Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
3766
84323
231749

-147426

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 108 698
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Қишлоқ хўжалигида инвестицион фаолликни таъминлашнинг илмий-назарий асосларини такомиллаштириш

Кириш

Инвестициялар ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий тузумда муҳим аҳамиятга эга. Улар турли тармоқлар ва корхоналарнинг ҳамда аҳолининг моддий аҳволини, мамлакатнинг жаҳон иқтисодий алоқалари тизимидаги мавқеини мустаҳкамлашга сарфланади. Аграр тармоқ барқарор ривожланишини таъминлаш эса соҳага доир истиқболли тадбирларни изчил амалга ошириб боришни тақозо этади. Улардан бири қишлоқ хўжалигида инвестиция фаолиятини ташкиллаштириш, инвестиция муҳити, жараёни, салоҳияти, фаоллиги ва жозибадорлиги ҳисобланади. Ҳозир инвестиция фаоллигини оширишнинг асосий шарти экин майдонлари кескин камайиб кетмаслиги, зироатчилик маҳсулотлари етиштириш учун барча шарт-шароитлар мавжудлиги билан боғлиқдир. Фермер хўжаликлари истиқболда жадал равнақ топишини таъминлаш эса инвестиция фаоллигини оширишнинг асосий гаровидир.

Фермер хўжаликлар фаолиятида инвестициялардан оқилона фойдаланишнинг ўрни катта. Бу масала билан чет эллик кўплаб олимлар жиддий шуғулланишган. Чунончи, Л.Цфу, Ц.Фан, Л.Чжо[1] қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясига доир ислоҳотларни Хитой тажрибаси асосида тадқиқ қилишган. И.Буздалов[2] эса Россиядаги аграр ислоҳотлар негизида, И.Санду[3] соҳани фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси асосида ривожлантиришнинг ўзига хос усуллари ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича, И.Ушачев[4] қишлоқ хўжалигини равнақ топтиришга оид давлат дастурларининг илмий асослари юзасидан изланишлар олиб борган. Ўзбекистонлик олимлардан А.Абдуғаниев[5] қишлоқ хўжалигининг иқтисодиётдаги аҳамияти ва унинг самарадорлигини ошириш масалаларини ўрганган, А.Жўраев ва Р.Ҳусанов[6] айни йўналишдаги ижобий ўзгаришлар самараси таҳлили билан шуғулланишган бўлса, С.Умаров[7], С.Тўхтаева[8], Б.Шаҳриёров[9], Г.Маҳмудова[10], ҳаммуаллифлардан Р.Ҳусанов билан Р.Дўстмуродов[11], Қ.Чориев билан Н.Хушматовлар[12] аграр соҳани ривожлантириш, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятини режалаштириш муаммоларини, соҳага сармоялар киритишнинг аҳамиятини, инвестицион фаолликни оширишнинг бош йўналишларини тадқиқ қилишган[14-21]. Аммо мавжуд адабиётлар ва илмий ишларда иқтисодиёт тараққиёти жараёнида юзага келадиган муаммолар батафсил ёритилмаган. Ҳолбуки, ҳозир миллий иқтисодиётимиз олдида қишлоқ хўжалигига инвестицияларни кўпроқ киритиш ва самарадорликка эришиш вазифаси турибди. Бу жараёнда соҳа муаммоларини амалий-назарий жиҳатдан чуқур ўрганиш, мавзу бўйича кенг кўламли тадқиқотлар олиб бориш фойдадан холи бўлмайди.

Тадқиқот методологияси

Ушбу мақоланинг мақсади аграр соҳада инвестицион фаолликни ривожлантириш ва муаллифлик таърифини ишлаб чиқишдан иборатдир.

Таҳлил ва натижалар

“Инвестиция” атамаси анча кенг тушунча. Шуни ҳисобга олган ва қишлоқ хўжалигига оид барча жиҳатларини умумлаштирилган ҳолда уни қуйидагича таърифлаш лозим: инвестиция – бу узоқ муддатли ва капитал қўйилмаларни хавф-хатарга қўйиб (яъни, таваккал қилиб), тадбиркорлик ва бошқа фаолият объектларига такрор ишлаб чиқаришни кенгайтириш натижасида фойда олиш ёки ресурслар потенциалининг чекланган шароитида келгусида бошқа фойдали самарага эришиш мақсадида қўлланиладиган иқтисодий категориядир.

Бозор иқтисодиёти шароитида қишлоқ хўжалигида инвестицион сиёсатни шакллантиришда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш лозим:

– тендер асосида рақобатбардош лойиҳаларни танлаш қишлоқ хўжалигида инвестицион лойиҳалар бозори барпо этилишини таъминлайди;

– қишлоқ хўжалигига мўлжалланган инвестициялар иқтисодий жиҳатдан асосланган, табиий-иқтисодий омилларининг ўзига хос хусусиятлари реал ҳисобга олинган ҳолда, иқтисодий-ижтимоий натижалари аниқланган бўлиши зарур. Чунки кўпинча лойиҳада белгиланган маблағлар режалаштирилган ишларни бажариш учун етмайди. Оқибатда кўзланган мақсадга эришилмай қолади. Бу инвестицион лойиҳалар ижроси узоқ вақтга чўзилишига олиб келади.

– чет эллик инвесторларни ва уларнинг сармояларини қишлоқ хўжалигига жалб этиш керак. Бунинг учун соҳа маҳсулотларининг барчаси шахсий ва хусусий мулкчилик негизида ишлаб чиқарилишига эришиш лозим.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги субъектларининг инвестицион фаоллигини ошириш учун уларнинг омилларини асослаш, ҳар бирининг таъсир доирасини, бугунги ҳолатини, муаммолари ва номутаносибликларини, қишлоқ хўжалигида инвестиция фаоллигини оширишдаги ўрнини аниқлаш, шу асосда уларни ривожлантириш масалаларини назарий ва амалий жиҳатдан тасдиқлаш шарт (1-расм).

durbek_xusanov_1

1-расм. Инвестиция фаоллигини ошириш омиллари.

Деҳқон ва фермер хўжаликларининг устувор даражада ривожланиши инвестиция фаоллигини оширишнинг асосий омили саналади. Чунки бунда бозор тамойилларига, инвестор ва инвестициядан фойдаланувчи манфаатларига мос инвестиция муҳити шаклланади. Деҳқон ва фермер хўжаликлари доимо инвестиция маблағларига эҳтиёж сезсалар, инвесторлар маблағларини жалб этиш орқали даромад орттиришга интиладилар.

Республикамизда янги инвестицион механизм босқичма-босқич шакллантирилди. Фикримизча, бу жараёнда вужудга келган инвестицион фаолликни қуйидаги босқичларга бўлиб, таҳлил этиш назарий жиҳатдан муҳимдир.

Биринчи босқич 1991-1994 йилларда ишлаб чиқаришнинг сустлашиши, инфляция даражасининг ўсиши, давлат молиясидаги тақчиллик ва инвестициялар ҳажми қисқариши билан изоҳланади. Бу даврда ЯИМда капитал харажатлар улуши 18,7 фоиздан 15,5 фоизгача, капитал қўйилмалар мос равишда 50 фоизгача камайди. Қишлоқ хўжалигига йўналтирилган инвестициялар ислоҳотлар бошлангунга қадар бўлган даврдаги кўрсаткичнинг 24,4 фоизини ташкил этди.

Иккинчи босқич 1995 йилнинг иккинчи ярмидан 2000 йилгача бўлган даврни қамраб олади. Бу вақтда республика иқтисодиёти ўсиш босқичига кирди. Инвестицияларнинг ЯИМдаги ўртача йиллик улуши 28,5 фоизга, капитал маблағларни жалб этишнинг ўсиши 8,6 фоизга, ЯИМ капитал сиғимининг ўсиши 6,6 фоизга тўғри келди. Шунингдек, инвестицияларни босқичма-босқич киритишнинг бозор механизмларига монанд янги шакллари пайдо бўлиб, туб таркибий ўзгаришлар рўй берди. Пировардида капитал қўйилмалар таркибида уларнинг молиявий манбалари бўйича давлат бюджети маблағлари улуши 40 фоиздан 22,9 фоизгача қисқариб, хорижий инвестициялар улуши 14 фоизга етди. Қишлоқ хўжалигининг жами капитал қўйилмалар ҳажмидаги ўртача йиллик улуши 7,4 фоизни ташкил этиб, 1991 йилгига нисбатан   3,5 бараварга пасайди. Қишлоқ хўжалиги миллий иқтисодиётнинг устувор йўналишли тармоқларидан бири бўлишига қарамай, давлат томонидан қўллаб-қувватлашлар қисқариши ва инвесторларда узоқ муддатга маблағ ажратиш имконияти йўқлиги бунинг асосий сабабларидир.

Учинчи босқич 2001 йиллардан ҳозирга қадар бўлган давр билан чегараланади. Бу вақт оралиғида инвестициялар юқори даражада кўпайди. ЯИМда ўртача йиллик капитал қўйилмаларнинг ўсиш суръатлари 4,7 фоизни, улуши 21,1 фоизни ташкил этиб, ЯИМнинг капитал сиғими ўсиши 5,4 фоиздан 2,8 фоизгача камайди. Миллий иқтисодиётда макроиқтисодий барқарорликка эришилгани боис ишлаб чиқаришга жалб этилган хориж капитали ҳажми 86,2 фоизга, қишлоқ хўжалигида 22,4 фоизга тўғри келди.

Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган хўжаликларнинг, хусусан, фермер хўжаликларининг ривожланганлик даражаси турлича. Шунга кўра, уларни уч тоифага бўлиш мумкин. Биринчисига янги ташкил этилган, раҳбари уни мустақил бирламчи бошқариш ва фаолиятини мустаҳкамлаш жараёнини бошидан кечираётган, моддий-молиявий ресурларга муҳтож фермер хўжаликлари киради. Иккинчи тоифадагилар бошқарувчиси маълум даражада амалий тажриба тўплаган, фойда орттириб, ўртача рентабеллик даражасига эришган, бироқ ўзини ўзи инвестиция билан таъминлаш имкониятига эга бўлмаган хўжаликлардан иборат. Учинчи тоифани эса илғор фан-техника ютуқларидан кенг фойдаланилгани эвазига интенсив ривожланган, зарур моддий-техник воситалари етарли, сифатли ҳамда экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қисман йўлга қўйилган, ўзини-ўзи ички ресурслар эвазига, асосан молиявий маблағлар билан таъминлаш имконига эга, раҳбарининг ички ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича амалий тажрибаси етарли фермер хўжаликлари ташкил этади.

Юртимиздаги фермер хўжаликларининг аксарияти биринчи ва иккинчи тоифага мансуб. Бу инвестиция жараёнини ривожлантириш долзарб вазифа эканлигини англатади. Инвестиция фаоллигини ошириш стратегияси ўша хўжаликларнинг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олган ҳолда амалга оширилмоғи керак. Аввало, уларни ресурслар бозорига жалб этиб, даромадли фаолият соҳасини ривожлантириш орқали инвестиция фаоллигини оширишнинг иқтисодий стратегиясини шакллантириш даркор. Иккинчидан, энди иш бошлаган, амалий тажрибаси кам, ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун ички ресурслари чекланган ёки унга эга бўлмаган фермерларни қўллаб-қувватлаш учун мақсадли инвестиция дастурларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш зарур. Бу вазифаларни адо этиш асноси ишга фермер хўжаликларининг тоифалари нуқтаи назаридан табақавий ёндашув жоиз. Соҳада инвестиция фаоллигини оширишда, фикримизча, дастлаб бевосита тармоқда ва хўжаликларда мавжуд маҳаллий ресурсларни амалиётда қўллаш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозим:

  • инсон капитали;
  • ижтимоий капитал;
  • табиий капитал;
  • жисмоний капитал;
  • молиявий капитал.

Устувор ривожланишга эга бўлиш фермер хўжаликларининг аксариятига давлат буюртмасини бажариш, пахта ва ғалла каби асосий деҳқончилик маҳсулотлари етиштиришни молиявий маблағлар билан қисман таъминлаш имконини берса-да, уларга кенг қамровли фаолиятни йўлга қўйиш, моддий шарт-шароитларни яхшилаш мақсадида қўшимча даромад манбаларини яратишлари учун сармоя етишмаслиги кўриниб турибди. Бу  муаммони ҳал этиш чораларидан бири қишлоқларда микромолиялаш ташкилотларини кўпайтириб,   ривожланишини қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Юртимизда айни йўналишда диққатга молик  ишларга қўл урилди. Шу боис фермер хўжаликлари сони йил сайин кескин ошмоқда.

Қишлоқ хўжалигига инвестицияларни жалб қилишда ҳудудлар доирасида аграр ишлаб чиқаришнинг ихтисослашув даражаси ва ҳолати тўлиқ инобатга олинмаса, микродаражада бевосита хўжаликларнинг инвестиция фаоллигида самарадорликка эришиш мушкул. Қишлоқ хўжалиги ўзига хослиги, табиий-иқтисодий, жойлашув ҳолати, ихтисослашуви ва ижтимоий шарт-шароитлари турлича эканлиги билан ажралиб туради. 2-расмда уни инвестиция маблағлари билан молиялаш манбалари акс эттирилган.

durbek_xusanov_2

2-расм. Инвестицион фаолиятни молиялаштириш манбалари.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари ривожланиши жараёнида юқорида келтирилган тўрт  манба орасида инвестиция фаоллиги асосан давлат маблағлари ва қарзга олинган маблағлар ҳисобига таъминланмоқда. Ўз маблағлари ва четдан жалб этилаётган маблағлар бевосита хўжаликларнинг тўлов қобилияти ҳаминқадарлиги ва имкониятлари чеклангани сабабли паст даражада сақланиб қолмоқда. Қишлоқ хўжалиги субъектлари инвестиция салоҳиятини мустаҳкамлашда уларнинг ўз маблағлари манбалари ҳисобланган фойда, амортизация ажратмалари ва бошқа ички маблағларини кўпайтириш, қарзларини камайтириш учун маълум муддатли зарур даврни яратади ва такрор ишлаб чиқариш жараёни узлуксизлигини таъминлайди.

Хулоса ва таклифлар

Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва эркинлаштириш қизғин давом этаётган бугунги шароитда фермер хўжаликларининг устун даражада ривожланишини таъминлаш орқали тармоқ барқарорлигига эришиш муҳим аҳамият качсб этади. Бунинг учун иккита стратегияни қўллаш ўринли. Биринчиси – бевосита қишлоқ хўжалиги ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳа моддий-техника базасини замон талаблари даражасида бойитиш, серҳосил экинлар етиштиришни ва маҳсулдор чорва молларини кўпайтиришни, маҳсулотлар сифатини яхшилишни намунали йўлга қўйиш. Иккинчиси – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилувчи хорижий инвестицияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш.

Бизнингча, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва инвестиция фаоллигини қуйидаги тамойиллар асосида амалга ошириш лозим:

– қишлоқ хўжалигига хорижий инвестицияларни кенг жалб этишни таъминлайдиган ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва институционал шарт-шароитларни мунтазам такомиллаштириб бориш;

– фермер ва деҳқон хўжаликларининг ташқи иқтисодий фаолиятини ташкил этиш, қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзлар бериш ва фаолияти давлат томонидан тартибга солинишининг ҳуқуқий-ташкилий ва иқтисодий механизмларини ривожлантириш;

– хорижий инвесторлар маблағларини қишлоқ хўжалиги барқарор ривожланишини таъминлайдиган ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари катта соҳаларга, минтақалар ва қишлоқ хўжалиги субъектларига йўналтириш;

– қишлоқ хўжалиги субъектларига жозибадор ва устувор аҳамиятга молик лойиҳалар ишлаб чиқишларида амалий кўмаклашиш ҳамда уларни тарғиб қилиш тизимини такомиллаштириш.

Фермер хўжаликларини жадал ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги муаммоларига ижобий ечим топишнинг, тармоқ моддий-техник базасини мустаҳкамлашнинг навбатдаги энг муҳим шартларидан бири инвестиция фаоллигини янада оширишдир. Соҳада институционал ўзгаришлар ясаш билан бир қаторда, унга кенг қамровли инвестициялар киритиш, бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳозирги даврда аграр сиёсат асосини ташкил қилмоғи лозим. Бу  жараёнда уни малакали кадрлар билан таъминлаш ҳам ўта муҳим масала. Инвестицион прогнозлар ва дастурлар, бизнес режалар ишлаб чиқиш ва баҳолаш, инқирозли вазиятларда  инвесторлар топиш, рақобат, инфляция, бозор конъюнктурасининг номўътадил шароитларида лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун янги билим ва бой тажрибалар асқатади. Бинобарин,  тегишли олий таълим муассасаларида инвестиция-инновация йўналишларида кўпроқ мутахассислар етиштириш, инвестиция лойиҳалари ва дастурлари бўйича буюртмачилар, раҳбарлар ва менежерларни мақсадли тайёрлаш долзарб вазифалар сирасига киради. Қолаверса, соҳага дахлдор инвестиция лойиҳаларига шериклар топиш, бизнес режаларни мукаммаллаштириш учун етакчи маҳаллий ва хорижий корхоналарда хўжалик раҳбарларининг малакасини ошириш ҳар томонлама фойдалидир.

Қишлоқ хўжалигида инвестиция фаоллигини ошириш ва қулай инвестиция  фаолиятини шакллантириш қуйидаги вазифаларни ҳал этишни талаб қилади:

– соҳани инвестициялашга капитал маблағларни жалб этишни таъминлайдиган институционал бозор инфратузилмаси субъектларини ривожлантириш;

– соҳага хизмат кўрсатувчи банк тизими фаолиятини ривожлантириш, уларнинг капиталлашуви даражасини ошириш;

– инвестицияларни жалб этишни ташкилий шаклларини такомиллаштириш;

– қишлоқ хўжалигида лойиҳаларни амалга оширишда давлат ва инвесторларнинг уларни асослаш ва қабул қилишдаги иштирокини кучайтириш;

– инвестициялашни ахборот-маслаҳат ва маркетинг билан таъминлашни йўлга қўйиш;

– вазирлик ҳузурида Қишлоқ ва сув хўжалигида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш Марказини тузиш;

– Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ижтимоий ривожлантириш ва рағбатлантириш фондини вазирлик моддий-техник базасини ривожлантириш ва инновацион технологияларни жорий қилиш, вазирлик ходимларини рағбатлантириш фондига айлантириш.

Дурбек ҲУСАНОВ,

ТДИУ докторанти, и.ф.н., доцент

Аннотация

Мақолада аграр тармоқ барқарор ривожланишини таъминлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида кенг қамровли тадбирларни изчил амалга ошириб бориш зарурлиги тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Калит сўзлар: инвестиция, актив, реал инвестиция, молиявий инвестиция, қишлоқ хўжалиги, инвестицион фаоллик, деҳқон хўжалиги, фермер хўжалиги.

В статье рассматривается широкий спектр мер по либерализации экономики в целях обеспечения устойчивого развития аграрного сектора.

The article deals with a wide range of measures are implemented on a regular basis, liberalization of the economy in order to ensure sustainable development of the agricultural sector.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1. Лин Цфу, Цой Фан, Ли Чжоу. Китайское чудо: экономическая реформа, стратегия развития. -М., 2001. -68 с.

2. Буздалов И.Н. Аграрная реформа в России (концепции, опыт, перспективы). -М., 2000. -325 с.;

3. Санду И.С. Производственные и научно-производственные системы – эффективная форма интеграции науки и производства. -М., 1990. -73 с.

4. Ушачев И.Г. Научное обеспечение государственных программ развития сельского хозяйства России. -М., 2006. -9 с.

5. Абдуғаниев А. Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти. -Т.: Адабиёт жамғармаси. 2007. -340 б.;

6. Джураев А.М., Хусанов Р.Х. Аграрная реформа: теория, практика, проблемы -Т.: Узбекистан, 2002. -766 с.;

7. Умаров С.Р. Қишлок хўжалигига инвестицияларни жалб этиш ва улардан самарали фойдаланиш: и.ф.н. илмий даражасини олиш учун диссертация автореферати: БМА -Т., 2008. -22 б.

8. Тўхтаева С. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида инвестицияни жалб этиш самарадорлиги. И.ф.н. илмий даражасини олиш учун диссертация автореферати. - Т., 2005.

9. Шаҳриёров Б.Т. Қишлоқ хўжалигида инвестицион фаолликни оширишнинг асосий йўналишлари. И.ф.н. илмий даражасини олиш учун диссертация автореферати. -Т., 2006.

10. Маҳмудова Г.Н. Аграр соҳани инвестициялаш самарадорлигини ошириш йўналишлари. И.ф.н. илмий даражасини олиш учун диссертация автореферати. -Т., 2010

11. Ҳусанов Р.Х., Дўстмуродов Р. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда Андижон тажрибаси // -Т.: Янги аср авлоди. 2008. -49 б.;

12. Чориев Қ.А., Хушматов Н.С. Деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятини режалаштириш. -Т.: Шарқ, 2002. -132 б.

.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"