Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4907
6099
6367

-268
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
123210
172875
172957

-82

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 431 492
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Нодавлат пенсия фондларида пенсия портфелини шакллантириш бўйича хориж тажрибалари

Ҳозирги кунда МДҲ мамлакатларида пенсия тизмини ислоҳ қилиш, унинг самарадорлиги, адолатлилиги ва барқарорлигини ошириш ҳукуматлар олдида турган энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Чунки илк бор 1956 йилда жорий қилиниб, то 1990 йил – Совет Иттифоқи парчалангунига қадар такомиллашиб борган социалистик пенсия тизими мустақилликка эришган ҳамда иқтисодиётни бозор механизмлари асосида қуриш тактикасини танлаб олган мамлакатларнинг ўз миллий пенсия таъминоти тизимини қуришларида асос бўлиб хизмат қилган. Бир-бирига мутлақо қарама-қарши бўлган иқтисодий тизимлар учун бир асосга эга бўлган тизимнинг амал қилиши ҳозирги кунда юзага чиқаётган пенсия билан боғлиқ муаммоларнинг асосини ташкил этади. Уларни бартараф этиш пенсия тизимини янада демократлаштириш орқали амалга оширилиб, бунга албатта, жаҳон амалиётида ўзини оқлаган тажрибаларни ўрганиш ва уларни миллий қадриятлар асосида жорий қилиш орқали эришилади.

Халқаро пенсия назариясида “пенсия режаси” (баъзан пенсия схемаси деб ҳам юритилади) тушунчаси асосий ўринни эгаллайди. Пенсия режалари, ўз номига монанд равишда, ишчиларни меҳнат фаолиятини якунлагандан сўнг доимий пул оқими билан таъминлаш учун улардан ва уларни ёллаган хўжалик юритувчи субъектлардан олинган пенсия бадалларидан ташкил топган активларни режали бошқаришни англатади. Пенсия режалари дунёдаги энг катта капитални ўзида жамлаган молиявий тизим ҳисобланиб, уларни бошқаришда молиявий менежерлар ўзига хос масъулият оладилар. Ватсон (2016) ўз изланишларида 19 та ривожланган мамлакатни тадқиқ қилар экан, улардаги пенсия режалари активларининг қиймати 35,3 триллион АҚШ долларидан ортиқлиги ва бу рақам ўрганилган мамлакатлар ЯИМнинг ўртача 80 фоизини ташкил қилишини аниқлаган. Шунингдек, 2015 йилда дунёдаги энг йирик 300 та пенсия фондининг ялпи активлари 14,8 триллион долларга етган бўлиб, бу рақам бутун дунёдаги пенсия активларининг 43,1 фоизига тенгдир. Бундан кўриниб турибдики, дунёда пенсия бадаллари ҳисобига шаклланган маблағлар 33 триллион доллардан ортиқдир. Қиёслаш учун айтиш мумкинки, бу рақам АҚШ ялпи ички маҳсулотидан (18 триллион доллар) 1,8 марта, Хитой ялпи ички маҳсулотидан (11 триллион) эса 3 марта каттароқдир ва дунё ялпи маҳсулотининг (73,9 триллион доллар) 44 фоизини ташкил қилади. Мамлакатлар кесимида пенсия фондларининг ЯИМ га нисбати 1-расмда тасвирланган.

 rajabov_1

1-расм. Пенсия фондларининг ЯИМ нисбатан улуши

Аввало, ривожланган мамлакатлар пенсия режаларига инвестицион фаолият билан шуғулланиш ва пенсия фондларини яратишни ташкил этиш борасида жуда катта эркинликлар берилган (бу ҳақида кейинроқ батафсил тўхталиб ўтамиз).

Шу нуқтаи назардан, пенсия режалари ҳам иш берувчи, ҳам ишчи учун жозибадордир. Чунки, пенсия режаларини таклиф этувчи компаниялар юқори малакали ишчиларни ёллаш ва уларни ўзида сақлаб қолиш имкониятига эгалар. Бунинг сабаби эса оддий: ҳар қандай ишчи юқори даражадаги пенсия ўтказмаларини таклиф этувчи фирмаларни қидиради. Пенсия режалари орқали келгусида олиниши ваъда этилган даромадлар ишчилар учун келажакда ўз нафақасини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган шахсий жамғармаларнинг ўрнини боса олади.

Хорижий амалиётда пенсия режалари узоқ муддатли инвестициялар таклифининг асосий субъекти ҳисобланиб, бунда улар янги ишга кирган ишчи умрининг ўртача давомийлигига асосланадилар. Яъни, активларни жойлаштириш қарорлари мамлакатда юритилаётган демографик статистикадан келиб чиқиб қабул қилинади. Агарда, бирор жисмоний шахс мустақил равишда нафақа учун инвестиция киритадиган бўлса, у ҳолда мазкур инвестицион активлар табиий равишда консерватив хусусият касб этади. Чунки ишчининг умри давомийлиги мавҳум ва нафақа давомида бу инвестициядан кўрилган зарарни қоплаш имконияти чеклангандир.

Пенсия режаларининг 3 асосий тури фарқланади: ўзгармас таъминотли пенсия режалари, давлат ижтимоий ҳимоя режалари ва жамғариб бориладиган пенсия режалари. Улар бир-бирларидан активларни бошқариш риски ва мукофоти, инвестицион портфелнинг ижро этилишидаги рискнинг иш берувчи, ишчи ёки солиқ тўловчига ўтишига қараб фарқланади.

Ўзгармас таъминотли пенсия режалари нафақахўрлар учун ўзгармас даромадни кафолатлайди ва айни пайтда иш берувчи учун рискли бўлиши мумкин. Бошқача айтганда, нафақахўрларга кафолатланган ва ўзгармас даромадни таклиф этиш билан бирга барча инвестицион рискни ўз гарданига олади.

Ўзгармас таъминотли пенсия режалари “кўчмас” хусусиятга эгаки, унга кўра ишчининг бир иш берувчидан ишлаб топган таъминоти бошқа иш берувчи томонидан тан олинмайди ёки давом эттирилмайди. Кўп ҳолларда пенсия ёшига етмай вафот этган ишчилар ишлаб топилган таъминотни олмайдилар. Шунингдек, уларнинг меросхўрлари ҳам йиғиб борилган даромадлар ва компенсацион тўловлардан маҳрум бўладилар. Ўзгармас таъминотли пенсия режалари ўз меҳнат фаолиятини фақатгина бир иш берувчида ўтказувчи ишчилар учун қулай ҳисобланади.

Бир ишчининг 40 йиллик меҳнат фаолиятини битта фирмада ўзказиш ва икки фирмада 20 йилдан ишлаш ҳолатларини бир-бирига таққосласак. Ҳар иккала фирма ишчи меҳнат фаолиятининг охирги беш йилидаги ўртача маошининг 1,5 фоизи ва унинг ишлаб берган йиллари сонига кўпайтмасига тенг миқдорда пенсия таъминотини таклиф этади. Дейлик, ишчи 1975 йилда йиллик 15787 долларлик маош билан ўз фаолиятини бошлаб, уни 2015 йилда 50000 долларга тенг йиллик маош билан якунлаган (40 йил давомида маош 3% дан ошиб борган). Агар ишчи фаолияти давомида фақат бир иш берувчига хизмат қилган бўлса, унинг йиллик пенсия таъминоти 28302 долларга тенг бўлар эди (1,5% × 40 йил × 47171 (охирги беш йилдаги ўртача маош)). Иккинчи ҳолатда эса ишчи 1975-1995 йилларда биринчи иш берувчи учун ишлаган ва охирги беш йилдаги ўртача маоши 26117 долларга тенг бўлган. Бу иш берувчидан ишлаб топган таъминоти йиллик 1995 йилда ҳисобланган бўлиб, у 7835 долларга тенг (1,5% × 20 йил × 26117 доллар). Иккинчи иш берувчи эса йиллик 14151 доллар миқдорида пенсия таъминоти тўлаган (1,5% × 20 йил × 47171 доллар). Бундан кўринадики, бутун меҳнат фаолиятини бир фирмага хизмат қилиш йиллик 28302 доллар қийматида пенсия таъминоти билан таъминласа, иш жойини ўзгартириш ҳолатида бу рақам 21986 доллар (7835+14151) га тенг бўлар эди. Яъни, фақатгина бир фирма учун меҳнат қилиш 6316 доллар кўпроқ маблағ келтирган бўлар эди.

Ишчи ўз меҳнат фаолияти давомида иш жойини қанча кўп ўзгартирса, у учун ўзгармас таъминотли пенсия режалари шунчалик ноқулай бўлиб боради. Чунки фирмаларнинг аксарияти ўз ишчилари учун 5 йилдан 10 йилгача квалификацион даврни (иш берувчи пенсия таъминотини олиш ҳуқуқи учун талаб этиладиган мажбурий ишлаб бериш даври) жорий қиладилар. Бунда энг ёмон вазият сифатида қуйидаги мисолни келтиришимиз мумкин: 45 йиллик меҳнат фаолияти давомида 5 иш берувчи учун 9 йилдан ишлаб берган ишчи квалификацион давр 10 йил бўлган тақдирда пенсия таъминотисиз қолади, гарчи у 45 йил пенсия таъминотини таклиф этувчи фирмаларда ишлаган бўлса ҳам.

Давлат ижтимоий ҳимоя режалари муайян мамлакатда муқаддам иш билан банд бўлган фуқароларни, уларнинг давлат ёки хусусий секторда меҳнат қилганликларидан қатъи назар, пенсия даромадлари билан таъминлайди. Бу турдаги даромадларни олиш учун фуқаро белгилаб қўйилган энг кам иш стажига эга бўлиши ва давлат ижтимоий ҳимоя режасига бадал тўлаб борган бўлиши керак. Ижтимоий ҳимоя таъминоти анча мослашувчан бўлиб, унда ишчилар иш берувчилар сонидан қатъи назар, ўз бадалларини жамлаб бориш ҳуқуқига эгалар. Баъзи ишчилар, айниқса давлат ташкилотлари ишчилари, иш берувчининг ҳам, ишчининг ҳам белгиланган пенсия бадалларини тўлаб бормаслиги учун бундай таъминотни олмайдилар.

Ўзгармас таъминотли режалар одатда ишчининг даромадига боғлиқ бўлади ва бунда пенсия таъминотига ҳеч қандай қўшимча маблағлар қўшилмайди. Ижтимоий ҳимоя режалари эса бундан мутлақо фарқ қилади: уларда қўшимча таъминот маблағлари ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра ўз фаолиятида қуйи даромадлиликка эришган ишчиларнинг нафақа тўланиш даражаси юқори даромадли ишчиларникига қараганда кўпроқ бўлиши мумкин. 2016 йилда 66 ёшида (бу ёш ўртача пенсия ёшига тенг) нафақага чиққан АҚШ фуқаролари энг кўпи билан 2639 доллар пенсия таъминотини олиш имкониятига эга бўлганлар. Бу таъминотнинг энг кўп миқдори (2639) юқори даромадли ишчиларга тўланади (масалан, 2016 йилда 120000 доллардан кўпроқ даромад топган ишчилар). Инвестицион компаниялар институти ҳисоботига кўра (ИКИ 2011), АҚШ Конгресс бюджети томонидан ишчиларнинг энг қуйи квентилининг (кам даромадли синф) нафақа тўланиш даражаси ўртача 71% га тенг. Юқори квентилга эса 31% нафақа тўланиш даражаси тўғри келади. Ижтимоий ҳимоя тизимлари, шунингдек, ишчиларнинг қарамоғидаги кишиларни ҳам даромад хавфсизлиги билан таъминлаши мумкин. Бунда ўз меҳнат фаолияти давомида вафот этган ёки меҳнат лаёқатини йўқотган ишчиларнинг турмуш ўртоқлари ва болаларига таъминот маблағлари тўлаб борилади.

Инвестициялардан даромад олиш даражаси паст бўлган ва назорат тадбирлари авж олган даврда иш берувчилар учун ишчиларга ўзгармас таъминотли пенсия режаларини таклиф этиш анча ноқулай ҳисобланади. Ўзгармас таъминотли пенсия режаларини таклиф этмайдиган иш берувчиларнинг бухгалтерия балансларида профицит риски (бадалларнинг мажбуриятлардан ортиб кетиш эҳтимоли) кузатилмайди ва ишчининг нафақа режасига ўтказиб бориладиган ўтказмалар, одатда, ўзгармас хусусиятга эга бўлади. Мазкур иш берувчилар қайтим ставкалари паст бўлган вақтда пенсия харажатларининг ўсиб кетишига дуч келмайдилар ва шу билан биргаликда, даромадлилик даражаси юқори бўлган бир даврда пенсия харажатларининг одатдагидан ортган суммасини ишлаб олиш имкониятини бой берадилар. Ватсон (2016)нинг ҳисоб-китобларига кўра, 2015 йилдаги пенсия активларининг 51,6 фоизи ўзгармас таъминотли, қолган 48,4 фоизи жамғариб бориладиган пенсия режаларига жамланган. Ўзгармас таъминотли ва жамғариб бориладиган пенсия режаларининг нисбати ҳар мамлакатда турличадир (2-расм). Австралияда 86,6% пенсия активлари жамғариб бориладиган режаларга тўғри келса, Японияда бу кўрсаткич атиги 3,8 фоизни ташкил этади (японча “бир компанияга содиқлик” менежмент моделини тарғиб этиш учун).

 rajabov_2

2-расм. Пенсия режаларининг мамлакатлар кесимида турлар бўйича фарқланиши

Энди жамғариб бориладиган пенсия режаларининг хорижда қандай амал қилиши билан танишиб чиқсак. Бундай турдаги режага кўра, иш берувчи ўзининг ҳар бир ишчиси учун ўзгармас миқдорда ва доимий тартибда ўтказмалар ўтказиб боради. Жамғариб бориладиган пенсия режасида иш берувчида профицит риски бўлмайди, чунки активлар доимо мажбуриятларга тенг бўлади. Бу режанинг одатий тузилиши эса қуйидагича бўлади: иш берувчи ўз ходимига унинг йиллик маошининг 3 фоизи миқдорида ўтказмани таклиф қилади. Қўшимча равишда, ишчининг ўзи томонидан (ўз маошидан) жамғариб бориладиган пенсияга режасига ўтказмалар фоиз улушининг ярмига тенг миқдорда мос ўтказма ҳам ўтказиб боради. Масалан, ишчи ўз маошининг 6 фоизини жамғариб бориладиган пенсияга режасига ўтказса, у ҳолда иш берувчи ўзгармас миқдордаги 3 фоизлик ўтказмага қўшимча равишда яна 3 фоизлик мос ўтказма (6% нинг ярми) ўтказади (жами бўлиб 6%). Бу эса ишчи ўз маошининг 12 фоизига тенг миқдорда маблағни жамғариб бориладиган пенсия режасига жойлаштирганлигини билдиради.

Ўзгармас таъминотли пенсия режаларидан фарқли ўлароқ, жамғариб бориладиган пенсия режалари анча мослашувчандир. Яъни, иш берувчининг ўтказмалари квалификацион давр тугаши билан ишчининг активларига айланиб қолади. Бу мослашувчанлик ўз меҳнат фаолиятини бир нечта иш берувчи фирмаларда ўтказувчи ва узоқ муддатли давр давомида ваъда этилган пенсия таъминотини тўлаш борасида молиявий муаммоларга дуч келиши мумкин бўлган фирмалар ишчилари учун қулайлик туғдиради. Бир фирмадан ишдан кетиш жараёнида ишчи жамғарилган маблағларни янги иш берувчи томонидан таклиф этиладиган пенсия режасига ёки шахсий пенсия ҳисоб рақамига ўтказиш имкониятига эга бўлади. Жамғариб бориладиган пенсия режалари шахсий ҳисоб рақам эканлиги нуқтаи назаридан ишчининг ўз ўтказмалари, инвестициядан кўрилган даромадлар ва иш берувчининг квалификацион даврига тегишли ўтказмалар, ишчи нафақага чиқмай вафот этган тақдирда, унинг меросхўрларига берилиши мумкин.

Жамғарилган маблағларни инвестицияларга жойлаштириш борасида ҳам ўрганилаётган пенсия режалари турлари ўртасида аниқ фарқланиш мавжуд. Активларни жойлаштириш қарорини ўзгармас таъминотли режада иш берувчи қабул қилса, жамғариб бориладиган пенсия режасида бу ҳуқуқ ишчининг ўзига тегишли бўлади. Масалан, жамғариб бориладиган пенсия режасида иш берувчи ишчига 20 тагача инвестицион фондни таклиф қилиши мумкин. Бунда ишчи улар орасидан баъзиларини танлайди ва танланган фондларга қанча миқдорда ўтказма ўтказишни белгилаб беради. Баъзи ишчилар эса ҳеч қандай пенсия режаларида иштирок этмай нафақага чиқадилар ва бунда уларнинг таъминоти сифатида иш берувчи томонидан тақдим этилган акциялар ўртага чиқади. Агарда, компания ишчининг нафақага чиққунига қадар банкрот бўлса, у ҳолда ишчининг келгуси тақдири шунчаки мавҳумлик ичида қолади. Шунингдек, баъзи иш берувчилар ишчиларига жамғарилган маблағларни инвестицион фаолиятга мустақил равишда жалб этиш имкониятини берадилар. Яхши молиявий саводхонликка эга ишчилар брокерлик ойнаси (жамғармаларни молиявий фаолиятга жалб этиш) орқали ўз маблағларидан янада кўпроқ даромад олсалар, ишчиларнинг қолган – асосий қисми танлаш имкониятининг камлиги ёки рискнинг бошқа манбаларга марказлашуви ҳисобига янада кўпроқ риск оладилар.

Бошқа томондан, эҳтиёткор жамғарувчи яхши инвестицион даромадлилик шароитида ўзгармас таъминотли режаларига қараганда жамғариб бориладиган пенсия режаларида ўз таъминот маблағларини кўпроқ оширадилар. Аввалги мисолимизда 15787 доллар маош билан ўз фаолиятини бошлаб, 40 йил давомида бир иш берувчи учун ишлаган ишчининг охирги маоши 50000 долларга тенг ва унинг пенсия режасидан оладиган йиллик даромади 28302 долларни ташкил қилган эди. Худди шу ишчи жамғариб бориладиган пенсия режаси иштирокчиси бўлиб, ўз маошининг 6 фоизи ва шу миқдордаги иш берувчи ўтказмаларини инвестицияларга йўналтириш имкониятига ҳам эга эди, деб ҳисоблайлик. Маошнинг йиллик ўсишини 3%, инвестицион даромадлиликнинг 8% ва йиллик пенсия ўтказмаларининг маошнинг 12 фоизига тенглигини ҳисобга олсак, у ҳолда ишчининг нафақага чиқишдаги ялпи жамғармаси 699000 долларни ташкил қилган бўлар эди. Бу миқдорнинг тахминан 71400 доллари иш берувчи ва ишчининг пенсия ўтказмаларга, қолган 550000 доллари эса инвестицион даромадларга тўғри келади. Агарда харажатлар ставкаси 4,05% бўлса, ишчи худди ўзгармас таъминотли пенсия режасидаги каби 28302 доллар даромад таъминотини ишлаб олган бўлар эди. Жамғариб бориладиган пенсия режасининг даромадлилик даражаси нафақа даврида камида 4,05% ни ташкил қиладиган бўлса, пенсия ҳисобварағининг номинал миқдори ишчининг қолган умри давомида барқарор ва ўсувчи бўлади. Шунингдек, жамғарманинг асосий суммаси, ишчи нафақа даврида вафот этган тақдирда, унинг меросхўрларига ўтказиб берилади. Ўзгармас таъминотли режада эса ишчининг оиласига ҳеч қандай маблағ тақдим этилмайди (ишга жойлашиш вақтидаги қўшимча шартлашувлар бундан мустасно). Шунинг учун молиявий саводхон жамғарувчи учун жамғариб бориладиган пенсия режалари ўзгармас таъминотли режаларга қараганда ҳар томонлама афзал ҳисобланади. Шундай бўлсада, жамғариб бориладиган пенсия режалари иштирокчиларининг кўп қисми жуда кам жамғарадилар ёки инвестициялаш борасида жуда консерватив бўладилар ва натижада, ўзгармас таъминотли пенсия режалари тақдим этадиган даромадлиликдан анчагина паст бўлган миқдорда даромад оладилар.

Хулоса ўрнида Ўзбекистон Республикаси пенсия тизими ва халқаро тажрибаларни қиёсий жадвалга жойлаштирсак:

1-жадвал

Ўзбекистон Республикаси пенсия тизими ва халқаро амалиётдаги пенсия тизимининг таққослама жадвали

Ўзбекистон Республикаси пенсия тизими
Халқаро амалиётдаги пенсия тизими
Қонун билан тартибга солинган 2 хил пенсия таъминоти тизими мавжуд.
3 турдаги пенсия таъминоти тизими амал қилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги ҳузуридаги давлат пенсия жамғармаси хорижий амалиётдаги ўзгармас таъминотли пенсия режаларига маъно жиҳатдан бирмунча яқин.
Ўзгармас таъминотли пенсия режалари одатда нодавлат сектор томонидан бошқарилади.
Пенсия жамғармасига ҳам иш берувчи, ҳам ишчи мажбурий тартибда давлат томонидан қатъий белгиланган миқдорда ўтказмаларни ўтказиб боради.
Иш берувчи ўзгармас таъминотли пенсия режасига ўзининг молиявий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда белгиланган миқдорда ишчи учун ўтказмаларни ихтиёрий тартибда ўтказиб боради.
Пенсия жамғармаси йиллик бюджет асосида ўз фаолиятини молиялаштиради, жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўтказилган ўтказмалар инвестицион фаолиятга йўналтирилмайди.
Ўзгармас таъминотли пенсия режаларида иш берувчи ишчи учун ўзтказган ўтказмаларини инвестицион фаолиятга йўналтиришга ва ундан олинган даромадларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга.
Квалификацион давр узунлиги давлат томонидан ишчининг ёшига кўра белгиланади.
Квалификацион давр иш берувчи томонидан белгиланади.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиш мажбурийдир.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиш ихтиёрийдир.
Жамғарилган даромадларни инфляциядан ҳимоя қилиш мақсадида Марказий банк билан келишилган ҳолда қўшимча ставка бўйича фоизлар қўшиб борилади.
Жамғарилган даромадларнинг реал қийматини ошириш борасида жамғарувчи мустақил равишда инвестицион йўналишни танлаб олади.
Жамғариб борилган маблағлар солиқлар ва бошқа тўловлардан озод қилинади.
Пенсия таъминоти маблағлари уларни шакллантиришда солиқлардан озод қилинади. Уларни олишда эса солиққа тортилади.
Жамғариб борилган пенсия маблағлари меросхўрга мерос бўлиб ўтади.
Жамғариб борилган пенсия маблағлари меросхўрга мерос бўлиб ўтади.

Шерзод РАЖАБОВ,

ТМИ катта илмий ходим-изланувчиси.

Аннотация

Мақолада жаҳон амалиётидаги пенсия тизимлари турлари, уларнинг пенсия портфелини шакллантириш ва уни бошқариш борасидаги стратегиялари ўрганилган ҳамда тадқиқот натижалари Ўзбекистон Республикаси пенсия тизими билан солиштирилган.

В статье изучены виды пенсионных систем в мировой практике, стратегии по их формированию пенсионного портфеля и его управлению, а также, сопоставлены результаты исследования с пенсионной системой Республики Узбекистан.

In the article types of pension systems in worldwide practice and strategies on their portfolio formation and its management have been studied, as well as research results have been compared with the pension system of the Republic of Uzbekistan.

Калит сўзлар: пенсия таъминоти, пенсия ўтказмаси, ўзгармас таъминотли пенсия режаси, жамғариб бориладиган пенсия режаси, давлат ижтимоий ҳимоя режаси, ўлим риски, узоқ умр риски, мос ўтказма.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни. Тошкент ш.,1993 йил 3 сентябрь,938-XII-сон.

2. “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни. Тошкент ш., 2004 йил 2 декабрь,702-II-сон.

3. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори. Тошкент ш., 2016 йил 27 декабрь, ПҚ-2699-сон.

4. “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори. 2010 йил 19 февраль, 30-сон.

5. Edward Whitehouse. Pensions Panorama: Retirement-Income Systems in 53 Countries. The International Bank for Reconstruction and Development / The World Bank. 2007.

6. Willis Towers Watson. Global Pension Assets Study 2016. Executive Summary. 2016.

7. World Development Indicators database, World Bank, 16 December 2016.

8. ICI Pensions Trustee Limited. Pensions News 2011. October 2011.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"