futbol_180_2“Бухоро” футбол клуби матбуот хизмати жамоага Шуҳрат Файзиев бош мураббий этиб тайинланганини хабар бераётган бир пайтда Профессионал футбол лигаси мазкур мутахассис бу лавозимда рўйхатдан ўтказилмаслигини маълум қилди.

ПФЛнинг расман билдиришича, 2019 йилги мавсумдан бошлаб суперлига клублари бош мураббийларида “Про” лицензияси бўлиши шарт. Шуҳрат Файзиев эса фақатгина “А” лицензиясига эга, холос.

Суперлигада фаолиятини давом эттириш истагида бўлган мутахассислар айни кунларда Тошкентда “Про” лицензияси учун курсларда иштирок этяпти. Хусусан, улар орасида “Бухоро”нинг эндиликдаги собиқ бош мураббийи Улуғбек Бақоев ҳам бор. Бироқ Шуҳрат Файзиев мазкур курсда ўқиш истагини билдирмаган.

ПФЛ “Бухоро” футбол клуби ўз зиммасидаги қарздорликлар масаласини ижобий ҳал қилмагунига қадар янги мураббий ва футболчилар рўйхатдан ўтказилмаслиги ҳақида клубга расмий огоҳлантириш йўлланганини ҳам маълум қилди.

“Бухоро” клуби бу йил суперлигида 6-ўринни эгаллади. Шундан сўнг кутилмаганда жамоа бош мураббийи Улуғбек Бақоев истеъфога чиқишини эълон қилди. У бу қарорини “мураббийлик соҳасида янада кўпроқ изланишим, ўқишим керак”, дея изоҳлади.