murojaat_120Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида жойларда мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни комплекс ўрганиш ва ҳал этиш тизими яратилгани ўз самарасини бермоқда. 

 

Наманган вилоятида ҳам шаҳар ва туманларда ҳоким, прокурор, ички ишлар, давлат солиқ идоралари раҳбарлари масъуллигида ташкил этилган секторлар томонидан ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини янада юксалтириш, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Наманган шаҳрида ҳар бир сектор ва маҳалла бўйича ишлаб чиқилган “йўл ҳарита”сига мувофиқ тасдиқланган жадвалга мувофиқ изчил иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда шаҳарда 165 таълим, 20 тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатаётгани, 102 маҳалладаги 98 мингдан зиёд хонадонда 592 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётгани секторлар олдида турган вазифалар кўлами ва масъулияти катта эканини кўрсатади. 
Шаҳар бўйича ҳар бир секторнинг давлат бошқаруви идоралари вакиллари, маҳалла фаоллари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар масъул ходимларидан иборат гуруҳи хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказмоқда. Ишчи гуруҳлар томонидан ҳозиргача 88 мингдан ортиқ хонадон ўрганиб чиқилди. Мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. 
Хонадонларни ўрганиш ва аҳоли билан суҳбатлар жараёнида аксарият муаммолар фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва бурчини яхши билмаслиги ёки унга амал қилмаслиги оқибатида юзага келаётганини кўрсатмоқда. Жумладан, бу паспорт тизими, уй-жой кадастри ҳужжатлари билан боғлик муаммоларда кўпроқ кўзга ташланади. Ушбу йўналишда 400 га яқин муаммо аникланиб, жойида бартараф этилди ва айримлари бўйича ижро муддати белгиланиб, назоратга олинди. Вилоят даражасида ҳал этиладиган масалалар бўйича мурожаат эгаларига қонунчилик талаблари тушунтирилди. Шунингдек, ўрганилган 37 минг 650 хонадоннинг 4 мингтасида уй-жой кадастри билан боғлиқ муаммолар аниқланиб, уларнинг ярмидан кўпроғи ўз жойида бартараф этилди. 
Турмуш фаровонлиги, ижтимоий муҳофазанинг муҳим омили ҳисобланган бандликни таъминлаш масаласида ҳам секторлар томонидан олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Аҳоли билан мулоқот чоғида бу муаммо юзасидан мурожаат қилган 3 мингдан ортиқ фуқародан 800 нафари иш билан таъминланди. Шунингдек, 1 минг 500 фуқаронинг мурожаати алоҳида назоратга олиниб, навбатдаги меҳнат ярмаркаларига таклиф этилди. Норасмий меҳнат фаолияти билан банд бўлган мурожаатчиларга эса меҳнат қонунчилиги талаблари асосида тушунчалар берилди. 
Ишчи гуруҳлар томонидан хонадонларда оиланинг моддий таъминотини яхшилашга доир тадбирлар тарғиботи оила бошлиқлари ва ёшлар дунёқарашида ижобий ўзгаришлар ясамоқда. Кўрсатилаётган маънавий ва амалий ёрдам билан улар тадбиркорлик, томорқадан самарали фойдаланиш, парранда боқиш ва бошқа ёрдамчи хўжаликлар ташкил қилиш борасида ташаббусни ўз қўлларига олмоқда. 
– Тушунтириш ишлари ва амалий ёрдам самарасида ҳудуддаги хонадонларда парранда боқиш кенгайди, – дейди 4-сектор раҳбари, Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи У.Ҳакимов. – Ўнлаб хонадонлар томорқасига лимон, ёнғоқ, жийда ва бошқа турдаги 11 минг тупдан зиёд мевали дарахт экилди. Хонадонма-хонадон юриб ўрганишлар мобайнида аҳоли мурожаатларига кўра, тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун имтиёзли кредит ажратилиши масаласи ҳам ҳал этиб борилаяпти. Жумладан, 1 минг 257 фуқарога қорамол, қуён, асалари, парранда боқиш ва иссиқхона ташкил этиш учун 9 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағи ажратилди. 
Ишчи гуруҳлар фаолияти давомида маҳаллаларда коммунал ва давлат хизмати кўрсатиш сифати бўйича аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган 1 минг 700 дан зиёд муаммони бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрилгани фуқароларнинг давлатга, адолатга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Жумладан, Бунёдкор маҳалласидаги 440 хонадон ичимлик суви билан таъминлангани, 2 километрдан зиёд электр тармоғи тортилгани ёшларнинг қувончи, нуронийларнинг дуоларига сабаб бўлаётир. Аҳолининг талаб ва таклифи асосида бир қатор маҳаллаларда электр тармоғи тортиш, подстанциялар ўрнатиш, ичимлик суви, суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш, имтиёзли ун-ёғ маҳсулотлари савдосини йўлга қўйиш, ички йўлларни таъмирлаш, бўш турган биноларда тадбиркорликни йўлга қўйиш, жамоат транспорти хизматини яхшилаш, кўп қаватли уйларни таъмирлаш, кўприк қуриш каби кўплаб ишлар амалга оширилди. Шундай муаммолардан қийналаётган яна 8 маҳаллага ичимлик суви, 65 маҳаллага электр тармоғи тортиш масалалари шаҳар дастурига киритилди. 
Секторларда кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, низоли оилаларни яраштириш каби масалалар бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда. 
Дарҳақиқат, Президентимиз қарорига асосан шаҳар ва туманларда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳоким, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ органлари раҳбарлари масъул этиб белгиланган секторларга бўлинган ҳолда иш олиб бориш йўлга қўйилгани давлат бошқаруви идораларини халққа яқинлаштириш, аҳоли билан бевосита учрашувлар асосида долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўриш ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларига таклифлар киритиш имконини бермоқда.

Акрамжон Сатторов.

ЎзА.