Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3143
5259
6633

-1374
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
136103
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 098 553
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Қишлоқ туризми унинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти ва ривожлантириш истиқболлари

Бугунги кунда қишлоқ туризми туризмнинг янги ва истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланиб, мамлакат ички ва халқаро туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Қишлоқ жойларида туризмни ривожлантириш ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган тадбиркорлик фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади. Хусусан, қишлоқ жойларида инфратузилмалар фаолиятини ривожлантиришда, қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини оширишда, маҳаллий аҳоли даромадини ўстиришда, янги иш ўринларини яратишда, маданий урф-одатлар ва миллий анъаналарни қайта тиклашда, шунингдек, атроф-муҳитни ҳимоя қилишда қишлоқ туризми муҳим роль ўйнайди.

Қишлоқ туризм (агротуризм) – бу кишиларнинг доимий яшаш жойидан қишлоқ уйларига, қўрғонларига ва фермер хўжаликларига туристик саёҳатни амалга ошириши ҳисобланади. Қишлоқ туризми қишлоқ жойларида дам олиш ва мазмунли ҳордиқ чиқариш ҳисобланиб, бугунги кунда инсонларнинг асосий зарурий эҳтиёжига айланиб бормоқда. Шаҳарнинг шовқин сурони, кучли толиқиб ишлаш жараёни, ҳавонинг ифлосланиши, шаҳар аҳолисини тинч, осойишта ва соф ҳавоси бўлган табиат қўйнига чиқишга ундайди. Бундай дам олиш инсоннинг табиатга яқин бўлиши, яхши дам олиши, янгидан куч-қувват тўплаш шароитини бериши билан биргаликда, мазкур жойни тарихи, маданияти, этнографияси, урф-одатлари, меъморий ёдгорликлари ва ҳунармандчилиги билан яқиндан танишиш имкониятини беради. Шунингдек, маҳаллий аҳолининг ўзига хос кийиниш маданияти, миллий таомлари, фольклори, тили ёки шеваси билан яқиндан танишиш ҳамда қишлоқ жойларини суратга олиш, мевалар териш ва бошқа қизиқарли машғулотлар билан шуғулланиш имкониятини яратади.

Сўнгги йилларда бутун дунё бўйлаб қишлоқ туризмига бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Хусусан, Европанинг Италия, Франция, Германия, Буюк Британия каби давлатларида қишлоқ туризми юқори даражада ривожланган. Ушбу давлатларда, қишлоқ туризми денгизга саёҳат қилишдан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, ЕИнинг 35 фоиз шаҳар аҳолиси, таътил даврини қишлоқ жойларида ўтказишни афзал билишар экан. Голландияда эса унинг улуши анча юқори ҳисобланиб, 49 фоизни ташкил қилади[1].

Италия қишлоқ туризми бўйича янги иш ўринларини яратиш ҳамда реал даромад олиш бўйича Европада энг олдинги ўринлардан бирини эгаллаб, ушбу фаолият туридан ўртача йилига 350 млн. АҚШ доллари миқдорида фойда олади. Шунингдек, қишлоқ туризми атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатни асрашда турли хил воситаларни топиш имкониятини яратади. Кўпчилик давлатларда миллий қишлоқ ландшафтларини яратиш ва сақлашда туризмнинг ушбу фаолият тури муҳим аҳамият касб этади. Масалан, Швейцария гўзал Алп тоғларининг яйловлари, голландларнинг тегирмонлари ва каналлари, Италиянинг эски парклари ва виллаларини сақлашда қишлоқ туризмининг роли катта бўлди.

Ривожланган хорижий давлатларда қишлоқ туризми аралаш” ва “соф” шаклларга ажратилади. Биринчиси, яъни қишлоқ туризмини “аралаш” шаклида чорвачилик, мева-сабзавот етиштириш билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари қўшимча фаолият сифатида сайёҳларни қабул қилишади. Фермер хўжаликларининг ушбу фаолият туридан оладиган даромади умумий даромаднинг 25 фоизини ташкил қилади. Бу маблағларнинг катта қисми уйлар қуриш, интерьерлар янгилаш, меҳмонларда шароит яратиш учун сарфланади. Иккинчиси, яъни “соф” шаклида фақат туристларга хизмат кўрсатиш ҳисобланади (асосан, қишлоқ уйларида меҳмонхона хизматлари ва бошқа хизмат турлари кўрсатилади). Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қишлоқ туризми биринчи навбатда, туризмнинг рекреацион, маданий, ихтисослашган (овчилик, балиқчилик) каби турлари билан чамбарчас боғлиқ. Буларнинг барчасини қишлоқ туризми ўз ичига олиб, анъанавий туристик маҳсулотларга бўлган талабни оширишга хизмат қилувчи комплекс турларни ташкил қилишга асос бўлади.

Европа Иттифоқи томонидан қишлоқ туризмини ривожлантиришга қаратилган сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар яқин йиллар ичида ўзининг самарасини берди. Туризм индустриясини ушбу тармоғини юқори суръатларда ривожлантириш учун, бир қатор давлатлар агротуризм тўғрисидаги қонунларни қабул қилган. Жумладан, Италияда “Агротуризм” тўғрисидаги қонун 1985 йилда қабул қилинган бўлиб, у мамлакатда қишлоқ туризмини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга мустаҳкам замин яратган. Қонун қабул қилингандан сўнг 10 йил ичида Италия қишлоқларида дам олувчи сайёҳлар сони 3 баробарга ошган[2]. Шунингдек, кўпчилик Европа давлатларида агротуризмни ривожлантириш ва самарали ташкил қилиш бўйича узоқ муддатли стратегик аҳамиятга эга бўлган дастурлар қабул қилинган.

Қишлоқ туризмини ривожланишида яна бир муҳим бўлган омиллардан бир агротуристик маҳсулотлар, ўрта даромадга эга истеъмолчилар талабини қондираётганлиги билан изоҳланади. Бугунги кунда ушбу истеъмолчилар Европа агротуризми сегментида жуда катта улушни ташкил қилади. Ушбу соҳада яратилаётган турмаҳсулотлар нисбатан кам ҳаражат талаб қилади. Яъни, агротуризм “баҳо-сифат” кўрсаткичи бўйича бошқа турмаҳсулотлар билан бемалол рақобатлашиши мумкин. Ривожланган мамлакатлар тажрибасига назар ташланса, агротуристик маҳсулот қуйидагиларни ўз ичига олади (жадвал).

Жадвал

Агротуристик маҳсулот концепцияси[3]
Диққатга сазовор, жозибадор жойлар
Турли хил тадбирлар
Хизматлар
1. Махсус қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириладиган майдонлар;
2. Қишлоқ хўжалиги музейлари;
3. Турли манзарали экзотик боғлар;
4. Ҳунармандчилик маҳсулотлари бозорлари.
1. Қишлоқ хўжалиги ярмаркалари, кўргазмаларини ташкил қилиниши;
2. Турли мавзудаги маҳаллий ва миллий фестивалларни ташкил этилиши;
3.Махсус тадбирлар.
1. Фермер хўжаликларида ташкил қилинган турлар;
2. Қишлоқ меҳмонхоналари;
3. Муқобил тиббий даволаниш хизматлари;
4. Агробизнес фаолиятини туроператорлар билан бирга ташкил қилиниши;

Жадвалга кўра агротуристик маҳсулотнинг асосий таркибий қисмлари қишлоқ жойларидаги диққатга сазовор жойлар, турли хил тадбирлар ҳамда хизматлардан иборат.

Ривожланган Европа давлатлари қишлоқ туризмида кўрсатиладиган хизматларни, жойлаштириш воситаларини стандартлаштириш ва таснифлашга мўлжалланган махсус тавсиялар, халқаро даражада тан олинган меъёрлар нафақат давлат ёки миллий институтлар кесимида, балки Европа Иттифоқининг халқаро дастурлар доирасида, яъни агротуристик фаолият субъектлари ассоциациясини фаол иштироки билан амалга оширилади.

Гўзал географик ва ўзига хос табиий шароитга эга мамлакатимиз ҳудудларида қишлоқ туризмини ривожлантириш учун барча шарт-шаротилар ҳамда имкониятлар мавжуд. “Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантириш концепцияси”да агротуризмга экологик туризмнинг асосий тармоқларидан бири сифатида қаралиб, “агротуризм – қишлоқ ҳалқини турмуши, урф-одати билан яқиндан танишиш” деб таъриф берилган [3].

2013 йил 17 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2013-2016 йилларда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорга кўра, мамлакатимизда экологик, тиббий-соғломлаштириш, спорт туризми, шунингдек, якка тартибдаги қишлоқ меҳмонхона уйлари негизида агротуризмни ўз ичига олган замонавий туристик хизматлар турларини устувор ривожлантириш зоналари алоҳида белгилаб олинган [4]. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг кўпчилик минтақаларида туризм соҳасини ривожлантириш учун мақсадли дастурлар қабул қилинмоқда. Ушбу дастурларда ҳар бир минтақанинг ўзига хос бўлган табиий шароити, иқлимий хусусиятлари, бой миллий-маданий мероси ҳамда қишлоқ аҳлининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳисобга олган ҳолда, қишлоқ туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Мамлакатимизда қишлоқ туризми экологик туризм билан биргаликда фаол ривожланмоқда. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани, Жиззах вилоятининг Зомин тумани, Наманган вилоятининг Поп тумани, Самарқанд вилоятининг Ургут туманининг дам олиш зоналари агротуризмни ривожлантириш учун жуда катта имкониятларга эга [5].

Бугунги кунга келиб мамлакатимизнинг қишлоқ жойларида оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни самарали ривожлантиришда агротуризм муҳим ўрин эгаллайди. Ҳозирда мамлакатимизда аграр соҳани ривожлантиришда фермер хўжаликларининг улуши тобора ортиб, кенгайиб бормоқда. Улар томонидан йирик табиий ҳудудлар, жумладан: ўрмон ҳудудлари, балиқчилик, чорвачилик хўжаликлари, мева ва узумчилик боғлари, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирадиган ҳудудлар ташкил этилиб, ушбу ҳудудларда фермерлар томонидан дала шийпонлари, хизмат кўрсатиш комплекслари барпо этилмоқда. Бу эса қишлоқ жойларда агротуризм соҳасини йўлга қўйиш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлиб ҳисобланади.

Туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирларга қарамасдан, мамлакатимизда агротуризм фаолиятини самарали ташкил қилишда баъзи муаммолар мавжуд эканлигини қайд қилиб ўтиш лозим:

– мавжуд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда “агротуризм”, “қишлоқ туризми”, “яшил туризм”, “эко-агротуризм”, “фермерлик туризми” тушунчаларининг моҳияти тўлиқ очиб берилмаган;

– қишлоқ туризмини тартибга солувчи махсус қонунчилик механизми шаклланмаган;

– қишлоқ жойларида агротуризм фаолиятини ривожлантириш имкониятлари тўғрисидаги ахборотлар билан қишлоқ аҳолиси етарли даражада таъминланмаган;

– қишлоқ жойларида агротуризмни самарали ташкил қилиш учун малакали кадрлар етишмайди.

Бизнинг фикримизча, юқоридаги муаммоларни бартараф қилиш учун, жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг барча минтақаларидаги мавжуд имкониятларни ва ўзига хос шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда, яқин истиқболда қишлоқ туризмини (агротуризм) қуйидаги йўналишларда ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир:

1. Мамлакатимизда қишлоқ туризмини ташкилий-ҳуқуқий механизмларини тартибга солувчи қонунчилик базасини шакллантириш.

2. Қишлоқлардаги мавжуд туристик ресурслар асосида, оилавий бизнесни ривожлантириш орқали кичик меҳмонхоналар ва агротуризмни самарали фаолиятини таъминлайдиган турли хил инфратузилма объектлар, асосан хусусий агротуристик хўжаликларни ташкил қилиш.

3. Қишлоқ жойларида туризмни самарали ривожлантириш мақсадида ижтимоий-маданий муҳитни шакллантириш (“тарихий қишлоқ”, “миллий қишлоқ” ва ҳ.к).

4. Туристларни қабул қилишга мўлжалланган, уларни мазмунли дам олишини тўлиқ таъминлайдиган кичик маданий-тарихий, турли хил этнографик марказларни ташкил қилиш.

5. Қишлоқ жойларидаги жойлаштириш воситалари ва инфратузилмаларга хос бўлган, кўп тармоқли, яъни туристик, кўргазмали, реклама намойишли, маданий-тарғиботли, илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқаришга хос бўлган, давлат ҳамда хусусий қишлоқ хўжалиги паркларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир.

6. Туризм соҳаси учун мутахассис кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларнинг намунавий ўқув режаларига “Агротуризм”, “Барқарор туризм” каби фанларни киритиш.

Юқорида қайд қилиб ўтилган йўналишларнинг ҳар бирини амалга ошириш учун мамлакатимизда барча имкониятлар мавжуд. Юртимизнинг йирик сармоядорларини агротуризмнинг бошқа шаклларига, энг аввало йирик хусусий агротуристик объектларга маблағ қўйишга жалб қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бундай объектлар сирасига маданий-тарихий парклар, этномаданий мажмуалар, илмий-тадқиқот марказлари ва бошқалар киради. Ушбу лойиҳаларни амалга оширилиши, нафақат иқтисодий жиҳатдан самарали, балки, ижтимоий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади, хусусан, бугунги ёшларни ўз ватанини, тарихини, маданиятини яхши билишда, миллий қадриятларни англашда, умуман, бир сўз билан айтганда ўз ватанини севиш ҳамда ватанпарварлик туйғусини шакллантиришда муҳим рол ўйнайди. Мамлакатимизда қишлоқ туризмининг ривожланиши иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади ва ижобий самара беради.

Хусусан, давлатимиз учун:

  • солиқ тушумлари ошади;
  • миллий урф-одатлар ва анъаналарни ўрганишга қизиқиш ортади;
  • қишлоқ аҳлининг ўзига хос ҳаёт тарзи ва анъанавий қадриятлар кенг тарғиб қилинади;
  • халқ ҳунармандчилиги янада ривожланади;
  • ҳудудларнинг маданий ва тарихий мероси асраб-авайланади;
  • қишлоқ жойларида ишлаб чиқариш соҳаси янада ривож топади.

Қишлоқ аҳолиси учун:

  • ёшлар учун “кичик Ватан”нинг тарихий-маданий аҳамиятини англатади, унинг мамлакат ҳамда жаҳонда машҳурлигидан фахр ҳиссини оширади;
  • янги иш ўринлари яратилиб, маҳаллий аҳолининг бандлик муаммоси ҳал қилинади;
  • қишлоқ аҳолисининг дарoмади ошади;
  • қишлоқ жойларида уй-жой фонди тузилмаси янада ривож топади;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сотув ҳажми ортади.

Туристлар учун:

  • маҳаллий аҳолининг ўзига хос тарихи, анъаналари, урф-одатлари, гастрономияси, маданий-маънавий жиҳатдан ривожланиши билан яқиндан танишиш имконияти юзага келади;
  • гўзал табиат қўйнида дам олиб, соғлиқни қайта тиклаш имконияти пайдо бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, мамлакатимизда қишлоқ туризмини барқарор ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд. Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланилса, мамлакатимиз қишлоқлари янада обод бўлади, аксарият ёшлар янги иш ўринлари билан таъминланади, қишлоқ халқининг турмуш фаравонлиги янада ошади.

Умиджон МАТЯКУБОВ,

Урганч Давлат университети,

Иқтисодиёт кафедраси мудири,

иқтисод фанлари номзоди.

Аннотация

Мақолада қишлоқ туризмининг моҳияти, қишлоқ туризмини ривожлантиришнинг айрим Европа мамлакатлари тажрибаси ҳамда ушбу туризм турини Ўзбекистонда ривожлантириш имкониятлари ва йўналишлари очиб берилган.

Калит сўзлар: агротуризм, “аралаш” қишлоқ туризми, “соф” қишлоқ туризм, агротуристик маҳсулот, агротуристик объект. 

 

В данной статье рассматривается суть сельского туризма, опыт развития сельского туризма некоторых Европейских стран, возможности и направления развития сельского туризма в Узбекистане.

 

The scientific article provides the analysis content of rural tourism, development experience of rural tourism in some European countries and possibilities and ways of development of rural tourism in Uzbekistan.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Агаларова Е.Г., Косинова Е.А. Особенности формирования агротуристического рынка в России // Молодой ученый. - 2012. № 11, 140-143 с.

2. http://ru.dudutki.de/agrotourismus-italy.html

3. Lejla ŽUNIĆ. The impact of agritourism on sustainable development of bosnia and herzegovina// Географски разгледи – 2012. № 44-45, 112 б.

4. “Ўзбекистонда экологик туризмни ривожлантириш концепцияси”. Экология ахборотномаси. №6, 2007 й., 9-бет.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2013-2016 йилларда қишлоқ жойларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1957-қарори. Халқ сўзи, 2013 йил 17 апрель.

6. Аккулов А. Стимулы для сельского туризма. «Экономического обозрение» №03, 2014 г.

 

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"