tsement_120Қурилиш материаллари бозорига тушсангиз, маҳсулотларнинг кўплиги, хилма-хиллигини кўриб қувонасиз. Танлаш имконияти жуда катта. Эътиборлиси, таклиф этилаётган қурилиш материалларининг аксарияти мамлакатимизда ишлаб чиқарилган. 

 

Фарғона вилоятида ҳам жорий йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича юздан зиёд истиқболли лойиҳа амалга оширилди.

Фарғона туманидаги “Чимёнфорум”, Фарғона шаҳридаги “Модерна керамик индастриз”, Қувасой шаҳридаги “Кварц”, “Фарғона цемент” каби ишлаб чиқариш корхоналарининг маҳсулотлари юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда. 
Ўзбекистон туманидаги “Turon eco cement group” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган цемент маҳсулотига талаб кундан кунга ортмоқда. Замонавий технологиялар асосида ишлаётган жамиятда кунига 350 тонна сифатли қурилиш маҳсулоти тайёрланади. 150 ишчи-ходим меҳнат қилаётган корхонада маҳсулот лаборатория текширувидан ўтказилиб, сифати мунтазам назорат қилиб борилади. Энг муҳими, маҳсулот учун зарур хом ашёнинг асосий қисми корхона тасарруфидаги конлардан олинади. Ўтган йил бу ерда 7 миллиард 800 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Жорий йилда бу кўрсаткични 10 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган. 
– Маҳсулотимиз сифатига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди жамият раҳбари Авазбек Турдиев. – Шунинг учун унга бўлган талаб ортмоқда. Айни пайтда 15 миллион долларлик кредит эвазига кунига 2 минг 500 тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга янги цехни қуриш ишлари бошланди. Бу қўшимча мингта иш ўрни яратиш ва маҳсулотимизни экспорт қилиш имконини беради.

Маъсуджон Сулаймонов.

ЎзА.