Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2842
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
105831
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 068 281
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рақобатдошлигини оширишда инновацион ривожланишнинг ўрни

Мамлакатимизда барча жабҳалар қатори қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Улар моҳиятан тармоқда бозор муносабатларини шакллантиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Бу жабҳада бозор муносабатларининг шаклланиши эса қулай конъюнктурани яратиш орқали такомиллашиб боради. Талаб, таклиф, рақобат ва нархнинг шаклланиши мавжуд конъюнктурага бевосита боғлиқ бўлади.

Мустақиллик йиллари қишлоқ хўжалиги фаолиятини тартибга солиш ва такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган талай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳада фаолият юритаётган субъектлар мавжуд шарт-шароитлардан самарали фойдаланишини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатди. Натижада зироат маҳсулотлари етиштиришда талаб ва таклифнинг ўзаро мутаносиблиги ва мувозанатли суръатлари таъминланди. Айни ҳолат тармоқ фаолиятини таҳлил қилувчи асосий кўрсаткич – аҳоли жон бошига мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва истеъмол қилишга доир маълумотларда ҳам ўз ифодасини топади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги маърузасида бу ҳақда алоҳида тўхталиб, шундай деган эди: “Мамлакатимизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилмоқда. Аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келмоқда. Бу оптимал, яъни мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир”[1].

Қувончли сифат ўзгаришларига эришишда қишлоқ хўжалигини янги русумдаги техника ва технологиялар билан таъминлаш, аграр тармоқда лизинг тизимини эркинлаштириш ҳамда бу хизматдан фойдаланишлари учун барча агротадбиркорлик субъектларига ташкилий-иқтисодий жиҳатдан тенг шарт-шароитлар яратиш кўламини кескин кенгайтириш, фермер ва деҳқон хўжаликларини кредитлаш ишларини янада такомиллаштириш борасида изчил давом эттирилган ислоҳотларнинг аҳамияти беқиёс. Шунингдек, қўлга киритилган ютуқларда тармоққа дахлдор рақобат муҳитини шакллантиришнинг бирламчи асоси ҳисобланган кичик бизнес соҳиблари ва хусусий тадбиркорларнинг ҳам салмоқли ҳиссалари бор. Эндиликда улар маҳсулот етиштириш ва истеъмолчиларга етказиб бериш билан боғлиқ йўналишларнинг деярли барчасини қамраб олишмоқда. Шунинг самараси ўлароқ, охирги пайтларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг қишлоқ хўжалигидаги улушининг йиллик ўртача ўсиш суръати қарийб 1,6 фоизни ташкил этди. Бултур эса уларнинг қишлоқ хўжалигидаги ялпи улуши 98,2 фоизга етди.

Бинобарин, соҳага бозор муносабатларини татбиқ этишга оид ислоҳотлар самарасини ижобий баҳолаш мумкин. Бунинг учун асослар етарли. Аммо ижобий ўзгаришлар кўламини кенгайтириш, тармоқ самарадорлигини янада ошириш, иқтисодий ҳамкорлик ва кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, шу тариқа қишлоқ хўжалигининг экспорт салоҳиятини юксалтиришда энг муҳим омил саналган деҳқончилик маҳсулотлари рақобатдошлигини ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмаяпти. Ҳолбуки, рақобатдошликнинг пасайиши соҳа равнақига ғов бўлувчи кўплаб нохушликларни келтириб чиқариши тайин. Оқибатда улар қишлоқ хўжалигининг муайян тармоқларида оқсашлар рўй бериб, саноат ишлаб чиқариши кўрсаткичлари йил сайин пасайиб боришига сабабчи бўлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ушбу ҳолатнинг баъзи жиҳатларини қуйидагича баҳолади: “Экспорт таркибида ип-калаванинг улуши юқорилигича – 53 фоиз даражасида қолмоқда. Аҳолининг пойабзалга бўлган эҳтиёжини қондириш даражаси 41 фоизни ташкил этади. Узум етиштирадиган, вино ва ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган кўплаб корхоналар самарасиз ишлаяпти”[2].

Бу янглиғ салбий ҳолатлар мамлакатимизнинг ташқи бозор конъюнктурасига мослашиши жараёнида мураккаб вазиятларни пайдо қилиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳақиқий аҳвол муаммонинг мақбул ечимини топиш учун зарур таҳлилларни амалга оширишни ва умумий хулосалар чиқаришни тақозо этади.

Фикримизча, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рақобатдошлигини ошириш билан боғлиқ тизимнинг таркибий қисмларида қуйидаги муаммолар мавжуд:

– тупроқ балл бонитетининг пасайиб бориши ҳисобига ҳосилдорлик камайиши, натижада ерга техник ҳамда кимёвий ишлов бериш ҳажмининг ва маҳсулот таннархининг ортиши;

– етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг аксарияти техник меъёрлар ва стандартларга мос келмаслиги туфайли қайта ишланмаслиги;

– селекция соҳасидаги ютуқларнинг мавжуд экин турлари доирасида амал қилиши;

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва харидорлигини таъминловчи тармоқ ва корхоналар фаолиятидаги инновацион жараёнларнинг сустлиги;

– тармоқда малакали илмий ва ишлаб чиқариш кадрларини эксплуатация соҳасидаги жараёнлар ҳамда ходимларнинг қишлоқ хўжалигида инновацион фаолият натижаларига қизиқишларини рағбатлантирувчи ташкилий, ижтимоий, экологик, ҳуқуқий тадбирлар кўрилмаётгани;

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати, истеъмол хусусиятлари ва бошқа жиҳатларини яхшилашга боғлиқ ижтимоий характердаги тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмаётгани ва ҳоказолар.

Бу борада мавжуд муаммолар тизимини қуйидаги кўринишда яхлитлаштириш

Мазкур омилларни ўзида тўлалигича мужассамлаштирган инновацион йўналиш қишлоқ хўжалиги ривожланишининг инновацион йўлида ўзаро боғлиқ учта йўналишга эга.

Инсон омилига инновациялар. Улар соҳада янгиликлар яратувчи фундаментал ва амалий-илмий тадқиқотларнинг устувор ривожланишида инновациялар бўйича маълумотлар банки ҳамда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига хизмат кўрсатувчи ахборот-маслаҳат хизмати яратилиши орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги турларини шакллантиришга таъсир кўрсатади.

Биологик омилга инновациялар. Улар тупроқ унумдорлиги ошишини, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ва қорамоллар маҳсулдорлиги ўсишини таъминловчи янгиликларни ишлаб чиқиш ва ўзлаштиришга боғлиқ бўлади. Айнан биологик омилга инновацияларнинг алоҳида роли, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига нисбатан қишлоқ хўжалиги ривожланиши инновацион йўлининг ўзига хослигини акс эттиради [4].

Технологик характерга эга инновациялар. Улар энергия ва ресурс тежовчи техникаларни, илмий сиғимли технологияларни қўллаш эвазига тармоқнинг техник-технологик салоҳияти такомиллашувини таъминлайди.

Зироат маҳсулотлари етиштиришда инновациялардан фойдаланишнинг ушбу йўналишларига эътибор қаратиш, эркин рақобат шароитида хўжалик юритишнинг замонавий ташкилий услублари ва янги технологияларни қўллаш юқори унумдорликка эга ва самарали механизация воситаларидан фойданишни ўзида акс эттирадиган инвестициявий, агросаноат ва бошқа бўлинмаларни киритиш билан боғлиқдир.

Биз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши мураккаблиги ва серқирралигини инобатга олган ҳолда, бу борада қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз:

– қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг табиий, биологик ресурслар, тирик организмлар хилма-хиллиги, ўзига хос хусусиятлари ва чексизлигидан фойдаланиш мақсадида биологик омилга инновацияларни жорий этиш йўналишларини кенгайтириш;

– қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига янги, автоматика тўплами ва компьютер технологиялари элементларига эга машина ва тракторларни, чорвачиликка технологик мажмуаларни жорий қилишда уларда фаолият кўрсатадиган мутахассислар тайёрлашни талаблар даражасида шакллантириб бориш;

– қишлоқ хўжалигида инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий таъминотини, рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш жараёнини такомиллаштириш;

– қишлоқ хўжалигида инновацион фаолиятни шакллантиришга хизмат кўрсатувчи инфратузилмани ривожлантириш, интеллектуал мулкни ҳимоялаш ва уни хўжалик айланмасига киритиш;

– илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш орқали инновацион тадбиркорлик фаолиятини такомиллаштириш;

– инновацион ишланмаларни ўзлаштириш асосида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш ва бошқалар.

Бекмуҳаммад ТУРСУНОВ,

Тошкент молия институти ўқитувчиси.

Аннотация

Мақолада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рақобатдошлигини оширишда инновацион ривожланишнинг ўрни ҳамда ушбу масаланинг устувор йўналишларига тааллуқли назарий жиҳатдан асосланган таклиф ва тавсиялар ўртага ташланган.

Калит сўзлар: агротадбиркорлик субъектлари, экспорт салоҳияти, ҳосилдорлик даражаси, рақобатдошлик омиллари, инсон омилига инновациялар, инновацион фаолият, интеллектуал мулк, тадбиркорлик фаолияти.

 

В статье рассмотрена роль инновационного развития в повышении конкурентоспособности сельскохозяйственной продукции и даны теоретически обоснованные предложения и рекомендации по основным направлениям её повышения.

 

The role of innovative development in agricultural production's competi-tiveness increasing is investigated in this article and evidence-based offers and recommendations about main  directions of its increasing are given by author.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. И.А.Каримов. “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги маъруза. “Халқ сўзи”, 2014 йил 7 июнь.

2. Ш.М.Мирзиёев. Танқидий таҳлил, катъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши  керак. – Т.: “Ўзбекистон”, 2017 йил, 42-43-бетлар.

3. Д.Н.Саидова, И.Б.Рустамова, Ш.А.Турсунов. Аграр сиёсат ва озиқ-овқат хавфсизлиги. Ўқув қўлланма. Т.: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг асосий кутубхонаси” босмахона нашриёти, 2016 йил, 101-бет.

4. www.stat.uz – Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси расмий ахборот сайти маълумотлари.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"