Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1624
7529
7529

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
164015
199080
136906

+62174

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 229 461
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Маҳаллий ижро ҳокимияти органларида бошқарув қарорлари самарадорлигини баҳолаш

 

Кириш. Маълумки, бошқарувнинг барча бўғинида бошқарув қарорлари самарадорлигини таъминлаш мамлакат тараққиётининг асосий омилларидан бири саналади. Ҳар қандай давлат ва жамиятдаги ислоҳотлар натижаси ижро тизими муваффақиятли фаолият юритишига боғлиқ. Модомики, шундай экан, бугунги кунда маҳаллий ижро ҳокимияти органларида бошқарув қарорлари самарадорлигини баҳолаш тизимини давр талабларига мос тарзда мукаммаллаштириш жуда муҳим. Бунинг сабабини қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин:

Биринчидан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг дастлабки қисми “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш” деб номланган. Унда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларни янада кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг замонавий шаклларини жорий этиш вазифалари белгиланган. Иккинчидан, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини баҳолаш механизмлари фақат ҳолатларни қайд этиш ва статистик маълумотларни тўплашдан иборат бўлиб, аксарият ҳолларда жойлардаги ишларнинг ҳаққоний ҳолатини акс эттирмайди. Шу боис Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадоригини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш зарурлиги алоҳида қайд этилган. Жумладан, мақсадли индикаторларга эришиш ва стратегик ривожланиш дастурларини амалга ошириш самарадорлигига асосланган барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва раҳбарлари фаолиятини уларнинг ҳисоботларини эшитиш йўли билан баҳолашнинг принципиал янги тизимини, шунингдек, “ақлли тартибга солиш” моделларини ва қабул қилинаётган қарорларни тартибга солиш таъсирини таҳлил қилишнинг стандартлаштирилган услубиётини жорий этиш[1]  лозимлиги кўрсатилган.

Тадқиқот методологияси. Унинг асосини менежмент фанининг фундаментал қонунлари, бошқарув қарорлари самарадорлигини баҳолаш концепциялари, қонуният ва принциплари, бошқарув қарорлари қабул қилишга доир тадқиқот олиб борган хорижий олимлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг асарлари ташкил қилади. Бу тадқиқот жараёнида мамлакатимиз маҳаллий ижро ҳокимияти органларида бошқарув қарорлари самарадорлигини баҳолаш тизими изчил ва комплекс ёндашув, анализ ва синтез, контент таҳлил, функционал ва қиёсий таҳлил каби илмий тадқиқот усуллари воситасида ўрганилди.

Мавзуга оид адабиётлар таҳлили. Дунёнинг қатор мамлакатлари сингари Ўзбекистонда ҳам Истиқлол йиллари маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш масаласини илмий ўрганишга қизиқиш кучайди. Бу органларнинг жамият ҳаётида тутган ўрнини аниқлашга бағишланган илмий изланишлар олиб борилди. Иқтисодчи олимлардан М.Шарифхўжаев ва Ё.Абдуллаев [2] ўз тадқиқотларида ушбу мавзуга оид таҳлилий далиллар келтиришган. Ё.Абдуллаев ва Ш.Туляганов [3] бошқарув қарорларига қўйиладиган талаблар, қарорлар ижроси ва назорати хусусиятларини ўрганишган. Ғ.Қосимов [4] бу ҳужжатларни қабул қилиш моделлари ва башоратлаш усулларига доир фикрларни баён этган. Ш.Зайнутдинов ва Н.Қодирходжаеванинг менежмент фанидан маърузаларида бошқарув қарорларини тайёрлаш ва қабул қилиш жараёнлари, уларни оптималлаштириш усуллари, ижросини таъминлаш масалалари ёритилган. Б.Омонов тайёрлаган маърузалар тўпламидан қарорларни қабул қилиш жараёни, моделлари ва усулларига тааллуқли таҳлилий маълумотлар ўрин олган. Шунингдек, бошқарув самарадорлигини оширишда шахсий бошқарувнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилган. М.Куймуратова[5] эса бошқарувда ижтимоий қарорларни ишлаш ва тадбиқ этиш усуллари, қабул қилиш босқичлари ва уларнинг психологик хусусиятлари, бундан ташқари, стратегик бошқарув қарорларини қабул қилиш масалаларини тадқиқ этишга интилган.

Юқорида тилга олинган илмий ишлардан хулоса чиқариб айтадиган бўлсак, маҳаллий ижро ҳокимияти органларида бошқарув қарорлари самарадорлигини баҳолаш масаласи алоҳида тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган. Демак, бу борада тизимли тадқиқотлар олиб бориш, шу асно бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш фойдадан холи бўлмайди.

Айан Паунолл ўз қаламига мансуб “Самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш” [6]   китобида мазкур қарорлар самарали бўлиши учун бир неча омилни ҳисобга олиш шарт, деган фикрни илгари сурган. Унинг таъкидлашича, қарор самарадорлигига таъсир этувчи омиллар қарор қабул қилишда иерархияга риоя этишдан, мақсадли функциялараро гуруҳни шакллантиришдан, тўғри горизонтал алоқалар ўрнатишдан, қарорни яккабошчилик асосида қабул қилишдан иборат. Иқтисодчи олим Ю.Нечитайлов эса “Давлат хизматида бошқарув қарорларини қабул қилиш инновацион механизмини такомиллаштириш” [7] номли тадқиқот ишида бу янглиғ қарор қабул қилишда маблағ билан боғлиқ мажбурий характердаги вазиятларни, фаолият мақсадини ҳамма бир маънода англамаслигини, иерархияга асосланган муносабатлар аҳамиятини, ташкилот раҳбарлари томонидан қабул қилинган инновацион бошқарув қарорлари мавжудлигини ҳисобга олиш кераклиги эслатади

Таҳлил ва натижалар. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўрта махсус ва олий ўқув юртларини битириб, ҳаётга йўлланма олган ёшларимизни замонавий иш билан таъминламасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйиш – бу кечириб бўлмайдиган хато, ёш авлодимизга нисбатан хиёнатдир. Ҳар қайси ҳокимнинг фаолиятига, биринчи навбатда, у бошқараётган ҳудудда бу борадаги ишлар қандай йўлга қўйилганига қараб баҳо берилишини яна бир бор таъкидлаш ўринлидир” [8] деган фикрлари бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Бинобарин, давлатимизнинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 6 майда имзо чеккан “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор [9] айни йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатлар узлуксиз давом эттирилаётганини исботловчи ҳужжат бўлди. Унда бу тузилмалар раҳбарларининг янги иш ўринлари очиш, иқтисодий корхоналар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ йўналтирилган тизимли ишларни олиб бориш соҳасида  шахсий масъулиятини кучайтириш қатъий вазифа қилиб қўйилди. Шунга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 июлидан эътиборан маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини аҳоли бандлигини ошириш учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш тизими жорий этилди. У мазкур йўналишдаги қарорлар самарадорлигини тизимли баҳолаш имконини беради.

Ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг глобаллашуви ижро тизимида ҳам ахборот оқимлари кўпайишига сабабчи бўлмоқда. Табиийки, айни ҳолат ташқи ва ички хавфларни баҳолаш шарт-шароитларини чеклайди. Бундай вазиятда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан давлат ва жамият ҳаётига дахлдор бошқарув қарорлари қабул қилиниши жараёнидаги муаммони статистик маълумот ва ҳисоботлар асосида эмас, балки жойида ва ҳал этиш тизимини қўллаш йўли билан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Президентимиз Ш.Мирзиёев уқтирганидек, кўпчилик раҳбарларнинг мураккаб муаммоларни кабинетдан чиқмасдан, иқтисодиёт тармоқлари, ҳар бир корхонадаги, шаҳар ва тумандаги, айниқса, қишлоқ жойлардаги ишлар қандай аҳволда эканини чуқур ўрганмасдан ҳал этишга одатланиб қолгани[10]  оптимал қарор қабул қилиш учун зарур ахборотлар билан таъминланганлик даражасини чеклайди. Шунингдек, бозор иқтисодиётига хос ахборот ассиметрияси (ахборот тўла-тўкис эмаслиги)ни вужудга келтиради. Оқибатда марказий органлар ва маҳаллий ҳокимият идоралари ҳамда асосий ижрочи бўлмиш қуйи бўғин ўртасида  самарали ҳамкорликни амалга ошириш мураккаблашади.

Бизнес бошқаруви бўйича мутахассис Крис Трумэн “Кабинетда ўтириб қарор қабул қилиш кўпинча раҳбарнинг ички интуицияси ва тажрибасига боғлиқ бўлиб, ҳар доим ҳам бирламчи маълумотларни тез олиш имконини бермайди. Бу эса қарор самарадорлигини пасайтиради”[11], деб таъкидлайди. Демак, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари бошқарув қарорлари қабул қилиш учун зарур ахборотлар билан таъминланиши керак. Қолаверса, қарорлар самарадорлигини ошириш фуқаролик жамияти институтлари билан интеграциялашув жараёнларини тезлаштириш заруриятини туғдиради.

Хориж тажрибасига назар ташласак, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган кўплаб қарорлар муниципал (маҳаллий) ҳокимиятларда экспертлар ва маслаҳатчилар иштирокида қабул қилинишидан огоҳ топамиз. Соҳадаги муаммоларни тизимли ҳал қилишда  Ўзбекистонда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, ишсизликни камайтиришга, мавжуд зиддиятларни бартараф этиш учун нафақат туман, вилоят ва шаҳарлар ҳокимларининг, балки туман прокурорлари, давлат солиқ инспекцияси раҳбарлари ва ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ҳам масъулияти оширилишига эътибор қаратилиши оқилона иш бўлди. Лекин кўпчиликни қарорни қабул қилиш жараёнига жалб этиш қарор иштирокчилари меҳнатини мувофиқлаштириш муаммосини пайдо қилади. Буларнинг барчаси мураккаб бошқарув қарорларини қабул қилиш асноси зиддиятларни келтириб чиқаради (1-расм).

tablica_575

1-расм. Мураккаб бошқарув қарорларини қабул қилишдаги зиддиятлар[12].   

Мураккаб қарорни тайёрлаш ва қабул қилиш учун бир томондан кўплаб эксперт (мутахассис)ларни жалб этишга тўғри келади, бошқа томондан қарор қабул қилиш жараёни мушкуллашади. Негаки, бу иш билан банд иштирокчилар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича янги муаммо вужудга келади. Натижада маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида катта ҳажмли ресурсларни таҳлил этиш, қарор қабул қилиш харажатлари ва уларнинг оқибатлари қиймати ошади. Бунақа вазиятда давлат органларининг барча бўғинларида ахборотлар алмашинувини мувофиқлаштирувчи “ақлий марказлар” ташкил этиш ўринли бўлади.

Дарвоқе, эндиликда “ақлий марказлар”нинг мавжудлиги глобал ҳодисага айланмоқда. Ривожланган давлатлар бошқарувининг барча бўғинларида таҳлил муассасалари фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда эса Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, “Тараққиёт стратегияси” ахборот-таҳлилий маркази ишлаб турибди. Улар давлат сиёсатида муҳим ўрин тутувчи деярли ҳамма соҳаларни қамраб олган. Аммо маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг барча бўғинларида бошқарув қарорлари самарадорлигини баҳолайдиган алоҳида институционал тузилмалар (“ақлий марказлар”) йўқ.

Зеро, муаммони марказлашган шаклда (марказий органларда) эмас, балки ҳудудларни ўзида ўрганиш, вазиятни холисона баҳолаш, бирламчи маълумотларга эга бўлиш, шунингдек, муаммоларни тўғри даражалаштириш (жойида, туман, вилоят, шаҳар ва республика миқёсида ҳал қилиш) имконини берадиган “ақлий марказлар”ни ташкил этиш бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга масала.

Бошқарувга қўйиладиган замонавий талабларга биноан, раҳбар қарорни “муҳим”, “ўртача муҳим” ва “муҳим эмас” деб фарқлай олиши зарур. Шунингдек, “экстраполяция усули” орқали олдинги тажрибалардан келиб чиқиб, ўзаро ўхшаш вазиятларни таҳлил қилиши даркор. Сўнгра қарор қабул қилинади, натижалари назоратга олиниб, режалаштирилган кўрсаткичларга нечоғли яқинлашгани аниқланади. “Қарор қабул қилишда ҳар доим ҳам интуицияга таяниб бўлмайди. Бундай шароитларда вазиятни аниқ-равшан баҳолаш лозим. Муаммо ечимига яқинроқ олиб келадиган оптимал қарор бир нечта вариантни таққослаш асосида сараланади. Баъзида қарор қабул қилувчилар “қисқа йўлни” афзал кўришади. Яъни, бу жараённи олдинги тажрибаларга суянган ҳолда тезлаштиришади. Раҳбарнинг қарор қабул қилиш жараёни рационал ва интуитив фаолиятлардан ташкил топади. Бошида у интуитив равишда танлаган қарорларни рационаллик нуқтаи назаридан баҳолаб боради” [13].

Стратегик қарор самарадор бўлиши учун рационал режага эгаликнинг ўзи камлик қилади. Раҳбар рационал тадқиқотлар натижалари яхши бўлса ҳам, мавжуд бошқа вариантларни таққослаб ва иқтисодий-сиёсий нуқтаи назардан ёндашиб, энг мақбул қарорни танлай олиши зарур.

Маҳаллий ижро ҳокимияти органларида бошқарув қарорлари самарадорлигига баҳо бериш бутун бошқарув тизимида муҳим ўрин тутади. Агар қабул қилинган қарор самарасиз бўлса, бутун ташкилот бўлимларининг фаолияти ҳам бесамар кечади. Инчунин, қарор қабул қилиш босқичида энг тўғри ва мақбул қарорни топиш учун шундай танқидий таҳлил ўтказиш керакки, у келажакда сифатсиз ва самарасиз меҳнат фаолиятининг олдини олсин.

Қарор қабул қилиш самарадорлигига баҳо беришни икки турга ажратиш мумкин. Биринчиси назарий (априор) бўлиб, баҳо бериш жараёнида далилларга асосланган муқобилларни амалиётга татбиқ этиш учун танланади. Иккинчиси қарор қабул қилиш самарадорлигига реал баҳо бериш (апостериор)дир. У қарор ижросидан сўнг бериладиган натижаларга  қараб аниқланади.

Мутахассислар бошқарув қарорлари қабул қилиш самарадорлигининг мақсадли ва харажатли жиҳатлари ҳам борлигини айтишади. Мақсадли жиҳати бутун ташкилот эришган ютуқлар даражасини ифодаласа, харажатли жиҳати турли ресурсларни ишлаб чиқариш жараёнида ишлатиладиган манбаларни тежовчи усуллардан фойдаланишни назарда тутади.

Маҳаллий ижро ҳокимияти органларида мақсадли ишларни амалга оширишда фаолият характерини аниқлаб олиш стратегик вазифалар сирасига киради. Ресурсларни ўша мақсадларга йўналтиришда қўлланиладиган технологияларни танлаш эса тактик вазифа ҳисобланади. Шуларни инобатга олиб, мақсадли самарадорликни стратегик, харажатлисини тактик деб аташ учун асосларимиз етарли.

Хулоса ва таклифлар. Маҳаллий ижро ҳокимияти органларида бошқарув қарорлари самарадорлигини баҳолаш миқдорий ва сифат кўрсаткичларига ҳамда меъёрлар ва стандартларга асосланган тарзда амалга оширилиши жоиз. Сифат кўрсаткичларини ишлаб чиқишда қарор ўз вақтида бажарилишини, унинг илмий асосланганлик даражасини, ижро механизмлари аниқ белгиланганини, қарорда ўз ифодасини топган вазифаларни реал ҳаётда қўллаш имконияти юқорилигини, қарорнинг легитимлигини эътиборда тутиш лозим.

Миқдорий кўрсаткичлар асосида баҳолаш анча мураккаб юмушдир. У қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш харажатлари камлиги, қарор қабул қилишда вақт тежамкорлиги, ресурслар оптимал тақсимлангани, бошқарув қарорларини тайёрлаш ва қабул қилиш босқичида инсон омилларидан самарали фойдаланилгани билан изоҳланади.

Одатда бошқарув қарорларини қабул қилишдан кўра уларни амалга ошириш анча мураккаб жараён ҳисобланади. Айрим ҳолларда камроқ самарали ечимнинг якуний таҳлилда катта устунлик билан амалга ошириш даражаси янада самарали бўлиши мумкин. Шу боис белгиланган стратегик мақсадлар амалга оширилиши мумкинлигини олдиндан баҳолаш бошқарув қарорлари самарадорлигини баҳоловчи кўрсаткичларни аниқлашда ўта муҳимдир. Маҳаллий ижро ҳокимияти органларида бошқарув қарорлари самарали бажарилишини таъминлашда қуйидаги тамойилларга риоя қилиш мақсадга мувофиқдир: 1) қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ташкилот стратегиясига мувофиқ амалга оширилиши лозим; 2) қарор ижроcини таъминлаш тадрижий (эволюцион) шаклда намоён бўлиши керак; 3) қарор ижросини таъминлашда вақт захирасини тўғри белгилаш зарур; 4) қарор қабул қилишда мавжуд қадриятларни ҳисобга олиш жоиз; 5) қарор ижросини таъминлашдаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш даркор.

Актам ХОЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси

1-курс докторанти.

Аннотация

Мақолада маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида бошқарув қарорлари самарадорлигини баҳолаш мезонлари тизими таҳлил қилинган. Шунингдек, бундай баҳолашнинг миқдорий (quantitative) ҳамда сифат (qualitative) кўрсаткичлари хусусида таклиф ва тавсиялар берилган.

Калит сўзлар: маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, бошқарув қарорлари, самарадорлик кўрсаткичлари, самарадорликни баҳолаш мезонлари, давлат бошқаруви, қонун, самарадорлик, тизимли таҳлил. 

В данной статье проанализирована система критериев оценки эффективности управленческих решений органов исполнительной власти на местах. Также даны предложения и рекомендации по поводу оценки количественных (quantitative) и качественных (qualitative) показателей эффективности управленческих решений в местных исполнительных органах.

This article analyzes the criteria to assess the effectiveness of decisions by local executive authorities. Furtherly, suggestions and recommendations for the assessment of quantitative and qualitative indicators of the effectiveness of managerial decisions in the local executive bodies are provided.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони // “Халқ сўзи” газетаси, 2017 йил 9 сентябрь 180-сон.

2. М.Шарифхўжаев, Ё.Абдуллаев. Менежмент. Тошкент,  “Ўқитувчи”, 2001 йил, 652-673-бетлар.

3. Ё.Абдуллаев, Ш.Туляганов. Менежмент ва маркетинг асослари. Тошкент, 2016 йил, 63-79- бетлар.

4. Қосимов Ғ.М. Менежмент. Олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик. Тошкент,  “Ўзбекистон”, 2002 йил, 180-189-бетлар.

5. М.Куймуратова. а) “Менежмент социологияси ва психологияси” фанидан маъруза матнлари. Наманган, 2005 йил. б) Стратегик менежмент. Наманган, 2005 йил.

6. Ian Pownall. Effective Management Decision Making: An Introduction © 2012 Ian Pownall & Ventus Publishing ApS ISBN 978-87-403-0120-5.

7. Нечитайлов Юрий Владимирович. Совершенствование инновационного механизма принятия управленческих решений на государственной службе. Диссертация кандидата экономических наук. 08.00.05 / Нечитайлов Юрий Владимирович; [Место защиты: МАГМУ]. Москва, 2009 год, 210- стр., ил. РГБ ОД, 61 09-8/1786.

8. Каримов И.А. Демократик ислоҳотларни, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорликнинг устуворлигини таъминлашга кенг йўл очиб бериш - Ватанимиз тараққиётининг бугунги босқичида ҳал қилувчи омилдир. 24-жилд. Тошкент,  “Ўзбекистон”, 2017 йил.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 майдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2960-сонли қарори // http://nrm.uz

10. Мирзиёев Ш.М. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. Тошкент,  “Ўзбекистон”, 2017 йил, 10-бет.

11. Trueman, C. N. «Decision Making In Government» history learning site.co.uk. The History Learning Site, 27 Mar 2015. 16 Aug 2016.

12. Охотникова Л.Х. Определение эффективности управленческих решений.// Transport business in Russia, стр 73.

13. Cezar Vasilescu, Effective Strategic Decision Making, // Journal of Defense Resources Management , 2011; 103 p.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"