shaxmat_160_2Мамлакатимиз Президенти 2018 йил 9 апрелда спортга алоқадор яна бир муҳим қарорни имзолади.

“Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги мазкур қарорга кўра, мажбурий мактаб дастурлари доирасида 150 та умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларни тажриба тариқасида шахматга ўқитиш ташкил қилинади. Шунингдек, шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби Ўзбекистон шахмат федерацияси тасарруфига берилади.

Қарорда белгиланишича, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча шахмат клублари ҳамда шахматга ўқитиш ва шахматчилар тайёрлашни амалга оширувчи бошқа спорт муассасалари мажбурий аккредитациядан ўтказилади ва паспортлаштирилади.

Ушбу ҳужжат юқори малакали мураббий кадрларни жалб қилган ҳолда иқтидорли ёш шахматчиларни тайёрлаш, шахмат бўйича миллий терма жамоанинг амалдаги аъзолари билан доимий алоқани таъминлаш, шунингдек, шахматни инсоннинг ақл ва тафаккур жараёнини ривожлантирувчи спорт тури сифатида янада оммалаштириш мақсадида қабул қилингани билан аҳамиятлидир.