futbol180_3Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Индонезияда ўтказиладиган Осиё ўйинларига борадиган таркибни эълон қилди.

Таркибда 2 та дарвозабон, 6 та ҳимоячи, 9 та ярим ҳимоячи ва 3 та ҳужумчи бор. Эътибор қаратилса, терма жамоамиз асосини “Бунёдкор”, “Насаф” ва “Пахтакор” футболчилари ташкил этаётганини кўриш мумкин. Хусусан, олимпиячиларимиз сафида “Бунёдкор”дан тўртта, “Насаф” ва “Пахтакор”дан учтадан футболчи тўп суради. “Навбаҳор”, “Металлург” ва “Нефтчи” жамоаларидан эса иккитадан футбочи бор.

Олимпиячиларимиз таркибидаги ягона легионер Россиянинг “Анжи” клуби сафида тўп сураётган Достон Ҳамдамовдир.

Қоидага кўра, олимпия терма жамоалари сафига 23 ёшдан ошган учта футболчини жалб этиш мумкин. Равшан Ҳайдаров бу имкониятдан фойдаланиб, жамоага Жалолиддин Машарипов, Азиз Турғунбоев, Икром Алибоевни таклиф этган.

Бош мураббий Индонезияда бўлиб ўтадиган ўйинларда жамоамиз ҳар хил услубларда ўйнашга тайёрлигини билдирди.

“Мен бир нарсага – ўйинимизнинг балансига ваъда бераман. Фақат ҳужумда ўйнаймиз, фақат ҳимояланамиз ёки фақат қарши ҳужумларга умид қиламиз, деб айтиш ноўрин. Бу жуда кўп омилларга боғлиқ. Ҳамма омилларни ҳисобга олиб иш тутамиз”, деди Р.Ҳайдаров.

Осиё ўйинларида Ўзбекистон Қатар, Бангладеш ва Таиланд терма жамоалари билан бир гуруҳдан ўрин олган. Илк учрашув 14 август куни Бангладеш термасига қарши бўлиб ўтади.

Ж.ҲАКИМОВ тайёрлади.