futbol180_3Келгуси йилнинг 5 январь куни Бирлашган Араб Амирликларида футбол бўйича Осиё кубоги баҳслари старт олади. Матбуот хабарларига қараганда, БААда мазкур йирик турнирнинг муваффақиятли ўтиши учун барча стадионлар, спорт майдонлари, меҳмонхоналар аллақачон тахт қилиб қўйилган.

Кубок ўйинларига терма жамоалар ҳам қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Жумладан, мамлакатимиз терма жамоаси кейинги икки-уч ойда бир нечта йиғин ўтказди, ўртоқлик учрашувларида иштирок этди. Бошқача айтганда, термамиз қитъамизнинг кучли жамоалари билан беллашувларга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида таъкидлади.

Албатта, футболчиларимизнинг ўртоқлик учрашувлардаги пала-партиш ўйинлари, мағлубиятлари ҳеч кимни бефарқ қолдиргани йўқ. Шу боис, матбуот анжуманида журналистлар кўпроқ пессимистик саволлар беришди. Журналистларнинг бундай руҳдаги саволларига Купер  қуйидагича жавоб қайтарди: “Барча журналистлар пессимистик руҳда саволлар беришмоқда. Мен эса оптимистик руҳдаман. Худо хоҳласа, Осиё кубогида ҳам чемпион бўлишимиз мумкин”.

Нима ҳам дердик, бош мураббийнинг, миллионлаб футбол мухлисларининг орзуси амалга ошишини истаб қоламиз.

Режа бўйича миллий терма жамоамиз 15-30 декабрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида сўнгги  йиғинини ўтказади. Бош мураббий бу йиғинга 27 футболчини жалб этган. Улар 30 декабрь куни юртимизга қайтиб келишади ва 2 январь куни Осиё кубогида қатнашиш учун БАА жўнаб кетишади.

Яна бир гап. Қитъа кубоги мусобақаларида рекорд даражадаги ҳакамлар гуруҳи иш олиб боради. ОФК ушбу турнирга 19 мамлакатдан 60 нафар ҳакамни таклиф қилган. Уларнинг 30 нафари бош ҳакам ва яна 30 нафари ёрдамчи ҳакамдир.

Бундай йирик мусобақалар ўзбекистонлик ҳакамларсиз ўтмаслиги маълум. Турнирда Равшан Эрматов, Валентин Коваленко ва Ильгиз Танташев бош ҳакам сифатида, Жаҳонгир Саидов ҳамда Абдуҳамидулло Расулов ёрдамчи ҳакам сифатида ўйинларни бошқариб борадилар.

ОФК расмий сайтида таъкидланишича, барча ҳакамлар мураккаб синовлар орқали танлаб олинган, билимлари, ўйинни бошқариш қобилиятлари, жисмоний тайёргарликлари жиддий текширилган. Улар мусобақа давомида ўйинни бошқаришдан тортиб, захира ҳаками, шунингдек, VAR тизими бўйича ёрдамчи ҳакам вазифаларини ҳам бажаришади.

Б.УММАТОВ тайёрлади.