Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2829
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
105818
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 068 268
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Ўзбекистонда экспорт операцияларини солиқлар воситасида рағбатлантириш масалалари

 

Иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификация қилиш шароитида мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, жаҳон бозорларини маркетинг жиҳатдан чуқур тадқиқ қилиш асосида ташқи бозорларда харидоргир бўлган рақобатдош янги ва қайта ишланган маҳсулотларини экспортга етказиб бериш ҳажмлари ва турларини кўпайтириш, шунингдек, маҳсулотларни экспортга чиқаришнинг замонавий талабларга мос савдо-логистика инфратузилмасини жадал ривожлантиришда экспорт қилувчи корхоналарни солиқлар орқали рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда бозор иқтисодиётига ўтишнинг бошланғич боcқичларида ички бозорда экспорт товарлар нархларининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида: экспортчи-корхоналарга улар экспорт қилаётган товарларни (ишлар, хизматлар) қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш тарзида солиқ имтиёзи берилган эди. 1992 йилда ўз ишлаб чиқарган товарларини экспортга етказиб беришда акциз солиғи бўйича солиқ имтиёзи жорий этилди. 1994 йилнинг июлидан бошлаб, нохомашё товарларини экспорт қилувчиларга ишлаб чиқариш ҳажмида товар (иш, хизмат)лар экспорти 30 фоиздан кам бўлмаган барча корхоналар, мулкчилик шаклидан қатъи назар, даромад солиғининг амалдаги ставкасидан 1,2 марта кам бўлган миқдорда даромад солиғи тўлаш тартиби жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 20 мартдаги “Экспортга маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра, ўша йилнинг 1 апрелидан бошлаб экспорт қилувчиларга илгари жорий қилинган фискал имтиёзлар бекор қилинди ва молларга солинадиган даромад (фойда) солиғининг дифференциал ставкалари, уларнинг ишлаб чиқарувчилар томонидан қайта ишланиш даражасига боғлиқ равишда қилиб белгиланди. Экспорт қилувчи корхоналар экспортга жўнатиладиган молларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган моддий ресурслар учун қўшимча қиймат солиғи тўлашдан озод қилинди.

Мамлакатнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортга етказиб беришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1997 йилнинг 1 ноябридан бошлаб эса сотилаётган маҳсулот ҳажмида экспорт улуши 30 фоиз ва ундан кўп бўлган корхоналар учун фойдага солинадиган солиқ ставкаси 2 маротаба пасайтирилди.

2008-2010 йилларда мамлакатимизни ривожлантириш, янгилаш ва модернизация қилиш бўйича танлаган стратегия ва Инқирозга қарши қабул қилинган дастурни амалга ошириш натижалари сифатида экспорт қилувчи корхоналарнинг ишлаб чиқарган маҳсулотнинг умумий сотув ҳажмида экспорт товарлари улушига қараб фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва кичик бизнес субъектлари учун ягона солиқ тўлови ставкалари пасайтирилди.

2012 йилда ташқи савдо баланси 26416,1 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлиб, унинг 12731,8 млн. доллари, яъни 48%  МДҲ мамлакатларига тўғри келган. 2013 йилда мамлакат ташқи савдо айланмасида МДҲ мамлакатлари улуши 11921,5 млн., 2015 йилда эса 9549 млн. АҚШ долларини ташкил этган. Бошқа мамлакатлар улуши 2012 йилда 13684,3 млн. АҚШ долларга, 2013 йилда 16348,1 АҚШ долларга тўғри келган бўлса, 2015 йилга келиб бу кўрсаткич 15006,7 АҚШ доллар бўлган.

2016 йил маълумотларига кўра, Ўзбекистонда экспорт ҳажми 11,1 млрд. АҚШ долларини, импорт ҳажми эса 11,6 млрд. АҚШ долларини ташкил қилиб, импорт ҳажми экспорт ҳажмига нисбатан кўпдир [1].

Бугунги кунда республикамизда экспортга маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш мақсадида экспорт қилувчи корхоналар учун қуйидаги солиқ имтиёзлари ва афзалликлари яратилган:

1. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 230-моддасига кўра, акциз тўланадиган товарларни уларнинг ишлаб чиқарувчилари томонидан экспортга реализация қилишга акциз солиғи солинмайди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган акциз тўланадиган товарларнинг айрим турлари бундан мустасно [2].

2. Товарларни чет эл валютасида экспортга реализация қилиш (қимматбаҳо металлар бундан мустасно) оборотига ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинади.

3. Экспорт қилувчи корхоналар (хом ашё товарларини сотиш бундан мустасно) учун фойда солиғи ва мулк солиғи ставкаси умумий сотиш ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган ва эркин алмаштириладиган валютага сотилган товар (иш, хизмат)лар экспортидаги улушига боғлиқ ҳолда камайтирилади:

– экспорт улуши 15 фоиздан 30 фоизгача миқдорда бўлганида – 30 фоизга;

– экспорт улуши 30 ва ундан кўпроқ фоиз бўлганида – 2 маротаба.

4. Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси қуйидагича камайтирилади:

– умумий сотиш ҳажмида экспорт улуши 15 фоиздан 30 фоизгача бўлганида 30 фоизга;

– экспорт улуши 30 ва ундан кўпроқ бўлганида – 2 маротаба.

5. Сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификациядан ўтказиш, шунингдек, лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш комплексларини харид қилишга йўналтириладиган маблағларга янги технологик ускуналарни сотиб олишда назарда тутилган ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган базани камайтиришнинг амалдаги тартиби микрофирмалар ва кичик корхоналар учун тадбиқ этилди.

Мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилишни тартибга солиш, экспорт контрактларини суғурта қилишнинг амалдаги механизмини такомиллаштириш, шунингдек, маҳсулотларнинг кўрсатиб ўтилган турларини экспорт қилишга доир контрактларни божхонада расмийлаштиришнинг янада очиқ-ошкоралигини таъминлаш ҳамда уларнинг республика божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш мақсадида 2015 йил 28 августида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилишни тартибга солиш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди [3].

Хусусан, 2016 йил якунларига кўра, Ўзбекистон корхоналари томонидан 818,5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари (2015 йилга нисбатан 38,3 фоизга кўпроқ), жумладан, сабзавотлар – 242,1 минг тонна (29,6 фоиз), мевалар – 229,6 минг тонна (28 фоиз), полиз экинлари – 6,8 минг тонна (0,8 фоиз), узум – 96,2 минг тонна (11,7 фоиз), дуккакли маҳсулотлар – 120,2 минг тонна (14,7 фоиз) ва қуритилган маҳсулотлар 124,5 минг тонна (15,2 фоиз) миқдорида экспорт қилинди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини янада кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, шу жумладан фермер хўжаликларининг маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш, экспортга чиқаришдан олдинги молиялаш шароитларини яхшилаш ҳамда республиканинг экспортга йўналтирилган хўжалик субъектларининг устав капиталида қатнашишини ташкил этиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 16 мартдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори [4] ҳам мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 20 майдаги “2016–2020 йилларда рангли ва нодир металларни чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги [5], 2016 йил 15 сентябрдаги “2016–2020 йилларда чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги [6], 2016 йил 22 декабрдаги “Саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган машина-ускуналарини жадал янгилаш, шунингдек, ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги [7] қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 апрелида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қарори [8] ҳам соҳалардаги имтиёзларни кенгайишига, республикамизнинг экспорт имконияти ўсишида улкан имкониятлар яратди.

Ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 июнда қабул қилинган “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори [9] кўра, ўзи ишлаб чиқарган товарларни хорижий валютага уларнинг таннархидан паст нархлар бўйича мустақил равишда ёки вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг ташқи савдо ташкилотлари орқали экспорт қилувчи ташкилотларга, солиқ солиш мақсадида товар (иш, хизмат)ларни сотишдан олинган тушумлар миқдори товар (иш, хизмат)ларни сотишнинг ҳақиқий нархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади ҳамда ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амалда бўлган имтиёзлар ва преференциялар ўзлари эгаси бўлган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотларга татбиқ этилиши қайд этилган.

Ушбу берилган имтиёзлар ва преференциялар натижасида, жаҳон бозорларидаги конъюнктуранинг сезиларли ўзгаришларига қарамай, мамлакатимизда охирги йиллар ичида маҳсулотлар экспорти ўсиб, унинг тузилмасини диверсификация қилиш таъминланмоқда,  экспорт умумий ҳажмида тайёр маҳсулотларнинг улуши ортмоқда.

Мамлакатимиз иқтисодиётини таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш дастурларини, замонавий бозор инфратузилмасини шакллантиришда экспорт қилувчи корхоналар фаолиятини солиқлар орқали рағбатлантириш ва такомиллаштириш мақсадида қуйидаги таклифларни келтириб ўтамиз:

1. Соддалаштирилган тартибда фаолият кўрсатаётган ягона солиқ тўловини тўловчи микрофирма ва кичик корхоналар учун умумий савдо-сотиқ ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган ва эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти улушига қараб ягона солиқ тўловини тўлаш бўйича қуйидаги имтиёзлар белгилаш:

– экспорт улуши 30 фоизгача миқдорда бўлганида, белгиланган ягона солиқ тўлови ставкалари 30 фоизга камайтирилади;

– экспорт улуши 30 ва ундан кўпроқ фоиз бўлганида, белгиланган ягона солиқ тўлови ставкалари 2 баравар камайтирилади.

2. Юқори технологияли ускуналарни, янги турдаги техника ва технологияларни ишлаб чиқарувчи ҳамда ўз маҳсулотларини экспорт қилувчи маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларга қўшимча имтиёз ва преференцияларни кўзда тутиш;

3. Экспорт операциялари билан шуғулланувчи модернизация, техник ва технологик қайта жиҳозлаш жараёнларини амалга оширувчи микрофирма ва кичик корхоналарга қўшимча имтиёз ва преференцияларни тақдим этиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқдир.

Наргиза КУЗИЕВА,

Солиқ академияси

“Солиқлар ва солиққа тортиш”

кафедраси мудири, и.ф.д.

Аннотация

Мақолада мамлакатимиз иқтисодиётини таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш дастурларини, замонавий бозор инфратузилмасини шакллантиришда экспорт қилувчи корхоналар фаолиятини солиқлар орқали рағбатлантириш ва такомиллаштириш масалалари ўз ифодасини топган.

Калит сўзлар: экспорт оперециялари, экспортёр-корхоналар, экспорт улуши, солиқ ставкаси, солиқ имтиёзлари, преференциялар, фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ягона солиқ тўлови, божхона расмийлаштируви.

 

В статье изложены вопросы налогового стимулирования деятельности предприятий-экспортёров в целях подготовки программ модернизации производства, диверсификации и структурного преобразования экономики страны, а также даны предложения и рекомендации по совершенствованию стимулирующих мер в условиях формирования современной рыночной инфраструктуры.

 

The article outlines the issues of tax incentives for exporting enterprises in order to prepare programs for the modernization of production, diversification and structural transformation of the country's economy, as well as suggestions and recommendations for improving incentive measures in the context of the formation of a modern market infrastructure.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг “Ўзбекистон рақамларда” статистик тўплами. Т.:2016 йил.

2. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси.-Т.:2017 йил.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 28 августдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилишни тартибга солиш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 16 мартдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 20 майдаги “2016 - 2020 йилларда рангли ва нодир металларни чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 15 сентябрдаги “2016-2020 йилларда чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги Қарори.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги “Саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган машина-ускуналарини жадал янгилаш, шунингдек, ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қарори.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 июндаги “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарори.

 

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"