Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
6077
6993
7118

-125
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
191141
199080
109780

+89300

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 256 587
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Маҳаллий бюджетлар даромадлари барқарорлигини таъминлашда солиқ йиғувчанлигини ошириш масалалари


Мамлакатимизда макроиқтисодий мувозанат ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш, Давлат бюджети баланслилиги ва барқарорлигини таъминлаш, давлат қарзининг асоссиз ошишига йўл қўймаслик, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини янада юксалтиришни таъминлаш, чуқур таркибий ўзгартиришлар ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини юритиш, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, ҳудудлар даромад базасини ошириш ҳамда маҳаллий бюджет харажатларини оптималлаштириш ҳисобига субвенция олувчи ҳудудлар сонини қисқартиришдек муҳим йўналишларга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2017-2021 йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди. Жумладан, харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганини сақлаб қолган ҳолда Давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносибликни таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга қаратилган бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш ҳамда саноат ва хизматлар кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш ҳисобига субвенцияга қарам туман ва шаҳарларни камайтириш ва маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш ҳам алоҳида устувор йўналишлар сифатида қайд этилган [2].

Шу жиҳатдан, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини мустаҳкамлаш, юқори бюджетга боғлиқлик даражасини камайтириш, босқичма-босқич субвенция улушини пасайтириш ҳамда келгусида уларни тўлиқ субвенциядан чиқариш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Бизга маълумки, маҳаллий бюджетлар Республика бюджетида муҳим таркибий қисмни ташкил этади ва маҳаллий хокимиятларнинг фаолият юритишларида молиявий асос бўлиб ҳисобланади. Маҳаллий бюджетлар фаолияти маҳаллий талаб-эҳтиёжларни тўлароқ қондиришни ҳамда давлатнинг марказлашган тартибда амалга оширадиган тадбирларининг бажарилиши билан узвий боғлиқ ҳолда ижро этишга имкон яратиб беради. Маҳаллий бюджетлар минтақалардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этишда асосий манба ва маҳаллий бошқарув органлари фаолиятининг иктисодий асоси бўлганлиги туфайли бюджетга қўшимча маблағлар жалб этиш манбаларини излаб топиш ва мавжуд маблағларни самарали сарфланишини таъминлаш орқали бюджет сиёсати самарадорлигини таъминлайдиган асосий омил бўлиб хизмат қилади. Маҳаллий бюджетлар фаолияти барқарорлигини таъминловчи омил – улар даромад базасини мустаҳкамлаш ҳисобланади [4].

Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида 2017 йил 18 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиқ маъмурчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди [3].

Фармонда солиқ маъмуриятчилиги соҳасида, шу жумладан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда муайян муаммоларнинг мавжудлиги мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши дастурларини молиялаштиришнинг барқарор манбаларини таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётганлиги таъкидланиб, улар алоҳида кўрсатиб ҳам ўтилган, жумладан:

– солиқ органлари фаолиятига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш ҳолати солиқ маъмуриятчилигининг шаффофлигини, солиқ солиш масалаларида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда назорат самарадорлигини, шунингдек давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминламаётганлиги;

– солиқ назоратини ташкил қилиш механизмларининг мукаммал эмаслиги, шу жумладан солиқ текшируви объектларининг зарур таҳлилсиз белгиланиши солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларни барвақт профилактика қилиш самарадорлигини пасайтираётганлиги;

– солиқ органларининг Давлат бюджетига тушумлар тўлиқлигини таъминлаш фаолияти устидан ташқи назорат механизмларининг мавжуд эмаслиги солиқ солинадиган базани кенгайтириш, солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш ва солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш имкониятини бермаётганлиги;

– бозорлар ва савдо комплекслари фаолияти устидан самарали солиқ назорати ўрнатилмаганлиги маҳаллий бюджетларни тўлдириш учун мавжуд резервларни тўлиқ сафарбар қилиш, шунингдек нақд пул маблағларининг кафолатли қайтишини таъминламаётганлиги;

– солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш кўрсаткичларини яхшилаш, коррупция кўринишларини профилактика қилиш, шунингдек солиқ органларида хизмат қилишга ҳалол ва юқори малакали кадрларни жалб этиш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш талаб этилиши [3].

Ҳозирги кунда солиққа оид қонунбузарликларга йўл қўйган корхоналардан ундирилган солиқ суммасининг умумий солиқ суммасидаги улуши юқорилигича қолмоқда. Буларнинг сақланиб қолаётгани ҳали солиқ тўловчиларимизнинг давлат ва жамият олдидаги масъулияти, уларнинг маънавий савияси талаб даражасида етарли эмаслигидан дарак беради. Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятида ҳар куни ўнлаб қонунбузарликлар аниқланмоқда. Улар томонидан олиб борилган солиқ назорати натижасида бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш бўйича бир қанча ҳолатларни кўриб чиқамиз.

2016 йилда солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботлари бўйича давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган камерал назорат натижасида 166528 та солиқ тўловчиларнинг ҳисоботларида хатоликлар аниқланиб, давлат бюджетига қўшимча 693,2 млрд. сўм маблағ ундирилди.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган ҳужжатли ва қисқа муддатли текширишларда қўшимча аниқланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш ҳисобидан 656,8 млрд. сўм бюджетга қўшимча маблағлар ундирилди.

Солиқ кодексининг 20-моддасига мувофиқ, солиқ қарзи – солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз суммаси, шу жумладан Солиқ кодексида белгиланган муддатида тўланмаган молиявий санкциялардан иборат [1].

2017 йилнинг 1 январь ҳолатига солиқ тўловчиларнинг жами солиқ қарзи 9299,5 млрд. сўмни ташкил этади [5].

Шундан:

– фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг солиқ қарзи 8204,2 млрд. сўмни;

– фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг солиқ қарзи 1095,3 млрд. сўмни ташкил этади.

Жами солиқ қарзининг 27,3 фоизи – Қашқадарё вилоятига, 22,7 фоизи – Тошкент шаҳрига, 7,6 фоизи – Бухоро вилоятига, 7,5 фоизи – Тошкент вилоятига ва 6,6 – фоизи Фарғона вилоятига тўғри келади.

Солиқ қарзининг 7905,6 млрд. сўми ёки 85 фоизи мониторингга олинган вазирликларга ва 1323,1 млрд. сўми ёки 14,2 фоизи фермер хўжаликларига тўғри келади.

Солиқ маъмуриятчилигини амалга оширишдаги бир қатор муаммолар мавжудлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида қайд қилинган фармонига асосан қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишлари этиб белгиланди:

– солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга ҳар томонлама кўмаклашиш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услубларини жорий этиш;

– фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклашга ҳар томонлама кўмаклашиш, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий аҳволини соғломлаштириш, ўзаро ҳисоб-китоблар механизмини мустаҳкамлаш, солиқ қарзи ошишига йўл қўймаслик орқали солиқ солинадиган базани кенгайтириш;

– солиқ солиш масалаларида, шу жумладан республика ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг қўшимча захираларини аниқлаш орқали молия органлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш.

Фармон билан солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторинги жорий этилмоқда.

Илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғистон Республикаси вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан амалга ошириш юклатилмоқда.

Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчиларга солиқ таътиллари бериш тарзида давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакли назарда тутилмоқда.

Ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилади, республиканинг қолган ҳудудларида мазкур тизим босқичма-босқич амалга киритилади.

Мамлакатимизда маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини мустаҳкамлаш борасида қуйидаги чора-тадбирларни тизимли равишда амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

– саноат ишлаб чиқариш соҳасида янги корхоналар ташкил этиш;

– хизмат кўрсатиш, сервис корхоналари ташкил этиш;

– мавжуд корхоналарни соғломлаштириш, модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш;

– истиқболсиз ишлаб чиқариш корхоналарини янги мулк эгаларига сотиш орқали соғломлаштириш;

– солиқ тўловлари бўйича берилган имтиёзларнинг муддати тугашини ҳисобга олиш;

– солиқлар йиғувчанлигини ошириш.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги кундаги молиявий сиёсат, юқоридаги каби фармонларнинг қабул қилиниши солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади, унинг шаффофлигини таъминлайди, бу эса, шубҳасиз, маҳаллий бюджетлар даромадлари барқарорлигини таъминлаш асосидир.

Васила НУРИТДИНОВА,

Дилноза ТОЖИБЕКОВА,

ТМИ, “Молия” кафедраси катта ўқитувчилари.

Аннотация

Ушбу мақолада маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлашда солиқ органларининг бугунги кундаги фаолияти ёритилган. Шунингдек, солиққа оид қонунбузарликларга йўл қўйилган ҳолатлар ҳақида сўз боради.

Калит сўзлар: маҳаллий бюджетлар даромад базаси, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, ҳужжатли ва қисқа муддатли текширишлар, солиқ қарзи, солиқ назорати, молиявий санкция.

В данной статье рассмотрена деятельность налоговых органов в укреплении базы доходов местных бюджетов, а также были рассмотрены налоговых нарушений.

This article analyzes the role of taxation bodies on improving the incomes of local budgets. Additionally, the article also regards some delinquent activities on taxation.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси. 2008 йил 26 декабрь.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони, 2017 йил 7 февраль.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиқ маъмурчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 18.07.2017 йил ПФ-5116-сонли фармони.

4. Қосимова Г.А., Шаакрамов К. Маҳаллий бюджетлар. Ўқув қўлланма. – Т.: “Iqtisod-moliya”.2012. 260 б.

5. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг йиллик ҳисоботи материаллари.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"