқ ижобий тенденция юз бермоқда. Борди-ю, аксинча ҳолат кузатилиб, боқиманда солиқлар улуши ортса, молиявий хавфсизлик учун реал хавфлардан бирига айланади. Бундай нохушликларга йўл қўймаслик учун боқиманда солиқлар қайси манбалар ҳисобига вужудга келаётганига эътибор қаратиб, уларни ундириш чораларини кўриш лозим.


 

 islomova_560_2

2-расм. 2017 йил 1 январь ҳолатига солиқ тўловчиларнинг солиқдан қарзи[2], млрд. сўм.

 

2017 йилнинг 1 январь ҳолатига солиқ тўловчиларнинг бу борадаги жами қарзи 9299,5 млрд. сўм бўлган. Шундан 8204,2 млрд. сўми фаолият кўрсатаётган, 1095,3 млрд. сўми фаолият кўрсатмаётган корхоналар улушига тўғри келган. Ёки айтайлик, жами қарзнинг 27,3 фоизи Қашқадарё вилоятига, 22,7 фоизи Тошкент шаҳрига, 7,6 фоизи Бухоро вилоятига, 7,5 фоизи Тошкент вилоятига, 6,6 фоизи  эса Фарғона вилоятига тааллуқли бўлиб чиққан.

Давлат бюджети дефицитининг ЯИМга нисбати 3 фоиздан ошмаслиги керак. Бизга жаҳон тажрибасидан аёнки, давлат бюджетида 3 фоиз камомад мавжудлиги бу молия тизимининг самарасизлигини, давлат бюджети даромадлари етарли даражада шаклланмаганини, шунингдек, молия механизмлари яхши фаолият юритмаслигини англатади. Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети даромади ва харажатларининг ЯИМдаги нисбатига назар ташласак, иқтисодий ўсиш барқарор давом этиши туфайли бюджет ижроси 2016 йилда 0,2 фоиз профицит билан якунланганини кўрамиз. Бу макроиқтисодий ҳолатни қониқарли деб  баҳолаш мумкин.

Давлат бюджети тушумларининг режага нисбатан 1-2 фоиз атрофида етишмовчилиги меъёрий ҳолат сифатида эътироф этилади. Камомаднинг 3 фоиздан ошиши салбий ҳолат ҳисобланса, 8 фоиздан ортиб кетиши иқтисодиётга жиддий хавф туғдиради. Бемалол айтиш мумкинки, мамлакатимизда бу жабҳадаги аҳвол анча ижобий. Давлат бюджети режаси бажарилиши кўрсаткичи 2005 йилдан то ҳозирга қадар профицит билан якунланмоқда. Бу республикамизда  юритилаётган самарали иқтисодий сиёсатнинг амалий натижасидир.

1-жадвал.

Мамлакат иқтисодиётининг бюджет-молиявий хавфсизлигига таҳдидлар [3]

Бюджет тизими
Бюджет даромадлари тушумининг беқарорлиги
Тўловчилар ва назорат органлари томонидан молиявий интизомнинг бажарилмаслиги
Бюджет маблағларини мақсадсиз сарфлаш
Бюджет сиёсати
Бюджет харажатларининг макроиқтисодий кўрсаткичларга номувофиқлиги
Минтақалар иқтисодий ривожланишига республика бюджетининг дефицитсизлигига интилиш
Бюджет маблағларини тақсимлашдаги номутаносиблик
Бюджет захираларининг йўқлиги ёки улардан нотўғри фойдаланиш

 

Давлатнинг бюджет-молиявий хавфсизлиги қуйидагилардан иборат:

– давлатнинг  иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожланишига эришиш;

– ҳисоб-китоб тўлов тизими ва асосий молиявий-иқтисодий кўрсаткичлар барқарорлигини таъминлаш;

– жаҳон молиявий инқирозлари ҳамда миллий иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тизимдаги яширин тузилмалар таъсирини меъёрлаштириш;

– капиталнинг йирик миқдорда хорижга чиқиб кетиши, иқтисодиётнинг реал секторидан капитал йўқолиши олдини олиш;

– миллий бюджет тизими маблағларини тақсимлаш ва улардан фойдаланиш бўйича турли даражадаги ҳокимият органлари ўртасидаги низоларга барҳам бериш;

– мамлакат иқтисодиёти учун энг оптимал тарзда хорижий қарз маблағларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш;

– молиявий ҳуқуқий муносабатларда жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик.

Буларнинг барчасини нафақат давлатнинг молиявий тизими, балки унга боғлиқ давлат бошқарувининг жамики бўғинлари самарали ва барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан ҳал қилинадиган вазифалар сифатида кўрсатиш мумкин. Давлат иқтисодий хавфсизлик стратегиясида кўрсатилишича, “молиявий тизимнинг барқарорлиги бюджет дефицитининг даражаси, моливий оқимлар ва ҳисоб-китоб муносабатларининг меъёрда эканлиги, омонатчилар манфаатларининг ҳимояланганлик даражаси, қимматли қоғозлар бозори, ташқи ва ички қарз ҳамда тўлов баланси дефицитининг камайиши, инвестицион фаолиятни кучайтириш учун молиявий шароитларнинг таъминланганлик даражаси билан белгиланади”. Бюджет хавфсизлиги мамлакатнинг миллий иқтисодий манфаатларини амалга оширишга қаратилган бюджет сиёсатини қўллашни назарда тутади.

Ҳозир барча мамлакатлар иқтисодиёти ўзаро чамбарчас боғланиб кетган бўлиб, уларнинг  миллий хавфсизлигини таъминлашда иқтисодий, чунончи, молиявий хавфсизлик масалаларининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Сўзимизнинг исботи сифатида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози жараёнида барча мамлакатлар унинг салбий таъсирларига учраганини ва дунё иқтисодиётида сезиларли пасайиш кузатилганини эслатиш кифоя. Мамлакатлар унинг таъсиридан беталафот чиқиш учун кўплаб молиявий ресурслар сарфлашди ва молия тизимига жиддий ўзгартиришлар киритишди. Бу янглиғ нохушликларнинг юзага келиши барча давлатларни ўз молия тизимини тубдан ислоҳ қилишга ундади.

Ана шундай таҳликали вазиятда Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишига,  унинг издан чиқиши олдини олишга хизмат қилувчи молиявий хавфсизликнинг ўрни беқиёсдир. Айни кезларда миллий хавфсизликнинг ҳамма тармоқлари бир-бирига боғлиқ бўлиб, молиявий муносабатлар барча иқтисодий муносабатларни ўзаро уйғунлашувида муҳим восита вазифасини бажаради. Шуни таъкидлаш керакки, иқтисодиётнинг айрим тармоқларида инқирозли ҳолатлар юз берса, биринчи навбатда молия тизими зарар кўради. У чамбарчас боғлангани туфайли бутун иқтисодиётда салбий ҳолат юзага келади.

Молиявий хавфсизликни таъминлашнинг асосий гаровларидан бири вазиятни иссиғида аниқ ва тўлиқ баҳолашдир. Молиявий хавфсизлик муаммоларини тадқиқ этишда индикаторлар тизими ва чегаравий қийматларга асосланган ёндашув яхши самара беради. Унинг ўзига хослиги шундаки, молиявий хавфсизликни таъминлаш тизимида соҳадаги миллий манфаат ва таҳдидларга мос равишда индикаторлар тизимининг яратилиши юз бериши эҳтимоли бор  салбий ҳолатларни тез аниқлаб, тегишли чора-тадбирларни қўллаш имконини беради.

Насиба ИСМОИЛОВА,

Тошкент молия институтининг  

Молия кафедраси катта ўқитувчиси.

Аннотация

Бу мақолада бюджет-солиқ хавфсизлигининг ижтимоий-иқтисодий моҳияти, унинг  мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлашдаги аҳамияти, ҳозир Ўзбекистонда айни йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида фикр юритилган.

Калит сўзлар: иқтисодий хавфсизлик, молиявий хавфсизлик, бюджет-солиқ хавфсизлиги, солиқ юки, бюджет тақчиллиги, солиқ қарздорлиги, бюджет хавфсизлиги индикаторлари, давлат бюджетининг даромадлари ижроси, давлат бюджетининг харажатлари ижроси.

Данная статья посвящена социально-экономической сути бюджетно-налоговой безопасности, значению бюджетно-налоговой безопасности в экономике, задачам,  связанным с обеспечением бюджетно-налоговой безопасности в Республике Узбекистан в настоящее время.

This article is devoted to the essense of social-economic security of budget-tax system and its significance to supply the state with economic security and also to the tasks to provide budget-tax security at present time in Uzbekistan.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Горегляд В.П. Бюджет как финансовый регулятор экономического развития - М.: Экономика, 2005 год. Стр. 256.

2. Гапоненко В.Ф., Маргиев З.В. Экономическая и финансовая безопасность как важнейшая функция государства в современных условиях // Вестник Московского университета. МВД России. - 2013.

3. Иқтисодий хавфсизлик. Маърузалар матни. Ўзбекистон Республикаси Давлат бошқаруви академияси. 2014 йил.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"