ettb_180Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) экспертлари делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар Ўзбекистон ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорлик муносабатлари илдам ривожланаётганлиги ва ўзаро фойдали алоқалар кенгайиб бораётганлигини  қайд этдилар. Жумладан, ўтган йил октябрда Ўзбекистон бўйича стратегия қабул қилинди. ЕТТБ экспертлари кўмагида бугун энергетика, банк-молия секторлари, капитал бозорини ривожлантириш ва рақобат муҳитини яхшилаш соҳасида ислоҳот дастурлари  ишлаб чиқилмоқда ҳамда амалга оширилмоқда.

Мулоқот чоғида ЕТТБ экспертлари  мамлакатимизда давлат корхоналарини бошқаришнинг институционал базаси ва давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини, шунинг­дек, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш каби қатор йўналишларда Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорлик қилишни таклиф қилди. Шу муносабат билан мазкур халқаро молия муассасаси маслаҳатчилари ўз ишида эътибор қаратиши керак бўлган масалалар доираси белгилаб олинди.

Учрашувда тегишли қонунларини ишлаб чиқиш ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан парламент назоратини олиб бориш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўз мухбиримиз.