GM-Uzbekistan“GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятининг матбуот хизмати маълум қилишича, харидорларга тақдим этилаётган маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш ва хизмат кўрсатиш даражасини ошириш жамиятнинг жорий йилдаги устувор вазифаларидан биридир.

Унга кўра, жамият 2019 йилнинг 1 февралидан янги автомобилларга кафолатли хизмат кўрсатиш муддатини узайтиради. Бундан асосий мақсад эса ишлаб чиқарилаётган автомобиллар техник ҳолатини аъло даражада сақлаб туриш ва мижозлар ишончини оширишдир. Авваллари ушбу хизмат кўрсатиш бир йил ёки 20 000 километр масофани ташкил этган бўлса, янги қулайлик сабаб энди ушбу муддат 3 йилга ёки 100 000 километр масофани ўз ичига олади.

Аҳамиятлиси шуки, узайтирилган кафолат муддати компаниянинг расмий дилерларидан 2019 йилнинг 1 февралидан бошлаб харид қилинадиган автомобилларга татбиқ этилади. Кафолат муддати автомобилнинг эгаси билан боғлиқ бўлмайди, яъни ушбу давр мобайнида автомобиль эгаси ўзгарса, унинг янги эгаси ҳам ушбу кафолат ҳуқуқидан фойдалана олади. 
Автомобилдан нотўғри фойдаланиш, авария, автомобилнинг конструкцияси ва модификациясига ўзгартириш киритиш, ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилмайдиган қўшимча ишлов берилиши ёки жиҳозланиши туфайли носозликлар юзага келган тақдирда кафолат даври чекланади. 
Бу жараёнда автомобилнинг ишлаб чиқарувчи томонидан аниқланган нуқсони бор қисмларини таъмирлаб бериш ва алмаштиришни расмий хизмат кўрсатиш марказлари бепул амалга ошириб беради. Бунинг учун автомобиль эгасидан автомобилнинг эксплуатацияси бўйича барча талаблар йўриқномага асосан бажарилган бўлиши шарт.

Насиба Зиёдуллаева.

ЎзА.