tadbir_aktiv_16Давлат активларини бошқариш агентлигида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг меҳмонхоналар ва кўчмас мулк бўйича миссияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Агентлик директори туристик соҳадаги ислоҳотлар, айнан шу тизимда фаолият юритаётганлар учун давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар ва бу соҳадаги  ижобий силжиш­лар, меҳмонхона бизнесини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда давлатга тегишли бўлган объектлар негизида меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш истиқболлари тўғрисида маълумот берди.

Мазкур жараёнда Европа тикланиш ва тараққиёт банки хусусий сектор вакилларининг йирик меҳмонхона мажмуаларини хусусийлаштириш ёки янгидан қуриш бўйича лойиҳаларини молиялаштиришда иштирок этиши, тренинглар ўтказиш орқали меҳмонхонада хизмат қилувчи ходимлар  малакасини ошириши ҳамда экспертларни жалб этган ҳолда бу борадаги ички бозорни ўрганиб, йирик лойиҳаларни ҳаётга тат­биқ этишда қатнашиши  мумкинлиги айтилди. Бунда тўғридан-тўғри ёки тижорат банклари орқали ресурслар ажратиб берилади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки салоҳиятли инвес­торларни Ўзбекистонда меҳмонхона бизнесини ривожлантириш учун жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.